Навоий асарини Дюма ўқиганми?
Ҳазрат Алишер Навоий даҳосининг улуғлиги шундоқки, ул зоти шарифнинг беназир шеъриятида одамлар учун ибратли ҳикмат бор, исталган жумбоққа ечим, энг мушкул саволга жавоб топиш мумкин.
Оқшом чоғи неча ойлик изланиш ниҳоясига етиб, Александр Дюма қаламига мансуб “Кавалер де Мезон Руж” романининг таржимасини тугатдим. Лекин XX-бобнинг аввалидаги кўнгилни тўлдирмайдиган бир нуқта ва иштибоҳ ўшандоғича қолди. Модомики, мутаржимнинг иши мукаммал чиқмаган экан, китобхон ҳам қониқмайди-да…
Иттифоқо, эртаси куни Наманган давлат университети талабалари билан учрашув бўлди, Ҳазрат Навоийдан ғазаллар ўқилди, Ҳазрат ғазалларининг куйга солинган қўшиқлари куйланди. Аммо бўлғуси филологлардан сўралганида битта саволга ижобий жавоб бўлмади:
— “Лайли ва Мажнун”ни ким тўлалигича ўқиган?
Биргина йигит, у ҳам достонни эмас, 1976 йили чоп этилган насрий баёнини ўқиган экан. Ўзим ҳам ёмон зил кетдим, негаки, асарни яқин орада қўлга олганим эсимда йўқ. Ҳай, уйга қайтибоқ, Ҳазратга юкиндим: “Лайли ва Мажнун” очилдими, ундан бош кўтариш мушкул, Навоий мисраларидаги соҳир (балки ғайб) оҳанрабо ихтиёрни олиб қўяди. Мана, XXV-боб бошланди:
Кун гарм бўлуб ҳалок жонға,
Лайли киби ўт солуб жаҳонға.
Ҳар елки эсиб ҳароратомез,
Мажнун дамидек жароҳатангез.
Тинмай югуруб қуюн тагидин,
Қум узра аёғи куймагидин,
Итлар тили ерға тегуруб бош,
Ғурра асад ичра айлабон фош…
Камина ҳайратдан лол қолибман, ҳолатимни ҳеч мушоҳада этолмасдим. Ахир, келтирилган парчанинг сўнгги икки сатри ойлар давомида топилмаган изоҳнинг ўзгинаси эди. Йўқ, Дюманинг ёзгани Навоийдан таржима дейилса ҳам муболағамас. Чунки, ўша машҳур француз адиби қўлига қалам олганда, “Хамса”нинг битилганига уч ярим аср бўлаёзганди.
Русча “Кавалер де Мезон Руж”нинг XX-бобида шундай ёзилади: “Уже начинало ощущаться приближение ужасной собаки, что древние представляли томимой неутолимой жаждой, которая, по верованию парижских плебеев, гладко вылизывает мостовые”. Узундан узоқ жумланинг таржимаси битган эса-да, “ужасная собака”нинг ўзбекчасини уддалаш мушкул кечиб, саҳифа сўнгидан шундай изоҳ ўрин олганди:
Таржима: “Ҳалитданоқ ёвуз “ит кунлари”нинг жазирамаси яқинлашаётгани сезилиб, офтоб ёндира бошлаганди. Бу шундай мавсумки, кўҳна тасаввурга кўра, ҳамиша ютоққан, ташналиги ҳеч-ҳеч қонмайдиган ёки парижлик аҳли авомнинг ақидасида эса ерда судралган тили билан арава йўлининг тўшама тошларини ярақлатиб ялаб кетувчи чанқоқ ит”.
Изоҳ: “Ит кунлари” — бу мавсум шарқона тақвимдаги асадга тўғри келади. Маълумки, бу ой бошлангач, итларнинг тили осилиб кетади ва ташналиги ҳеч қонмайди. Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонида бу ҳақда шундай байт бор:
Итлар тили ерға тегуруб бош,
Ғурра асад ичра айлабон фош.
Ғурра (арабча) – ойнинг бошланишини ёки бир кунлик ой маъносини англатади ва бинобарин, А.Дюма демоқчики, “ит мавсуми” — “ғурра асад” боис чанқоқ итларнинг осилган тили ергача тушган.
* * *
Амир Алишер сиймосидаги улуғ санъаткор Олим Хўжаев ҳамон кўз олдимизда ва сўзлари шуурумизда жаранглаб турибди:
— Асрлар оша ўз шеърларим билан “лаббай” дея жавоб берурмен!
Аммо тарихан бу гапни Навоий эмас, барҳаёт асарнинг муаллифлари (Уйғун ва Иззат Султон) айтган эсалар-да, Ҳазратнинг ғазалида эса шундай бир мисра бор:
Навоий ҳам ётар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.
Маҳшар тонгига қадар уйқуни тарк айлаб, бедор ётган буюк Навоий, табиийки, абадият қадар барҳаётдир. Эл-улус ва инчунин, қалам аҳли ҳам ул зоти бобаракотнинг уйғоқ руҳидан баҳравор бўлмоқдамизки, файзлар офтобидан топилган биттагина учқунни юқорида айтдик.
Рустамжон УММАТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси