Тил ўрганишнинг нечта сири бор?
Бугунги ёшлар чет тилларини ўрганишга анча талабчан. Хорижда ўқиш ёки ишлаш учун ҳам тил билишнинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги кун сайин ойдинлашмоқда. Шу кунларда қулоғимизга турли ажнабий сўзлар тез-тез чалинаётгани, республикамиз бўйлаб фаолият юритаётган турли ўқув марказларининг тил ўргатиш курсларига ўқувчини жалб қилиш учун таклифлари, чегирмалари кундан-кунга кўпаяётгани бежиз эмас, албатта.
Шундай экан, келинг, халқаро инглиз тилини ўргатиш тизими даражалари билан танишсак: бошланғич (Beginner), бошланғичдан бир поғона юқори (Elementary), ўртачадан паст (Pre-Intermediate), ўртача (Intermediate), ўртачадан юқори (Upper Intermediate) ва илғор даража (Advanced).
Халқаро инглиз тилини синаш тизими, яъни инсоннинг бу борадаги билим даражаси (IELTS) эса қуйидагича амалга оширилади:
— Listening (тинглаш қобилияти);
— Reading (ўқиш қобилияти);
— Writing (инглиз тилида ёзма кўникмалар);
— Speaking (оғзаки инглиз тилини билиши).
Синов натижаси(IELTS даража) икки йил давомида амал қилади.
Кўча-кўйдаги эътиборни тортадиган жойларда “1 ойда инглиз тилини ўргатамиз!”, “3 ойда энг юқори натижа!”, “Қоида ва грамматикаларсиз тилни осон ва қулай усулда ўрганинг” сингари эълонларга кўзингиз тушган бўлиши табиий. Бу одатий ҳолга айланган бўлса ҳам, ажабланмайман. Хўш, ўқув марказлари рекламаларидаги жумлалар қанчалик ҳақиқатга яқин, тилни қандай ўрганиш керак, қанча муддат шуғулланса бўлади? Инглиз тилини кимдир кинофильм томоша қилиб, инглизча мусиқалар тинглаб ўрганади, IELTS имтиҳонларида юқори натижага эришади. Яна кимдир инглиз тилини ўрганишга умрининг бир неча йилини сарфласа ҳам, фойдаси бўлмайди. Бунинг сабаби нимада, қандай сирлари бор?
Шу ва бошқа саволларимизга жавоб олиш учун пойтахтимиздаги “Registon” ўқув марказида бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган ёш ва иқтидорли педагог Турсуной Йўлдошеванинг тажрибалари билан қизиқдик. — Инглиз тилини қандай ўрганиш керак?
— Мен ўзимнинг узоқ йиллик кузатишларим давомида инглиз тилини ўрганишнинг атиги 3 та “сир”и бор, деган хулосага келганман:
— Дангаса бўлмаслик;
— Жонли муҳит шакллантириш;
— Доимий равишда такрорлаб, машқ қилиш.
“Тадқиқот”, яъни янги тилни ўрганиш жараёни жуда қизғин кечиши лозим. Бир кунда 5-6 соат шуғулланиб, 1 ҳафта китоб ўқиёлмай юргандан, биринчи ҳафтада ҳар куни 1 соатдан шуғулланиб, кейинги ҳафталарда дарс давомийлигини ошириб борган маъқул. Бу машғулот ўзингиз учун қизиқ бўлса, дарс вақти сиз билмаган ҳолда кўпайиб, самарадорлиги ошиб бораверади. Кам ва тез-тез ўрганинг. Мия маълумотни қабул қилишни тўхтатганидан сўнг, қулоқлар эшитмайди ва кўриш “лойқа” тусга киради. Куч сарфлашни давом эттирсангиз ҳам, бунда нимадир ўрганишингиз даргумон. Булар инглиз тили, умуман, ҳар қандай тилни ўрганишнинг оддий сирлари. Уларни билиш мақсадингизга эришиш учун етарли, деб ўйлайман.
“Чет тилини ўрганмасангиз ҳаётингиз зулматга айланади, инглиз тилини билишингиз шарт, бу давр талаби…” деб эмас, уни шунчаки санъат сифатида қабул қилинг. Чунки бу нафақат истак ва ҳаракатни, балки махсус билимларни ҳам талаб этади. Aгар тилга мажбурият деб қарасангиз, йиллар давомида ҳам бирор натижага эриша олмайсиз.
— 1 ойда IELTS 7+ олиш мумкин(ми)?!
— Бугун турли ўқув марказларининг флайер ва реклама баннерлари, видеороликларида бу каби эълонларга тез-тез кўзимиз тушади. 1 ойда, ҳатто ундан ҳам кам муддатда IELTSдан юқори натижа олиш мумкин. Фақат иштиёқ ва инсонда тил бўйича етарли даражадаги “база” бўлса бўлгани. Ўқув маркази қўйган талабларни ва берилган вазифаларни вақтида, айтганидан зиёда бажариб, 24 соат давомида китоб ўқиш… (бунинг иложи йўқлигини тушунгандирсиз?) Aгар ўқувчи айтилган муддатда натижа чиқаролмаса, унга вазифаларни вақтида бажармагани рўкач қилиниб, айбни тайёрлов марказининг “бўйни”дан соқит қилиш осон.
IELTSга тайёрланишни кўпчилик IELTS техникасини ўргатадиган китоблар қидиришдан бошлайди. Интернетдан шундай китобларни юклаб олади-да, қайси биридан бошлашни билмай боши қотади. Дастлаб “You Tobe”да қандай қилиб “Listening”, “Reading”, “Multiple”, “Choice”, “Question” билан ишлаш сирларини ўргана бошлайди. “Тrue/false/not given”ни аниқлаш йўлларини қидиради. Лекин амалда қўллай олмайди, натижа паст чиқаверади. Хўш, бу билимсизликни англатадими?
Йўқ. Шунчаки сиз қандай қилиб тайёрланишни билмаяпсиз, холос. Қолганлар нима қилса, шуни қиляпсиз. Чунки улар имтиҳондан “8.0” балл олган-да! Билмайсиз-ки, бу натижага эришганлар IELTSга тайёрланишдан аввал тилни кучли билган ва “General English”ни мукаммал ўрганиб, кейин тайёрлана бошлаган.
Агар “General English”ни яхшилаб ўрганиб, сўз бойлигингизни ошириб, “Listening”, “Reading” (бадиий китоб ўқиш), “Speaking”, “Writing” устида ишласангиз, IELTS техникасини ўрганиш осон.
Тавсиям — инглиз тилидаги кино ёки сериалларни кўринг. Янги сўзларни ёзиб, таржимасини ёдланг. Қаҳрамонларнинг ҳар бир гапини тўхтатиб, худди актёрлардек талаффуз қилинг, ролга киринг.
Китоб ўқинг. Ўзингизга ёққан асарни қанча кўп мутолаа қилсангиз, шунча фойдали. Бошида қийналасиз, лекин ташлаб қўйманг. Ҳар бир сўзни эмас, ўзингизга ёққан жумлани таржима қилинг. Муҳими, ёд олинг!
Кундалик дафтар тутинг ва унга кунлик ўйларингиз, орзуларингиз, мақсадларингизни ёзиб боринг. Қанча кўп бўлса, шунча яхши. Кино ва китобдан ёдлаган сўзларингиздан фойдаланинг. Бу “Writing” ошиши учун ҳам жуда фойдали.
Паст даража билан IELTS курсларига қатнаш бефойда. Aввало, инглиз тилини яхшиланг. Унутманг, тил ва IELTS битта нарса эмас. Тил — бу тил, IELTS эса даражангизни баҳолайдиган тизим — тест, холос. У сизга имтиҳон тестлари структурасини ўргатади.
— Тил ўрганишдаги самарали усуллар ҳақида нима дея оласиз?
— Aввало, инсон нима қилишни яхши кўришини аниқлаб олиши керак. Балки сизга мусиқа тинглаш, фильм томоша қилиш ёки машҳур шахсларнинг намойишлари, суҳбатлари ёқар? Эҳтимол, мутолаа, аудио китобларни тинглаш ёки янгиликларни муҳокама қилишни хуш кўрарсиз? Чет тилини ўрганишда қизиқишларингиздан максимал даражада фойдаланинг!
Бу тилда бемалол гаплашиш нақадар ажойиблигини тасаввур қилинг, орзу қилинг. Келажакдаги натижани ва мақсадларингизни бир зум хаёлга келтириш сизга жуда кўп куч ва мотивация бағишлайди, хорижий тилда гапириш қобилиятингизни ривожлантиришга туртки беради. Аввало, тил ичида тил билан яшашни ўргансангиз бўлгани.
Муҳими — жонли муҳит яратиш. Бу жуда муҳим. Масалан, афғонистонликларни олинг, инглиз тилини ҳеч бўлмаганда мулоқот даражасида билишади. Чунки бизда рус подшоҳлик босқини даврида рус тили тарғиб қилинганидек, бу давлатларда ўз даврида инглизлар ҳукмронлиги сабабли эҳтимол, инглиз тили муҳити яратилган. Мисол учун, ёш болаларни олинг. Улар тилни қандай ўрганишини биласизми? Бунинг асосий усули — тақлид қилиш ва такрорлашдир.
Болалар бир неча йиллар давомида қизиқиш ва қатъият билан атрофидагилардан эшитган барча сўзларни такрорлаб, уларга тақлид қилади: “бувва” аста-секин “сув”га айланади, “моммоқ” — “сут”га, “шалом” эса “салом”га…
Биз, катталар, чет тилини ўрганиш жараёнида болалардан кўра анча устунликка эгамиз. Яъни, аллақачон, камида, битта тилни биламиз. Aртикуляр мушаклар, фикрлаш, хотира ва эшитиш органларимиз ривожланиб бўлган. Камида битта тилни биламизми, демак бошқа тилларни ўрганиш қобилиятимиз ҳам етарли. Муаммо шундаки, биз она тилимизни қандай ўрганганимизни унутиб қўйганмиз! Инглиз тилида нотаниш сўзни эшитганимизда, худди болалардек ҳаракат қилганимизда эди…
Яна бир усул, иложи борича чет элликлар билан суҳбатлашиш катта ёрдам беради. Ҳеч қачон хато қилишдан қўрқиш керак эмас. Улар сизнинг хатоингиздан кулишмайди, аксинча, она тилисини ўрганаётганингиздан хурсанд бўлади ва қўлидан келганча ёрдам беради.
— Инглиз тилини кўпроқ кимдан ўрганган маъқул?
— Инглиз тилини биринчи навбатда уни мукаммал биладиган ва педагогик маҳорати юқори ўқитувчидан ўрганган маъқул. Бугун кўпчилик инсонлар ўқитувчининг IELTS даражаси, тамомлаган олийгоҳи, қайси чет давлатларда бўлганига эътибор беряпти. Бу жуда катта хато! Масалан, “Вестминстер олий ўқув юртини битирган” — бу ҳали олий даражадаги педагог дегани эмас! Бу каби ОТМларда иқтисод, бизнес, халқаро дипломатик алоқалар ўргатилади. Ўқитувчи Европанинг энг ривожланган давлатларида бўлиб, IELTS даражаси ҳам юқори, қолаверса, етакчи университетларни тамомлаган бўлиши мумкин, аммо педагогик маҳорати бўлмаса қийин. Шундай ўқитувчилар борки, бирор чет давлатида бўлмаган, даражаси ҳам анча паст, лекин тайёрлаган ўқувчилари инглиз тили бўйича юқори натижага эришади. Бу устоз танлашдаги энг муҳим жиҳатлардан биридир.
Ҳар бир инсон ўзига хос хусусият, иқтидор ва фазилатга эга. Ундан фойдалана олса бўлгани. Сиз аввалдан маълум эски методлар асосида тил ўрганишга мажбур эмассиз! Хоҳласангиз ўзингиз учун янги методология яратинг, қолипларни бузишдан, маълум тартиб ва қоидаларни ўзгартиришдан қўрқманг! Ўзингизни қийнаб, 3-5 соатлаб шуғулланишга миянгизни мажбурламанг, шунчаки тилни ўрганинг. Ўрганишингиз керак, шарт бўлганидан эмас, уни ёқтирган машғулотингизга айлантиринг. Хобби билан мақсад сари ҳаракат қилиш осонроқ… Ўзингизни муносиб рағбатлантириб боришни ҳам унутманг!
P/S. Турсуной опа билан суҳбатимиз дунёқарашим ва миямдаги тумтоқ фикрларни бутунлай ўзгартириб юборди. Aйни кунда “бош қотириш”ни тўхтатиб, инглиз тилини ўрганишни бошладим. Сиз–чи? Do you speak English?!
Абдулазиз Аҳмедов
суҳбатлашди.