Энди Тошкентнинг “оқшоми” йўқми?
Матбуот уйи. Иккинчи қаватда на бир қадам товуши, на қўлига газета саҳифаларини кўтарганча елиб-югурган мусаҳҳиҳу мақола ёзаётган мухбирларнинг овозлари эшитилмайди. Қоп-қоронғи. Сукунат. Қизиқиб, тўғрига юрганимни биламан, бошим қулфланган эшикка бориб урилаёзди. Беихтиёр тепага қарадим — “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталари таҳририяти деган ёзувлар битилган. Анчадан буён очилмаган ёпиқ хоналар мунғайиб турибди, гўё…
2020 йил 1 январь куни чоп этилган марказий газеталарнинг адади ҳақидаги маълумотни изладим. Муассиси Тошкент шаҳар ҳокимлиги бўлган “Тошкент оқшоми” – 1 минг 162 та, “Вечерний Ташкент” – 793 та ададда чоп этилган экан. Худди шу куни Тошкент вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Тошкент ҳақиқати” газетасининг адади 10 минг 435 тани ташкил этган…
Тошкент шаҳри. Жуда ҳам гўзал, тўғрими? Бир томонда қўша-қўша қурилаётган “City”лар, осмонўпар бинолар, гўзал хиёбонлар… Қишлоқда кеч тушиши билан чироқ ўчиб, зарур иш билан юрак ютиб кўчага чиқсангиз, зим-зимистонда тиззангизгача лойга ботадиган бир пайтда, Тошкентда ҳаёт қайнайди. Ишонаверинг, ҳамқишлоқ, бу ерда оқшом кундузлардан-да ёруғ бўлади!
Лекин “Матбуот уйи”нинг иккинчи қаватида эса кундузи ҳам зим-зиё қоронғилик ҳукмрон.
Афсус, ярим асрдан зиёд тарихга эга, қанчалаб журналист, шоир-ёзувчиларга мактаб вазифасини ўтаган газета кўпдан буён чоп этилмаяпти. Vtopoytaxt.uz расмий веб-сайтида “Тошкент оқшоми” газетасининг 2020 йил 11 мартда чоп этилган 36-сонигача электрон нусхаси жойланган. Ижтимоий тармоқларда эса “Мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин сабабли “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарининг чоп этилиши вақтинча тўхтатилган. Газетада берилиши мўлжалланган мақолаларни таҳририятнинг телеграм канали ҳамда расмий веб-сайти, шунингдек, фейсбукдаги саҳифаси орқали кузатиб боришингиз мумкин” деган қисқа хабар жойланган, холос.
Нашрнинг телеграм канали обуначилари (подписчик) сони 700 нафардан зиёд. Аммо айни кунгача бу ўзанда эълон қилинаётган материалларни атиги 50-60, ошиб борса 100 киши кўрган(просмотр).
Расмий веб-сайтга кириб, “Тошкент оқшоми”нинг 2020 йил 1 январь сонига кўз югуртирдим. Деярли барчаси — ЎзА мақолалари. Камига, ЎзАда эълон қилинган 7 қисмли “Янги тарихнинг бир йили: улкан мақсадларга катта жасорат керак” деган мақола тўлиғича, лекин шу ҳам сарлавҳада хатолик билан чоп этилган. Яъни, газетада “Янги тарихнинг бир йили: улкан мақсадларга ка7тта жасорат керак” тарзида кетган…
Ҳа айтганча, газетанинг 2020 йил 8 январдаги сонида ҳам ЎзА мухбирлари томонидан ёзилган мақолаларда фақатгина муаллифларнинг исм-фамилиялари кўрсатилган, холос. Ўша вақтларда “Газеталар шарҳи” телеграм каналида эълон қилинган “Тошкент оқшоми”нинг бахтига ЎзА, ЎзАнинг бахтига эса “Тошкент оқшоми” соғ бўлсин” деган кинояли постнинг маъносини энди тушуна бошлагандайман.
Бу билан, аччиқ бўлса-да, айтмоқ керак: газета фаолияти тўхтаб қолганига фақатгина муассис эмас, балки таҳририят ижодий жамоасининг ҳам айби борга ўхшайди. Чунки бугун ўқувчи фақатгина расмий ёки турли электрон нашрларда эълон қилинган мақолаларни қоғозга қайта босган билан ўқимайди. Ўқимагандан кейин ким ҳам обуна бўларди. Обуна бўлишмагач, ҳар қандай нашр тўхтаб қолиши табиий-да!
— Адашмасам, 2007-2008 йиллар. Талабалигимда “Тошкент оқшоми”ни кўп ўқирдим. Ҳар ҳолда, не-не буюк устозларга мактаб бўлган нашр, кунлик газета эди. Ҳозир унинг чиқмаётганини тўғриси билмас эканман. Газета кейинроқ чоп этиларканми? — дейди Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи муштарий Дилдора Абдураҳмонова.
“Тошкент оқшоми” газетасининг муассиси бўлмиш шаҳар ҳокимлиги бу борада нима деркин?
— Газета бош муҳаррири билан боғландингларми? Аввал Акмал ака билан (бош муҳаррир А.Акромов) гаплашинглар, кейин биз муносабат берамиз. Газета чиқмаганига сабаб — у маблағ қидиряпти, — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев, — телефон орқали мулоқотда.
Хўп дедик. Газета бош муҳаррири Акмал Акромов билан боғландик:
— Бошида кам адад билан бўлса-да газетани чиқариб туришга ҳаракат қилдик. Рекламалар туширдик, харажатларни қоплаш йўлларини изладик. Ўзимизни оқламоқчи эмасман, лекин жамоамиз билан имкон қадар ҳаракат қилдик.
Пандемия сабабли бюджетда узилишлар бўлди. Муассисимизга хат билан чиққанмиз. Улар тез орада бизга ёрдам беришмоқчи. Ҳозир нашриётдан 2 миллиард сўмдан ортиқ қарзимиз бор, айни кунда шу масалага ечим излаяпмиз. Озгина сабр қилайлик-чи, ўзгариш бўлиб қолар…
Аммо “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда: “Оммавий ахборот воситасини чиқаришга киришиш ҳуқуқи гувоҳнома олинган кундан бошлаб олти ой давомида сақланиб туради. Белгиланган муддат ичида оммавий ахборот воситасининг бирорта ҳам сони (дастури) эълон қилинмаган тақдирда рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади”, дея белгилаб қўйилган. Афсуски, газета нашр этилмаётганига аллақачон ярим йилдан ошган…
Наҳотки узоқ тарихга эга бўлган ўз нашрини мамлакат пойтахти бўлган Тошкенти азимдек шаҳар асраб қололмаса? Қачонки, айрим вилоят ҳокимликларининг газеталари 20 минг ададга яқин нусхада чоп этилиб турганда, пойтахт нашри нега бу аҳволга тушиб қолди? Уни ўнглашнинг имкони йўқми?
Бу ҳақда шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев нима дер эканлар?
… Матбуот уйи. Иккинчи қаватда на бир қадам товуши, на қўлига газета саҳифаларини кўтарганча елиб-югурган мусаҳҳиҳу мақола ёзаётган мухбирларнинг овозлари эшитилмайди. Қоп-қоронғи. Сукунат…
Ҳа, айтганча, пойтахтда “Тошкент оқшоми” газетаси чиқмаётган бўлса-да, шу номдаги спиртли ичимлик чиқаётган экан. 0,5 л., 0,75 л. ва 1 л. ҳажмда. Айтишларича, газетадан кўра жуда қиммат, лекин бозори чаққон эмиш!
Абдулазиз АҲМЕДОВ