СОЧини СОТаётганлар

Соғлом сочлар киши ҳуснининг муҳим бўлагидир. Айниқса, бу жиҳат аёллар учун катта аҳамиятга эга. Сочларни парваришлаш, ўстириш ўрнига уларни мунтазам елка билан баробар “қайчилаб” юриш бугун роса урфга кирган. Ёш қизлар эса бу ҳолатга “мода” деб қараб, кундан-кун бир-биридан бачкана турмакларни кашф этишмоқда. Ишонмасангиз, ана, кўчага чиққанингизда, ён-атрофга сал эътибор беринг, кўзни қувонтирадиган узун сочларни деярли учратмайсиз. Хўш, нега бугун узун сочлар ва сочи ер супуриб, тўпиғигача тушадиган қизлар камайиб кетди?

Мутахассис дерматолог Икромхон Обидовнинг бу борадаги фикри билан ўртоқлашамиз:

— Сочларнинг ҳаддан ортиқ тўкилиши, камайиб ва сийраклашиб қолиши кўп ҳолларда стресс, ҳорғинлик, кучли зўриқиш оқибатида юзага келади. Сочлар саломатлигидаги бу каби ўзгаришлар ёғ безларининг бузилишига сабаб бўлади. Сочлар турли хил об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиши лозим. Жазирама ёз ва изғиринли қиш кунларида бош­яланг юриш сочларга салбий таъсир етказади. Бундан ташқари, компьютер ва смартфонлардан узлуксиз фойдаланиш, улар қаршисида кўп ўтириш сочларнинг сийраклашишига олиб келади.

Икромхон аканинг айтишича, айни кунда ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлиб, усиз нафас ололмай қолганимиз — телефон, компьютер каби гаджетлар чиқараётган радиацион нурлардан қош ва киприк тўкилиши хавфи ҳам юқори экан. Сочларни куйдириш, турли рангларга мунтазам бўяш киши саломатлигига салбий таъсир этади. Айниқса, бўёқ воситаларидан ўзбилармонлик билан фойдаланиш ҳар хил аллергик касалликларни келтириб чиқаради.

Соч тўкилишининг олдини қандай олса бўлади?

Мутахассисларнинг фикрича, уй шароитида табиий ниқоблардан фойдаланган ҳолда сочларни озиқлантириш нафақат соч, балки бош мия фаолияти учун ҳам самаралидир. Соч тўкилишини тўхтатишда уни тўғри парваришлаш катта аҳамиятга эга. Имкон қадар табиий ёғлардан (зайтун, аччиқ бодом, канакунжут ёғи) фойдаланиб, кимёвий унсурларнинг салбий таъсирларидан сочни эҳтиётлаган маъқул.

Бундан ташқари, сочларнинг нормал ҳолатда озиқланиб ўсиши, тўғри овқатланиш тартибига боғлиқ. Углевод ва   витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш соғлом ва мустаҳкам сочлар саломатлигининг калитидир.

Статистик маълумотларга кўра, сочлар ҳар 4 йилда “янгиланади”. Аммо шу 4 йил мобайнида сочларнинг кўп ва доимий тўкилиши бирор бир касаллик асоратининг илк белгилари бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларга дуч келсангиз, албатта, мутахассис шифокорга мурожаат қилинг.

Динимизда соч сотган аёлларга ҳукм қандай?

Ҳадиси шарифларда: “Кимнинг сочи бўлса, унга эҳтиром кўрсатсин” — дея сочларни яхши парваришлашга буюрилган. Айтишларича, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) сочларини ўнг томондан бошлаб тарашни хуш кўрганлар. Баъзан Оиша онамиздан ҳам сочларини тараб қўйишлик­ларини сўрар эканлар.

Фикримизни Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абду Раҳим домланинг мавзуга оид мулоҳазалари билан давом эттирамиз:

— Инсон сочи тўлақонли пок ҳисобланади. Шу қадар покки, бирор сабаб билан чўнтагига соч солган инсон шу ҳолатида намоз ўқиса, пок кийимда ўқиган ҳисобланади. Киши сочи пок дейилганда, уни бирор-бир мақсадда ишлатиш назарда тутилмайди, балки, кийимга ёхуд бирор аъзога тегса, уни нопок қилмайди, деган маънода тушунилиши даркор. Уламолар инсон сочини сотиш ёки ундан бошқа бирор мақсадда фойдаланишни гуноҳ ҳисоб­лаганлар. Мукаррам инсон зотининг сочини сотиши асло мумкин эмас. Бу Аллоҳ азиз қилган нарсани хор этиш ҳисобланади. Кесилган ва таралганда тушган сочларни кўмиш лозимдир.

Дарҳақиқат, Яратган инъом этган шундай неъматни аллақандай идиш-товоқларга алмаштириб, арзимаган чой-чақага пуллаётганлар бизнингча мутолаадан узоқ бир саводсиз кимсалардир. Озгина бўлса-да маърифатли одам Аллоҳ инъом этган неъматларни бозорга солмас.

Малика ҲОДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − ten =