Алвидо, “Омонат дунё”
Бир асар тарихи ва тақдири
Мақсад на эди, келдинг жаҳона,
кайфиятини баён этиб кет.
Нодирабегим
Ўн беш йилдан буён Ўзбекистон Миллий академик драма театри саҳнасидан тушмай келаётган драматург, ёзувчи ва олим Тилаб Маҳмуд билан ҳамкорликда ёзган пьесамиз асосида саҳналаштирилган “Омонат дунё” спектакли репертуардан тушиб қолибди…
Очиғи, бу хабарни эшитиб бошимдан совуқ сув қуйгандай жунжикиб кетдим…
Бу асар бизники бўлгани учун эмас, балки халқимизга ҳозирги долзарб кунларда айни кераклигини ўйлаб сиқилдим…
Тақдимотидан кейиноқ саҳна юзини кўрмаган, бир-икки йил зўрма-зўраки қўйилиб, жимиб кетган саҳна асарларига қиёс қилганда, “Омонат дунё” тағин ҳам узоқ умр кўрди-ку! Шу ҳақда ўйласам, кўнглим бироз таскин топгандек бўлади. Барибир кўнгилдан хиралик, нохушлик кетмаяпти… Мен-ку Тилаб Маҳмудга бир ёрдамчи муаллиф сифатидаги хизматларимга шунчалик озор чекяпман. “Омонат дунё” спектаклидаги асосий қаҳрамон — Қодир бойвачча ролини ижро этган Ўзбекистон халқ артисти Сайидкомил Умаров буни қандай қабул қилди экан?! Ўн беш йил мобайнида у асар бош қаҳрамони Қодир бойвачча бўлиб роль ўйнамади, балки саҳнада Қодир бойвачча бўлиб яшади. Актёр Қодир бойвачча ролини ақлбовар қилмайдиган даражада ҳаётий, юксак ижро этди.
Шундай саҳналар борки, санъаткорга қўшилиб фиғон чекасиз, қайғурасиз, йиғлайсиз…
Саҳна актёр қаҳрамонининг ҳаёт сабоқларидан олган аччиқ қисмати, виждон азобларидан титраб-титраб қўядимией… Гўё бўлак-бўлакларга бўлиниб, чор атрофга сочилиб кетадигандек одамни ховотирга соладимией…
Ҳа, саҳна унинг виждонига, қалбига айланганди…
Бу чархпалак дунё ғам-андуҳларини Сайидкомил Умаров – Қодир бойвачча кўтаряпти-ку, лекин саҳна кўтара олмаётгандек туюларди…
Худога шукур, Сайидкомил укамизнинг қисматига ёзилган, севиб ўйнайдиган роллари бисёр. Лекин у “Омонат дунё”га барибир бошқача назар билан қарарди.
“Омонат дунё” пьесамиз саҳна юзини кўрганда, томошабин эътирофига сазовор бўлганида, йилнинг (2007 йил) энг яхши асари сифатида тақдирланиб, республика театрларида “Омонат дунё” саҳналаштиришга тавсия этилганда:
“Мана энди асарингиз театримиз мулкига айланди”, деган театр пешволари бугун ўз мулкларини ўз қўллари билан осонгина бой бериб қўйишибди, афсус! Ҳе йўқ, бе йўқ асар муаллифларини огоҳлантириш йўқ, масалани шартта ҳал қилиб қўйишибдилар, аттанг!
… Ҳар бир саҳна асари томошабин учун ўзининг ахлоқий, маънавий ва маърифий жиҳатлари билан ибрат бўлмоғи керак. Замон, ижтимоий ҳаёт нафаси унда ойнадек намоён бўлмоғи жоиз.
Шу жиҳатдан қараганда, жамиятимизда ҳали-ҳамон пора бериш, пора олиш, пора билан ҳар қанақа жиноятни ёпиш муомаладаги аччиқ ҳақиқатлардир. Ёки коррупцияга қарши ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бонг урилаётган бир пайтда, спектакль одамлар корига яраб турган эди.
Камбағалликни йўқотиш, бойликка интилиш масаласи ҳеч қачон бугунгидек долзарб муаммога айланмаган.
Ҳаммани бойликка, фаровонликка етказсин.
Лекин бу бойлик, фаровонлик пешона тери эвазига эмас, ҳаром-хариш йўллар билан топилган бўлса-чи?! Бу мўмай пуллар фарзандлар камолига эмас, инқирозига сабаб бўлса-чи?! Бойвучча, амалдор оталари паноҳида талтайиб, хушига келганини қилиб яшаётган “Отасининг боласи”, эркатойлар авлоди ҳам борлигидан нега кўз юмамиз?!
Бундай ёшлардан Ватанимиз нима кутади, улар она халқига қандай яхшилик қила олади?! Аксинча, жамиятни орқага тортадилар-ку! Шоҳи сўзанага ярашмаган бу чипта ямоқлар беришга эмас, ўмаришга, яратишга эмас, йўқотишга ўрганишган. Танглайлари ана шундай замзамалар асносида кўтарилган, суяклари ана шундай “фидойиликлар”да қотган. Улар Ватанимиз, миллатимиз экан-у, бойликларда чўмилаётган ота-оналарига ҳам вақти келса вафо қилмайдилар. “Омонат дунё” шундай муаммоларни кўтариш жиҳати билан ҳам актуал эди. Асарнинг мағзи – дунё молининг бевафолиги, покдомонлик ва имон, ҳалол меҳнатгина инсонга бахт-саодат, руҳий-маънавий ҳаловат ва фароғат беради, деган ғоя билан суғорилган эди.
…Азизларим, бироз қизишиб кетдим, мени кечиринг. Ахир, бозорга чиққан ҳам ўз молини харидорга мақтаб пуллайди дейишади. “Омонат дунё” мол эмас, санъат асари, унда инсон дарди, замон дарди бор экан, ҳар қанча гапиришга арзийди, деб ўйлайман.
…Бу асар билан боғлиқ бўлган хотираларим овоз беряпти. Унинг ёзилиш жараёнидаги тўлғоқларимиз, баҳс-мунозараларимиз ва ниҳоят орзу-ниятларимизга бир мукофот бўлиб туғилган фарзандимизни дунёга келтиришнинг ўзи бўлмаган. Чироғимиз тун бўйи ўчмаган кунлар кўп бўлган. Баъзида эрталаб уйғонишим билан умри боғим ижодхонаси эшигини секин очардим. Сигарет тутунидан бурқсаб кетган хонадан қаҳва ҳиди ҳам гупириб турарди. Заҳматкаш муаллифимиз уйқусизликдан кўзлари киртайган, чеҳраси униққан бир ҳолатда кўринарди. Назаримда ҳозир унга руҳияти, орзу-армонларигина куч бераётгандай туюларди…
Шундай кунларнинг бирида ғаройиб тонг отди. Азизим ижод хонасидан “Ай-да, Пушкин, молодец!” – дея қанот қоқиб чиқиб келди. Билдимки, пьесанинг хулосавий қисми топилган, демак, пьеса ниҳоясига етган, ўзига маъқул бўлган. Акс ҳолда, бу иборани ишлатмас эди. У нима ёзмасин, ўзига ёқдими, бўлди “Ай-да, Пушкин, молодец!” билан ижодхонасидан чеҳраси барқ уриб чиқиб келарди.
Тилаб Маҳмуд пьесанинг тугалланиш қисмини ўқий бошлади. Мен кўзларимни юмиб, бошимни икки кафтим оралиғида тутганча мункайиб эшитаяпман. У бўлса “ухлаб қолмадингизми?” дегандек овоз ҳам бериб қўяди. Менинг эса бутун вужудим қулоққа айланган…
– Табриклайман, “Ай-да, Пушкин, молодец!”, — дедим жилмайиб.
– Ростданми, тугалланиши ёқдими ёки кўнгил учун шундай деяпсизми? – деди ҳаяжонда у.
– Худо ҳақи, рост, бунақа хулосани кутмовдим, боплабсиз…
Пьесани устига “Қилмиш-қидирмиш” деб ёзилган папка ичига солиб қўйди. Сарлавҳа менга унча маъқул бўлмаганини сездиларми:
– Бу шартли сарлавҳа, яна ўйлаб кўрамиз, – деди.
– Ўйлашга ҳожат йўқ. Сарлавҳа “мана мен” деб турибди-ку! “Омонат дунё” десак қандоқ бўларкин?!
– Бўлади, қойил, жуда бўлади-да. Гарчи иккинчи ҳикоялар тўпламим ҳам “Омонат дунё” деб номланган бўлса-да, бу ном бу пьесага узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди, деди мамнун. “Қилмиш-қидирмиш” сўзини ўчириб, ўрнига “Оманат дунё” деб ёзиб қўйди. Кейин асар муаллифи ёнига менинг исми-шарифимни ҳам тиркаб қўйди.
– Битта сарлавҳа топиш билан ҳаммуаллифликка даъво қилолмайман, мени изза қилманг…
– Ҳаммуаллифсиз, тамом-вассалом, – деди қатъий Тилаб ака.
– Сиз мен учун ойнасиз. Бу ойнада мен ўзимнигина эмас, ижодим самарасини ҳам кўряпман. Фикр ҳам, маслаҳат ҳам, сени тинглаш ҳам, тинглаётгандаги кайфият ҳам ёзувчига кўп нарса беради. Мен сизнинг кайфиятингиз, таъсирланишларингизга қараб қаламимни қайси йўналишга буриш, эътиборни қайси жойларига кучайтириш кераклигини ҳис қиламан. Пьеса ёзилишидаги қораламаларингиз-чи?! Улар менга кўп нарса берди… Шундай қилиб, пьеса муваффақият билан саҳналаштирилди. Радио, телевидение, матбуотда “Омонат дунё” театри ҳақидаги чиқишлар кайфиятимизни кўтаргандан-кўтариб борарди. Биз бахтли эдик, жуда бахтиёр эдик. Оёғимиз театр остонасидан узилмай қолди. Спектаклни томоша қилаётганимизда, Тилаб Маҳмудга бир-бир назар солиб қўяман. Гоҳи чеҳрасида табассум, гоҳи қаҳр, гоҳи қошлари ўйнар, чимирилар, гоҳи кўзларида нафрат, кўзлари чақнар, гоҳо кўзларида ёш… У ўз қони жонидан яралган асар ижрочиларига мубтало эди. Улар билан баробар гўё жон олиб, жон берарди… Томошабинларнинг қизғин қарсаклари, пойимизга сочилган гуллар, гулчамбарлар унинг ҳам, албатта, менинг ҳам ҳаяжонимизга ҳаяжон қўшарди…
…Кўнгил ободлигига айланган бу гўзал лаҳзаларда биз яратган асар кўз-қошларига ўсмалар қўйиб, сочларини қирқ кокил ўриб, чеккасига райҳонлар тақиб, мушки анбарлар сепиб томошабинига кўз-кўз қилган Ўзбекистон Миллий академик драма театри, унинг ижодий жамоасининг катта ҳиссаси бор, албатта. Юқоридаги аччиқ ва ачинишли гапларни эса энг яхши кўрган, бино қўйган, яқинини йўқотган одамнинг руҳий изтироблари, тўлғоқлари деб тушунинг, мени ёзғирманг…
Отахон театримиз 2002 йилдан то 2021 йилга қадар Тилаб Маҳмуд икковимизнинг муаллифлигимиздаги “Умр шомидаги бахт”, “Тортадурман жабрини”, “Омонат дунё” пьесаларини саҳналаштирди ва намойиш этди.
Бу ҳар қандай ижодкорга ҳам насиб этавермайдиган омад деса ҳам бўлади. Шундай экан, биз муаллифларни элга драматург сифатида танитиб, руҳиятимизни кўтарган, қувончлар бахш этган театр, унинг ижодий жамоаси билан хайрлашув осон деб ўйлайсизми?! “Тортадурман жабрини”, “Омонат дунё” пьесаларини саҳналаштирган иқтидорли режиссёр Тожи Муҳаммад Исроиловнинг саҳналаштириш жараёнидаги ижодий топилмаларидан ҳайратга тушган онларимизни қандай унутай?!
– Маннон Уйғур “Ҳалима” (Ғулом Зафарий) спектаклини саҳналаштириш жараёнида саҳнани иккига бўлган эди. Бу услуб ўшанда катта топилма ҳисобланиб, ўзбек театрида янгилик бўлган. Тожи Муҳаммад Исроилов эса “Омонат дунёда” саҳнани шартта тўртга бўлиб юборди. “Саҳнада воқеалар кинолентадай тўхтовсиз ҳаракат қилади, офарин”, деб ёзганди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Баҳриддин Насриддинов.
2009 йил. Аср вабоси – одам савдоси бутун дунёда урчиётган иллат афсуски, бизнинг заминимизга ҳам етиб келганди. Тошкент шаҳар ҳокимияти, республика ва Тошкент шаҳри прокуратураси ташаббуси ва илтимосига кўра Тилаб Маҳмуд билан янги асарга қўл урдик. У “Тортадурман жабрини” деб номланар, айни ёниб турган муаммо – одам савдосига бағишланган эди.
– Бугунги куннинг энг муҳим, долзарб мавзуси бўлгани учун асар менга маъқул бўлди ва уни саҳналаштиришга шошилдим, – деди Тожи Муҳаммад Исроилов. Асаримиз Миллий академик драма театрида Тожи Муҳаммад Исроилов, Ўзбекистон халқ артисти Сайидкомил Умаров томонидан саҳналаштирилди. Замон оғриқлари ҳақидаги бу спектакль аншлаг тусини олди. Спектакль Миллий театр билан баробар “Туркистон” саройида ойлаб, бир кунда уч мартадан ўйналган пайтлари ҳам бўлди. Спектакль вилоятларни ҳам бир-бир кезиб чиқди…
“Туркистон” саройида кетаётган спектаклимизнинг баъзида эрталабкисига мен борсам, кечки томошага Тилаб Маҳмуд етиб келарди. Томошабинлар орасида бизни кўриб қолган режиссёрларимиз томоша охирида саҳнага чорлашарди.
Тилаб Маҳмуд қатор тизилиб турган артистларнинг бир-бир қўлларини олиб, табриклаб чиқарди.
Саҳна пардаси бир очилар, бир ёпилар, артистлар қаторида биз ҳам томошабинлар олқишига жавобан таъзимда бўлардик. Кимгадир балки, бу майда гапдек туюлар. Лекин биз учун бу катта туҳфа, катта бахт эди…
Театр ижодий жамоаси орасида қўлимни кўксимга қўйиб миннатдорлик билдирадиган азиз санъаткорлар кўп. Ўша пайтларда Миллий академик драма театри директори бўлиб ишлаган Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовнинг ўз ишига фидойилиги, муаллифлар раъйи, нияти ва ижодига бўлган ҳурмат-эътиборидан биз ҳам баҳраманд бўлганмиз.
Спектаклларимизни томошабинларга манзур этишда бор истеъдодларини ишга солган Сайидкомил Умаров, Муҳаммад Абдуқундузов, Маҳмуд Исмоилов, Шоҳидахон Исмоилова, Дилноза Кубаева, Раъно Ярашева, Алишер Узоқов, Аброр Сайпназаров, Муқаддас Холиқова, Пўлат Носиров, Гулчеҳра Иброҳимбекова, Малика Иброҳимова, режиссёр оғаларимиз – Қаҳрамон Саъдуллаев ва Марат Азимов, рассом Бобониёз Қурбонов сизларга ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам узоқ умр тилайман.
Яна бир ҳурматимиз, эътирофимизга лойиқ инсон номини айтмасам бўлмас. У Тошкент шаҳар ҳокимиятида масъул лавозимда узоқ йиллар фаолият кўрсатди. Ҳозир ҳам жамиятдан узилмаган ҳолда иштимоий фаол меҳнат билан банд. Бу ажойиб, чарчамас ташкилотчи, журналист Фарида Абдураҳимова. Очиғини айтсам, у бизни драма ёзишга даъват қилган, қалбимиздаги драматик туйғуларни уйғотган ва алангалантирган ажойиб шахс.
Жонажон театримиз билан боғлиқ хотираларим кўп, ёзмаларимни улардан энг ҳаяжонлиси билан якунламоқчиман.
Бир куни Миллий театримиз директори Фатхуллажон Маъсудов (Оллоҳ раҳмат қилсин) менга қўнғироқ қилиб қолди:
Бу йил “Омонат дунё” спектаклимизнинг номойиш этилаётганига ўн йил тўларкан. Навбатдаги спектакль намойишини Тилаб Маҳмуд хотирасига бағишласак нима дейсиз?!
Умр йўлдошим, ажойиб ижодкор хотирасини биринчи бўлиб эслаган, эътироф этган жамоага миннатдорлик туйғусидан бўлак яна нима ҳам дердим?
2017 йил 13 май. Фарзандларим, ёру дўстларим, жигарларим, қуда-андаларим, қўни-қўшниларим билан театрга бордик.
Спектакль бошланишига, парда очилишига саноқли дамлар қолганида саҳнага Ўзбекистон халқ артистлари Тўти Юсупова, Муқаддас Холиқова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожиакбар Комилов чиқиб келишди.
– Бугунги намойиш “Омонат дунё” муаллифи, драматург, ёзувчи ва олим Тилаб Маҳмудов хотирасига бағишланади, – деди Ҳ.Комилов. Спектаклнинг театримизда намойиш этилаётганига ўн йил тўляпти, – сўзида давом этди у… Бу асар ўн йилдан буён саҳнадан тушмай, томошабинларга маънавий озиқ бериб келаётганлигининг ўзи унинг нақадар халқчил, тарбиявий аҳамияти катта эканлигидан далолат беради… Саҳнага пьеса ҳаммуаллифи, Тилаб ака Маҳмудовнинг рафиқаси Дилбар Маҳмудовани таклиф этамиз…
Қанчадан-қанча алломалар, буюклар пойи қадами теккан табаррук йўллардан ҳар гал қўл ушлашиб борадиганимиз – муқаддас даргоҳнинг муқаддас саҳнасига бугун бир ўзим, бошим эгик, кўнглим синиқ чиқиб борардим.
Ёзувчи, умр йўлдошим Тилаб Маҳмуд ҳақидаги меҳрим-муҳаббатим йўғрилган ҳар сўзим томошабинлар қарсаги билан бўлиниб турарди… Умрим баҳори, ҳаммаслак ва устозим хотираси учун томошабинлар ўринларидан туриб узоқ қарсак чалишди…
Миллий академик драма театри тарихида ҳаётдан ўтиб кетган саҳна асарлари муаллифларининг хотира кечаларини ўтказиб туриш урф бўлганми, йўқми, хабарим йўқ. Агар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов ўрнида бошқа директор бўлганда Тилаб Маҳмудга бағишланган хотира кечаси ўтказилармиди, йўқмиди – буни ҳам билмайман.
Қабрингиз нуру гулга тўлсин Фатхуллажон!
Мен тилга олаётган бу воқеа сизнинг одамгарчилигингиз, инсоний хислатларингиз ҳақида ҳали-ҳамон ҳаяжон ва илтифот билан эслаётган, сўзлаётганларнинг хотира маржонига бир садаф бўлиб қўшилгай.
Дилбар Маҳмудова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси