Навбат кўп жойларда… китоб жавонлари қўйиш керак

Яқинда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги оилавий поликлиникалардан бирида тиббий кўрикдан ўтишимга тўғри келди. Поликлиника йўлакларида болали аёллар билан бирга кекса ёшдаги нуронийлар ҳам диққат бўлиб навбат кутиб туришарди.

Йўлакда одамлар гавжумлиги боис, вақтим зое кетмаслиги учун кейинги хона томон йўналдим. У ерда ҳам шифокор ҳузурига кириш учун беморлар сони ниҳоятда кўп экан. Табиийки, албатта кутиш керак, ўзга чора йўқ. Аммо бугун навбатим келиши қийинлигига кўзим етгач, қайтиб кетдим. Эртаси куни келсам ҳам шундай нохуш ҳолат такрорланди.

Минг афсуски, тиббиёт муассасасидаги айрим бетоқат ва жаҳлдор беморлар навбат талашиб, бир-бирларининг шаънига нолойиқ ва ҳақоратли сўзларни айтишганига ҳам гувоҳ бўлдим. Табиийки, бундай пайтларда атрофдаги ёш болалар катталардан ибрат олишади ва бундай ҳолатлар уларнинг психологиясига салбий таъсир этмай қолмайди.

Атрофга эътибор қаратсам, шифокор ҳузурига навбат кутиш билан вақти беҳуда ўтаётган ёшлар ҳам бор. Савол туғилади. Навбат кутиб турган ёшларнинг қимматли вақтини самарали ташкил этиш мумкин эмасми?

Поликлиника фойеси ва дахлизларида китоб жавонлари бўлса-ю, қимматли соатларини йўқотаётганлар, хуноб бўлмасдан мутолаа лаззатидан баҳраманд бўлишса…

Баъзан оғриб турган бемор инсонга китоб, газета ёки журнал ўқиш малол келиши мумкин. Аммо ҳамонки кутишдан бошқа имкон йўқ экан, вақтни кўкка совуриб, асабни бой бергандан кўра, тафаккурни чархлаш афзал эмасми?

Бугун “мажбурий обуна” масаласига чек қўйилиб, газета, журналларга корхона-ташкилотларда фаолият олиб борувчи ходимлар ўз хоҳиши билан ихтиёрий равишда обуна бўлишмоқда.

Мазкур поликлиникада ишлайдиган ҳамшира билан суҳбатлашганимда, куйиниб гапириб қолди: “Раҳбариятимиз ўтган йили газета ва журналларга энди “топшириқ билан” обуна қилинмаслигини айтишган эди. Шу боис биз ўтган йил ҳеч бирига обуна бўлмадик. Илгари иш орасида газета, журналлар ўқиб, фикримизни бойитардик, ўз ўрнида ўқиганларимизни фаолиятимизда ҳам қўллар эдик. Обуна бўлмаганлигимиз ўрни ва таъсири жуда сезилди. Охири бўлмади. Бу йил мен ўз истагим билан севиб мутолаа қиладиган “Ишонч”, “Ҳуррият”, “Даракчи” газеталари ва “Ҳамшира” журналига обуна бўлдим. Ўзим ўқиб бўлганимдан сўнг, албатта фар­зандларим ҳам ўқишмоқда. Баъзилар интернет тармоғидан янгилик­ларни тез билиб олинг, газета ва журнал ўқишинг шарт эмас, дейишади. Менимча, газета ва журналларнинг ўрнини, таҳлиллар ва фикр берадиган мақолаларнинг ўрнини ҳеч нима боса олмайди.

Шу сабабли одамлар навбат кутадиган жойларда мутолаа учун нашрларни ташкил этиш зарур. Буни шаҳар, туман ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, маънавият ва тил бўйича маслаҳатчилари қатъий назоратга олса, нур устига нур бўлар эди.

Айтадиларки, ўқимаган инсон бўш хумга ўхшайди. Суҳбатидан на бир маъно ва на бир мазмун оласан. Аксинча, мутолаа билан банд авлоддан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Минг афсуски, охирги пайт­ларда интернет тармоқлари, телефон алоқаси ривожланган сари китоб ва босма нашрнинг ўрнига қандайдир дахл қилингандай таассурот уйғонмоқда. Аммо маънавият дунёсининг бойиши учун китобдан афзалроқ устозни топиш мушкул.

Ўтган ойда оилам билан Пскентдан Тошкент шаҳрига кўчиб келдик. Фарзандларим ҳамсоямизнинг уйига чиқиб, тўрт бола ўйнайдиган катта компьютер жамланмалари борлиги ҳақида айтишди. Бошқа кунлари ҳам ўша қўшнимизникига тез-тез чиқадиган бўлиб қолишди.

Ўйлаб қолдим, демак, оилада ота-она фарзандини болаликдан китоб ўқишга меҳрини уйғотиш учун масъул ва жавобгар экан. Ота-оналар дилбандларига ўз уйида ҳам вақтларини мазмунли ўтказиши учун фақатгина компьютер ўйинларинигина эмас, умрининг охирига қадар билим ва маънавий тафаккур бера оладиган китоблар ўқишга меҳр ва муҳаббат уйғотса фойдали бўлар экан. Шу кундан бошлаб уларнинг қизиқишларига мос турли китоблар сотиб олишга ҳаракат қилаяпман.

Албатта ҳаётда турли тоифадаги инсонлар бор. Менинг бир қўшним бор. Мендан кўпинча китоб сўрайди. Ундан “Мутолаага шунчалик қизиқасизми, деб сўрасам, “Китобсиз бир кунимни ҳам тасаввур эта олмайман, маошимнинг ярмини китоб сотиб олишга сарфлайман”,—дейди. Бу оилада камол топаётган фарзандларнинг ҳам нигоҳлари ўткир ва ўзлари самимий эканига гувоҳ бўлдим. Зеро, китоб кирган уйга нур кирар экан.

Бу борада ҳам дунё тажрибаси бизга кўп нарсалар беради. Масалан, Германиядаги йирик шаҳарларнинг кўчалари четида телефон буткалари бор. Лекин мобил алоқа хизматининг кескин ривожи туфайли ҳозирда улардан фойдаланилмайди. Буни қарангки, узоқни кўзловчи немислар уларни китоб жавонларига айлантиришди. Эндиликда йўловчилар телефон будкаларидан ўрин олган китоб, газета ва журналларни олиб мутолаа қилишади ва кейинги учраган будкада қолдириб йўлда давом этишади.

Яқинда Тошкент вилояти, Пс­кент туманига қарашли 8-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Марҳабо Абдураҳимова билан суҳбатлашиб қолдим. Бугун мактабимизда ўқувчилар китоб ўқишга жуда қизиқиш­лари ошганини айтиб қолдилар.

“Ўқувчиларимиз кутубхонамизга ҳар куни китоб олишга келишади ва мендан “фалон китоб борми, менга топишга ёрдам беринг”, деб илтимос қилувчилар сони жуда кўпайган. Бундан мен ҳам жуда хурсанд­ман. Афсуски, энг янги китоблардан доим тақчилликлар кузатилади. Мен шуни ҳам фахр билан айтмоқчиманки, яқинда мактабимиз кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоларидан бири 40 дона китоб совға қилди. Журналистлар уюшмаси эса келгуси ойда янги ўқув йили учун биз истаган яна 50 та турли китоблар туҳфа қиладиган бўлишди. Албатта, бу билан ки­тобга бўлган талабни тўлиқ қондириш мумкин эмас. Аммо шундай жараённинг бошланганининг ўзиёқ бизга катта мадад ва кўмакдир”.

Дарвоқе, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг янги раҳбарияти чекка ҳудудларимиздаги мактаб кутубхоналари учун маънавий хазина ҳисобланган китобларни тақдим этиб бораётган қалам аҳлини ўз сайтида намуна сифатида ёритиб боришни ва уларни ўзини ҳам рағбатлантиришни асосий мақсад қилиб олибди. Токи, бу яхши ибрат минглаб қаламкашларимиз томонидан амалга оширилса, юртимиз маънавий хазинасига ўзгаришга олиб келиши муқаррардир.

Лобар Шомуродова,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =