Юраги тўхтаб қолган бемор

Унинг ҳаёти Яратганнинг инояти ва сурхондарёлик шифокорларнинг

маҳорати туфайли сақлаб қолинди

 

Мамлакатимизнинг   энг чекка ҳудудларидан бўлган Термиз шаҳрида 2006 йилда   вилоят кордиология маркази ташкил   этилганда одамларнинг қувончи чексиз бўлгани бежиз эмас эди. Чунки юрак ва юрак қон-томир   касаллигидан азият чекаётган беморлар   пой­тахтга ёки бошқа узоқ юртларга бориб даволанишга мажбур бўлишарди.

Бунинг учун қанчадан-қанча харажат талаб қилинар, бу ҳам етмагандек, ҳафталаб, ойлаб вақт даволашда бемор билан бирга унинг яқин   қариндошлари   ҳам овораи сарсон   бўлишарди. Термиз шаҳрида кордиология марказининг очилиши ана шундай ортиқча ташвишларга барҳам берди.

Ўтган   йиллар мобайнида марказга малакали   етук мутахассислар   жалб этилди. Кейинги тўрт йил ичида эса 15 миллиард сўмлик энг сўнг­­ги русумдаги   замонавий тиббий   асбоб-ус­куналар келтирилиб ўрнатилди. Тажрибали   кордиолог-шифокорлар саъй-ҳаракатлари ҳамда ишлаш, изланиш учун   яратилган   шарт-ша­роитлар ўз натижасини берди.

Қувончлиси, шу йил Янги   йилнинг илк ҳафтасида   юрак   миокардидан   азоб чекаётган 63   ёшли аёл   жарроҳлик   амалиётидан омон-эсон чиқди.

— Тўғриси, мени операция қилишади, деб олиб келишганда жуда қўрққандим. Мендан кўра   ҳам ўғил-қизларим қаттиқ   хавотирда эдилар. Операция яхши   ўтди, ҳушим ўзимда. Ўшанда ҳамма нарсани кўриб, сезиб турган бўлсам-да, шифокорларнинг далдаси туфайли мени   қўрқув   тарк этди, — дейди   Термиз   туманининг “Гулистон”   маҳалласида истиқомат қилувчи   уч   қиз, икки ўғилнинг онаси Норой ая Назарова. — Операциядан сўнг ўзимни   қайта туғилгандай ҳис этдим.   Икки кун деганда уйга жавоб беришди.   Бунинг учун Баҳодир   Ғаффоров бошлиқ шифокорлардан ва шундай ноёб ускуналар билан шифохонани таъминлаган   давлатимиздан     миннатдорман.

— Биласизми, аслида юрак   соҳасида қилинадиган бундай   жарроҳлик амалиётлари   замонавий   тиббиёт оламида янгилик   эмас. Мамлакатимизнинг   Тошкент,   Самарқанд, Қарши шаҳарларида   ҳамда водий вилоятларида юрак ва юрак қон-томир касалликлари бўйича   жарроҳлик амалиётлари аллақачон   йўлга   қўйилган.

Республика   кордиология марказидан келган тажрибали мутахассис   Бахтиёр Отамуродов, марказимизнинг моҳир шифокорлари Камол   Юсупов,   Шавкат Эрматов,   Нуриддин Худойназаровлар билан   биргаликда Термизда илк бор юрак   жарроҳлик амалиётини кўнгилдагидек   ўтказганимиздан   хурсандмиз, — дейди вилоят   кордиология маркази директори   Баҳодир Ғаффоров.

Шу ўринда   моҳир кордиолог-жарроҳ Баҳодир   Ғаффоров ҳақида айрим маълумотларни   айтиб ўтишни лозим топдик. У 1973 йил Бойсун туманидаги   Яккатол қишлоғида туғилган. Тошкент тиббиёт академиясини тугатган.   Ке­йинчалик, Тошкент   кордиология илмий   текшириш   институтида   клиник ардинатурани ўтагач, ўткир миокард инфаркти лабораториясида   илмий ходим ва   кордиореаниматор шифокор бўлиб ишлади. Россиянинг Новосибирь шаҳрида 2008-2009   йилларда кордиология йўналишида малака оширди.   2012   йилдан буён   Сурхондарё вилоят кордиология маркази директори бўлиб ишлаб келмоқда.

Шифокорларнинг айтишича, соғлом инсон юраги дақиқада ўртача 70 мартагача уриши керак. Куни кеча марказга олиб келинган ўта оғир ҳолатдаги яна бир бемор юраги эса бор-йўғи дақиқада 35-36 марта урарди. Шошилинч консилум ўтказилди. Бемор юраги деярли уришдан тўхтаган бир пайтда, яъни кома ҳолатида жарроҳлик амалиёти   ўтказилди. Моҳир кордиолог-жарроҳ Баҳодир   Ғаффоров бошчилигида   шифокорлар муваффақият билан бемор юрагига (сунъий юрак) электрокардиостимулятор ўрнатишди. Бу амалиёт туфайли   яна бир инсон ҳаёти сақлаб қолинди.

Юқорида айтганимиздек, юрак хасталигидан азият   чекаётган Сурхон воҳасидаги юзлаб беморлар учун вилоят   кордиология   маркази   бениҳоят   катта имконият ва   имтиёздир.

Биз эса эл-юрт саломатлиги йўлида туну кун фидокорона меҳнат қилаётган шифокорларга қўлингиз дард кўрмасин, саломатлик поспонлари деймиз.

Сафар   ОМОН,

“Hurriyat”   мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =