Сайлов қачон бўлишини олдиндан билмайдиган юрт

Малайзия бугунги кунда иқтисодиёти ривожланиб бораётган, аҳолиси юқори турмуш даражаси билан таъминланган илғор мамлакатлар сирасига киради. Энг муҳими, бу мамлакатдаги тинч кечаётган ҳаёт тарзи чет эллик талабаларни Малайзияда таълим олишга чорламоқда.

Малайзияда таълим тизими икки вазирлик — Ўрта мактаб таълими ва Олий таълим вазирлиги томонидан назорат қилинади. Таълим бўйича асосий қонунчилик акти 1996 йилдаги “Таълим тўғрисидаги қонун”да кўрсатиб ўтилган бўлиб, ушбу қонун ҳужжати дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Малайзияда Буюк Британия колониал тизими даврида, яъни 1816 йилда очилган “Penang Free School” мактаби Малайзия тарихидаги илк мактаб ҳисобланади.

Дастлаб, ушбу мактабларда малай тили умуман юритилмас, ўқувчиларга фақатгина инглиз тилида ўқиш шарт қилинарди. 1970 йилдан бош­лаб, миллий сиёсат асосида ҳукумат инглиз мактабларини малай мактабларига айлантирди. Ушбу ислоҳотлар 1982 йилда якунига етди.

Мактабгача таълим Малайзияда кўпроқ пуллик бўлиб, мажбурий эмас. Шу билан бирга махсус сертификация дастурига эга, биринчи нав­батда, педагоглар болалар психологияси, таълим бериш методикаси ва болаларни парваришлаш дастурларини ўзлаштиришади.

Мамлакатда бошланғич таълим эса мажбурийдир. Билимларни текшириш тестлар асосида олиб борилади. Бу тизим 6 йил давом этади. 1-3 синфгача “Tahap Satu” — биринчи босқич деб, 4-6 синфгача эса “Tahap Dua” — иккинчи таълим даражаси, деб юритилади. Ушбу таълимни болалар 7 ёшдан бошлаб, 12 ёшда тамомлашади.

Ўқувчилар орасида хорижлик ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Мактабларда асосий фанлардан ташқари, бир қатор клублар ва тўгараклар ишлайди, ўқувчилар спорт ва бошқа турли хил йўналишлар бўйи­ча машғулотларга қатнашишлари мумкин. Биринчи синфдан бош­лаб ўқувчи олган билими юзасидан имтиҳон топширади. Бошланғич таълимнинг якунида барча ўқувчилар умумий стандарт тест — “Ujian Pencapaian Sekolah Rendah (UPSR)” топширишади. Тестда ўқувчиларнинг малай ва инглиз тили бўйича билимлари, ҳамда табиий фанлар, математика ва имло қоидалари йўналишида имтиҳон қилинади.

Ўрта маълумот олиш ҳам 5 йил давом этади. Ушбу босқичда ўқиш бироз мураккаброқ сабаби, фанларни яхши ўзлаштира олмаган ўқувчи ўқишдан четлатилиши мумкин. Ўқувчиларнинг ўқишдан ташқари фаолияти қўллаб-қувватланади, рағбатлантирилади. Мунтазам тарзда турли тадбирлар, танловлар ўтказиб борилади. Ўқув курслари якунида ўқувчилар Малайзия сертификатини тақдим этувчи “Sijil Pelajaran Malaysia (SPM)” имтиҳонини топширишади.

Ўқувчилар бир пайтда синхрон равишда нутқ сўзланадиган танловларда қатнашади. Малайзиянинг аксарият мактаб ўқувчилари хореографик элементлар мавжуд бўлган, инглиз тилида айтиладиган “нутқий хор”, деб аталувчи танловда иштирок этади.

Малайзиянинг кўпгина коллеж ва олий таълим муассасалари ўқувчиларни 11-синфни битиргач ўз сафига қабул қилади. 9- ёки 10-синфни тамомлаган чет элликлар бу ердаги халқаро мактабларда 11-12-синф­ларда ўқишлари мумкин. Аммо бунинг учун ўқувчи инглиз тилини ўзлаштирган бўлиши керак, агар тил билиш даражаси етарли бўлмаса, хорижлик ўқувчига қисқа муддатли ўқув курслари таклиф қилинади. Қизиғи, бу ерда 12-синфни ғарб дастурлари асосида тамомлаган ўқувчиларга ғарб шаҳодатномаси берилади.

Ўрта мактабни тамомлаган ўқувчи олдида икки танлов туради — ОТМга кириш учун қўшимча таълимга яна икки йил вақтини бағиш­лаш ёки етуклик аттестатини олиш. Қўшимча таълим учун “Sijil Tinggi Persekolahan Malaysia (STPM)” имтиҳонини топшириш лозим бўлади. Етуклик аттестатини олиш имтиҳони эса бирмунча содда ва осондир.

Олий таълимнинг асосий бўғини ҳукумат томонидан молиялаштирилади. Олий таълим муассасасига кириш учун, юқорида танишганимиздек, ўқувчида етуклик аттестати ёки қўшимча таълим олганлик сертификати — “STPM” бўлиши лозим. Ҳар йили Малайзия университетлари 150.000 дан ортиқ малакали битирувчиларни тайёрлайди.

Малайзияда исломий мактаблар ҳам бор. Бошланғич мактаблар — “Sekolah Rendah Agama (SRA)”, ўрта мактаблар эса “Sekolah Menengah Agama (SMA)”, деб номланади. Яна “Sekolah agama rakyat (SAR)” номли мактаб тизими ҳам фаолият кўрсатади. У ерда талабаларга Ислом тарихи, араб тили фанлари ўқитилади.

Ушбу давлатда Канада, Австралия, Сингапур ва Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли университетлари ўз филиалларига эга.

* * *

Малайзия — Осиёнинг энг кўп миллатли мамлакати ҳисобланади,   Мамлакатнинг фақатгина 50 фоизи туб аҳоли, 50 фоизининг 23 фоизини хитойликлар, 7 фоизини ҳиндлар қолганини эса бошқа миллатлар ташкил этади. Малайзия халқи расман ислом динига сиғинади. Аҳолининг 61 фоизи мусулмонлар бўлиб, қолганлари насроний, будда ва иудизм динига мансубдир.

Бошқа мамлакатлардан фарқли жиҳати Малайзияда қачон сайлов бўлишининг аниқ муддатини ҳеч ким билмайди. Малайзия Конституция­си парламент сайловларини ҳар беш йилда камида бир марта ўтказишни кўзда тутган. Аммо бош вазир истаган пайтда сайлов кунини эълон қилиши мумкин.

Дунёдаги энг катта гул Малайзияда ўсади. Ва бу раффлезия гули Малайзиянинг энг машҳур ўсимлиги ҳисобланади. Унинг диаметри икки-уч метрдан катта. Аммо у гуллаётганда ўзидан сассиқ ҳид таратганлиги туфайли “жасад гул” номини олган.

Бу ерда ит билан ўйнашган одам ўлим жазосига ҳукм қилинади. Малайзия­да итни энг нопок жонивор, деб ҳисоблашади.

Бу ерда ҳамманинг ҳам ошқозони ҳазм қила олмайдиган “мевалар подшоҳи” — дуриан етиштирилади. Аммо унинг ҳиди шу қадар бадбўйки, аксарият ташриф буюрувчиларга уни ўзлари билан олиб юриш тақиқлаб қўйилган.

Малайзия дунёнинг энг бюджети зўр авиалинияли мамлакатдир. “AirAsia” авиакомпаниясининг қизил-оқ рангли самолётлари Осиёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларига парвозни амалга оширади. Бундай парвоз билан манзилга бориб-қайтишни ҳисобга олганда 100 доллар маблағ сарфланади.

Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда дунёдаги энг баланд осмонўпар икки бино — Петронас минораси жуфт ҳолда бўлиб, баландлиги 51,9 метр­ни ташкил этади.

— Мамлакат бўйлаб сафар қилиш учун албатта паспорт керак бўлади.

Малайзиянинг Борнео оролидаги Сабах ва Саравак номли икки штати ўз қонун-қоидаларига эгадир. Бу ерда мамлакат фуқароларидан ҳам паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат талаб қилинади.

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =