500 метр кам эмасми?

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 19 январь куни ўгай отасига пичоқ билан жароҳат етказган ўғилга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисидаги хабарни ўқиб қолдим.

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳридаги Учтепа туманида яшовчи 32 ёшли Отабек 52 ёшни қоралаган ўгай отаси — Воҳид аканикига келади. Аммо ичкиликка ружу қўйган ота меҳмон бўлиб келган ўгай ўғлини спиртли ичимлик билан сийлайди. Бу оиланинг беқарорлиги шундан ҳам маълум. Натижада кайфи ошган ота-бола бир-бири билан гап талашиб қолади. Ота отаман деса, ўғил ҳам, гўё сендан ақллиман деганда, бир гапдан қолмайди. Оқибатда ғазабини босолмаган ўгай ўғил столда турган ошхона пичоғи билан отасини пичоқлайди…

Энди кўз ёш қилиб: “Маст эдим, билмай қолдим, мени кечиринглар”, дейиши билан жароҳатлар битиб кетармиди?.. Ўзи ғалвирга илиниб турган томчидек оила ўртасидаги бир чимдим меҳр-оқибат ҳам ичкилик туфайли чил-парчин бўлиб кетди. Йўқ, ҳар не қилса ҳам энди уни тиклаш мушкул.

Содир бўлган мазкур аянчли воқеани ўқиб, кўз ўнгимда яқиндагина бўлиб ўтган бошқа бир воқеа гавдаланди.

Атрофга қоронғи тушганди. Ишдан уйга қайта туриб, “Сергели деҳқон бозори” ёнидан ўтаётувдим, “Вино-водка” дўкони олдидаги емакхона ёнида икки ёш йигит ва бир неча ўрта ёшли одамларнинг жанжалига гувоҳи бўлдим.

Ён-атрофдаги гап-сўзларга қараганда, барчаси емакхонада спиртли ичимлик ичишиб, маст бўлиб қолишган, арзимаган тортишув сабаб, муштлашиб кетишибди. Бозор атрофидаги тумонат одамлар бақир-чақирни эшитиб тўпланишган.

Ўйлаб қолдим, ҳозирги тезкор замонда спиртли ичимликлар савдоси қизиганга ўхшайди. Ҳар тўрт қадамда “Ароқ-шароб” дўконларига кўзингиз тушади. Минг афсуски китоб дўконларида одамлар жуда сийрак, аммо бу жойларда-чи, кун бўйи одамлар гавжум. Кейинги пайтларда спиртли ичимлик билан савдо қиладиган дўконлар ёнида эса мўъжазгина емакхоналар пайдо бўлмоқда. Спиртли ичим­ликлар дўкони таълим масканлари, мактабгача таълим муассасалари жойлашган ҳудуддан маълум масофада жойлашган бўлиши қонун билан таъминланган. Аммо спиртли ичимликлар дўконлари, асосан, кўп қаватли уйларнинг шундоқ яқинидаги ҳудудлардалиги ташвишли. Ахир шу уйларда минглаб болалар, ўспирин-ёшлар ҳам яшашади-ку.

Ўзим гувоҳи бўлганман, айни пайтда кексани кекса десанг, кўпгина ёшларнинг ҳам, худди салқин ичимлик ичгани келгандек, ошиқиб келадиган жойи спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган емакхоналар, дўконлар бўлиб қолмоқда. Балки бунга сабаб ҳар куни кўзи тушиб турадиган, емакхонадаги қувноқ кулгилар, шўх яллалару қийқириб рақс тушаётган ёшлардир?

Энг ёмони, ушбу дўконларнинг шундоққина ёнида жойлашган ошхона, кафе, барларнинг деярли барчаси санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ахир маст-аласт кимсалар кир босган столларга, ювилмаган қошиқ, ликопча ва косаларга эътибор бермаслиги тайин. Ҳатто, ширакайф одам фарқига борармиди, деб, бу ерда яроқлилик муддати ўтиб кетган тузламаларни ҳам пуллаб юбораверишади. Оқибатда эса майхўрлар, турли бакте­риялар сабаб, юқумли касалликлар тарқатувчисига айланиб қолишмоқда.

Қани энди спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган шахобчалар нафақат мактаблар, балки аҳоли яшаш пунктларидан ҳам 500 метр эмас, 2-3 километр узоқликда бўлса, ана шунда ичишга муккасидан кетган маст-аластлар сони кескин камаярмиди…

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + seventeen =