“Энди бир умр кутиш экан-да…” ёки банкларда 280-навбат қачон келади?
Тўғриси, “Hurriyat” газетасининг 2021 йил 17 февралдаги 7-сонида чиққан “Банкларда кредит фоизлари нега юқори?” сарлавҳали мақолани ўқиб, ўғлим Маъруфжоннинг ташвишларини ёзибди-да, деб юбордим!
Тунов ҳафта ўғлимга “Мана уйни ҳам қарз-ҳавола қилиб бўлса-да, таъмирлаб олдик. Энди рўза ойигача банкдан микроқарз олиб тўйни бошлайлик”, дедим. Орадан 2-3 ҳафта ўтди. Бу орада ўғлимнинг пойтахтдаги кирмаган банки қолмади, ҳисоб. Ниҳоят, “Асака банк” маъқул экани, фоизини ўйламаса, ортиқча қоғозбозлик бўлмаслигини айтди. Фақат фуқаролик паспорти ва кафил бўлса, бас экан. “Майли ўғлим, сен ишлайсан, мен ишлайман, олавер, бировимизнинг ойлигимиз кредитга кетаверади”, дедим хотамтойлик қилиб…
Ўтган йилнинг кузи эди. Чироқчи туманининг лалмикор еридан, яъни Дилла Сафаров номли хўжалигидан амакимнинг ўғли Обид Аҳмедов 12 гектар жой олиб, “Обид Аҳмедович боғдорчилик ва ғаллачилик” фермер хўжалигини ташкил қилди. У лалми ерга қудуқ қазиб сув чиқариш мақсадида “Агробанк”нинг Чироқчи туман филиалидан кредит сўраган экан, “кредит беролмаймиз”, дейишибди. Амакиваччамнинг мендан нажот истаб қилган қўнғироғидан сўнг, банк ходимлари билан гаплашдим:
“Ахир, чўнтагингиздан бермаяпсиз-ку! Ғалла эккан, ғалладан сўнг лалми тарвуз экади. Қарздор бўлиб қолмайди. 33 миллион сўм кредит олиб, қудуқ қазимоқчи. Ғалла орасига бодом, мевали дарахт кўчатларини экмоқчи…” деганимдан сўнггина, тўғри тушунди шекилли, Обидга: “Кафил олиб келинг, кредит берамиз”, дейишибди.
Энди буёғини эшитинг. Куни кеча фермер укамиз яна қўнғироқ қилиб қолди. Кредит учун тўплаган барча ҳужжатларини “Агробанк”нинг Чироқчи туман филиалига олиб борибди, банкнинг вақтинча бошқарувчиси Отабек Рўзибоев топшириғи билан унинг иши Баҳром деган банк ходимига топширилибди. Кредит бўлимидаги якка тадбиркорларга масъул Баҳром эса: “Ука, сизнинг ҳужжатингиз 280-ўринда қабул қилинди”, деганмиш. Банк кунига нечта мижозга кредит чиқараяпти, менинг навбатим қачон келади, деган саволларимга эса ҳеч кимдан жавоб ололмадим”, дейди у ҳафсаласи пир бўлиб.
Демак, укамизнинг кутишдан ўзга чораси йўқ. Натижа бўлса, ҳўп-ҳўп, бўлмаса-чи? Олов бўлиб, ёниб ишлайман, деган йигит кредит кутиб юраверади. Ололмаса, танлаган соҳасидан кўнгли совийди, синади. Қизиғи шундаки, Президентимизга қўш қанот бўлишга интилган Обиджонга ўхшаган йигитлар ОНА ЕР билан келгусида тиллашмай қўяди…
Энг ачинарлиси, бир ёқда давлатимиз раҳбари томонидан молия муассасалари зиммасига қанчадан-қанча вазифалар қўйилмоқда. Ер билан тиллашаман деган ёшларга керакли ёрдам берилаётгани ҳақидаги қанчадан-қанча гап-сўзлару, ваъдалар… Бир ёқда эса банкларда мижозга “чироқчича” муносабат!
Дарвоқе, ўғлингиз Маъруфжоннинг иши нима бўлди, дейсизми?! Ўғлим 28 ёшда. Ота сифатида унинг тўйини бу йилдан кечиктирсам, ҳарҳолда, яхши эмас. Уйланиш-ку, насиб қилса, албатта, бўлади, лекин бу кетишда у қачон УЙланаркан, билмадим…
“Hurriyat” газетасининг 7-сонини ўқиб, маза қилдим. Негаки, биронта палағда мақола йўқ. Вазир Шерматовнинг “сийлангани” дейсизми, Қутлибека опа билан суҳбат ёки устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг ўгитларими, хуллас, ҳаммаси зўр! Қолганини айтмайман, ўзингиз бир ўқиб, уқиб чиққанингиз маъқул.
Эркин ЭСИРГАДИЕВ,
журналист