Ҳазрат Навоий мактублари
Ҳар сафар Алишер Навоий, Мирзо Бобур ҳазратлари хусусида сўз кетганида, рус адабиётшуноси В.Г.Белинскийнинг А.С.Пушкин шахси ва ижоди хусусида айтган мана бу мазмундаги фикри беихтиёр ёдга келаверади: Пушкин шундай ҳодисалар сирасига кирадики, ҳар бир давр улар хусусида ўзидан аввалги даврларда айтилмаган недир янги ва мукаммал фикр ва хулосаларни айтади. Бироқ бу фикр ва хулосалар ҳар қанча янги ва мукаммал туюлмасин, ўзидан кейинги даврлар учун бу ҳодисалар ҳақида яна-да янгироқ ва мукаммалроқ фикр айтишга, албатта, жой қолдиради…
Дарҳақиқат, ҳазрат Навоийнинг ҳаётлик пайтлариданоқ бошланган навоийшунослик илми, мана беш асрдан ошибдики, бу бепоён ижод уммонидан янгидан-янги дуру жавоҳирлар топмоқдан, мутафаккир даҳоси қудратидан қайта-қайта ҳайратга толмоқдан чарчагани йўқ.
Бу ҳайрат Навоийнинг нафақат бадиий ижоди — санои нафиса соҳасидаги мероси, балки, ул зотнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига оид манбалар мутолаасидан кейин ҳам бот-бот юзага келаверади.
Аксариятимиз Навоийнинг ўзбек (туркий) тили жонкуяри сифатидаги фидойилигининг мисоли деб “Муҳокамат ул-луғатайн” асарини эслашга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, аслида шоирнинг туркийда ёзган жамики асарлари — кичик ҳажмли фардларидан тортиб эпик тафаккур дурдоналари бўлмиш достонларига қадар — барчаси ўз она тили мавқеини юксалтириш йўлидаги тинимсиз шижоати маҳсулидир, десак адолатдан бўлур эди.
Фикримизни мутафаккир бобомизнинг биргина китоби мисолида исботламоққа жазм этамиз.
Филология фанлари номзоди Юсуф Турсунов томонидан изоҳли баён асосида нашрга тайёрланган, 2001 йили “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Муншаот” (Мактублар) тўпламининг муқаддимасида Навоий ҳазратлари, мана, неларни ёзадилар:
“…Туркий халқлар ёзишмаларида ва бу халқнинг идрокли кишилари ўзларининг мақсад, тилак ёки хабарларини баён қилмоқчи бўлиб бировдан бировга хат ёзилса ёки бир киши ўзига келган мактубга жавоб ёзиб, хат келтирган кишидан қайтарса, ёзган мактубининг сўзлари (бадиий) нозикликлардан йироқ, сатр ва мисралари гўзалликлардан узоқ эди… Ва (бу жиҳатдан) қиёслаганда форс тилидаги ёзишмалар дилга ёқимли, мактублари ва имлолари беҳисоб ва юксак даражада эди. Хаёлимга шундай фикр келдики, туркий тилдаги мактубларни ҳам шу тарзда битгайман ва бу тилдаги номаларни ҳам ўша тартибда ёзгайман”.
Кўринадики, Ҳазрат бобомизнинг миллий тил аҳамияти ва обрўсини унга мос даражага кўтариш истаги бир-икки йиллик ҳаракат эмас, балки бутун онгли фаолиятининг бош мақсадларидан бўлган. Айни мақсадга қай даражада эришганлари эса, сўзимиз аввалида айтганимиз — уммондек кенг ва теран меросида бор бўй-басти билан намоёндир. Жумладан, “Муншаот”га жамланган мактублар тили, айни тил билан баён этилган тарихий ҳодисалар, юзлаб шахслар таърифу тавсифи, латиф табиат тасвири, бадиий ижод қоидаларидан тортиб давлат бошқарувига қадар тааллуқли бўлган қимматли мулоҳазалар мутафаккир бу соҳа — мактубот санъатининг ҳам пири комили даражасига эришганидан яққол дарак беради.
Энг муҳими, мактублар муаллифи мамлакати ва миллати учун қанчалар жон куйдиргани, ўша давлат ва халқни бошқарувчиларнинг ҳар бир ҳаракатидан огоҳ бўлиб, уларни адолату иймонга мунтазам ундаб тургани кўплаб номаларда муҳрланиб қолган.
Сўзимиз тасдиғи сифатида тўпламдан жой олган, Астробод ва Мозандаронга ҳокимлик қилган шаҳзода Бадиуззамонга йўлланган мактублардан иккитасига эътиборингизни тортамиз.
55-рақамли мактуб аввалида халқни бошқармоққа жазм этган султонлар зиммасига Яратган томонидан юкланган масъулият, унга амал қилиниши борасида Аллоҳ олдидаги жавобгарлик, фарзандни дунёга келтирган отанинг ҳаққи ва ҳуқуқлари хусусида ҳам диний, ҳам дунёвий мисоллар келтирилиб, шаҳзодани асосий гапга қулоқ тутмоққа тайёрланади. Асосий гап эса қуйидагилар эди:
“Шу кунларда Сиз тарафингиздан бир неча иш қилингани эшитилдиким, бу ишлар Мирзо (Султон Ҳусайн Бойқаро)нинг ҳурмат-эътиборини унутаёзганлигингиздан бўлса керак. Шунга кўра буни Сизга арз қилиш лозим топилди.
Бири шулким, вилоят молини маслаҳатлашмасдан олаётганмишсиз ва бу одатга зиддир, агар сўраганингизда йўқ дейилмас эди.
Яна шулким, ёзибсизки: “Астрободга одам юборманг, бермайман”. Бу мазмунни ҳам мулойимроқ ёзишингиз мумкин эди. Ва “Ироқ вилоятларини улашибман” деб ёзибсиз. Худо хоҳласа, Ироқ қўлга киритилади. Ҳали қўлга киритилмасдан, Мирзо билан бир-икки марта сўзлашмасдан бу иш қилинса, бу ишни бошқа одам томонидан қилинса ажабланмаса ҳам бўлар, аммо Сиз томондан қилиниши ажабланарлидир…”
Мактубда шаҳзода томонидан йўл қўйилган яна қатор жиддий қусурлар саналиб, улар дафъига оид аниқ маслаҳатлар баён этилади.
Мактуб сўнгидаги мана бу сўзлар эса Ҳазратнинг мамлакат тинчлиги, эл-улус тақдири ташвишида қанчалар бедор, фидойи бўлганларини яна бир бора намоён қилади:
“Умрингиз узоқ бўлсин, менинг сўзларимни камдан кам рад қилгансиз. Энди менинг жоним куйганда, бошқаларнинг этаги ҳам куймайди…
Тангри таоло шоҳид — бу нома Мирзо буйруғи билан эмас, балки у кишининг хабарлари ҳам йўқ. Хаёлингизга келмасинки, ушбу мактуб буйруқ билан ёзилган, деб. Чунки Сизнинг ҳузурингизда давлат ишларига тегишли бўлган сўзларни айтишим буйурилган. Шунга кўра ушбу номани ёзишга жазм эттим”.
Бугун минг афсус билан айтамизки, Навоийдек авлиё инсон мактубидаги сўзлар бу сафар қулоққа олинмади. У зотнинг кўнглидан кечган хавотирлар кўп ўтмай ҳаётда бўй кўрсатди: ота бир, она бошқа бўлган шаҳзодалар ўртасидаги зиддиятлар сабаб салтанат тахтига қон сачради. “Муншаот”ни нашрга тайёрлаган навоийшунос Юсуф Турсунов мазкур мактубга ёзган изоҳларида таъкидланганидек: “Бадиуззамон Астрободни беришга рози бўлмаган… Охири бу низо ота-бола ўртасидаги қуролли тўқнашувга айланади ва бу жангда Бадиуззамон енгилади. Худди шу вақтда Астрободга юборилган Музаффар Мирзо ёш Мўмин Мирзони асир олиб, Ҳиротга юборади. У Ҳиротнинг Ихтиёриддин қалъасида Султон Ҳусайннинг мастликда қўл қўйдирилган фармони билан ўлдирилади”.
Энди бир муддат ўзимизга тасаввур қилайлик. “Менинг жоним куйганда, бошқаларнинг этаги ҳам куймайди” дея бўзлаган Ҳазрат бобомизнинг азиз жони бу қонли воқеалардан қанчалар куйган, ўртанган экан? Ахир ул зоти шариф шаҳзодалар орасида айнан Мўмин Мирзони ўзгача яхши кўрар, балки шу шаҳзода талъатида темурийлар салтанатини ҳалокатдан асраб қолгучи ҳалоскорни кўргандирлар!..
(Буларга қўшимча “Навоий” романида Мўмин Мирзонинг қатл жараёнини тасвирлаётган Ойбек домланинг асар матни қаъридаги армону ўкинчларини ҳам қалбдан ҳис қилайлик!).
Бир юз етти мактубни ўз ичига олган “Муншаот”даги 56-битик ҳам шаҳзода Бадиуззамонга — Мозандарон ҳокимига йўлланган.
Бугун биз халқнинг давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари, амалдорларнинг халққа хизмат қилиши лозимлиги хусусида гапирмоқдамиз. Мана шу тамойил кундалик ҳаёт тарзига, давлат ва жамият бошқарувининг сўзсиз амалиётига айланмоғи ҳаракатидамиз. Агар Навоийнинг бу мактубини синчиклаб ўқисак, ундаги кўрсатма ва йўл-йўриқлар худди бугун ёзилгандек, айнан бизга аталгандек туюлиши аниқ.
Ҳазрат, аввало, шаҳзодани беш вақт намозни канда қилмасликка даъват этиб, сўнгра унинг кун тартибидан кўплаб муҳим тадбирлар ҳам албатта ўрин олиши лозимлигини уқтирадики, биз қуйида улардан айримларини келтириб, бугунги тилдаги номланиши-ю, кўринишини эслатиш билан чекланамиз:
“…Эрта билан ҳарамдан чиққач, девонда ўлтириб арз қилиб келувчилар қабул қилинса, яна арз-дод этувчиларни эшитиб бир қарорга келишда фақат ўзингизнинг фикрингиз билан иш кўрсангиз. Агар бир одамга бир кимсадан зулм ўтган бўлса золимга шундай жазо берсангизки, бу бошқа зулм қилувчиларнинг ҳам кўзини очилишига сабаб бўлса…”
Кўрамизки, Навоий ҳокимнинг ўзи ҳам халқ вакилларини қабул қилишда иштирок этишини, улус аҳвол-руҳияси хусусида учинчи одамлардан эшитиб эмас, балки ўзи юзма-юз гаплашиб, шахсан билиб мулоҳаза юритиши ва ҳукм чиқаришда мана шу аниқ далилларга таяниши зарурлигини уқтиради. Зулм ўтказувчиларга бериладиган жазо эса шунчаки хусусий ҳодиса бўлиб қолмаслиги, балки шундай табиат ва ҳаракатга мойил бошқаларни ҳам сергак торттирувчи омил бўлиши лозимлиги бугун ҳам нақадар муҳим!
“Яна бир сўз, саройдаги хизмат қилувчиларга иш топширилар экан, у иш бир кунда битадими, икки ёки уч кунда битадими, уни имкон қадар тезроқ битказдириб, у ҳақда маълумотга эга бўлсангиз… Ҳар бир буюрилган ишнинг қанча миқдори битганлиги ҳақида Сизга маълумот бериб турсалар…”
Ҳазратнинг бу тавсиялари ҳозирда амалиётга жорий этилган, қабул қилинаётган дастурлар, ижро органларига туширилаётган вазифалар ижроси юзасидан “йўл хариталари” шакллантирилаётгани, ижро мониторинги йўлга қўйилганини, хоҳлаймизми-йўқми, эсга туширади. Ё нотўғрими?
“Яна бир сўз, мамлакат ва мол-мулк ишидан ва шунингдек арз-дод этиб келганларни қабул қилишдан холи бўлган вақтларда ҳорғинликни дафъ этиш учун китобхонага кирилса, кутубхона ходимлари билан бирга шуғулланилса…”
Бугун нафақат ўқувчи ва талабаларга, балки барча даражадаги раҳбар ходимларга китоб мутолааси билан жиддий машғул бўлиш бекорга уқтирилаётгани йўқ. Зеро, бирор бир соҳанинг ривожи айни ҳаракатсиз — энг мураккаб муаммоларнинг ҳам ечими жой олган илмий ва бадиий китобларни мутолаа қилмай туриб мумкин эмасдир.
“Яна бир сўз, шаҳар эҳтисоби (назоратчиси) ишларига яхши эътибор берилса, ишратхона, фоҳишахона, қиморхона каби шариатга зид ишларни тамоман ман қилишса. Мухтасиблар ҳафтада икки марта бозорчиларнинг нархларини текшириб турсалар…”
Яширишнинг ҳожати йўқ: бизнинг бугунги ҳаётимизда ҳам энг тубан ва жирканч ишлар, ёшларни йўлдан тойдирувчи, бели оғримай пул топганларни қутиртирувчи, миллий маънавият ва халқ ахлоқига беҳад зиён етказувчи кирдикорлар айнан Навоий санаган манзилларда бўй кўрсатмоқда. Бу вазиятда, аввало, шаҳар эҳтисоби (назоратчиси) — бугунги тушунчадаги шаҳар (туман) ички ишлар бошқармаси мутасаддилари ишларига алоҳида эътибор зарурлигига бекорга урғу берилаётгани йўқ. Зеро, ҳамма замон ва маконларда бояги манзиллардаги ишлардан уларнинг бехабар бўлиши амалда мумкин бўлмай, аксинча, бу ишларга шерик тутинишлар ҳам кўп кузатилгандир…
Бозорлардаги нарх-наво назорати эса, амалда, аҳоли кайфияти, тирикчилиги, ҳаётдан розилиги ёки аксинчалигидан доимий бохабарлик, шу ҳолларнинг аниқ мезонидир.
“Яна бир сўз, беклар ва девонларга, шунингдек, парвоначи ва муҳрдор ва муншига буйурилсаким, мусулмонларнинг арзномаларига жавоб қайтаришда тамаъ илинжида жавобни кечиктирмасалар…”
XV асрда, гарчи, “коррупция” деган сўз бўлмаган эса-да, у англатадиган ҳодиса, афсуски, бўлган. Буни жуда яхши билган Навоий, бугунги ибора билан айтганда, ўзининг функционал мажбуриятларини бажаришда ҳам тамаъ илинжида бўлғуси кимсаларни шахсан ҳокимнинг ўзи назоратга олиши кераклигини қатъий тайинлайди.
“Яна бир сўз, вилоятнинг чекка ерларида яшовчи одамларнинг арзномалари келса, иш тезлик билан битириб берилиб, кишиларни кўп куттириб қўйилмаса. Ҳар қайсисининг ўз холига яраша илтифот кўрсатилса…”
Бир муддат ўзимизга тасаввур қилайлик: мактуб муаллифи пойтахт Ҳиротда, ўзининг кенг-мўл ҳовлисида, бир инсоннинг хотири жам яшамоғи учун зарур бўлган имкониятлар муҳайё бўлган шароитда яшамоқда. Қолаверса, у кишидан ҳам ҳукмдор, ҳам халқ кутадиган асосий юмуш — гўзал ташбеҳларга бой янги бадиий асарлар ижод этиш. Юзаки қараганда, Ҳазрат айни муҳим юмушлар билан беҳад банд киши сифатида бошқа ташвишларни ўзларига яқинлаштирмасликка-да ҳар жиҳатдан ҳақлари бор. Бироқ Навоий бундай яшамоқликни, бундай тирикликни инсонийликка зид, ахлоқсизлик даражасидаги хунук ҳол, деб биладилар. У кишининг ҳаётий, инсоний аъмоллари шундай бўлгани туфайли ҳам узоқ Мозандарон вилоятининг чекка ерларида яшовчи одамларнинг дардини ўзиники деб билади, уларнинг ташвишлари тезроқ аришини ҳамма нарсадан муҳимроқ санайди. Аслида бутун виждони билан халқ томонида турган, ўзини шу халқдан бир муддат айро тасаввур қилмаган чинакам элпарвар инсонгина қуйидагини демоққа маънавий ҳақли саналади:
Одамий эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами…
“Яна бир сўз, отда сайр қилиш, қуш овига машғул бўлиш кўп бўлмаса, бундай ишларда меъёрга риоя қилинса, токи у ишлар туфайли зарурий давлат хизматлари четда қолиб кетмаса…”
Бу масаланинг қанчалар муҳим эканини алоҳида шарҳлаш ўрнига Ҳазратнинг “Сабъайи сайёр” достонидаги шоҳ Баҳром қисматини эслатиш билан чекланамиз…
“Яна бир сўзимиз, девонийларга топширилсаки, чет-атрофдан келган савдогарларга яхши эътибор берилса. У вилоятда “тамға” деган гап бўлмаса. Закотни тўлашдан улар озод этилсалар…”
Бугун мамлакат иқтисодиётини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида кўрилаётган хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, бунинг учун эса чет эллик ҳамкорларга ҳар жиҳатдан енгилликлар яратиш, жумладан, божхона, солиқ имтиёзлари тақдим этиш амалиётини бундан қарийб беш ярим аср муқаддам Навоий ҳазратлари ҳам муҳим масала санаганлари — у кишининг савдо-сотиқ, иқтисодиёт соҳасида-да етарли даражада билим ва тажрибага эга бўлганларининг далолатидир…
Айтганимиздек, биз “Муншаот”га кирган хатлардан фақат иккитасининг айрим ўринларигагина тўхталишга улгурдик, холос. Энди бутун китоб ва унда жам бўлган ҳар бир мактубнинг таҳлили ва талқини сизу бизга қанча тарихий ва маърифий билим бериши, маънавиятимиз ва ахлоқимизни нечоғли юксалтириши мумкинлигини тасаввур қилайлик. Агар Навоий меросини чексиз ва теран уммонга қиёсланганда, бунда кимдир недир хатолик гумон қилса, буни “маҳобатга берилиш” деган шубҳага борса, у кишиларга айтадиган тавсиямиз шу: Навоийни ўқиш ва уқиш!
Зеро, Ҳазратнинг ўзлари “Муншаот”нинг муқаддимасида, сизу бизни худди кўриб тургандек, айтиб қўйибдилар:
Ҳар кимки уни ўқишни одат этгай,
Ва ёзганни агар дуо билан ёд этгай,
Тенгри уни ҳар балодан озод этгай,
Хотирини ғамдан халосу шод этгай.
Раҳмон ҚЎЧҚОР,
ТДЮУ доценти в.б.,
филология фанлари номзоди