Тасвирга олишнинг қоидаси бор, шуни ҳам билмайсизми, блогер?
Бугунги суд–ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар эндиликда судларнинг чинакам мустақиллигини, очиқ ва шаффофлигини таъминлашига шубҳа йўқ.
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда судлар фаолияти билан боғлиқ салбий чиқишлар кўпайди. Тўғри, жамиятда сўз эркинлиги таъминланмоқда. Аммо бу дегани билиб-билмай судга таъсир ўтказиш, оммага нотўғри ахборот бериш керак дегани эмас-да!
Ўтган йилнинг 28 декабрь куни “UzNews.uz” мухбири, тадбиркорлик субъекти мурожаатига кўра, Олий суднинг иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилаётган иш бўйича суд мажлисида иштирок этган.
Айтадики, Очиқ суд мажлисларида ОАВ вакиллари иштирок этишига тўсқинлик қилинмаслиги қонунларимизда белгилаб қўйилган. Ушбу тамойил иқтисодий, шунингдек, фуқаролик, жиноят ва маъмурий судловларни амалга оширилишини тартибга солувчи Кодексларда ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорида суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланиши кўрсатилган”.
Тўғри. Аммо оммавий ахборот воситалари ходимлари қандай ҳолатларда видеотасвирга олиш масалалари ҳам пленум қарорида аниқ белгилаб берилган.
Суд биноси шунчаки кирди-чиқди жой эмас, истаган одам “тап” этиб бостириб кираверадиган. Бу ерда низолар кўрилади, тарафлар юзма-юз бўлади, инсон тақдири ҳал этилади. Шунинг учун ўзини ҳурмат қилган журналистми, блогерми суд мажлисига келгач, аввало, оддий рўйхатдан ўтиши керак. Иш билан бирон идорага борилганда ҳам киришга рухсат сўралади-ку, шундай эмас-ми? Суд жараёнини тасвирга олиш масаласи эса алоҳида масала. Бунда тарафлар розилиги сўралади, албатта. Ва раислик этувчининг рухсати керак бўлади. Бу оддий қоидаларни айрим блогерлар тан олгиси келмайди негадир. Демоқчимизки, блогер масаланинг моҳиятини билмай туриб муносабат билдиришдан олдин, этика ва маданиятини ўрганса яхши бўларди. Судьянинг суд мажлисида ким иштирок этаётганлигига аниқлик киритиши, бу блогернинг сўроққа тутилишини англатмайди.
“Namanganliklar.uz” канали блогери эса жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг очиқ суд мажлисига киритилмагани, очиқдан-очиқ таҳдид ва қаршиликларга учрагани ҳақида бонг урибди. Бу ерда ҳам ваҳима қилишга асос йўқ. Чунки, уларнинг асосий мақсади келибоқ жараённи видеотасвирга олиш бўлган. Аммо юқорида айтганимиздек, бунинг ўз тартиб-қоидаси бор. Биринчи навбатда, судда қатнашаётган тарафларнинг, қолаверса, раислик қилувчининг розилигини олиш лозим бўлади. Айтинг-чи, ҳамма ҳуқуқбузар, жиноятчи, мерос талашаётган фуқаро ёки шартнома талабини бузган тадбиркор ҳам ўзини тасвирга туширтириб, оммага эълон қилишни истайдими? Бу ўта нозик мавзу.
Ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган яна бир воқеа бу “Effekt.uz” мухбири Э.Тожибоевнинг тасвирчиси билан жиноят ишлари бўйича Термиз туман судига бориб жанжал уюштиргани бўлди.
“Биз оммавий ахборот воситаданмиз, биз судни ёритишга ҳақлимиз”, дейди блогер. Унинг суд раисига босим ўтказгани тарқатилган видеода очиқ ойдин кўриниб турибди.
Биринчидан, блогер ОАВ вакили ҳисобланмайди, у шунчаки сўз эркинлигидан фойдаланиши мумкин бўлган ҳар бир фуқаро билан теппа тенг бир фуқародир. Кўпгина блогерлар Бош қомусимизда “судларда ишлар очиқ кўрилади”, дейилган деб иддао қилишади. Гўё фақат ўзларига тегишли моддани ўқигандек. Аммо улар гўё 112-моддани унутадилар. Яъни, “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятларига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” дейилган.
Қизиғи, суд жараёни кетаяпти. Блогер раис ҳузурига кириб интервью олмоқчи. Ҳали қарор қонуний кучга кирмаган. Жиноят процессуал кодексининг 14-моддасида аниқ ёзиб қўйилган: “Суднинг иш юритувида бўлган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар судья улар юзасидан оммавий ахборот воситларида чиқишга ҳақли эмас.” Судья буни жуда яхши билади. Шунинг учун касб қоидаларига амал қилиб, интервью беришга шошилмайди.
Блогернинг: “Биз бу суд жараёнини тасвирга олишимиз керак”, дейиши қанчалик тўғри эканлигини ўзингиз тушуниб олаверинг.
Афсуски, аксарият блогерлар ушбу қоидаларни синчиклаб ўқимаган. Агар ўқиган бўлишганида, уларнинг жанжал уюштиришига ҳожат қолмасди. Қани бу ерда одоб этикаси, муомала маданияти. Афсуски, айрим блогерлар соҳани ёритар экан, масаланинг ичига чуқурроқ кириб боришмайди.
Юқоридаги уч ҳолат бўйича Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан муносабат билдирилди. Айни пайтда “Effekt.uz” мухбирининг хатти-ҳаракати юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрганиб чиқиш учун прокуратура идораларига юборилган.
Айтиш жоизки, бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар боис, ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Олий судда Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилди. Вилоятларда бошқарманинг ходимлари иш олиб бормоқда. Улар журналистлар ва блогерларнинг ҳар қандай саволига жавоб беришга тайёр. Мурожаат қилинса, кифоя.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, битта хулоса қилиш мумкин: журналистлар, ОАВлари профессионал касб эгаларидир. Улар қонун-қоида талабларини яхши биладилар. Касб этикасига эга инсонлар. Аммо… бугунги кунда, асосан, ижтимоий тармоқларда турли шов-шув кўтараётганларнинг аксарияти ҳар хил сайту тармоқ мухбирларимиз деб ўзларини билаётганларнинг асл мутахассисликлари ким, қонунларни билишлари, қисқача айтганда савод масаласи нечоғлик, оддий инсоний фазилатлари-чи?
Афсуски, бу саволларга кўпинча ижобий жавоб бериб бўлмайди. Шундай экан, билиб қўйинг эй, сиз блогерлар, ахборот олишнинг, сўз эркинлигидан фойдаланишнинг ҳам ўз тартиби, одоби бор!
Зокиржон ҚЎЗИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик
бошқармаси катта маслаҳатчиси.