Қайдасиз, Эргаш ака?
Қирқинчи йилларнинг нарисида Андижонда бир чол ўғил уйлантирибди. Кампири ўлиб кетган, ота-бола икков яшашаркан. Тўйдан икки-уч кун ўтгач, келин уйдан чиқиб, мундоқ қараса, катта ер ўртасида ориқ бир сигир ёғоч қозиққа боғланиб турибди, устидан офтоб ўтса ҳам, ёмғир ёғса ҳам ётар-турар жойи шу экан. Ҳуши келса, кимдир хашак ташлаб қўяр, мўраб жонга текканида бир челак сув бериб ўтаркан.
Куёвболадан сўрабди:
— Нега анов сигир ернинг ўртасига боғлаб қўйилган?
— Туради-да, жойи ўша, — дебди эри.
Оиланинг аҳволи ночор, чолнинг эгнидаги тўн неча жойидан ямалган, калишининг тумшуғи йиртилган экан. Ёз ўтиб, куз келибди.
Бир куни чол аллақайси қариндошининг уйига кетиб, эртаси қайтиб келса, сигир ўртадан олиниб, бир четга янги ясалган охур ёнига боғланибди, устида — эски шиферлардан ямаб-ясқаб бўлса ҳам, бошпана. Эртасига қараса, келин-куёв иккиси тунда шунча катта ерни белкурак билан ағдариб, чопиб чиқишибди, неча йиллардан бери тўдаланиб ётган мол гўнги тупроққа аралашиб ўғит бўлиб кетибди. Чол ажабланибди, аммо индамай қўяқолибди.
Қишнинг ўртароғида келин қайнотасидан илтимос қилибди:
— Дада, мана уч сўм пул — туман марказига борганингизда музқаймоқ сотадиган опага берсангиз, уч юзта қоғозстакан беради, ҳар биттаси бир тийиндан, шуни опкелиб беринг.
— Нима қиласиз, мунча қоғозстаканни, қизим?
— Дада, кейин айтаман, бир иш бор, — дебди келинпошша кулимсираб.
Чол бир-бирига кийдирилган шунча қоғозстаканни белбоғига тугиб, опкелибди. Келин эса эри ишдан қайтгач, яхши ўғитланган майин тупроқни шу қоғозстаканларга солишга ундабди, ўзи икки ойлар аввал етилиб пишган помидор уруғларини ювиб қуритиб қўйган экан, ҳар уяга биттадан уруғ ташлаб, сув қуйибди, илиққина уйга опкириб, токчага териб чиқишибди.
Энди буёғини сўранг. Илк баҳор уй ичида помидор кўкариб чиқибди, одамлар бозордан ниҳол сотиб ола бошлаган маҳал буларники қоғозстаканда турганича гулга кирибди. Келин-куёв бояги шудгор ерни яна чопиб, эгат олиб қўйишган экан, ҳаво илиганда ниҳолларни экишибди — қоғози намда чириб, ўзига ўғит бўлиб кетаверибди. Бошқаларнинг экини гулга кирганда буларники шиғил ғўралабди. Ўша йили ҳаммадан аввал бозорга помидор чиқаришибди, гўнг билан семириб ётган ер эмасми, кунора яшик-яшик қип-қизил помидор териб олишаверибди — чол бечора помидор сота-сота чарчаблар кетибди, қўли пул кўриб, чопони янгиланибди, ярақлаган маҳси-калишлар, десангиз. Аввал чойхонага кириб бир чойнак чой чақиришга ҳоли йўқ одам, энди тенг-тўшларини меҳмон қилаётиб, нолиркан: “Э, келин тушмагур чатоқ экан, памилдори сотавериб, чарчаблар кетдим…”
Яқинларимиз келин туширса, “қадами қутлуғ келсин”, деб дуо қиламиз. Пойқадам ўз-ўзидан барака келтира бермайди, унинг учун одам ҳафсалали, ишнинг кўзини биладиган бўлиши керак, албатта. Бояги келин ана шунақа олтин ёмбиси бўлиб чиққан экан-да. Яхши келинлар кўп, меҳнаткаш куёвлар ҳам оз эмас, лекин ишнинг кўзини билиш бир бошқа. Кетмон чопган ҳамма ҳам деҳқон эмас, қишлоқда яшаган ҳар киши миришкор бўлавермайди.
* * *
Ёдингизда бўлса, Асқад Мухторнинг “Чинор” романида Эргаш деган дўлвор бир йигит бор. У тоғдаги боғ-роғларга кўмилган Сумбултомчи қишлоғида ўсиб-улғайган. Райком котиби Ориф ака уни шаҳарда, кўчама-кўча айланиб юрганини кўриб қолади. Қараса, қўлида токқайчи, “Винаграт чеканка!” (“Узумингизни хомток қилиб бераман!”) деб бақириб юрибди. “Нима гап, Эргаш? — деб сўрайди Ориф ака. — Токларга кул (шўр) тушяпти, ака, — дейди йигит. — Хомток қилмаса, ҳаммаёқни босиб кетади”.
Эргаш ўзига ғалати бир иш топиб олибди: ким хизмат ҳаққини берса — олиб, бермаса — савоб дея, ҳовлима-ҳовли ток хомток қилиб, касалликнинг олдини олиб юраркан. Эргаш шунақа миришкорки, у бутаган ток шиғил ҳосилга киради, “Ишкомда туғилиб, чайлада катта бўлган бу истарали йигит соҳибкорликни ўн беш ёшидаёқ эгаллаб, санъат даражасига кўтарган эди… У парвариш қилган боғларда сентябрь ойлари ишкомда барг кўринмас, шиғил ҳусайни, ҳар боши нақ бир сават бўларди. Ҳар донаси қаҳрабодек сап-сариқ, беғубор, қуёш ботганда ичида чўғ ёниб тургандай кўринар эди…”
* * *
Мен бир ўтли-шудли деҳқон қизни, бир қўлигул боғбон йигитни эсга олиб ўтдим. Бундайлар ҳар бир қишлоқда топилади.
Лекин э биродари азиз, Сиз ўзингиз узумни хомток қила оласизми? Ўрик ё олмангизни каллаклашга чоғланар экансиз, қайси шохни кесиш, қайси новдани қолдиришни биласизми? Ҳовлингиздаги икки сотихгина ерга ҳар йили помидор қадайсиз, кўкаришга кўкаради, аммо тўрттагина етилиб пишган помидорни бозордан олиб келасиз, тўғрими?
Ўзбекистондаги 34 миллионли аҳолининг ярмидан кўпи қишлоқларда яшайди. Қишлоқдами, демак, озми-кўпми, томорқаси бор. Аксар шаҳарликлар ҳам ҳовлида туради. Демак, ўзбек халқининг асосий истиқоматгоҳи — ҳовли.
Энди, йигирма миллиондан зиёд одам ҳовлида яшайди, деб ўртача ҳисоб-китоб қилсак ва ҳар бир ҳовлида беш-олти киши яшайди, деб чамаласак ҳам, мамлакатимизда камида уч, уч ярим миллион ҳовли бор бўлиб чиқади. Бунинг ичида ўн-ўн беш сотихли, гоҳо ундан ҳам каттароқ томорқаси бор хонадонлар бор. Майли, энг озини олайлик — ҳар бир ҳовли уч-тўрт сотих экин ерига эга бўла қолсин. Ўшанда, бунча ҳовлида ўн-ўн икки миллион сотих экинзор борлиги аён бўлади. Бу эса юз-юз йигирма минг гектар экин ери демак. Ер бўлганида ҳам, хўп парваришланган, бодомдай тоши ҳам қолдирмай терилган, яхши ўғитланган, чуқур ағдарилган.
Энди, ўзбек борки, ҳовлисига икки туп ток қадайди, ўрик, анжиру анор, нок, шотут, олма экади. Хонтахтадай жойни ҳам бўш қолдирмай, помидор, булғор қалампир ундириш пайида бўлади. Ахир, ўз ерингда, ўз қўлинг билан етиштирган ноз-неъматнинг таъми бошқача-да! Шапалоқдай ер қолса, кашничу, райҳону жамбил, ўсма сепамиз. Экиғсиз майдонни кўрсак, “ер увол бўпти”, деб ачинамиз.
Бироқ ундан оладиган, тўғрироғи, олаётган ҳосилимиз-чи? Ҳаммаям еридан яхши фойдалана оладими?
Йўқ. Чунки миришкорлик суяк суриб, отадан болага мерос қоладиган нарса эмас. Ҳар ким бошқалардан ўрганиб, бу ҳунарнинг ҳадисини олади.
Қолаверса, баримиз ишли одаммиз. Биримиз сартарош, яна биров тракторчи. Биров бухгалтер, биров савдогар. Ўз ҳунаримизни миридан-сиригача билиб олган бўлсак-да, анов масалада нўноқмиз — ҳатто хомток қилишни ҳам эплаёлмаймиз. Бор барака, дея кесиб-бутаб ташлай берсак, ҳар йилги озгина ҳосил ҳам йўққа чиқиши тайин. Нима қилсак бўлади? Ноилож, қўшнига юзланамиз, ака, шунга бир қараб беринг, илтимос…
Ахир қўшни — агроном. Бироқ у киши пахтага агроном, узум ёки олмага эмас. Қўшни бечора ҳам, бошини қашиб, билганича иш қилади, натижаси эса боягидай.
Оқибат, ҳар ўн хонадоннинг тўққизи яхши унум олмайди, ер бети кўкариб туради, битта-иккита дарахтни айтмаса, қолганларидан фойда бўлмайди. Ҳолбуки, агар ҳосил яхши бўлса, ана шу уч-тўрт сотихли ер битта хонадонни йил бўйи боқади, қолмишига бир-икки қўй, беш-ўн товуққа ҳам ризқ унади. Мутахассислар Ҳусайн Каримов ва Ҳамро Ортиқов “Боғбоннома” рисоласида ёзишларича, бир қарич ер (20 х 20 см.)дан 2 кг. пиёз, ё 2 кг. картошка, ёки 2 кг. сабзи олиш мумкин. 6 кг. помидор, ёки 8 кг. бодринг ундирса бўлади. Аммо кўпчилик шунинг ўндан бирини ҳам ололмайди-ку!
Албатта, ҳовлисидаги экин ерни чамандай қилиб қўйган, дарахтларида чойнакдай-чойнакдай беҳи ва олма осилиб турган миришкор юртдошларимиз бор. Оғилида туядай-туядай новвослар боқаётган уддабуронлар ҳам топилади. Ҳамма ҳавас қилади, улардан сал-пал ўрганиб, ўз ҳовлисида уннаб ётганлар ҳам бисёр. Аммо нима қилайликки, кўпчилик ўз еридан яхши фойдалана олмайди. Чунки ҳамма ҳам уқувли эмас, вақти ҳам йўқ.
Нима қилиш керак, курс очиб, одамларга агрономликни, ветеринарлик, энтомологликни ўргатамизми? Фойдаси биз кутганчалик бўлармикин?
Масалан, мен бунга умид қилмайман. Чунки ишдан чарчаб келган одам “ақлий штурм”дан кўра телевизорни афзал кўради. Матбуот саҳифаларида, телевидениеда бериладиган “миришкор ҳузурида” каби нарсаларнинг ҳам нафи оз. Кўрасиз, аммо эртасига ёдингиздан чиқиб кетади.
Ўзбекистонни жаннатмонанд юрт деймиз. Алқаганимизча бор. Ҳар бир хонадон ўз еридан унумли фойдаланса, эҳтиёжини қондирибгина қолмай, яна шунча неъматни хорижга сотишни ҳам бемалол уддаласа бўлади. Хитойликлар қиляпти-ку. Бунинг учун олма ёки бодрингга шира тушмаслиги, ер захкаш ё ориқ бўлмаслиги… керак.
Ҳолбуки, яна айтаман, кўпчилик анор пишганда ёрилиб кетишининг олдини олиш тугул, пиёзга қачон сув қуйиш кераклигини ҳам билмайди.
Чорасиз… дейсизми?
Ҳозир бозор иқтисодиёти замони. Ҳеч ким ҳовлингизга келиб, мол-қўйларингизни текин даволамайди, қуруқ раҳматга товуқларингизга укол қилмайди, олмангизни бутаб, анжирингизни кўмиб бермайди. Ҳатто жиянингиз бўлса ҳам. Чунки ўзининг бошқа ишлари қолиб кетади.
Сиз пулини беришга розисиз, бироқ миришкор одамни топиш мушкул. Мана, мен устаман бунақа ишга, деган одамга эса ишониб бўлмайди. Ахир, оддийгина қўй жунини олишга ҳам асбоб-ускуна лозим. Ҳаммасини сотиб ола берасиз, аммо уқув-чи? Буёқда ҳали дов-дарахт, экин-тикин…
Таклифимиз — ҳар бир туманда бир неча соҳа бўйича усталар бригадаси тузиш керак. Техникаси билан келиб, ерингизни чопиб, эгат олиб берадиган, керакли ўғитларни опкелиб, зарур миқдорда соладиган, дарахтларга шакл беришу қайси ерга қандай дарахт ниҳолини ўтқазиш, узумга сўриток қуришу уни хомток қилиш, зараркунанда ҳашаротларга қарши дори пуркаш, мол-қўйларнинг ўсиб кетган туёғини зиён етказмай кесиш, канасини тушириб, касалликларини даволаш, наслини яхшилаш… чунки ҳар бир хонадонда бундай иш-юмушлар сон-саноқсиз.
Тўрт сотихгина еримиз ориқми ё семизми — билмаймиз, унинг ишқори камми ё кислотаси кўпми — аниқлай олмаймиз, нима солсак, тобига келади, унга нима эккан маъқулу нима унмаслигидан ғофилмиз ахир.
Биз уйимизни таъмирлашга уста чақирамиз, қудуқ қаздирамиз, олифта кўкатларни эктирамиз, аммо мол-ҳолга қарашга, дарахту экинларимизни парвариш қилишга келганда одам топиш қийин. Чунки зоотехник ё боғбонлар бугунги кунда минг афсуски, “Чинор” романидаги Эргаш дўлворга ўхшаб “Виноград чеканка!” дея кўчада чақириб юрмайди. Ёдингизда бўлса, илгариги вақтларда синган деразага ойна соладиган, чинни қадоқлайдиган, пичоқ чархлайдиган усталар кўчада юриб, хизматини таклиф этар эдилар. Аммо у пайтларда ерингизга қараш, дов-дарахт парваришлаш, мол-қўй боқишга кўмаклашиш хизмати бўлмаган. Бўлмаса бўлмагандир, хўш, энди эксак, нима қилади?
Башарти ҳар бир шаҳар, ҳар бир посёлка ва ҳар бир туманда эҳтиёжга қараб ана шундай омилкор, экину дов-дарахтлар парваришини қойиллатадиган, бажарган иши, таклиф этган уруғлиги, берган маслаҳати учун жавобгарликни бўйнидан соқит қилмайдиган зоотехниклар, агрономия мутахассислари, ҳашаротларга қарши курашадиган энтомологлар, қўлигул боғбону миришкор деҳқонларнинг бошини қовуштириб, номини “бригада” деймизми ё бошқами, ишқилиб элга нафи тегадиган, ҳам даромад топиб, ҳам эл дуосини олишдан роҳатланадиган кишилар бошини қовуштириб, уларнинг савиясини аниқлаб, тоифалаб, иккинчи ёқдан — бундай хизматларни реклама қилиб, иш учун буюртмачини ҳам, бажарувчини ҳам оғринтирмайдиган ҳақ белгилаб қўйилса яхши бўлади.
Энг муҳими, буларни бутун мамлакатда стандартлаштириб қўйилса ва ҳар бир хонадондаги мол-ҳол, экин-тикин парваришининг энг қалтис паллаларида шундай одамларнинг ёрдами ва маслаҳатларидан фойдаланиш йўлга қўйилса, ишонаманки, товуқларимиз касал бўлмай, тухумни кўпроқ беради, олма-беҳиларимиз қурт тушиши ва бужмайишдан омонда бўлади, сигиримиз серсут бўлади, новвослар бир тоннага яқин вазн олади, ҳовли четига қўйилган тўрт қути ари камида қирқ кило асал беради, табиий, тоза, қўлбола емиш кўпайиб, ҳозирги бутун Республикада олинаётган мева-чева, кўкат-резавор, сут-қатиқ, гўшт, тухум ва бошқа ҳосиллар икки баравар кўпаяди.
Бундай бригадалар кўп ҳақ талаб қилса-чи, деган хавотир эса ўринсиз. Бозор иқтисодиёти замони, ортиқча ҳақ сўраган косиб ўзига зиён қилади — ишсиз-даромадсиз қолади. Кейин, яна бир нарсани эслайлик: ҳар биримиз рўзғор учун қўларра, электрарра, уч-тўрт хил токқайчию гулқайчи, сон-саноқсиз кетмону белкурак, Хитойнинг дарров ишдан чиқадиган дорипуркагичларини сотиб олганмиз — йиғсак, бир уй тўла ашқол-дашқол. Аммо ҳосилнинг қути йўқ. Ана ўшаларга сарф қиладиган пулингизни устасига берасиз — асбоб-анжоми, техникаси билан келиб, ҳамма ишингизни агротехника муддатларида чиройли бажариб кетади. Энг муҳими, улардан аста-секин бу юмушларни адо этишни ҳам ўрганиб олишингиз осонроқ кечади.
Ва ана ўшанда йил-ўн икки ой уйингиздан ризқ-рўз аримайди, болаларингиз кодланган олмаю апельсин истеъмол қилмайди, консервантлар қўшилган шарбат ичмайди, она заминимизда етишган, шираси тил ёрар ноз-неъматларни еб, илиги тўқ, соғлом, бақувват бўлиб ўсиб, вояга етади. Ва мана шуниси сиз олаётган энг катта даромад ҳисобланади.
Пировардида яна бир гап: юртимизда номи ичакдай узун, лекин қилар ишининг нафини ҳамма ҳам билавермайдиган бир ташкилот бор. Майли, номи узун ичакдай бўлса ҳам айтайин: Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши деб аталади. Биласизми, бу ташкилотнинг нафақат республика балки, вилоят ва туманларда ҳам бўлимлари бўлиб, уларда қанчадан–қанча одамлар ишлайди, катта–катта маош олишади. Хўш, улар не юмушлар билан банд? Фикримча, буни ҳам деярли кўпчилик билмайди. Ачиниб кетасан-да, ахир, шуларга сарфланаётган ресурс — юқоридаги ишларга йўналтирилса, бўлмайдими?
Бўлади, албатта.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ