Эркинликка ким лойиқ?

Хитой давлати Канададан ҳаво сотиб олаётган экан. Эшитдингизми? Бу хабарни ўқидиму, юртимиздаги айрим давлат идораларига Финляндия, Швейцария ва Норвегия “об-ҳаво”сидан олиб келишнинг имкони бормикан, деб ўйлаб қолдим. Тўғри-да, инсон зоти ҳамиша эркин, ўзи севган машғулотига ҳеч ким ҳалал бермайдиган жойни қўмсаб, орзу қилиб яшайди. Худди хитойликлар каби бизнинг руҳимиз ҳам “тоза ҳаво”га доимо муҳтожлик сезади…

Маълумотларга кўра, Буюк Британияда давлат ишида ишловчи инсонлар ҳафтасига 48 соатдан кўп ишлаши тақиқланган. Албатта, шифокор, нефть-газ каби айрим соҳалар бундан мустасно. Бу касб эгаларининг иш тартиби қоғозда эмас, амалда навбатчилик асосида ташкил этилади. Ваҳоланки, куч-қувват ва шижоатингиз “кўпириб” турган бўлса-да, ҳафтасига белгиланган миқдордан кўп ишлай олмайсиз. Йўқса, бу “қилмиш”ингиз учун жарима тўлашингиз мумкин. Ходимларнинг иш вақтига махсус ташкилотлар, айниқса, соғлиқни сақлаш вазирлиги ниҳоятда жиддий қарайди.

Савол туғилади, хўш, бизда-чи? Ҳаммани қўя туринг, давлат хизматчилари, расмий идоралар вакиллари ҳафтасига неча соат ишлайди?

Иш вақти — бу одамнинг иш графиги ёки меҳнат интизоми доирасида зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ишхонада ўтказган вақтидир. Иш куни тушунчаси вақт чегарасини билдиради ва бу пайтда ходим сабабсиз иш жойи­дан ажралмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ходимнинг меҳнат жараёни 7 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ошмаслиги лозим…

Инсон қайси соҳада ишласа, у ўша касбни севади. Ишини яхши кўрган одам асло меҳнат қилмайди, шунчаки севимли машғулоти билан шуғулланади. Қилаётган ишингиздан завқ олмаяпсизми, ишхонага келиб-кетиш учун ҳайдовчи, махсус хизмат машинаси, қўйингчи, қандай тезюрар транспорт берилган бўлмасин, у ерга оёғингиз тортмайди. Ҳафта бошида якшанбани, эрталаб бўлса иш вақти тугашини кутасиз, лаҳза санаб умрингиз ўтади.

Гоҳида кечаси ярим тунда ҳам бир қанча расмий идора, ҳокимлик, вазирликларнинг хона чироғи ёнган ҳолда, ходимлар “сермаланиб” юргани, қоғоз-қалам ва ҳужжатларни кўтариб у эшикдан бу эшикка бош суқаётганини кўрасиз. Меҳнат кодексининг 125-моддасига мувофиқ, иш берувчи ҳар бир ходимнинг ишлаган иш вақтини, жумладан, иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ҳам аниқ ҳисобга олиб бориши шарт. Бу одамларнинг раҳбари қонунда кўзда тутилган тартибга амал қиладими-йўқми, менга қоронғи.

Қайсидир чет эл нашрида Ўзбекистонда давлат хизматчилари кунига 15 соатдан ва дам олиш кунисиз ишлашаётгани, натижада уларда чарчоқ ва стресс кучлилиги, ўзбек амалдорлари учрашувлар пайтида ухлаб қолишлари ҳақидаги мақолага кўзим тушганди. Ахир, ходимлар робот эмас, одам-ку, нега ишдан ўз вақтида, яъни соат 18:00 да кетсанг, камида бошинг балога қолиши, ҳайфсан олишинг ёки ишдан ҳайдалишинг керак?

Одам меҳнатига яраша маош олмаса, олаётган маошига яраша меҳнат қила бошлайди, деган гап бор. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш Меҳнат кодексининг 123-моддасига кўра амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, ходимни саккиз соатдан ортиқ ишлатиш мумкин эмас. Бу меҳнатга мажбурлаш ҳисобланади ва айбдор шахслар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жавобгарликка тортилади.

Иш ҳажмининг ортиши ёки муҳим топшириқлар ижросини кечиктириб бўлмаслигини инобатга олиб, иш берувчи асосий иш вақтидан ташқари қўшимча иш вақтида ҳам ходимнинг розилиги билан уни ишга жалб қилиши мумкин. Бунда ходимга қўшимча ишлаган иш вақти учун икки ҳисса иш ҳақи тўланади. Бу вақт қонун ҳужжатларига мувофиқ йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.

Бу борада истисно ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, ички ишлар ходими оиласи билан сайр қилиб юрганида, кўз ўнгида жиноят содир этилаётган бўлса, менинг иш вақтим тугаган, дея кўз юмиб кетолмайди. Ёки шифокорни олинг. Иш вақти тугагани учун кимдир ўлим билан курашаётганини кўрса, уни эътиборсиз ташлаб кетиши нафақат қонунга, балки инсонийликка ҳам зиддир. Жумладан, матбуот ходимларини ҳам газета чиқадиган(верстка) куни соат 18:00 бўлди, дея иш энди авжига чиққан пайтда таҳририятни ташлаб, уйига кетишини ақлга сиғдириб бўлмайди. Журналистлар куну-тун янгилик ахтаради, жойларга бориб, суриштирувлар ўтказади. Маълумотларни тўплаб бўлганидан сўнг, керак бўлса, уйида ҳам чала қолган ишини давом эттиради. Ўқитувчилар ҳам худди шундай. Ҳамиша кейинги дарсда мавзуни қай тариқа қизиқарли ўтиш ҳақида бош қотириб юради…

Меҳнат кодексининг 118-моддасига мувофиқ, юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш, асаб танглиги билан боғлиқ, яъни алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги айрим тоифа вакиллари учун иш вақтининг муддати ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши керак, назаримизда.

Аслида, ходимни ортиқча ишлатиш унинг маънавий ва жисмоний ҳақини ўғирлаш билан бирга иш самарадорлиги пасайишига ҳам сабаб бўлади. Ҳаддан ташқари кўп ишлаш кадрлар сифати ва иш унумдорлигига жиддий путур етказади, иш вақтидан ташқари ортиқча сарфланаётган ресурслар давлатга зарар келтиради. Шунинг учун Германия­да дастлаб XX асрнинг бошларида Зейс фабрикаларида 8 соатлик иш режимига ўтилган. Францияда эса 1836 йилда 40 соатлик иш ҳафтаси тўғрисидаги илк қонун ҳужжати тайёрланган. Россияда 8 соатлик иш куни 1917 йилда Октябрь инқилобидан кейин жорий этилган. Бу давлатлар фуқаролари 8 соат иш, 8 соат уйқу ва 8 соат дам олиш тамойили асосида меҳнат қилади.

Ривожланган мамлакатларда одамлар ҳафтасига 40 соат ишлайди. Улар учун бу одатий ҳолдир. Агар иш берувчи ундан 50 соат ишлашини сўраса, ходим келгуси ҳафтада 30 соат, яъни одатдагидан 10 соат кам ишлашга ҳаққи бор.

Бизда эса, кўп ҳолларда, оталар кун бўйи ишда, ҳатто дам олиш кунлари ҳам фарзандининг тарбияси билан шуғуллана олмайди. Натижада ёшларнинг ўқиши, маънавияти, савияси пасайиб кетяпти, дея айю­ҳаннос солиб юраверамиз. Болаларимиз яқинларидан кўрмаган эътиборни виртуал оламдан излайди ва аксарияти турли оқимларга қўшилиб кетмаслигига ҳам ҳеч ким жавоб беролмайди. Жамиятга бир назар солинг, ажримлар сони кун сайин кўпаймоқда, хиёнат оддий ҳол бўлиб қолди, оилаларда тушунмовчилик, уруш-жанжаллар сони ҳам ортиб кетган… Чунки оила бошлиғи кун бўйи ишда, яқинларига вақт ажрата олмайди, унинг иши ҳамма нарсадан устун!

Дарвоқе, бир-икки йил аввал Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу борада қатъий бир иш бошлаган эди. Яъни, вазирлик масъул ходимлари турли идора ва ташкилотларда иш вақтига қатъий амал қилишни назорат қила бош­лаганди. Меҳнат қонунчилигига амал қилмаган идораларга чора кўрила бошлаганди ҳам. Биласизми, шунда аксарият давлат муассасалари меҳнат қонунчилигига риоя этиш масаласида анча “тартиб”га келиб қолгандиям! Демак, барибир назорат керак экан-да!

Лекин нима бўлди-ю, меҳнат қонунчилигини муҳофаза қиладиган вазирлик ва унинг қуйи тузилмалари яна жим бўлиб кетишди. “Э, билганларингни қилинглар-е!”, дейишдими?

Аслида меҳнат ҳуқуқлари етарлича таъминланмаган жамиятнинг ривожланиши қийин. Ўйлаб кўринг-чи, нега кўпчилик одамларимиз ойлик таътил(отпуска)га ДАМ ОЛИШГА ЭМАС, балки ДАВОЛАНИШ учун чиқишади? Қачонгача уйқусираб, силлангиз қуриб юрасиз? Қачон ўз қадрингизни биласиз? Зеро, немис адиби Гёте айтганидек, гўзал ҳаёт ва эркинликка ҳар куни улар учун курашувчи одамгина лойиқдир. Унутманг, ўзгариш учун хоҳиш керак, келаси душанба ёки келаси ойнинг боши эмас.

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =