Зиёратнинг ҳам одоби бор
Ҳар бир инсон туғилибдики ўзидан яхши ном, эзгу амаллар қолдиришга ҳаракат қилади. Интилишлари самараси ўлароқ, айримларига улгуради, баъзиларига эса…
Зиёрат — фақатгина ўтганларни эслаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиш билан чекланмайди, балки қадамжо атрофини тозалаш, кўркам ҳолатга келтириш ҳам зиёрат амалларидандир. Айниқса, йўқлаб туриш билан инсониятнинг сўнгги манзилини эслаб туриш ҳам зиёратга киради. Ҳозирги кунда юртимизда зиёратгоҳларга эътибор, Яратганга шукрки, кучайди. Таъмир талаблари кўркам ҳолатга келтирилди. Янги мақбаралар, масжидлар қурилмоқда, атрофида боғ-роғлар барпо этилаяпти. Зиёратга, намозга келганлар ҳам тозаликка риоя қилишиб, ўз бурчларини адо этишаётгани қувонарли, албатта.
Лекин…
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир суратга кўзим тушди. Бухоро шаҳри атрофида тарихда яшаб ўтган улуғ алломанинг қадамжоси ёнидаги дарахт шохлари, новдаларига турли хил латталар боғлаб ташланибди. Хаёлимдан ўтгани: наҳотки пирлар макон тутган, одамлар фахрига айланган юртда ҳали ҳам ирим-сиримлар бор бўлса?..
Энг ёмони, баъзи бир зиёратгоҳларда айрим “тадбиркор” акаларимизнинг “бизнеси” ҳам юришгандан-юришади. Яна қанақасига денг, шаҳар марказидаги китоб дўконларидан арзимаган пулга китоблар сотиб олиб, зиёратгоҳда икки баробар қимматига сотишади. Бир парча латтага мажмуанинг номини ёздириб, уни ҳам пуллашади. Нархини кўриб ёқангизни ушлайсиз. Динимизда айтилган тарозидан урманглар, ҳалол савдо қилинглар сингари ўгитлар гўё зиёрат масканларига тааллуқли эмасдек фикр уйғотади одамда.
Айниқса, озиқ-овқат, турли хил ўйинчоқларни ҳам бемалол сотаверишади. Савол туғилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини зиёратгоҳларда сотиш тўғрими? Бизнинг-ча, мақбул эмас. Чунки, у ерда мўмин-мусулмонларнинг қабрлари бор. Ўзингизга маълум, аксарият зиёратгоҳлар эса қабристонлар билан туташ.
Бундан ташқари, ҳар бир қадамжода ҳовузлар бор, уларнинг ҳолатини кўриб ачиниб кетасан. Нима эмиш, ният қилиб сувга пул ташласа нияти амалга ошармиш. Яхши ҳам баъзи зиёратгоҳлардаги ҳовузларда турли балиқлар бор. Шунга қарамай, одамлар уларни кўриб завқ олса-да, айримлари танга ташлаш одатини тарк этишмаган. Аслида бу ҳам динимизга хилоф иш. Ният чин дилдан, ихлос билан қилинса, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижобат бўлаверади.
Қолаверса, мутахассислар фикрича, сувга ташланган танга пуллар бора-бора ўзидан турли кимёвий моддаларни ажратиб чиқариб, сувга, ундаги сув жонзотларига зиён етказар экан. Яна бир ачинарли томони, сувга ташланган танга пулларни кўриб: “Наҳотки юртдошларимиз миллий валютамизни ҳурмат қилишмаса”, деган ўй ҳам ўтади кўнгилдан.
Oғриқли нуқталардан яна бири шуки, муқаддас қадамжода овқат пишириш масаласи. Ҳатто бунга шароит ҳам яратилгани. Агар ёнида қабристон бўлмаса тушунса бўларди. Ўша жойга “қон чиқараман”, деб қўчқор ёки хўроз олиб бориб сўйишлар. Тансиқ таом тайёрлаб, ҳордиқ чиқариб ўтиришлар, ачинарлиси, овқат қолдиқларини ва бошқа чиқиндиларни очиқ ҳолда ташлаб кетишлар қанчалик тўғри? Ҳадиси Шарифларда қабр атрофида таомланманглар дейилган.
Зиёратга борганлар авлодидан ўтганлар ҳаққига дуо қилиб, ўзларига яхши амалларни ният қилишса, кўпроқ савоб олишган бўлармиди…
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ