Яна баҳор келди…

Яна баҳор келди,

                       яна қалб ёнар,

Яна гул палласи,

                    яна ишқ фасли,

Узоқликлар сари

                    кўнгил толпинар.

Яна ичда жўшар

               ҳисларнинг масти…

 

Уфқлар имлайди,

                 кўк ҳам, булут ҳам,

Гунафша кўзида

                       ёнар жонли ҳис,

Дарахтларга гулдан

                 тож қўйган кўклам,

Ишқим юпатса-чи…

                    йўқ, мендан олис!

 

Ариқларда лим-лим оқади

                                     шўх сув,

Йўқ, сув эмас, оқар жонли,

                                   ҳур қўшиқ,

Боғларни қучган

                         бир олтин уйқу

Ҳар ёнда гўзаллик,

                 ҳар ён бахт тўлиқ.

 

                                             ОЙБЕК

1929 йил, апрель

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − seven =