Калта минор нега калта?

Хива шаҳрида Калта минор дея аталувчи ҳайбатли, кўркам, Ичан қалъага кўрк бағишлаб турган меъморий обида бор. Ичан қалъа­ни, тўғрироғи, Хива шаҳрини ушбу минорасиз тасаввур қилиш қийин. Унинг ҳашамдор кўриниши, алоҳида жозиба бағишлаб турган нақшинкор ганчлари кўрган кўзни қувнатади. Фақат унинг қурилиши тугалланмаган, агар минора қурилиб битказилганида эди, балки Марказий Осиёда энг баланд маданий мерос объектларидан бири бўларди.

Минора қурилиши чала таш­лаб кетилгани ҳақида эса халқ орасида турли хил афсоналар тарқалган. Улардан бирини болалигимда эшитганман.

Эмишки, 1853 йилда хонлик қилган Муҳаммад Аминхон минора қурдиришни бошлабди. У қурувчи устага шундай буйруқ берибди:

— Бу минора шундай минора бўлсинки, баландлиги 100 метрдан ошсин, унинг ганчлари қуёш нурида рангини йўқотмасин, аксинча ял-ял товлансин. Гўзаллиги, ҳашамдорлиги билан учта хонликдаги ягона минора бўлсин. Мендан бошқа бирор хон бундай минора қуришга мушарраф бўлмасин. Минора битганидан сўнг бошингдан тилло сочаман.

Уста таъзим ва тавозе билан хондан узоқлашибди ва ишга киришиб кетибди. Кундан-кунга минора юксалиб гўзал кўринишга эга бўла бошлабди. Пойдевори жуда чуқурга ўрнатилибди. Қурилишини кузатганлар ҳайратга тушибдилар. Шундай кунларнинг бирида Муҳаммад Аминхон Шимолий Эронга юриш бошлаган экан. Устанинг атрофига бир куни истеъдодсиз, ғаразгўй кимсалар йиғилибдилар. Бу пайтда миноранинг баландлиги 20 метрга етиб қолган экан. Ўша ғаразгўйлардан бири шундай дебди:

— Бунча тез ишламасанг, аслида сен ўз ўлимингни яқинлаштираяпсан. Хонимиз минора битганидан сўнг сени қатл қилдирмоқчи.

— Нега, — деб сўрабди, ҳайрон бўлган уста.

— Чунки хонимиздан қўшни хон минора битганидан сўнг устани менинг юртимга жўнатинг деб илтимос қилибди. У ҳам боши кўкка етадиган минора қурдириш ниятида экан. Хонимизга бу таклиф ёқмабди. Чунки у бу минора бошқа ҳеч бир юртда ва ҳеч бир минтақада бўлишини истамайди. Шунинг учун ўзининг хос одамларига минора битгач, устани қатл қиласизлар деб буйруқ берган, – дебди.

Бу гаплар устани ўйга толдирибди. Наҳотки шундай бўлса? Истеъдоди, меҳнати учун ўлимга маҳкум этиладими? Бу қандай бедодлик?

Хуллас, уста миноранинг тепасида ишлайтуриб, ўзига қанот ясабди ва хоннинг урушдан келишини кутмасданоқ чала қурилган минорани ташлаб узоқларга учиб кетибди. Баъзи манбаларда эса хон минора битмасидан уни минорадан ташлаб юборганлиги айтилади.

Яна бир афсонага кўра эса хоннинг аёли малика қурилаётган миноранинг довруғини эшитиб, ўз канизлари билан қурилиш майдонига ташриф буюради. Узоқ асрларни лол қолдирадиган обидани бино этаётган уста маликани бир кўришдаёқ севиб қолади. Бу ҳақдаги турли миш-миш­лар бора-бора эл орасида қанот ёяди. Хон уни барибир қатл эттириши мумкинлигини пайқаган уста бир кечада ғойиб бўлади.

Булар эҳтимол, бир афсонадир. Қайси бири ҳақиқатга яқин ёки ҳақиқатнинг ўзи, буни Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Бироқ афсоналарнинг ҳар бири Калта минорнинг қурилмаган қисмининг давоми сифатида халқ орасида яшаб келмоқда.

Тарихий манбаларга кўра урушда Муҳаммад Аминхон вафот этади, сўнг Абдуллахон тахтга ўтиради ва минора қурилиши тўхтаб қолади.

Ушбу афсонавий миноранинг диаметри асоси 14,5 метрни, баландлиги 29 метрни ташкил қилади. У кесик конус шаклида қурилган бўлиб, агар чала қолмаганида 100 метрга етарди. Нақшинкор кошинларига вақт ва қуёш нури асло таъсир кўрсата олмаган. Юқорида болалигимда эшитган, ҳозир ҳам эл орасида тарқалган афсонани келтирдим. Кексалар, тарихчилар яна бир фикрни айтадики, беихтиёр ўйлаб қолади киши. Айтишларича Муҳаммад Аминхон вафотидан сўнг Абдуллахон унинг қурилишини давом қилдирмаган, усталарга ишни тўхтатишни буюрган дейишади. Эмишки, агар минора қурилса, барибир Муҳаммад Аминхоннинг довруғи достон бўлади, унга ҳеч қандай шуҳрат келтирмас экан. Фойдасиз ишга уринишдан на ҳожат! Унинг қарорини ёнидаги ҳамтовоқлари ҳам маъқуллашган. Шу тариқа Муҳаммад Аминхон бош­лаган иш чала қолган. Ҳасад туфайли нималар юз бермайди, Калта минор бунга яққол мисолдир дейишади ёши улуғлар. Хоразмлик ижодкор Шокирбек шундай ёзади:

Калта минор узун ўй сурар,

Тошлараро тош қотган вужуд.

У билади, у яхши билар,

Фақат хаёл билмагай ҳудуд.

Ва наққошнинг кўзин ўйнатиб,

Рақсга туша бошлайди ранглар.

Меъмор айтган чала қўшиқнинг

Давомидек ғиштлар жаранглар.

Ғиштларда бир ёлғон яширин,

Ғиштларда бир ҳақиқат ошкор.

Ҳар ажнабий опкетаверар,

Қайтаверар Ватанга минор.

Ҳа, битмай қолган минора ҳақида ривоятлар кўп, фикрлар кўп. У гарчи калта бўлса ҳам тарихи узундан-узундир. Битмаган, чала ҳолида ҳам асрлар қаърига кўрк бериб турган Калта минорага боқиб, бугунги айрим омонат иншоотлар ҳақида қайғули ўйга чўмасан одам. Аждодларимиз бизга Калта минорлару Тиллақориларни, Кўкалдошу Минораи Калонларни қолдирди. Унинг ҳар бир ғишти бизга маърифат нурларини сочиб турибди. Калта минорга боқиб туриб, ўйларим ҳеч ниҳоя билмайди…

Меҳрибон Тиллаева

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =