Муаллим ва муҳаррир миллатнинг икки кўзидир ёхуд эски мавзуда янги гап

Таҳририятдан: Хабарингиз бор, газетамизнинг 2021 йил 13 январь (№2(1218)) сонида “Матбуотдан безор миллат эмасмиз” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда бугунги матбуотимизнинг аҳволи, унинг жойларга етиб бориш масалалари ва аҳолининг матбуотга муносабати доирасида фикр-мулоҳазалар билдирилган эди. Ёш журналист Отабек Исроилов ҳам қуйида бугунги матбуотимизга дахлдор муаммолар илдизига эътибор қаратади.

 

Беҳбудий ҳазратлари “Муаллим ва муҳаррир – миллатнинг икки кўзидир”, дея нақл қилган эди. Надоматки, бу кун миллат бир кўзидан ажраш арафасида турибди. Кўриш – ҳақиқатни, истиқболни, адолатни кўриш қобилиятини йўқотаёзган қайси “кўз” эканлиги ҳаммага ҳам баробар маълумдир.

Бундан, чамаси, икки-уч йиллар аввал луғатимизга “мажбурий обуна” деган сўз бирикмаси кириб кел(тирил)ди. Бегона уйларни мажбуран тозалаш, кўчаларни мажбуран супуриш, моянасидан мажбуран йиғиш ва мажбуран бажарилган бошқа ишлар сирасига обуна ҳам қўшилди-қолди. Шу пайтлари мажбурийликдан безиган муаллимлар ва уларнинг пешволари матбуотга очиқчасига жанг эълон қилди – миллатга тўғри йўлини кўрсатиб турувчи икки кўзнинг бири бошқасини ўя бошлади.

Хўп, майли, ўқишга арзигулик газета ё журнал кам экан. Унда ўқишга арзигулик, ўзингиз маънавий озуқа олиб, ўқувчиларингиз хат-саводини, дунё­қарашини ўстирадиган, янгилик ва ахборотларнинг сифатлисини холис етказадиган газета ё журналларга нима учун обуна бўлмайсиз, дейдиган мард қани? Демакки, сиз ва сиз кабиларга “мажбурий обуна” бир баҳона бўлди, холос. Ўйламайсизки, бугун бирини тежаб, эртага тўртига куйиб қолишингизни.

2020 йил 11 декабрь куни “facebook” ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Фатима Жураева “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида бир изоҳ қолдирди. Унда айтилишича, Андижон вилояти, Асака тумани Мактабгача таълим бўлими мудири тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари ходимларидан “Асака ҳаёти” газетасига обунани ташкил этишни сўраган. Ушбу “facebook” фойдаланувчиси эса бунинг учун Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ва унинг матбуот котибидан изоҳ талаб қилган. Қизииқ, қачондан буён обуна бўлишимиз тўғрисида кимларгадир изоҳ берадиган бўлиб қолдик?

Изоҳларда қолдирилган муносабатларда Фатима Жураевага боғча тарбиячилари мурожаат қилган ва шунинг учун у ушбу изоҳни тармоқда қолдирган. Муносабатлардан яна маълум бўладики, “facebook” фойдаланувчиси яқин бирор йилда бирор газета ё журнални, ақалли ўша ўз туманига тегишли “Асака ҳаёти”ни, ҳатто, ушлаб ҳам кўрмаган. Хўп, майли, тарбиячиларнинг “Асака ҳаёти”га обуна бўлгиси келмас экан, қайси нашрга обуна бўлишни истайди? Танганинг бу тарафини ҳам эътиборга олиш керакми, ахир? Ҳеч қайсисига! Тўғри, англадикми?

Тағин бир ҳангома-да. “Telegram” ижтимоий тармоғидаги гуруҳларнинг бирида икки киши ўзаро суҳбатлашган. Уларнинг бири газетани эскилик сарқити, дея ёмонотлиқ қилаётган пайтида савол келди:

– “Тафаккур” деган нашрни эшитганмисиз?

– Эшитгандекман.

– Бирор сонини кўрганмисиз?

– Йўқ. Демак, яхши газета, (?!) шунақами?

Масалан, камина журналист сифатида бирор фермер билан гаплашмоқчи бўлсам, албатта, соҳа асрорларини ўрганаман ва шунга яраша тадоригимни кўраман. Қурувчи ё бирор соҳа амалдори билан учрашмоқчи бўлсам ҳам худди шундай. Аслида бундай йўл тутиш учун, албатта, журналист бўлиш шарт эмас. Шунчаки фаҳм-фаросатли киши бўлиш кифоя.

Шу ўринда асосли мулоҳаза: нима учун босма оммавий ахборот воситалари кузатилмай, улар таҳлил қилинмай туриб, талқин чаппасига буриб юборилаяпти ва шу калтабинлик билан чекланиляпти? Матбуотнинг истиқболи тўғрисида ҳукм чиқармоққа кимлар дохил: тармоқ фойдаланувчиларими ё босма ОАВ мутахассисларими?

Муаллимлар оёқ тираб обуна бўлмаётган газеталар шу устозларнинг ҳақини талаб қилишгача бораяпти-ку, аслида. Масалан, “Тараққиёт ва стратегия” газетасининг 2021 йил 14 январдаги 1-сонида “Таълимдаги таъмагирлик” фельетони эълон қилинди. Унда ёзилишича, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги 59-умумий ўрта таълим мактабида ишга жойлашиш учун пора талаб қилинади. Ҳаттоки, ўқитувчилар орасидаги дарслар тақсимоти ҳам ўқитувчининг педагогик маҳоратига эмас, бевосита “ҳиммат”ига боғлиқ. Масалан, “Таълимдаги таъмагирлик” фельетонида ушбу мактаб ўқитувчиси Бахтиёр Менноровнинг 2 миллион сўм эвазига 20 соат дарсли бўлгани айтилади.

Очиғи, биргина фельетон халқ таълими тизими муассасалари кирдикорликларини фош этгандек, гўё.

Китобларни гулханга ташлаган, маърифатдан бебаҳра фашистлар Германиясининг тақдири маълум. Фантаст ёзувчи Рэй Брэдберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража”сидаги китобёқар Монтег қисмати ҳам мавҳум эмас. Масалан, мен газетанинг бир саҳифасида босилган ҳи­кояни ўқимаган кишининг китоб варақлашига мутлақо ишонмайман. Китобхонлик газета ўқишдан, ҳа, аввало, газетхонликдан бошланади. Қарангки, китобхон, ақалли, газетхон бўлмаган муаллим қўлида китобхон ё газетхон бола камол топа оладими?

Мактабда ўқиган пайтларим ҳар жума кунги дарслар “Ахборот соати” билан бошланарди. “Ахборот соати”да ўқувчилар янгиликларни тўплар ва дарсларда баҳам кўрарди, турли мавзуларда баҳслар, таҳлиллар қилинарди. Синф раҳбаримиз янгиликларни халқаро, рес­публика, вилоят ва туман миқёсида тўплашни тайинларди. Мен ҳамиша тумандаги янгиликлардан жамлаб борардим. Чунки бобом газетага обуна бўлганди-да.

Яна бир гапки, ҳозирги ёшлар нутқидаги нуқсонларга ҳам газета ё китоб ўқимасликнинг оқибати, деб қараш мумкин. Туриш-турмушимизнинг ўзи мажбурийликлардан иборат бўлганидан кейин газета ўқишга ҳам, албатта, мажбурлаш керак-да! Ахир, таълимнинг ўзи ҳам мажбурий-ку! Қани, мажбурий таълим бекор қилинса, неча бола мактабга борар экан? Таълимсизликнинг оқибати маълум бўлганидек, матбуотсиз жамиятнинг ҳам аҳволини тан олишга мажбурмиз!

Масалан, бетоб бўлсак, бирор дори ичишимиз керак. Тузалиш учун шунга мажбурмиз. Маънавий хасталикларимизга дармон топмоқ учун ҳам обуна бўлишимиз, ўқишимиз шарт!

Жадид боболаримиз эрк ва истиқлол, адолат ва ҳақиқат йўлини, унга эришиш сўқмоғини таълим ва матбуотдагина кўрганлар ва шу асосда ҳаракат қилганлар. Жадидлар таълим орқали аҳолини хат-саводли қилиш ҳамда матбуот орқали эркка эриштиришни ният қилганликлари бежиз эмас эди!

Болани тарбиялаш, улғайтириш осон эмас. Айниқса, айни глобаллашув замонида. Кимдир дунёнинг қайсидир бурчагида мурғак қалбли, ҳали оламни тўлиқ тушуниб улгурмаган қоракўз болаларни пойлаб турмаганига кафолат борми? Болага муфассал тарбия бермоққа ёлғиз муаллимнинг кучи етиши душвор эмасми? Баркамол инсонларни камол топтиришда муаллим ва муҳаррир биргаликда ҳаракат қилишлари, эшкакни бирга эшишлари тўғри бўлмайдими? Аммо буни тушунган бор, тушунмаган бор; моҳият ва шароитни билиб-билмай Ғарбга кўр-кўрона эргашган бор, ўз пози­циясини яратаётган бор.

Назаримда, болаларнинг, демакки, жамиятнинг эртаси бугун қайси газета ё китобни ўқиётгани ёки ўқимаётганига бевосита боғлиқдек кўринади менга. Ахир, ота-оналаримиз газета ва журналлар ҳамда китобларни қолдирмай ўқиган, китоб дўконлари очилмасидан навбатга турган эдилар ва бугун жамиятда ўзгаришлар бўлди. Агарки, жадидларимиз фақат мактаб очиб ё газета чоп этиб эрк­­ка эришмоқчи бўлганларида, бугунги кунимиз ҳақида бирор не дейиш сўроқ остида қоларди. Дуторнинг бир торисиз куй янграмаганидек, ирмоқ бошқасига қўшилмасдан дарё бўлмай ирмоқлигича қолганидек, қуш бир қаноти билан парвоз қила олмаганидек, мактабнинг ўзи билангина,   ё фақат газета билан миллат болаларини тарбия қилиб бўлмайди.

Миллатнинг икки кўзи бўлган муаллим ва муҳаррирларга эски мавзуда айтмоқчи бўлган ўзимча янги деб ўйлаган гапларим шулар эди.

Отабек ИСРОИЛОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − one =