Учинчи Ренессанс сари яна бир қадам

Эришаётган ҳар бир ютуғимизда, амалга ошираётган эзгу ишларимизда, албатта, соғлиқни сақлаш ходимларининг ўз ўрни, мавқеи бор. Бу эса ҳозирги пандемия даврида янада яққолроқ кўзга ташланди, десак хато бўлмайди.

Шу боис, мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг тўлиқ ва мукаммал тизимини яратиш, юртдошларимиз тиббиёт марказлари ва шифохоналарда хорижга чиқмасдан даволанишлари учун керакли барча шароитларни муҳайё қилиш бугунги кунда бош мақсадга айланмоқда.

Бундан ташқари, юртимизда Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Туркия каби қатор хорижий давлатларнинг инвесторлари иштирокида кўп тармоқли замонавий шифохоналар ташкил этилди. Чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган қишлоқ врачлик пунктлари ва қиш­лоқ оилавий поликлиникаларида аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез тиббий ёрдам шахобчалари ва ижтимоий дорихоналар ташкил этилмоқда.

Шу кунларда Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ва Давлат тиббий суғуртаси механизмлари бўйича тажриба-синов лойиҳасини ишга тушириш учун тайёргарлик ишлари ҳамда оилавий шифокор, терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчи, ҳамшира ва доядан иборат гуруҳларни тузиш ишлари бошлаб юборилди.

Президентимиз 2020 йилнинг 12 ноябрида “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва Давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Қарорга мувофиқ Давлат тиббий суғурта тизимини 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида апробациядан ўтказиш бўйича соҳа ходимларига муҳим вазифа ва топшириқлар берилган эди.

Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги, қолаверса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан тегишли миллий ва халқаро ташкилотлар, илм-фан муассасалари, малакали экспертлар билан ҳамкорликда ишлар бошлаб юборилди. Ушбу ҳамкорлик натижасида “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Муҳими, мамлакатимизда қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш жараёнида жаҳонда шаклланган моделлар пухта ва атрофлича ўрганиб чиқилди. Натижада Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Норвегия, Эстония, Латвия, Исроил, Туркия, Қозоғистон, Россия, Озарбайжон каби давлатлар тажрибасига эътибор қаратилди. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бандлик даражалари, солиқ ставкалари, ойлик даромадлар ҳам атрофлича ўрганилиб, Давлат тиббий суғуртанинг оптимал ва ижобий баҳоланиб келинаётган бюджет модели танлаб олинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге ўтган   йили мамлакатимизга ташрифи чоғида юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, Давлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларни эътироф этган эди.

Ханс Клюге жаноблари билан ўтказилган ўзаро мулоқотлар чоғида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари тиббий хизматларнинг янги моделлари бўйича бошланган қўшма пилот лойиҳасини тўлиқ жорий этишда ҳар томонлама амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирган эди.

Қолаверса, ушбу учрашувда нафақат Давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, балки тиббиёт соҳасини молиялаштириш жараёнини такомиллаштириш, ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг кластер моделини шакллантириш, соҳани рақамлаштириш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасини янада кучайтириш борасида ҳам ЖССТ Европа минтақавий бюроси билан давомли ҳамкорлик қилишга келишиб олинганди.

Шунга биноан, тажриба-синов тариқасида танланган Сирдарё вилоятидаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида янги суғурта тизими ва уни татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу лойиҳани ишга тушириш мақсадида ўтган йили туркиялик ва германиялик мутахассислар билан ўзаро келишувлар имзоланди.

Хўш, энди суғурталаш тизими бизга нима беради? Аниқ, лўнда қилиб айтганда, биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кафолати янада ошади. Иккинчидан, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимоли камайиб, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имконини беради. Қолаверса, тез тиббий ёрдам тизимининг транспорт, барча тиббиёт муассасаларининг дори-дармон билан таъминланиши сезиларли даражада яхшиланади ва бунинг натижасида, тиббиёт ходимларининг ойлик маош­лари босқичма-босқич оширилиб борилади.

Яна бир жиҳати, тиббий суғурталашда суғурталанувчи суғурта ташкилоти билан келишилган суғурта мукофоти эвазига тиббий хизматдан фойдаланади. Суғурталанувчи эса шартномада келишилган суммани суғурта ташкилотига ўтказади. Суғурта ташкилоти суғурталанувчининг тиббий харажатларини шартномада кўрсатилган миқдорда қоплаб беради.

Давлат тиббий суғурта уч босқичда амалга оширилиб, биринчи босқичда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги электронлаштирилган тарзда тиббиёт муассасаларида жорий этилади. Бунинг натижасида бемор ва соҳа ходимлари ўртасида юз бериши мумкин бўлган ҳар хил тушунмовчиликларнинг олди олиниб, кафолатланган тиббий хизмат йўлга қў­йилади.

Иккинчи босқичда 2023 йилга келиб тиббий хизмат кўрсатишнинг кафолатланган тури Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларида, учинчи босқичда, яъни 2025 йилдан бутун мамлакатни қамраб олади.

Бу тизимни юртимизда жорий қилиш натижасида давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида рақобат муҳити вужудга келади. Қолаверса, беморни битта тиббий муассасага боғлаб қўймайди. Агар фуқаронинг қўлида тиббий суғурта полиси бўлса, мамлакатдаги ўзи хоҳлаган клиникада даволаниши, ўзи истаган шифокордан тиббий маслаҳат олиши мумкин. Хасталик бўйича қайси шифо масканига мурожаат қилиш, врач қабулига ёзилиш, мутахассис ёзиб берган дориларни топиш каби масалаларга ҳам осон ечим топилади. Энг асосийси, фуқароларда сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш учун зарур пул жамғармалари пайдо бўлади.

Яна бир қувонарли томони, Республикамизда Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилди. У дастлабки иш фаолиятини Сирдарёда бош­лайди. Сирдарё вилоят ҳокими ушбу янги бўлим учун Гулистон шаҳар ҳокимлиги биносидан махсус хона ажратиб берди.

Сирдарёлик тиббиёт ходимларининг бош мақсади янги жорий қилинаётган Давлат суғурта тиббиёти тизими орқали соҳада самарадорликка ва яхши натижаларга эришиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширишдир.

Ғулом ПРИМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − ten =