Кўнгилдан тўкилган сатрлар

Мен ҳаётда, жамиятда ўз ўрнимни топа олдим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолиятим давомида атоқли адиблар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Улардан сўз сеҳрини ўргандим. Сўнг “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида 30 йилдан кўпроқ ишладим. Журналист сифатида фаолиятим даврида кўп воқеалар иштирокчисига айландим. Кимларнингдир мушкулини осон, оғирини енгил қилиш учун қўлимдан келганича ёрдамимни аямадим. Ўша давр хотираларини кичик-кичик мақолаларда акс эттиришга ҳаракат қилаяпман. Шундан бир шингилини сизларга улашгим келди.

Ҳаёт, умр… Пурмаъно сўзлар. Ҳар иккиси бебаҳо, беназр асл неъмат. Лекин ҳаётнинг ҳам, умрнинг ҳам ўзига хос ва ўзига мос залвори бор. Бу бировга енгил, бировга эса оғир. Гоҳида завқли, гоҳида қайғули, гоҳида жўшқин, гоҳида сокин. Аслида эса ҳаёт ширин. Тириклик, яъни одам бўлиб дунёга келмоқ бу катта бахт, омад деса бўлади.

Лекин одамнинг ҳаёт деб аталмиш неъматдан баҳра олиши, улғайиши, униб-ўсиши, ўз ўрнини топиши — бу иккинчи олам. Бунинг учун инсон изланиши, интилиши, меҳнат қилиши зарур. Болаликда ота-она бағрида улғайиб, уларнинг ўгит, маслаҳатларига қулоқ тутиб, кўпчилик ёшлар ҳаёт йўлининг харитасини чизиб олади. Бунга, айниқса, ҳозирги кунда Президентимиз йигит-қизларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, яратилаётган шароит туфайли жуда катта имконият пайдо бўлмоқда. Ўқийман, изланаман, меҳнат қиламан деган одамга барча шароитлар яратилган.

Болалигим, ёшлигим, жуда гўзал манзаралар бағрида ўтди. Тахтапулда канал қазилиши, шаршара қурилиши, боғ ичидаги атиргуллар, сув бўйидаги мажнунтоллару жийдазорлар, эҳ-ҳе, қай бирини айтасиз. Боғ ичидаги турли хил рангдаги атиргулларнинг ифори дилни яйратарди, тилни сайратар эди. Болалигимдан санъатга ошуфта бўлганим учун боғ ичи йўлимиз бўлганидан доимо қўшиқ хиргойи қилиб юрардим. Тонг маҳали эшигимиз олдига ёки канал бўйидаги йўлни супуриб сув сепганимда Иззат Султон, Миртемир, Ойбек, Ҳамид Ғулом, Саид Аҳмад каби алломаларнинг сайр қилиб юришганида рўбарў келиб қолардим. Яна ўша пайтлар маҳалламизнинг кўрки бўлган Сафо қори, Шукур қори, Файзулла қори каби отамнинг дўстлари бомдод намозидан қайтишарди, йўлдан ўта туриб сув сепилган жойда оёқларини қоқишарди. Бу воқеаларни кечагидек эслайман.

Ҳа, ўша пайтлар бунчалик гўзал ва кўркам манзарали жой бошқа ҳеч қаерда йўқ эди. Шу гўзалликка маҳлиё бўлиб ёшлигим ўтганини ҳам сезмай қолдим чоғи, пойтахтдаги 22-ўрта мактабни олтин медал билан тугатдим. Ўша пайтда мен ва Абдусалом деган болани Москванинг МТУсига юборадиган бўлишди, ота-онам аввалига рози бўлишди. Имтиҳонлар шу ерда Политехника институтининг қурилиш факультетида ўтарди. Учта имтиҳонни топшириб бўлганимда уйдагиларнинг фикри ўзгарди. Бормайсан дейишди. Кейин билсам бу ҳам Аллоҳнинг амри экан. Кўп ўтмасдан отам вафот этдилар. Ўшанда катта Ғафуржон акамнинг 39 ёшида юрак хуружидан ўлганига эндигина 8 ой бўлганди.

Ўқишга бормайдиган бўлганимдан сўнг уйда ўн-ўн беш кун қолдим. Кейин адабиёт ўқитувчимиз Мираҳмад ака маслаҳатига кўра, Ёзувчилар уюшмасига иш сўраб бордим. Омадим бор экан. Дастлаб синов муддати билан Рамз Бобожон қабул қилдилар. Синов муддати тугамасдан бир кунлик пахта теришга бордик. Ўшанда тушликка қадар 75 кг. пахта терганимни эълон қилишганда Зулфия опанинг “Рамз Носирович, меҳнаткаш қиз экан, шу дала шийпонида ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқаринг”, дедилар. Шу бўлдию уюшмада меҳнат фаолиятимни бошладим. Назаримда мендан бахт­­ли одам йўқ эди. Ўқувчилик давримда озми-кўпми шеърлар машқ қилардим. Ҳатто болалар газетасида бир неча марта чоп этилганди.

Менга академик Бахтиёр Назаров таъбири билан айтганда, ижодий муҳит масаласида ҳаммага насиб этавермайдиган омад кулиб боққани рост. Ёшлигимдан наинки тенгқурларим, ҳатто танилиб қолган ёзувчи ва шоирлар ҳам ўша пайтларда орзу қилиб юрган юртимизнинг Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Асқад Мухтор, Миртемир, Комил Яшин, С.Бородин каби забардаст адиблари билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлиш насиб этди. Атоқли адиб Ҳамид Ғуломга котибалик қилган вақтим кичкина хона қилиб беришгани эсимда. Маслаҳатчилар хонасида Азиз Абдураззоқ, Носир Фозилов, Шотурсун Ғуломов, Миртемир ака каби ўнга яқин киши ўтиришарди. Шу боис Саи­да Зуннунова уйга телефон қилиб Нодирадан хабар олиш учун кўпинча ёнимга келиб сим қоқардилар. Опанинг ҳурматини жойига қўйишга ҳарчанд уринмай, барибир баъзан худди тенгдош дўст-дугоналардек муносабатда бўлардик. Чунки уюшмада ишлайдиган хотин-қизлар саноқли эди. Шу боис, опа мен билан кўп мулоқот қилардилар. Гоҳида онамдек маслаҳат қилсалар, гоҳ устоз сифатида ўгит берардилар. Баъзан дугонамонанд сирларини ҳам баҳам кўрардилар.

Ҳаёт, оила, турмуш учун кишига нимаики зарур бўлса, уларнинг аксариятини дастлаб онамдан, қолганини Саи­да опадан ўрганганман. Баъзан тушлик пайтлари Музайяна опа, келиб суҳбатимизга қўшилардилар. “Барча аёллар садоқат ва матонатни сизлардан ўргансин”, дердилар олима онахонимиз Саида ва Зулфия опага. Энди ёшим улғайганда тез-тез ўша лаҳзаларни ёдга оламан. Ўша пайтлар денгиз тубидан дур териб қалбим тубига жойлаганимга иқрор бўламан. Ҳали-ҳануз Шуҳратнинг “Шинелли йиллар”, Ҳамид Ғуломнинг “Тошболта ошиқ”, Одил Ёқубовнинг “Муқаддас” каби кўплаб асарларини қўлёзмадан кўчирганимни эслайман. Ўша пайтлар уюшмада ўтказиладиган ёш ижодкорлар семинари ёдимга тушади.

Семинар икки ҳафтада бир маротаба бўларди, Миртемир ака раис эдилар. Камина котиба. Ўша пайтлар 1-Май кўчаси, 20-уйда жойлашган уюшма биносининг иккинчи қаватида катта зал ва ойнавандли айвон бўларди. Семинар иштирокчиларининг асосий, келиши шарт бўлганларнинг рўйхат дафтарини, юргизиш зиммамда эди. Улар Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Сайёр, Тўлқин Имомхўжаев, Тўлқин Илҳомов, Анвар Исроилов каби номи тилга тушганлар эди.

Семинарга тақдим этилган ҳикоя ё шеърларни бироз аввалроқ устозлар қўлига тутқазардим. Бундан ташқари, ушбу тадбирга А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Ойбек, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Шуҳрат каби адабиётимизнинг энг таниқли алломаларини таклиф қилишдан чарчамасдим. Устоз адиб ва шоирлар фикр­ларини самимий, хоҳ танқидий бўлсин, хоҳ мақтов билдирар эдилар. Кўп ҳолларда қизғин мунозара беш, олти соатга чўзиларди. Шунда ҳам устоз ёзувчилар Миртемир ака кўпинча ёш ижодкорларга ғамхўрлик кўрсатарди. Ўшанда Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов ҳикоялари ҳақида Абдулла Қаҳҳор айт­ган фикрлар, ёки Ғ.Ғулом, Асқад Мухтор, Шуҳратнинг Эркин Воҳидов, Анвар Исроилов шеърлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари уларни парвозга шайлаган бўлса не ажаб.

Ишга олтмишинчи йилнинг октябрь ойида кирган бўлсам, декабрь ойида университетда филология факультети қошида кечки журналистика бўлими очилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Бу ҳам омадим эди. Кундузи ишлаб, кечқурун ўқишга борардим. Кундузи меҳнат ғурури, кечқурун талабалик сурури. Яна юқорида қайд қилганимдек адабиёт сарбонлари билан бир жойда ишлаш… Саида опа билан деярли ҳар куни тушликда бўладиган мароқли суҳбатлар. Айниқса, ўн беш кунда бир марта семинар қатнаш­чиларини махсус дафтарга таъкидлаб қўйиш, тадбирни қизиқарли, сермазмун ўтишини, ёш ижодкорлар, ўша пайтда мунтазам қатнашадиган талабаларнинг олам-олам таассурот олишларига эришиш – буларнинг бари меҳнат фаолиятим дафтарига олтин ҳарфлар билан ёзилиб борганини ҳамон ҳис қиляпман.

Нафақат ёшликнинг балки ёшинг улғайганида ҳам умр тезоқар дарё эканини кўпроқ ҳис қиласан, киши. Шундай пайтларда ортга бир қараб, ўша бир пайтлар чизган харитага кўз югуртирасан. Қанчалик бажара олдим дея ўзингга савол берасан. Кимдир қониқади, кимдир қониқмайди. Кимдир бахтли, шодон. Кимдир… Нима бўлганда ҳам қилинган ҳаракат, мақсад сари интилиш зое кетмайди. Шукр қиласан. Умр дафтаримни варақлар эканман ўша уюшмадаги фао­лиятим, семинар қатнашчиларининг рўйхат дафтари ва устозлардан олган сабоқларим, кўчирган қатор асарларнинг Миртемир ака тили билан айт­ганда “қаймоғини” тотиганим олтин саҳифаларга битилганини ўқийман. Яна ва яна шукроналар айтиб, кейинги олтин саҳифаларни излашга тушаман. Улар ҳали албатта топилгуси. Иншооллоҳ.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

меҳнат фахрийси

 

Таҳририятдан: фахрий журналист Муқаддас Абдусаматованинг қилган меҳнатлари зое кетмади, у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ҳамда I-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75-йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ватан учун яшайлик” 9-Республика ижодий кўрик-танловида “Уйғоқ туйғулар” китоби рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди.

М.Абдусаматова шу кунларда фарзандлари, набиралари бағрида кексалик гаштини суриш баробарида Республика бувижонлар мактаби кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритмоқда. Шунингдек, назм, наср ва публицистикани қамраб олган “Умр лаҳзалари”, “Она меҳри”, “Фазилатим фозилалигим”, “Умр ипга терилган маржон”, “Ортда қолган излар” ва “Сайланма” китоблари чоп этилган.

 

Суратда: чапдан: Ғафур Ғулом, Уйғун, Комил Яшин, Ойбек, Зулфия, Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом,  Мамарасул Бобоев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =