Маънавиятдан юз ўгирасизми?

2019 йилнинг август ойида (унда ҳали пандемия йўқ эди) тахминан юз кишилик жамоада байрамга бағиш­лаб умумхалқ хайрия ҳашари эълон қилинди. Ишонсангиз, бу анъанавий тадбирга бор-йўғи… 5 киши чиқди.

Қолганлар дам олиш кунини ишхонада ўтказишни маъқул кўришмади. Ҳашарга келмаганлардан сўрадик: “Кеча нега умумхалқ ҳашарига келмадингиз?”. Жавоб бир хил бўлди: “Сиз ҳашар ҳақидаги эълонни охиригача ўқимадингизми? У ерда “Ҳашарга чиқиш ихтиёрий”, деб ёзилган. Шунинг учун … ”

Мана сизга биргина “ихтиёрий” сўзининг шарофати. Баъзилар ихтиёрий тушунчасини демократия аломати деб ҳам тушунишади.

Бир суҳбатдошимиздан сўрадик: “Сиз нега газета ёки журналга обуна бўлмадингиз?” Жавоби ҳам тайёр экан: “Ахир обуна ихтиёрий-ку”. Ана холос. Шунинг учун баъзи зиёлилар ўзини ўта маданиятли, юқори даражада фикрловчи сифатида кўрсатиш учун “Газета ўқимаганимга анча вақт бўлди”, дейишар экан-да.

Газетадан юз ўгириш — маънавиятдан юз ўгириш эмасми?! Матбуотдан узоқлашиш — атрофда рўй бераётган ҳаётдан нари кетиш эмасми?!

Ахборот ва оммавий коммуника­циялар агентлиги айни обуна мавсумида бир баёнот билан чиқди: “Биз мажбурий обунага қаршимиз!”. Худди “Биз алкоголь ичимликлар истеъмол қилишга ва тамаки чекишга қаршимиз”, деган оҳангда!

Мажбурий, зўрма-зўраки обунага биз ҳам қаршимиз. Лекин бояги баёнот ихтиёрий обунанинг ҳам йўлига тўсиқ бўлганди-да! Ахборот ва оммавий коммуникация ривожланишини хоҳлайсизми? Ундай бўлса ихтиёрий обунани тарғиб қилинг. Халққа унинг аҳамиятини тушунтиринг. Ким нима деса десин, мен даврий нашрлар обунасига тарғибот орқали, тушунтириш орқали эришилади, деб ҳисоблайман. Агар шундай қилинмаса, ихтиёрий сўзининг юқорида айтилган натижасини олаверасиз.

Осиё қитъасида жойлашган Японияни олайлик. Бу мамлакатни тартиб-интизом ўлкаси дейиш мумкин. Бир йили цунами деган бало-қазо ёпирилди. Ҳамма жой вайрон бўлди. Аҳволни кўрган кузатувчилар энди яна 30 йилда ҳам ўнгланмаса керак, деб ўйлашди. ФИФА қарор қабул қилди: Японияда ўтказилиши мўлжалланган аёллар футболи бўйича жаҳон чем­пионати Ўзбекистонга кўчирилади. Японлар қисқа муддатда цунами оқибатларини бартараф этишди. Кўп ўтмасдан айтишдики, халқаро мусобақани ўзимиз ўтказамиз. Қойил. Мана буни ватанпарварлик деса бўлади.

Коронавирус пандемияси даврида ҳам Япония барчага намуна бўлди. Европада тараққий этган мамлакатларнинг аҳолиси беписандлик билан карантин қоидаларига амал қилмаган даврда японлар масалага жиддий ёндашиб, вирусдан нисбатан кам зарар кўришди. Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросимда шундай мисол келтирдилар. Дунёда ахборот технологиялари юксак даражада ривожланган Японияда миллионлаб нусхада газеталар чоп этилаётибди. Тўғри-да, газетанинг инсон ҳаётида ўз ўрни бор.

Бизда баъзи “пешқадам” фикрловчи раҳбарлар интернет орқали ахборот оламиз, деган гапни айтишди. Эҳ-ҳе, юртимизнинг ҳамма жойида муттасил электр таъминоти борми, бўлганда ҳам кўп жойларда “wi-fi” ўрнатилмаган. Каттагина вазирлик бултур шу масалада устоз журналистни судга бермоқчи бўлди. Йўқ, саноқли кунлар қолганда журъат қилишолмадими, судга берилган даъво қайтариб олинди. Лекин шунча гапдан кейин ҳам ўша вазирликда матбуотга муносабат ижобий томонга ўзгармасдан келмоқда.

Қизиқ, бирор жойда обуна яхши йўлга қўйилса, бу хабарни фавқулодда ҳодиса сифатида қабул қилишади. Нима эмиш, мажбурий обунани фош қилиш керак. Ким ҳаммаси ўз-­ўзидан амалга ошаверади, деб ўйласа адашади.

Меҳнат муносабатлари борасида “Ўз-ўзини банд қилиш” деган тушунча бор. Шу банд бўйича муайян ҳудудда шунча киши ишли бўлди, деб ҳисоб беришади. Бунга қандай эришдингиз, деб сўрасангиз, солиқ идораси ходими аҳоли билан учрашувларда ўз-ўзини банд қилиш афзалликлари ҳақида тарғибот натижасида деб айтишади. Умуман, халқ хўжалигининг жуда кўп жабҳаларида турли учрашувларда муайян соҳаларнинг афзал­ликлари ҳақида   тушунтириш, изоҳлаш керак бўлади. Журналистлар ҳам матбуот нашрининг аҳамияти тўғрисида тарғибот олиб борса нимаси ёмон?

Ушбу йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Президентимиз айрим нашрлар обунаси ночорлиги учун ўқувчисига етиб бормаётганлигини таъкидлаб, уларни етказиш чораларини кўриш зарурлигини уқтирди.

Биз, журналистлар айтаётган гапимиз имкон қадар кўпроқ газетхонга етиб боришига, айнан газета саҳифасида одамларнинг дил сўзлари чоп этилишига интиламиз. Бунга ташкилий ишлар орқали эришиш мумкин. Келгусида газета саҳифаларида қандай мавзулар ёритилиши ҳақида сўзлаб бериш учун жонли мулоқотлар ўтказилади. Тадбир якунида газетага обуна бўлишни тавсия этамиз. Агар шуни “мажбурий обуна” деб тушунсангиз, тағин ҳам ўзингиз биласиз.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 16 =