Газетага вирус тушмайди ёхуд хорижда газеталар қандай қилиб миллионлаб нусхада чоп этилмоқда?

  • Ўзбек киноларида ҳам газета ўқийдиган саҳналар пайдо бўлармикан?..
  • Босма матбуот ва ижтимоий тармоқ – оммавий ўйин иштирокчилари эмас!
  • Сизни смартфонда бошқа иловаларга ўтиш эмас, қоғоз шитири чалғитсин!
  • “Washington Post” АҚШ президентини истеъфога чиқишга   маҳкум этганди…

 

Қоядан қулаётган бўлсанг, қанотларингни кенг ёйиб парвозга шайлан, ҳеч нарса йўқотмайсан деганлар. Бугунги босма оммавий ахборот воситаларининг аҳволи айнан ана шу ҳолдадир. Қоядан қулар экан, бир олам қоғознинг ва шунинг баробарида Сўзнинг шитири эшитилади.

Биз замонавий чет эл фильмларида эрталабки нонушта пайтида газета ўқиётган одамларни кўрамиз. Дунё биздан ортда қолиб кетяптими ёки биз газета, журнал, китоб ўқимасликни тараққиёт рамзи ўлароқ қабул қилмоқдамизми? Бизнинг қайнона- келин жанжаллари,оға-инилар ўртасидаги мерос талашув ҳақидаги фильмлардан толиққан томошабинларимиз ҳам газета ўқиётган ўзбек сиймосини киноларда кўрармикан деб “Ўзбеккино” маҳсулотларига қайта-қайта назар ташлайман. Артистлари Тик-токчи, олимлари бозорчи бўлган миллатнинг газеталари қай аҳволга тушиши мумкин, буни чамалаб кўриш у қадар мураккаб эмас.

Газеталар тарих соатининг лаҳзаларни юритгувчи капгиридир, дейди буюк немис донишманди Артур Шопенгауэр. Хўш, бу тарихни эртага қўлида планшет ва смартфон тутган авлод эскилик сарқити сифатида юзига қора бўёқ чапламаслигига ким кафолат бера олади? Бугун мумтоз шоирлар шеърларини ўқиб ўтирсак ривожлана олмаймиз деган тўмтоқ фикр, эртага худди Рэй Бредберининг асаридаги каби бутун инсоният маънавий мулкини ёқиб топташни шавкат деб билса, не ажаб?

Бугун интернет ўқиш учун вақтимиз мўл-кўл, лекин бу газета ўқишни тўхтатиш керак дегани эмас! Дунёнинг энг йирик газеталари Америка, Япония ва Осиёда жамланган. Японияда, бир кунда умуман, нашрларнинг ўртача тиражи 460 миллион нусхани ташкил этади. Журналистикани ўрганган бўлсангиз, кечаги газетадан кўра эски нарса йўқлигини яхши биласиз. Бироқ бу ҳолат аллақачон ўзгарган, чунки газетанинг ишлаб чиқариш цикли бир кун давом этади. ТВ ҳар соатда янгиликларга хизмат қилади. Интернетда улар ҳар 15 дақиқада янгиланади.

Асрлар аввал, маълумот олиш билан боғлиқ муаммо бор эди, улар кимлар   томонидандир монополлаштирилганди.   Энди бошқа муаммо — жуда кўп маълумот бор, ахборот бор. Журналистнинг иши бу маълумотларга, турфа хилдаги ахборотларга фарошлик қилишдан иборат бўлиб қолди. Бу ўқувчига турли хил “чиқинди-хабар”ларни ўқишдек мушкуллик туғдирса, журналистга уни тафаккур супургиси билан супуриб тозалашдек вазифани юклади. Яъни, бугун журналист учун ҳар қачонгидан оғирроқдир.

Интернетда рекламадан тушган даромад газеталарга эмас, балки қидирув тизимларига ўтади. Уларнинг 60 фоизи битта компанияга – “Google”га ўтади. Шу сабабли интернетда реклама ва контентдан тушадиган даромад босма рекламадан тушадиган даромад даражасига ета олмайди. Чунки биз “Google”га барча реклама даромадини чиқардик.

“Театр кино ҳужуми остида эгилмади! Телевизор боис радио   йўқолмади!” — босма матбуот ҳимоячиларининг далиллари бир хил. Технология олдин бор бўлганларини сиқиб чиқариш учун пайдо бўлмайди. Кино театр билан жанг қилмайди, босма матбуот ижтимоий тармоқ билан – чунончи бу оммавий ўйин эмас, ҳар иккиси ўз қадрини жуда яхши билиши керак.

Биз бугун дунёнинг турли давлатларида интернет ривожига қарамай кунлик нашрлар миллионлаб ададда чоп этилаётганидан хабаримиз бор. Улар турфа сайтларга ташриф буюриши баробарида хонадонларга газеталар ҳам кириб боради. Ҳатто АҚШнинг “Нью-Йорк Таймс”, Туркиянинг “Hurriyеt” газеталарининг якшанба кунги сонлари бошқа кунларга нисбатан бир қанча кўп ададда чоп этилар экан. Шуларнинг ўзиёқ “Босма матбуотнинг куни битди” деган наслсиз шов-шувларнинг асоссиз эканлигини исботлайди. Мисол учун, немис газетаси “Die Zeit” юқори сифатли таҳлилий маълумотларни тақдим этишга вақт ажратди ва унинг адади кун сайин ўсиб бормоқда.

Бугун биз дунёнинг энг олд газеталари бўлган босма нашрларнинг баъзилари ҳақида сўз юритар эканмиз, ушбу фикрларимизни газетхонга айтиб ўтгимиз келди: газетага вирус тушмайди ва у батарея билан ҳам ишламайди. Нима бўлганда ҳам, газета йиртилиши, чўкиши ёки намланиши, ёниши мумкиндир. Бироқ унга қасд этилмаса у йўқ бўлиб кетмайди. Смартфон ёки компьютерда янги­ликларни ўқиётганингиз янг­лиғ, у сизни бошқа илова ва хабарномалар билан дои­мий чалғитмайди. Чунки улар қоғозда эмас.   Интернетда жуда кўп сохта янгилик­лар мавжуд ва газета ҳар доим тасдиқланган маълумотларни тақдим этади. Таҳлилни сиз фақат газета саҳифаларидан топиб ўқишингиз мумкин бўлади.   Биз бугунги интернет босқинларига қарамай, дунёда ҳар куни минглаб, миллионлаб газеталар чоп этилаётганидан хабардормиз. Ҳолбуки интернет деганлари АҚШ, Буюк Британия, Япония ёки Хитойда Ўзбекистондагига қараганда анча тезкор. Ишонмасангиз уларнинг кундалик газеталари ададига эътибор қаратинг.

Буюк Британиянинг 66 миллиондан ошиқ аҳолиси бор. Уларнинг энг донг таратган “Guardian” газетасининг кунлик адади эса 204 минг 222 донадир. Бизнинг энг нуфузли газетамизни ва 34 миллион аҳолимизни таққослангу ўртадаги тафовутни ўзингиз чамалаб олаверинг. Бу газета 1821 йилдан буён нашр этиб келинади. Газета 2014 йилда Пулицер мукофотини ва 2006 йилда дунёда энг яхши дизайнда чоп этиладиган газетаси мақомини олган. У ўзининг интернет кўриниши ва сайтига энг кўп одамлар ташриф буюриши билан   дунёда бешинчи, Анг­лияда эса биринчи ўринда туради.

Нью-Йоркда чоп этиладиган “The Wall Street Journal” газетаси ҳар куни 2 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилади. Бизда илму маърифат юксак чўққиларга кўтарилган XVII асрда бу шаҳар эндигина барпо этилган эди. Бугун дунёнинг энг муҳим иқтисодий, молиявий, сиёсий ва маданий марказига айланган Нью-Йоркдаги ушбу газета Европа ва Осиёда ҳам нашр этилади. Газета 1889 йилдан буён газетхонлар қўлига етиб боради. Пулицер мукофотини 30 бор қўлга киритган. Газетада энг муҳим иқтисодий, ижтимоий, сиёсий муаммолар кўтариб чиқилади. Газета 96 га яқин бетни ташкил этади. Кунлик кирим 191 000 АҚШ долларидан иборатдир. “The Wall Street Journal” Қўшма штатлардаги энг йирик тиражда чиқаётган газета саналади.

“The New York Times” — “Нью – Йорк вақти” Американинг кунлик газетаси 1851 йил 18 сентябрдан журналист ва сиёсатчи Генри Жарвис Рэймонд бошчилигида чиқа бошлаган. Мамлакатда ададининг кўплиги жиҳатдан учинчи ўринда туради. Веб-сайти эса бутун дунё­­да энг оммавий янгиликлар сайти бўлиб, унга ойига 30 миллион одам ташриф буюради. “Нью-Йорк таймс” нашри “Ҳар бир янгилик чоп этишга лойиқдир” деган шиор билан чиқади. Ушбу шиор 120 йилдирки газетанинг бир бурчагида ҳамманинг   эътиборини тортиб турибди.

Вақти билан жуда кўп газеталар ўз ҳажмини ўзгартирдилар. Фақат “Нью-Йорк таймс”гина ўзининг катта ҳажмини ва ранглилигини сақлаб қолди. Мамлакатда фуқаролар уруши авжига чиққан пайтда газета офисига ҳужумлар уюштирилган.

Ушбу газета оддий кунлари 600 минг, якшанба кунлари 1 миллион 100 минг тиражда чоп этилади. Бу газета тиражи бўйича АҚШда иккинчи ва дунёда 39 ўринда туради. Газета 117 марта Пулицер мукофотини олган.

“Asahi Shimbun” Япониянинг миллий газетасидир. У эрталаблари 7 миллион 96 минг, кечқурун 3 миллион 100 минг тиражда чоп этилади. У энг йирик ва энг қадимий газета бўлиб, 1879 йилдан буён чоп этиб келинади. У 14 та ахборот агентликлари хизматларидан фойдаланади. Якшанба кунги сонида “Нью-Йорк таймс” газетаси ҳам илова қилинади. Газетанинг номи “Тонг қуёши” деган маънони англатади. Газета тўрт саҳифадан иборат.

Одатда кўплаб одамларда ҳиндистонликларга нисбатан кўчада яшайдиган қолоқ бир миллат сифатида қараш шаклланган. Бироқ бу мамлакатнинг энг нуфузли ва энг кўп ўқиладиган газеталаридан бири инг­лиз тилида ҳар куни чоп этиладиган “Times of India” газетасидир. Газета 1838 йилдан буён Ҳиндистоннинг 10 та регионида нашр этилади. У нуфузи ва ўқувчилари сонининг кўплиги жиҳатдан Ҳиндистонда учинчи ўринда туради. Газета ҳар куни 3 миллион 321 минг ададда чиқади. ББС хизмати “Times of India”ни дунё­даги энг яхши олти газетанинг бири деб ҳисоблайди.

Бугун Хитой маҳсулотлари ҳаммамизнинг хонадонимизда биз билан яшаяпти.   Унинг инглиз тилидаги “China Daily” газетаси бўлиб бутун мамлакатда чоп этилади. Кунлик тиражи 500 мингдан ортиқдир. Унинг хизмат офислари Нью-Йорк, Лондон, Вашингтон, Гонгконг ва Европада бор. Газета 1981 йилдан инглиз тилида, 1995 йилдан буён эса инг­лиз, хитой ва француз тилларида нашр қилинади. Газетада Бутун дунёдаги хитойликлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ материаллар бериб борилади.

Навбатдаги йирик газеталардан бири бу Авс­тралиядаги кундалик “Тhe Sydney Morning Herald” газетасидир. Газетага 1831 йилда асос солинган. У миллий янгиликлар брендидир. Газета одатдаги кунлар 766 минг ва шанбада 1 миллиондан ортиқ тиражда чоп этилади. Унда танқидий руҳнинг устуворлиги ва бу жиҳатдан ўзига хослиги кўзга ташланади. Газета асос солингандан буён тўхтовсиз нашр қилинмоқда. 25 миллион аҳолиси бор миллат учун ҳар куни битта газетанинг бир миллион атрофида чоп этилиши таҳсинга лойиқдир.

“Аргументы и факты” — Россиянинг халқаро миқёсда донғи чиққан газеталаридан бири бўлиб, минтақасига қараб 32 саҳифадан 64 саҳифагача чоп этилади. Газета 1978 йилдан буён газета кўринишида чоп этилади. Адади бугунги кунда 1 миллион 500 минг. 1990 йилда газета энг кўп ададда чиқаётган газета сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган. Ўша пайтда газетанинг адади 33 441 100 нусхада чиққан. Газета фақат адади сабаб Гиннеснинг рекордлар китобига кирган бўлиши мумкин. Бироқ ушбу ададга шунчаки пойга ўйнаб етиб олмаганлиги аниқ. Газетанинг 66 та таҳририяти Рос­сияда, 16 таси эса хорижда жойлашган.

Газета 1978 йил январь ойидан чиқа бошлаган бўлса, ўзининг мазмун-мундарижасию, ташқи дизайнларини бир неча бор ўзгартирган. Лекин унинг ўқишлилиги, савияси, ҳаёт томирларига тўғри туша олиш салоҳияти ўзгаргани йўқ. У шу пайтга қадар Россия газеталар ичида ҳажм нуқтаи назаридан лидерликни қўлдан бой бермаган. Газета ҳамон 60 дан ортиқ мамлакатга тарқалади. Битта сонини тахминан 4,5 миллион одам ўқийди. Сайтига эса ҳар куни 28 миллион одам ташриф буюради.

Испаниянинг “Эл-Мундо” испан тиллилар орасидаги энг шуҳратга бурканган газеталаридан саналади. У 1989 йилдан буён чоп этилади. Унинг кунлик тиражи 330 мингни ташкил этади. Газета Ироқдаги урушни қўллаб-қувватлагани учун Испания премьер министри Аснарни қаттиқ танқид қилган эди. У Италия ноширлик компаниясига тегишли. Газетанинг сотувдаги нархи(бир донаси) 1,7-2 евро туради. Бош офиси Мадридда жойлашган.

“Washington Post” — Вашингтонда чоп этиладиган кундалик газета бўлиб, 1877 йилдан буён Америка аҳлига хизмат қилади.   “Washington Post” газетаси ўз материалларида миллий сиёсатга алоҳида урғу беради. Газета оддий иш кунларида 545 минг 345 дона, якшанбада 764 минг 666 нусхада чоп этилади. 2013 йилда газетани дунёнинг энг бой одамларидан бири Жеф Бэзос 250 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди. Газета ўз фаолияти давомида жуда кўп сиёсий рақобатларга аралашган. Ҳатто 1972 йилда Уотергейт можароларида “Washington Post” муҳим роль ўйнади, натижада президент Ричард Никсон истеъфога чиқди.

Мана дунё газеталари об-ҳавоси, хулоса эса ўзингиздан. Бугун фарзандингизнинг қўлига битта газета ё журнални тутаркансиз, унинг қалбига қуёшни етаклаб кирасиз ва у болангиз қалбида яшаб қолади, ҳаёт йўлини ёритади. Дунёда миллионлаб одамлар газета сотиб оладилар. Уларнинг ҳам мақсади битта — қуёшни сўндирмасликдир. Зотан, қалб ботқоқликларини қуритиш, тафаккуримизга қуёш билан бирга майин шабаданинг кириб келиши ҳам бор гап. Қуёшимизни ўз қўлимиз билан сўндирмайлик!

Ўзимизда, жонажон юртимизда ҳам “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати”, “ Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”), “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”), “Шарқ юлдузи” каби нашрлар уч юз мингдан саккиз юз минг нусхагача чоп этилган.

Тўғри, бу ҳозир эмас, анча йиллар олдин…

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − thirteen =