“Ёлғонга ўргатманг бизни!”

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги диққатига!

 

Миллатимизнинг ўлмас шоири Чўлпон ҳазратлари “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир” дея юрагидаги бор алам-ҳасратларини бор бўйича тўкиб ташлаган эди бир замонлар. Орадан қарийб бир аср ўтяпти ҳамки, яна шу халқ энди озод бўлдик, эркимиз қўлимизда, мустақил давлатмиз, деб кўкрак кериб, бутун дунёга мақтаниб юрган бир маҳалида янги, 2021 йил оғир синовлар билан бошланаётгани кўнгилга ғашлик солаяпти. Ўтган йилнинг, ердан чиқдими, осмондан тушдими, номаълум ҳамон, коронавирус деган бало-қазоларнинг аччиқ асоратлари тугар-тугамас, юртдошларимизни айни қиш чилласида бугунги мушкул турмуш заҳматлари кутиб турган эканми ё?

Тўғрироғи, гап 4 январдан бошлаб мамлакатимизнинг қатор ҳудудлари, аввало, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида энергетика тизимида рўй берган жиддий узилишлар ҳақида кетяпти. Менга ўша куни кундузи Китоб туманидан синфдошим қўнғироқ қилиб ёзғира кетди: “Аввалроқ, қиш арафасида кунлар сал-пал совиб келаётган маҳал пеш эмасди-ку, лекин совуқ роса забтига олаётган кунларда, яъни кеча саҳарда свет ўчувди. Бирор кор-ҳол рўй бергандир, ёниб қолар деб пешингача кутдик. Ёлғонмас, бир-икки марта липиллаб қўйди. Кейин умуман йўқолди. Хайриятки, қишлоқда яшаймиз, оз-моз ўтин, таппи ғамлагандик. Битта хонада ҳаммамиз жон сақлаяпмиз. Ўн кунча бўлди, ҳаво шу даражада совуқки, анави “Ахборот”даги об-ҳавочиларнинг маълумотига мос келмаяпти…”

Шу заҳоти ижтимоий тармоққа чироқсиз яшаш азоб эканлиги ҳақида кичкинагина изоҳ қолдирдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, юртимизнинг турли бурчакларида яшаётган юзлаб таниш-бегона кишилар бу мавзуга оид дардларини дастурхон қилишиб кетишди. “Шаҳрисабз марказида қурилган 4 қаватли уйда яшаймиз, эрталабдан бери чироқ йўқ, домчилик, ўтин, печка қуриб бўлмаса. Қалин кийиниб, ёш болаларимни кўрпага ўраб зўрға ўтирибмиз”, деб ёзди Маъруфжон исмли йигит. Бойсунда яшайдиган Исмоил ака деган чорвадор фермернинг дийдиёсини ўқинг: “Эсимда, ўтган йил ёз ойи охирларида Сурхондарёда умуман светсиз, телевизорсиз яшаётган қишлоқ борлиги ҳақида шов-шувлар тарқалганди. Ҳозир келиб кўришсин, деярли ҳамма қишлоқларда аҳвол шундай, амал-тақал қилиб кун кечиряпмиз. Бу аҳволда болаларимиз қандай таълим олади, мактаблар ҳам музлаб ётибди. Интернет зўр, деб мақтанишади яна Тошкентда ўтириб олган каттаконлар. Қани, бирор марди бўлса шу кунларда бизнинг тоғли қишлоқларга келиб яшасин икки кунгина, кўрадиганини кўради-я!”

“Дарё” сайтида эълон қилинган “Ўзбекистон бўйлаб электр таъминотида юзага келган носозлик бартараф этилаётгани маълум қилинди” деган хабарчага кўзим тушди:

“Ўзбекистонда 4 январь куни электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги юзага келган муаммо соат 23:00 га қадар бартараф этилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, соат 06:59 да ва 10:10 да “Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли нефть ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган “Нефтчи” подстанциясидан чиқувчи Л-Зеварда 1-, 2- электр узатиш тармоқлари реле ҳимоясидан ўчган.

Оқибатда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига етказиб берилаётган табиий газ соатига 140-175 минг метр кубга қисқарган. Бунинг натижасида электр энергияси таъминотида республика ҳудудлари бўйлаб 600-800 МВтгача чекловлар кузатилмоқда.

“Ушбу юзага келган носозлик махсус бригада томонидан соат 12:15 да бартараф этилиб, Зеварда, Жанубий Кемачи, Жанубий Ўртабулоқ, Денгизкўл, Самонтепа сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари қайта ишга туширилмоқда. Натижада магистрал газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи қайта тиклана бошлади”, дейилганди хабарда.

Аввалига соат роппа-роса кечқурун 23да Чироқчида яшаётган бир танишимдан чироқ ёндими, деб сўрадим. У ҳам 4 январь куни кечроққа бориб, бир-икки марта ўчиб-ёнганини айтди. Ғузор туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқитувчиларидан бирининг айтишича, кундузи соат 11 ларда ўчган чироқ кечаси тўққизлар атрофида ёнган, лекин дарс ўтиш имконияти умуман бўлмабди. Деярли ҳар куни аҳвол шундай, деди муаллим. Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида яшовчи тадбиркор Бахтиёр Тўраевнинг изоҳ беришича, бу ерда электр таъминотида узилишлар кам экан…

Қашқадарёлик филолог-ўқитувчи Ашраф Адинаевнинг ушбу фикрларига алоҳида эътибор қаратишингизни сўрайман: “Мантиқий савол: ким кўп кечирим сўрайди? Албатта, муттаҳам, каззоб ва ўғрилар. Бундан 4-5 йил аввал кечирим сўраш у ёқда турсин, ҳатто халқни менсимас эди бу ташкилот. Бизда энергетика тармоғи ривожланмас экан, фақат яшаш учун кураш давом этаверади холос. Тараққиёт, маданият, маънавият деган тушунчалар иккинчи даражага тушиб қолади. Бир ҳафтадан кўп бўлди, воҳамизда булдуриқ-совуқ ҳаво оқими ҳукмрон. Сув трубалари музлаши ҳамда электр токи йўқлиги боис сув ҳам муаммо. Табиий оқма газдан-ку Китоб туманимиз умидини ҳам узган, менимча. Газ баллонни ҳам бир ойга эплаб, тежаб ишлатиб бўлмаяпти. Кимга, қаерга мурожаат қилишни ҳам билмайди киши. Чунки кечирим сўраб турган (айбдордан) тизимдан қандай қилиб нажот сўраймиз? Президентимиз: “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, дея таълим соҳасида ислоҳотлар олиб бораётган бир пайтда, энергетикамиз ҳамон эскича қолиплардан воз кечолмаётгани ачинарлидир.

Икки кундан буён “Ўзбекистон тарихи” телеканалидан хаттотликка оид Навоий “Хамса”ларининг китобатига доир кўрсатувни кутиб келаётгандим. Бир соат ичида уч маротаба чироқ ўчди. Бунақа кечирим сўрашлик кулгилимасми? Хўш, энергетика тармоғида содир бўлаётган носозликка нималар сабаб бўляпти? Муаммоларнинг қачон, қайси ҳудуд, қандай ҳолатда ва қай тарзда бартараф этилганлиги ҳақида аниқ, жўяли ахборот тарқатиб, аҳоли норозилигини бартараф этиш наҳот шу даражада қийин бўлса?! Аҳоли қачонгача бундай оғир ҳолатда кун кечириши мумкин?

Хорижда бу масала қандай ҳал этилган дейсизми? Россиянинг Чита ва Нерчинск шаҳарларида шахсан ўзим гувоҳи бўлган вазиятни мисол келтираман. Кул рангли кўк чизиқли фургондан бир нечта кўк костюмдаги энергетика ходимлари қўлларидаги қоғозларни хонадон эшикларига ёпиштириб кетишди. Бориб ўқисам, эртага соат 11.00 дан 11.20 гача тармоқда юзага келган носозлик учун тармоқда узилиш бӯлади, деб ёзилган. Бу ўн-ўн беш йил аввалги вазият. Ҳозирда эса вилоят телевидениеси орқали қайси туман ёки ҳудудда қачондан қачонгача, нима сабабдан узилиш бўлишини бир кун олдин ёки ўша куни телеэкран пастида “бегущий строк” лар билан огоҳлантиришади.

Бизда-чи, “бегущие люди” — одамлар нима қилиши, нима дейишини билмай сарсон-саргардон. Таклифим, дунёнинг қайси бир чеккасидаги бўлар-бўлмас ахборотларни, беҳуда, бемаъни нарсаларни томоша қилгандан кўра, ўз юртимиз билан ҳамнафас яшаганимиз маъқул эмасми?”.

Тележурналист Жўра Бобораҳматовнинг айтишича, Чироқчи туманидаги Чияли қишлоғида ҳам янги йилдан кейин электр умуман ёнмаётган экан. Ҳатто мол-ҳолларниям суғоришга сув йўқ, дейишибди чиялиликлар. Музлаган сувни ичган қўй-қўзилар нобуд бўлаётгани ҳақида ҳам ташвишли хабарлар келяпти, дейди ҳамкасбим.

Аён бўлишича, газ ва чироқсиз яшашга маҳкумлар асосан қишлоқ аҳолиси эканлиги янада аянчлидир. Ана энди вазирлик тизимидагилар қандай баҳоналарни тўқишлари мумкин? Устига устак, Энергетика вазирлиги уялмай-нетмай ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраши ортиқча эмасми? Булар кимнинг устидан кулишяпти? Тағин яна айрим казо-казолар одамларнинг электр энергиясидан қарздорликлари туфайли тизимда шундай кутилмаган узилишлар бўлаётгани ҳақида айюҳаннос солаётгани-чи? Йил ўтиб-ўтмай шаҳарларни қўяверинг, олис-яқин қишлоқлардаги электр ўлчагич асбобларини пайпоқ сингари алмаштиравериш қачонгача давом этади? Нима, оддий халқ сизнинг бундай “ўйин”ларингиз ортида нималар ётганини билмайди деб ўйлайсизми?

Ўтган йилнинг 21 декабрь куни ҳукуматда иқтисодиёт тармоқлари, кўп квартирали турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганлиги ҳақида ахборот тарқатилган ва ана шу йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев: “Вилоятимизнинг Ғузор, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида электр энергияси таъминотида 8-12 соатгача режасиз узилишлар кузатилмоқда. Натижада аҳоли томонидан ҳақли эътироз ва норозиликлар кўпаймоқда. Сабаби, ушбу ҳудудларда кўпчилик аҳоли тоғли ва қишлоқ жойларда яшайди” дея бу борада амалий кўмак сўраганди. Кўтарилган муаммога Бош вазир алоҳида эътибор қаратиб, 2 кун ичида вазиятни ўнглашга, режасиз 8-12 соатлаб узилишларни бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқ берганлиги кўпчиликни қувонтирган эди. Табиийки, шундан сўнг аҳвол ижобий томонга ўзгарганлиги ҳақиқат. Лекин орадан кўп ўтмай, очиғи, янги йилнинг илк кунлари яна Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг кўпгина туманларида электр тизимида узлуксиз узилиш бошлангани ҳақида ачинарли хабарлар тарқалди.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Ангор, Музработ туманларида ҳам бу борада аҳвол бешбаттар. Ҳар куни чироқ айни кечки овқат пайти ўчириб ташланмоқда. Айниқса, Қизириқ туманидаги “Истара”, “Кунчиқиш”, “Яккатерак” маҳаллаларида қиш бошлангандан буён электр чироғидан юрак ўйноғи бўлиб қолдик, дея ёзади шу қишлоқларда яшовчи ўнлаб фуқаролар. Ҳатто ичимлик суви, табиий газ, электр токи бўлмагач, зимистон қиш кечаларидаги аҳволни бир кўз олдингизга келтиринг-а!

Бундай оғриқли дарду ҳасратларни қоғозга туширишдан юрак оғриб, мақоламизга сўнгги нуқта қўйилаётган маҳал, 5 январь кундузи соат учда Китоб туман ҳокимлиги билан боғландик. Мутасаддилардан бири шундай изоҳ берди: “Афсуски, бу муаммонинг ечимини тополмаяпмиз. Кечаги вазирлик ахборотидан бўлак ҳеч қандай жўяли маълумот йўқ. Вазирликка неча марта боғланишга уриняпмиз. Фойдаси бўлмаяпти. Одамлар 4 январь чироқ ўчганидан бери тинимсиз қўнғироқ қиляпти, маҳалла оқсоқоллари, кексалар, аёллар ҳокимликка келяпти нажот истаб. Энг ташвишланарлиси, шаҳар марказида қурилган намунали ҳовлилар ва кўп қаватли уйларда яшаётганларга жуда оғир бўляпти. Қишлоқларда ҳам аҳвол бундан-да чатоқ.

Яна бир даҳшатли томони шуки, биласиз, Ўзбекистонда Қашқадарё ва Сурхондарёнинг тоғли ҳудудларида ўрмонзорлар, яшил зоналар, экологик тоза майдонлар кўп. Шу вақтгача аҳоли имкон қадар қиш мавсумига ўтин ғамлашда қийналмасди. Лекин бу йилги қаҳратонда жабрланаётган одамларга мўмайгина даромад топишни кўзлаётган олғирлар тоғ ён бағирларидаги кўп йиллик арчалар, дўланалар ва бошқа энг фойдали дарахтларни шафқатсизларча кесиб, фалон пулга сотиб юбормаслигига ким ишонади? Ҳозир айримлар имконсизликдан ўз ҳовлисидан ташқарига чиқиб, боғлар ва кўча-кўйлардаги қаровсиз тут ва бошқа мевали дарахтларни ҳам ўтинлик учун кесиб, чопиб кетиш ҳоллари учраяпти. Оқибатда экологик таназзулга юз тутамиз бу аҳволда ”.

Биламиз, бошқа уч фаслда ҳам ҳар қандай қийинчилик ва мушкулликларни мардона енгиб келаётган халқимиз айни қишли-қировли шу кунларда дуч келаётган оғриқли муаммолари ва жавобсиз қолаётган айрим саволларига ечим излаш битта вазирлик ва мутасаддилар қўлидан келмаслиги аён. Лекин ташқарида қилич қайраб турган қиш фаслининг ўтишини турли хил важ-корсонлар билан кутиб турганларга айтар сўзимиз битта: Президентимиз қайта-қайта таъкидлаб чарчамаётган халқни рози қилишдек муқаддас бурч ва вазифани уддалаш учун зарур чора-тадбирларни кўриш лозим. Қолаверса, қиш мавсумига тайёргарликни қишда эмас, ёзда, кузда кўзда тутишни қачон ўрганади соҳа мутасаддилари? Ушбу саволни беришга мажбурмиз. Зеро, шоир куйиниб ёзганидек, “ёлғонга ўргатманг бизни!”.

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =