Жарима билан иш битмайди!

Табиат бойликларини асраб-аввайлаб, келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш барчамизнинг бурчимиз. Лекин минг афсуски …

… Яккабоғ туманидаги “Хонақа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Яккабоғ ўрмон хўжалиги “Чўянли” бўлими ҳудудида ер тагидан оқиб чиқаётган булоқлардан аҳоли самарали фойдаланмаётганлиги натижасида булоқларнинг суви табиат бағрига етиб бормаяпти, доривор гиёҳлар қуриб қоляпти.

 

— Йигирма йилдан буён Яккабоғ ўрмон хўжалигининг “Чўянли” бўлимида сарҳад қўриқчиси бўлиб ишлайман, — дейди Хуррам Раҳимов. —Асосий вазифамиз табиат инъом этган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда булоқлардан чиқаётган сувдан оқилона фойдаланишни назорат қилиш. Баъзи одамлар 15 та катта-кичик булоқлардан чиқаётган зилол сувни ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан қувур тортиб, ҳовлисига ўтказиб олаётган­ликлари туфайли ўрмон хўжалиги ҳудудидаги доривор ўсимлик­ларнинг сувсизликдан қуриб, йўқолиб кетиш хавфи туғилмоқда. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидагиларга бир неча марта мурожаат қилган бўлсак-да, улар фақат жарима қилишдан нарига ўтмаяпти.

Дарҳақиқат, юқоридаги ҳолат туфайли Қизил қишлоқ, Хонақа ва Тўла қишлоқлари аҳолиси Галабулоқнинг зилол сувидан тўлиқ фойдалана олишмаяпти. Қонун бузилишлари ҳақида вилоятдаги мутасадди ташкилот вакилларининг хабари бор. Аммо билиб-билмасликка олиш ортида нима бор? Буниси қоронғи.

Қонун бузилиши тўғрисида мурожаат қилинганда, арзимаган жарима солиш табиатнинг бебаҳо неъматини асраб-авайлашдан кўра афзалми? — деган савол туғилади. Аслида ҳам, жарима билан иш битмаяпти-ку! Жавобгар жарима пулини тўлагач, яна “ҳунарини” давом эттираяпти. Табиийки, булоқлар сувининг табиат бағрига етиб бормаслиги оқибатида ўрмон хўжалиги ҳудудидаги ноёб қуш ва ўсимликларнинг ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетиш хавфини туғдиради. Бу эса бевосита табиатга дахл қилиш билан баробар.

Кутилмаганда Хонақа қишлоғилик 6-7 ёшлар чамасидаги болакайнинг адирлик томондан қўй-қўзиларни тўғри жилдираб оқаётган ичимлик сув қувури томон ҳайдаётганлиги эътиборимизни тортди. Ахир шу қувурдан оқиб тушган сувдан қишлоқ одамлари истеъмол қилади. Майда туёқ ушоқ моллар эса қудуқ бошидаги шу қувурга оғзини ботирган кўйи чанқоғини қондирарди. Ахир бу санитария-гигиена қоидаларига мутлақо зид ҳолат бўлиб, турли юқумли касалликларни келтириб чиқармаслигига ким кафолат беради?!

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси балосининг даҳшатли оқибатлари ҳали тугагани йўқ. Мутасаддиларнинг оддийгина санитария-гигиена меъёрлари талабларини билмаслиги, унга риоя қилмаётганликлари эса ачинарли ҳолат!..

Сув — ҳаёт манбаи. Табиат инъом этаётган бу бебаҳо неъматлардан оқилона фойдаланиш келажак авлоднинг баркамол бўлиб вояга етишига замин яратади.

Хуллас, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидаги мутасаддилар бу ҳолатга эътибор қаратишларини сўрардик.

Шавкат СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 12 =