Масъул муҳаррир нимага масъул? Ёхуд китоб “ногирон” бўлса, масъуллар сохта бўлади
Кутубхоналарга кириб, бундан саксон-тўқсон йил аввал нашр этилган китобларни кўздан кечирсангиз, сарварағида “Ушбу китобнинг сиёсий масъул редактори — ўртоқ Н.Сафаров” каби қайдларга кўзингиз тушади. Чунки ўша инқилобий йилларда оддий қоғозга ҳам сиёсий ҳужжат деб қаралган, оммага етказиладиган ахборот сиёсат элагидан ўтказилган. Китобда олға сурилаётган ғояларга муаллифдан аввал шу соҳанинг бирон мутахассиси ҳам жавоб бериши талаб этилган. Шарафли, айни пайтда жавобгарлиги бўлган масъул муҳаррирлик ҳар кимга топширилавермаган…
Кейинчалик “Узлит” деб аталадиган, нашрнинг “ғоявий-сиёсий” жиҳатларига қарайдиган бутун бошли маҳкама очилди. Аммо мустақиллик йилларида ҳам жиддий нашрларга масъул муҳаррир жалб этиш анъанаси сақланиб қолди. “Узлит” — сиёсат ғалвири ҳисобланса, илмий жиҳатдан бўлмағур, ҳур қарашлар йўлини тўсиш учун масъул муҳаррир жуда зарур эди.
Бугун дунё миқёсида манзара ўзгача. Исталган кимса майдонга чиқиб, нафақат молини, балки ўз шахсини, ҳатто баданини ҳам реклама қилади, рақибини туҳмат гаплар билан ҳақоратлайди, ҳар турли ахборотни кўчириб олади-да, ўзимники, деб эълон қилади. Ахборот тарқатиш — “бемалол”-да энди.
Аммо сал кўламли, бироз кўркам китоб борки, “масъул муҳаррир”сиз эмас. Масъул муҳаррири бор китоб салобатли туюлади, муаллиф “асаримга фалончи масъул муҳаррир”, деб ғурурланса, униси ўзининг шундай шарафга лойиқ кўрилганидан мамнун.
Аслида, бу унвон фақат китоб мавқеини таъкидлаш учун қўйилмаслиги лозим. Ҳамонки бўйинга олдингизми, марҳамат, қўлёзма устида ишланг.
Аммо кўп масъул муҳаррирлар ўзининг “масъул”лигидан китоб чоп этилгач хабар топади. Яна бир тоифа олим-фозиллар бу “мартаба”га инжиқланибгина рози бўлади-да, кейин нима бўлди, нима қўйди — иши йўқ.
Мана, Шодмон Воҳидов билан Алишер Қодировлар ёзган “Шарқнинг машҳур сулолалари” китоби. Унинг масъул муҳаррири тарих фанлари номзоди Д.Сангирова экан. Аввало, шу китобга масъул муҳаррир керакми? Ахир бу асар илмий янгиликка даъво қилмайди, тадқиқот ҳам эмас — ҳар турли манбалардан шу мавзудаги маълумотлар олиб тўпланган. Бунинг устига, жой ва киши номлари кўпинча хато ёзилган, услубан ғализ жумлалар, имловий хатолар ғиж-ғиж. Бир эмас, икки муаллиф, қолмишига бир масъул муҳарриру бир нашриёт муҳаррири “тер тўккан”, аммо китобнинг аҳволи бу…
Фалсафа фанлари доктори Бўри Зиямуҳамедовнинг “Бахтли ва фаровон ҳаёт билан руҳ хотиржамлигини таъминловчи фазилатлар” деган узундан-узоқ сарлавҳали, ўзиям 472 бетлик китобини-ку, қўяверинг. Зокирхон ҳожи Шокирхон ўғли Афзалов деган профессор — масъул муҳаррир, маъқуллаб тақриз ёзганлар — фалсафа фанлари доктори Зиёд Давронов, педагогика фанлари доктори Мамаражаб Тожиев, фалсафа фанлари номзоди Гулсанам Тиллаевадай унвондор олимлар.
Аммо асарни ўқиб, ажабланиб қолдим. Масъул муҳаррир ҳам, уни маъқуллаб тақриз ёзган алломалар ҳам зиммадаги масъулиятни сезмабдилар. Улар муаллиф “Инжилни ўқимаган одам Қуръони Каримни тўлиқ тушуниб етмайди”, дея Инжилни Қуръондан устун қўйганини, Аллоҳ “Мен инсонни обид эмас, балки олим қилиб яратдим, билим излаган Мени топади”, деб марҳамат қилган”, деб Қуръонда ҳам, Ҳадисларда ҳам йўқ гапларни ёзишдай ғайриисломий “кашфиёт”ларга жазм этаётганини наҳот пайқашмаган бўлса? Ажаб, масалан, имом Бухорий Инжилни ўқимаган бўлса, у Қуръони Каримни инжилхон Б.Зиёмуҳамедовчалик “тўлиқ тушуниб етмаган” бўлиб чиқадими?
Буям ҳолва. Муаллиф “Курравий динлар бўлиб ҳисобланган яҳудий, насроний ва ислом динларини ўзаро яқинлаштиришни ҳам кўнгилга тугиб қўйганмиз”, деб кўкрак керади. Хўш, “ўзаро яқинлаштириш” учун Бўри оға нима қиларкин — исломнинг бирон аркони ё жиҳатини рад этиб, ўрнига яҳудийлик ёки христианликдаги бирор тартиботни жорий этмоқчимикин? Бошқа дин вакиллари-чи, бу “янги чиққан реформатор”нинг қайси ислоҳотларига кўз тикиб туришибдийкин?
Бизнингча, бунга сабаб — муаллифнинг-ку, савияси ҳаминқадар, аммо масъул муҳаррир ҳам, тақризчилар ҳам китоб қўлёзмасини ўқимаган, унинг мазмунидан, ҳатто у босилиб чиққач ҳам, хабардор эмас.
Ёки… уларнинг илм-билими ҳам муаллифникидан афзал эмас. Бу аҳволда масъул муҳаррир бўлаверишнинг нима маъниси бор?
Бўри Зиямуҳамедов китобда “бўлажак жамият қомуси тамойиллари”ни белгилаб беришни ният қилибди (бу, энг камида, янги Конституция дегани). Ва унинг бир ерида бизга ибрат қилиб “Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур”, дея Инжилдан парча ҳам берибди. Бир мусулмон сифатида, мен “Худонинг ўғли” дейилишдан ҳазор-ҳазор истиғфор қиламан, унинг бандаси — қулиман, алҳамдулиллоҳ.
…Айрим кишилар, ёши ўтгач, ўз билимини мукаммал деб тасаввур этади, ҳаммага сабоқ беришга чоғланиб қолади. Аслида, бунинг унча зарари йўқ. Аммо ўшандай гапларни китоб қилиб нашр этмаслик учун эса инсоф керак, билиму савия керак. Савияси паст, диний, фалсафий, илмий ё маърифий жиҳатдан хато ёки гоҳо зарарли бўлган бундай китоблар, афсуски, чиқиб ётибди. Нимага десангиз, валломат муаллиф нашриётга пулни опкелиб ташлайди, пули борнинг нима ғами бор — китоби чиқади-да!
Айрим нашриётда ишлаётганларга ҳам қойил қолмай иложинг йўқ, пулни деб динидан ҳам кечвориш… оҳ, нақадар даҳшат! Бунга юқоридаги китоб гувоҳ!
Кейинги гап Алишер Навоий, Бобур каби буюк сиймолар асарларининг нашрига масъул муҳаррирлик ҳақида. Масъул бўладими, масъул эмасми, муҳаррир — таҳрир қилувчи дегани. Тавба, Навоийни, Бобурни, Машраб ё Мунисни ким, ёки кимлар “таҳрир” қилади? Навоийнинг ижоди маҳсулига ким “масъул” бўлади? Мумтоз адибларнинг бир неча жилдлик танланган асарлари чоп этиладиган бўлса-ку, Худо беради — масъул муҳаррир ҳам камдай туюлиб, казо-казолардан иборат “Таҳрир ҳайъати” тузилади. Яъни, қўпол айтганда, ҳашар қилиб “таҳрир” этишади. Бу… мумтоз адибларни таҳқирлаш эмасми? Ундан кўра “нашр ҳайъати”, “нашр учун масъул гуруҳ” деб белгиланса бўлмайдими? Ҳолбуки, бундай ҳолларда барча ишни “нашрга тайёрловчи” деб камтарона кўрсатиладиган “қора ишчи”лар — унвон-даражаси пастроқ, шунинг учун таҳрир ҳайъатидаги номдорлар сафига лойиқ кўрилмайдиган, аммо савияси баландроқ заҳматкаш олимлар бажаришади.
Яна шуниси қизиқки, олиму мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам масъул муҳаррир ё таҳрир ҳайъати аъзоси бўла олмайди. Унга салобат, сиполик, “алоҳида одам” дегандай важоҳат керак…
Бунинг далили учун бошимдан ўтган бир воқеани айтай. Анча бўлди, бир шоир қўшни халқ адиби асарларини таржима қилганини айтиб, таржимага масъул муҳаррир бўлишимни сўради. Воҳ, дедим, бизга ҳам шунақа ишлар лойиқ кўриладиган кунлар келаркан-ку! Бирон ой қўлёзмани таҳрир қилдим, юзлаб хатоларини тузатдим, адиб ижодининг бошқа жиҳатларини акс эттирадиган асарларини ҳам қўшишни маслаҳат бердим, нафақат масъул муҳаррир, балки нашриёт муҳаррири ва ҳатто… мусаҳҳиҳнинг ишларини ҳам бажариб, ички бир мамнуният билан эгасига топширдим.
Аммо… “камбағални туянинг устида ҳам ит қопади” ё бўлмаса “оғзи ошга етганда бурни қонайди”, деган мақолларни она халқим бежиз айтмаган экан! Орадан бирон ҳафта ўтиб, шоир-таржимон яна телефон қилди, бу китобга аллақайси катта одам масъул муҳаррир бўлмаса бўлмас экан, оддий муҳаррирлик эса нашриёт муҳарриридан (яъни босма тобоғига қалам ҳақи оладиган, пулни бегона қилмайди-да) ортмаскан. Мен фақат “тақризчи” бўлишим мумкин экан, бунинг учун, шунча меҳнатим камдай, таржимани нашрга тавсия этиб, битта тақриз ҳам ёзиб берсам бўлавераркан…
Қандайдир бир доимий рўйхат бордай: ўша доирага кирмаган киши чучварани хом санаб юра беради. Бироқ “масъул муҳаррир” бўладиган “шавкат”ли одамларнинг кўпи эса таҳрир соҳасида “андак бадхат”, улар, нари борса, (агар китобни ўқиб чиқса) асарни ижтимоий жиҳатдан баҳолашга ярайдилар, холос. Лекин улар — ҳамиша навқирон, мангу “масъул муҳаррир”лар.
Китобат санъати, техникаси шиддат билан юксаляпти. Ёдингизда бўлса, йигирма-ўттиз йил илгари “ротапринт” деган китоб босиш усули бўлар — саҳифалар машинкаланган варақнинг фотонусхаси сингари хира, бўёқ чапланиб чиқар эди. Бугунги авлодга улар алмисоқдан қолгандай бўлиб туйилса, ажаб эмас. Эндиги нашрларимиз халқаро кўргазмаларда ҳам юқори баҳоланяпти, совринлар олиб қайтяпти. Бундан мамнунмиз, албатта.
Аммо барибир, китобнинг бош фазилати — мазмунида, жумладан, таҳрир савиясида. Унга ташқи кўриниши, қоғози сифатига кўра эмас, илмий ва маънавий савиясига, равон услуби, тўғри имлосига қараб баҳо берилади пировардида. Афсуски, бугунги китоб таҳрири эллик йил аввалги таҳрир савиясидан чандон орқада, имловий ва услубий хатоларни-ку, айтмай қўя қолайлик. Ўрганиб ҳам кетдик. Бунга эса чорак асрча аввал ҳамма соҳа (ҳатто нашр иши ҳам) бозор иқтисодиёти талабларига бўйсундирилиб, китобга фақат “товар” деб қарашга ўтилгани сабаб бўлди. Муҳаррирлар сони аёвсиз қисқартирилди ва охирида нашриётлар босмахоналарга қўшиб юборилди. Илгари нашриёт юксак мартабали маданий, илмий-маърифий ташкилот эди, у босмахонага буюртма берар, босмахона эса бор-йўғи шу буюртмани бажарувчи техник ишхона саналар эди, холос. Энди босмахона — пултопар муассаса, нашриёт эса унинг бир бўлими қатори саналади, босмахонанинг буйруғини бажаради. Ва бу янги чиққан “нашриёт-босмахона” қоришмасига ноширлар эмас, китобнинг илмий-маърифий, бадиий савиясини тушунмайдиган босмахона мутахассислари раҳбар. Улар учун муҳими — “товар”ни вақтида чиқариб-сотиш. Шошмасдан таҳрир қиладиган синчков муҳаррирлар, биронта хатога йўл қўймаслик учун қўлёзмани такрор-такрор кўздан кечирадиган мусаҳҳиҳлар камайтирилиб, “заказ” топадиган менежерлар, обуна уюштирадиган ходимлар ишга олинди.
Бу ишлар вақтинчалик бир тадбир, ўтмиш бўлиб қолса, қанийди. Иқтисод юксалиб, маданият ва маърифат соҳаларига эътибор кучайган эндиги даврда нашриётлар бир амаллаб пул топиб ходимларини боқиш, ишқилиб даромад қилиш ташвишида, иш кўрсаткичи тўлаган солиқ суммасига қараб белгиланган. Аслида пировард мақсад — илмий-маърифий савияси баланд, миллий мафкура руҳига мувофиқ китобларни кўпроқ ададда, юксак савияда чоп этиб, ўқувчига арзонроқ нархда сотиб, кўпчиликка етказиш бўлиши керак-ку!
Шундай экан, матбуот ва матбаа ишини бозор иқтисодиётининг қашқирларига талатиб қўймаслигимиз лозим.
Зуҳриддин
ИСОМИДДИНОВ