Ўзини билмаган қуюшқондан чиқади
Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда ўзбек рок гуруҳи FLYIN UPнинг 24 январь куни пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Академик театри олдида бўлиб ўтадиган концерти ҳақида пост (афишаси) тарқатилди (FLYIN UP Площад имени А.Навои 24.01/20:45). Постда юқоридаги русча ёзувлардан кейин буюк бобомиз Мир Алишер Навоийнинг гитара ушлаб турган расмлари жойлаштирилган.
Сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз асарини кўчиришда битта нуқтани тушириб қолдиргани боис араб имлосида ёзилган кўз сўзи кўрга айланиб қолгани учун хаттотдан қанчалар норози бўлган эканлар. Биз кўриб турган, минг-минглаб одамларга тақдим этилаётган постдаги расм – илмсизлик, бефаросатлик ва нўноқлик касридан улуғ бобомиз қўлига гитара тутқазиб қўйилиши миллатимизга нисбатан беҳурматлик, давлатимизни тан олмаслик оқибатидир. Оқбилакларга муносиб келадиган ёқут кўзли тилла узукка бало борми?! Яна ўша давр либосида қўлида гитара тутиб туриши бир беақлнинг иши, йўқ-са, Навоий даврида гитара бўлганми?! Наҳотки ҳеч бўлмаса, шунга ақли етмаган бўлса?..
Ҳазрат Мир Алишер Навоий – башарият тарихида туркийзабон адабиётнинг тамал тошини мустаҳкам қўйган, ўша давргача сарой шоирлари “темирчи босқонга болға урганда чиқадиган товуш”га ўхшатиб истеҳзо билан камситган бизнинг қадим она тилимизда ботинию зоҳири гўзал, дунё маданий-маъавий меросининг дурдоналаридан бўлиб қолган асарлар яратган мутафаккир ижодкор. Алишер Навоий – дунёвий ва уҳровий илмлар соҳиби ва уларга амал қилиб яшаган, Аллоҳ мартабасини баланд этган покиза зот. Алишер Навоий ҳам бадиий асарларидаги ғоялари, ҳам фаолияти билан мамлакатда тинчлик барқарор бўлиши, тож-тахт учун қонли курашларнинг олдини олиш, меҳнаткаш эл-улуснинг офиятда яшаши учун ақлу донишмандлик билан курашган арбоб. Алишер Навоий – ҳаёти давомида орттирган бойликларини йўллар, кўприклар, масжид ва мадрасалар қуришга, илму иқтидор аҳли, толиби илмларни қўллаб-қувватлашга, эҳтиёжмандларнинг оғирини енгил қилишга сарф этган саховатпеша, маърифат ва маданият ҳомийси…
Навоий Ҳазратларининг қўлига гитара тутқазиб қўйганлар буни билишармиди? Йўқ, улар ўзбекона тарбия олмаган, кўча одамлари бўлсалар керак.
Ўрта асрларда қаламкашлар орасида “Хамса” ёзиш анъана бўлгани боис ўнлаб “Хамса”лар яратилди, улар орасидан Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий якқалам этган “Хамса” асарлари бадиий-ғоявий юксаклиги билан нозиктаъб ўқувчилар қалбини ўзгача ром этиб келмоқда. Олимлар, адабиётсеварлар ижодкорларнинг беш достонлари орасида Алишер Навоий “Хамса”сини яна алоҳида эътироф этадилар. Бу ҳақда уларга гапиргандан фойда йўқ, Ўзи адаштирганни бандаси йўлга сололмайди…
Келинг, эътиборингизни бир ривоятга қаратсак:
XIX аср иккинчи ярмида Марғилоннинг “Чаҳорчинор” маҳалласида яшаган, Умидий ва Чаҳорчинорий тахаллуслари билан ғазаллар битиб юрган шоир навбатдаги “Навоийхонлик”ка йиғилганларнинг эътиборини ўзига қаратиб:
“Мен бир нарсага жуда ҳайрон қолдим, – деб гап бошлабди. – Навоийнинг бир ғазали:
Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокрок,
Кирпиким шабнам тўкулган сабзадан намнокрок, –
байти билан бошланади. Қаранг-а, инсоннинг кўкси субҳдаги осмондан ҳам қонталашроқ, чокроқ бўлиши мумкинми? Назаримда, ҳазрат муболағани ақлбовар қилмайдиган даражада ошириб юборганга ўхшайдилар”…
Умидийнинг бу гапи, яъни Навоийга эътирози йиғилганларнинг кайфиятини бузибди. Шу куни даврага файз кирмабди. Ихлосмандлар Умидийнинг фикрига муносабат ҳам билдирмабдилар, ортиқча сўз ҳам айтмабдилар…
Умидий қанчалар нотўғри иш қилганини тушунса-да, энди кеч… У ҳам кулбасига қайтиб, изтиробга ғарқ бўлиб, бедор ётибди, тонголди кўзи илинибди.
…Катта гулзор… Япроқлари шовуллаб турган дарахтлар соя солган йўлакдан Мир Алишер Навоий юриб келаверибдилар. Ўзини бефаросатликда айблаб хоки туроб бўлиб ётган Умидий устоди комилни узоқдан кўрибди-да, ҳузурларига пешвоз бориб, чопонларининг этагини кўзига суртиб узрлар айта бошлабди.
“Тур, бўтам, тур!” – дея Умидийнинг бошини силабдилар Навоий.
Худди шу ерда ҳаяжону титроқ билан кўзини очган Умидий англабдики, кўрганлари туш экан. Сапчиб ўрнидан турибди, таҳорат олиб икки ракат нафл намозини ўқибди. Сўнгра токчада турган Навоий “Девон”ини олиб, юқорида тилга олинган ғазални очибди ва беихтиёр унга мухаммас боғлашга тушибди. Кўзига ёшлар, дилига мисралар қуйилиб келибди. Умидийнинг бизга етиб келган ўша мухаммаси мана бундай бошланади:
Аё, Умидий қулинг бефаҳму беидрокрок…
Қарангки, шоир худди шу кеча ўзи билмаган ҳолда адабиётнинг бу жанрига янгилик киритган экан. Яъни, ўша пайтгача (ва ундан кейин ҳам) бирор ғазалга мухаммас боғлаган шоирлар ўз тахаллусини фақат асарнинг охирги байти олдидан келтирган бўлса, қилиб қўйган ҳатоси, “бефаҳму беидрокрок” эканлигини имкон қадар тез тан олишга шошилган Умидий “Мен айбдор, мен нодон қулингиз…” деб бош эгиб узр сўраган каби ўз тахаллусини мухаммаснинг биринчи байтидаёқ келтирган экан.
Демоқчимизки, қалблар оби раҳмат каби баҳраманд бўлаётган, эъзозлаган, фахру ифтихор этган миллий-маънавий чашмалар, булоқларга… кечирасизлар-у, ювиқсиз қўл-оёқ билан яқин бориш ҳам жуда хунук, маънавий басирликка ўхшайди. Она ўзбек тилимиз бойлигини жамлаб, уларнинг қиёфа-ю мағзини ўз асарларида маржон каби жилолантириб; халқимизнинг фазилат, фасоҳат, илму камолот, саховатини инсониятга мангу ибрат бўлиб қоладиган саодатбахш меросида барҳаёт гуллар каби яшнатиб-яшартириб кетди. Мир Алишер Навоийнинг асарлари, хотираси ва худди шунингдек, асл мутахассислар у зотнинг ички ва ташқи оламини чуқур ўрганиб яратган бадиий, маданий асарлар, ёдгорликлар, тасвиру эсдаликларга ўз ихтиёримиз билан бир нуқта қадар ўзгартириш ёки янгилик киритишга, уларни замонасоз этиш учун уринишга, миллат ва улуғларимиз руҳиятига ёт нималарнидир тиркашга ҳеч кимнинг, ҳеч кимнинг!.. айниқса, Ўзбекистон заминида яшаб туриб рок гуруҳига одамларнинг тили айланадиган, эл тушунадиган ном топишни ҳам ўзига муносиб кўрмаган FLYIN UP кабиларнинг на ҳаққи, на ҳуқуқи бор!
Сўзимизни шу ўринда тугатмоқчи эдигу, аммо бу ҳолат устозлар ўгитларига хилоф… Беихтиёр Навоий ҳазратларининг “Эл нетиб топкай мениким, мен ўзимни топмасам” деган сатрлари дилга келади. Ўзини билмаган, билишга ҳам интилмай, осону арзон “карамшўрва”ларга бўкканларнинг тақдирига улуғларимиз сочиб кетган зиёлардан қатра-қатра, зарра-зарра бўлса-да, насиб этишини чин дилдан тиладик. Зеро, Навоий меросининг қатра-ю зарралари ҳам англаган қалбларни эзгулик, чин инсонийлик, икки дунё саодати йўлига муҳаббат, ўзликка садоқат туйғулари билан нурлантирмоққа қодир.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Таҳририятдан:
Ҳар бир миллатнинг маданий-маърифий ҳимояси маънавий бузруклар ва бугунги авлод орасидаги йўлнинг қай даражада туташлиги билан далилланади. Зеро, ҳар бир халқнинг олиму фузалолари унинг маънавий туморидир.
Муҳтарам Президентимиз шу йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан видеоселектор ўтказиб, бу мавзуга алоҳида тўхталди, муаммолар илдизини қалб кўзларимиз билан кўришга чорлади. Бироқ…
Бироқ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қўлида гитара ушлаган Навоий бобомиз сурати кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ахир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг пицца ушлаб турган катта қилиб ишланган сурати акс этган реклама тахтачасини Қарши шаҳридан олиб ташланганига ҳали у қадар кўп вақт ўтгани йўқ эди. “Hurriyat” газетасининг 2020 йил 8 мартда чоп этилган “Бобомиз пицца сотганми?” мақоласидан сўнг эндигина Қашқадарё вилояти мутасаддилари томонидан таҳқирланган буюк аждодимиз суратини олиб ташлашга эришилган эди. Эҳтимол, эртага Амир Темур бобомизнинг тамакини тарғиб қилаётган, Нодирабегимнинг рок мусиқасига рақс тушаётган суратлари акс этган тасвирлар пайдо бўлса ҳам бир тукимиз қилт этмас. Бутун дунё бизнинг илмимизни олиб кетиб, амалда татбиқ этаётган, салла-чопондаги боболаримиз ҳайкалларини ўрнатиб эҳтиром кўрсатаётган бир пайтда, биз ўз қибламизни йўқотиб қўймаяпмизми? Тарихга нописандлик, улуғ аждодларимизга нисбатан найрангбозлик бу ўзимизни таҳқирлаш эмасми? Юқорида ҳавола этилган мақолада ана шу каби оғриқли саволларга жавоблар изланган.
Бу масалада Маданият ишлари вазирлиги ва соҳага тегишли бошқа масъуллар не дейишар экан?