Кутубхоначиларнинг ҳам ўз формаси бўлса…

Ушбу мақолам аслида кутубхоначилар, яъни бугунги атамадаги Ахборот-ресурс маркази мутахассислари ҳақидаги мавзу бўлса-да, аввал кутубхоналар ҳақида бироз тўхталишни лозим топдим.

Кутубхоналар нурхонага қиёсланади. Чунки қадим-қадим замонлардан кутубхоналар маънавият ва маърифат ўчоғи саналиб, инсонлар доим китобга интилиб яшаб келган. Шу боис, ҳар қандай мамлакатда кутубхоналар доим жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлган ва уларнинг мавжудлиги туфайли қадимий қўл­ёзмалар, босма китоблар, тарих ва тарихий шахслар ҳақидаги манбалар то бизнинг давримизгача келажак авлодларга   етказилиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ахборот технологиялари ва техниканинг жадал ривожи туфайли кутубхоначилик соҳасида янгидан-янги ўзгаришлар ва юксалишларнинг бўй кўрсатаётгани келажак авлоднинг янада билимли, маънавиятли, маърифатли, маданиятли бўлиб етишишларига хизмат қилмоқда.

Қувонарлиси, сўнгги йилларда юксалишлар сари одимлаётган мамлакатимизда Президентимизнинг ташаббуси билан китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқиш ва интилишларини янада кучайтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борада барча кутубхоналар тезкор интернет тизими билан таъминланиб, Wi-Fi ҳудудларининг ташкил этилаётгани китобхонлар сонининг ошишига хизмат қилмоқда. Китобхонлар, айниқса, келажак авлод нафақат тўғридан-тўғри буюк алломалар, олимлар ва адабиёт намояндалари асарлари билан, балки жаҳон илм-фани ва адабиёти билан ҳам танишиб, уларни ўрганиш имкониятига эга бўляптилар.

Бундан ташқари, Президентимизнинг тегишли фармони билан республикамиздаги барча ахборот-кутубхона марказларининг пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ахборот-ресурс маркази таркибига киритилиши бу соҳада янада катта ўзгариш ва янгила­нишларга имконият яратди. Натижада, узоқ вилоят ва туманлардаги ҳамда таълим масканларидаги кутубхоналарга янги чоп этилган турли сиёсий ва ижтимоий, бадиий адабиётлар етиб боришига, уларни замонавий зиё масканларига айлантирилиб, электрон тизим орқали назорат этилишига эришилди.

Аммо биз доим кутубхоналар, уларнинг захираси, китобхонлик ва   соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида гапирамизу, негадир ана шу кўпсонли китобхонларга беминнат хизмат қилиб келаётган нурхона соҳибаларини кўпам тилга олавермаймиз ёки уларнинг меҳнатини унутиб қўямиз. “Сув келтирган хору кўза синдирган азиз” дея бежизга айтишмаган экан-да. Кутубхоначи ва китобхонлар ўртасидаги масала эса китобхоннинг кутубхонадаги китоблар ва маълумотлар орасидан ўзига керакли китоб ёки ахборотни излаб топиши билан боғлиқ.

— Кутубхоначининг иши масъулиятли, мураккаб ҳамда шарафлидир, – дейди пойтахтдаги 96-сонли умумтаълим мактаби кутубхоначиси Шаҳноза Рўзиева. – Кутубхоначи нафақат китобхонларни, ўқувчиларни кичик тиражли тарбиявий аҳамиятга эга бўлган манбалар, ибратли асарлар, ҳикоялар ва эртаклар олами билан ҳам таништира олиши, шунингдек, электрон кутубхона ва база билан ишлай олиши, электрон китоб ва керакли сайтларни топишда кўмаклаша олиши ҳам лозим. Чунки бугунги кунда замонавий кутубхоначи нафақат интернет тизимининг моҳир фойдаланувчиси, балки у кутубхона қидирув тизимларини ҳам яхши тушуна билиши керак. Аммо мени доим бир савол қийнайди!? Нега кутубхона ходимларининг алоҳида махсус иш либоси йўқ? Ахир деярли барча касб ходимлари ўз махсус либосларига эга-ку. Жумладан, шифокорлар, ўқитувчилар, солиқ ходимлари, транспорт, ҳатто ободонлаштириш ходимларининг ҳам ўз махсус кийимлари бор. Уларни кўришингиз билан қайси касб эгаси эканлигини дарров фаҳмлаб оласиз. Кутубхоначилик соҳасида эса негадир кутубхоначиларнинг те­гишли либосда бўлишлари эътиборга олинмаган!?

Тўғри, таълим масканларида кўпи билан икки нафар кутубхоначи фаолият кўрсатиши мумкин. Лекин Республика миқёсида ҳамкасбларимиз катта салмоқли сонни ташкил этади-ку!? Агар биз ҳам ўз тадбирларимизда, семинарлар, учрашувлар ва танловларда ўз расмий формамизда бўлсак, албатта мақсадга мувоффиқ бўлар эди.

Ҳа, ўйлаб кўрилса, бўладиган таклиф, шундай эмасми? Шаҳноза айтганидек, кутубхоначиларнинг ҳам ўз формаси бўлиши касб соҳибаларининг умумийликка сингиб кетмасдан, алоҳида касб сифатида кўзга ташланишларига, ўз касбларига нисбатан фахр-ифтихор туйғулари ила янада масъулиятли бўлишларига ундаши бор гап.

— Кутубхоначиларнинг албатта, ўз расмий формаси бўлишининг мен ҳам тарафдориман, – дей­ди Жиззах вилоят Болалар кутубхонаси раҳбари Анвар Йўлдошев. – Халқ таълими аълочиси сифатида тизимда фаолият кўрсатаётганимга 20 йилдан ошди. Раҳбарлигим остида фаолият кўрсатаётган 50 нафар ходимнинг кийиниш маданияти китобхонлар билан муносабатида алоҳида ўрин тутади. Қолаверса, ушбу соҳада яна баъзи муаммолар ҳам борки, уни айтиб ўтмаса бўлмас.

Таъкидлаш жоизки, республикамизда туманлар ва шаҳарлардаги Ахборот-ресурс марказлари (АРМ) тугатилгач мавжуд 10 минг 9 та умумтаълим мактабларидаги кутубхоналар услубий ёрдамсиз қолди. Натижада ҳудудий болалар кутубхоналари билан мактаб кутубхоналарини боғлаб турувчи ришта узилди. Сабаби, тугатилган АРМлар туманлардаги мактаб кутубхоналарига услубий ёрдам кўрсатиб келарди. Шу соҳанинг мутахассиси сифатида бугунги кунда уларнинг узвий ҳамкорлигини таъминлаш учун кутубхоналарни битта тизимга бирлаштириш лозим. Яна, маълумоти ва мутахассислигидан қатьи назар ходимларнинг маоши ҳам бир миқдорда эканлиги ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Марям АҲМЕДОВА

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти “Инсон манфаати — тараққиёт пойдевори” лойиҳаси асосида чоп этилмоқда. (С/13)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 2 =