Қонун бор, ижросини ким таъминлайди?

Ёшим саксондан ошди, фахрий журналистман. Омма орасида юрганимда касбим тақозоси, виждон амри билан кўзимга чалинган, аҳолини қийнаётган масалалар, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятига етишга ҳаракат қиламан.

 

Аслини олганда, мамлакат тараққиётига тўғаноқ бўлаётган муаммоларнинг кўлами юқоридан эмас, балки қуйидан туриб қаралганда яққолроқ кўзга ташланади. Шу боис, аҳоли орасидан акс-садо бериб, янграб чиқаётган овозни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Мамлакатимизда турмуш тарзимизни ўзгартиришга, янгилашга қаратилган давлат манфаатини кўзловчи қатор қонунлар, шу қатори, электр энергия, газ ва бошқа ижтимоий тўлов нархларини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинмоқда. Аммо аҳоли манфаати нуқтаи назаридан қаралганда, шундай муаммолар борки, улар сув остидаги оқим сингари эътиборсиз қолиб кетмоқда.

Мисол учун, қуйида ўзим кузатган бир воқеага эътиборингизни қаратмоқчиман:

Бир аёл фарзанди билан автобусга чиқди. Афтидан улар мактабга шошилишяпти. Бир неча бекат ўтиб тушишадиган бўлди. Аёл йўлкира ҳақини ҳайдовчига узатди. Ҳайдовчи дағаллик билан: “Йўл ҳақи етти ёшдан тўлиқ тўланади”, деган эълонни ўқимадингизми,” деб кесатди. Ноқулай аҳволга тушган аёл: “Бор йўғи икки бекатга ҳам, йўналишнинг бошидан охиригача ҳам, каттага ҳам кичкинага ҳам бир хил тўлов экан-да”, деб яна чўнтак ковлади…

Бу ҳолат бошқа йўловчиларнинг ҳам эътирозига сабаб бўлди.

Йўловчилар ривожланган мамлакатларда бу масала адолатли, яъни масофанинг узоқ-яқинлигига қараб ҳал этилганини муҳокама қила бошлашди. “Тўғри-да, бу борада инсоф ва адолат бўлиши керак”, деган фикрга келишди. Улар ноҳақ эдими! Бизнинг-ча, ҳақ эди!

Ҳақиқатан, йўналишнинг бошидан охиригача келган одамга ҳам, бир-икки бекат юрганга ҳам бир хил нарх тўлаш адолатдан бўлмас.

Лавозимга янги тайинланган айрим раҳбарлар бир пайтлар: “Пойтахт кўчаларига ўқувчиларни манзилга етказиб қўядиган махсус автобуслар қўйилади”, деб “ҳурматимизни қозонишувди”. Афсуски, улар бу эзгу ишлар қачон, нечанчи йилда амалга оширилишини айтишмаган экан. Энди лавозимига обдон жойлашиб олишди. Балки ваъдаси эсидан ҳам чиқиб кетгандир…

Начора, “Оч қорним, тинч қулоғим”, деб юраверсанг устингдаги кийиминга ҳам солиқ солишади. Аммо буни қарангки, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматини янада яхшилашга масъул идоралар раҳбарлари ҳам жим, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, қабилида юзидан ёғ томиб юришибди. Тўғри, уларнинг болалари енгил машинада мактабга бориб келишади. “Танаси бошқа дард билмас”, деганлари бежиз эмас экан-да. Ҳолбуки, ўқувчилар учун шаҳар ичида қатнайдиган автобуслар хизматини бепул қилишса, бугунги кунда табақаларга ажралган аҳолининг ўртача, ночор, ўрта ночор, ўта ночор яшаётган қуйи табақалари оилаларнинг иқтисодий-моддий манфаатларини ҳақиқатан ҳам ҳимоя қилган бўларди.

Бундан ташқари, ўзига тўқ оилалар фарзандларини шахсий транспортида мактаб ва боғчага обориб, олиб келишади. Аммо гап аҳолининг қуйи, ночор қатлами ҳақида кетяпти. Улар ижтимоий ҳимояга чиндан ҳам муҳтож. Буни кўра-била туриб, аслида бундан кўз юмуш маърифатли арбобларга ярашмайди. Нима қилиш керак? Маърифатнинг бозори йўқ! Бўлганда сотиб олиб берармидик.

Энг ачинарлиси, ночор аҳоли халқимизнинг асосий қисмини ташкил этади. Қандайдир тармоқларга мисл­сиз катта маблағлар ажратилаётган бир вақтда, наҳотки унинг бир қисмини давлатимиз мамлакатимиз фарзандларига ажрата олмаса? Агар сарфлай олсак, ўшанда адолат ўрнатилган бўларди. Аҳоли Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янгича ҳаёт тарзини ўз турмушида кўриб, ўзгаришларга ишониши керак.

Валлоҳи аълам, халқимиз орасида ўта бой, аъло, яхши, шу қатори, ўртача, ночор, ўта ночор яшаётган табақаларга ажралиб бўлди. Бунга ҳам, аслида, ўзимиз сабабчимиз. Бунинг устига, қонунлар ва қарорларга амал қилиниши эскичалигича қолмоқда.

Мана, яна бир бўлган воқеа, ўзингиз ўйлаб кўринг.

Яқинда бир жувон “Сиз кекса журналистсиз, менга тушунтиринг, уч нафар вояга етмаган фарзандим учун ёрдам сўраб туман ижтимоий таъминоти бўлимига ариза билан мурожаат қилгандим. Бир ойдан сўнг “Вазирлар Маҳкамасининг 308-сон қарори, 3-иловасининг “Д” бандига асосан сизнинг 02-12-2020 йилдаги мурожаатингиз рад этилди”, деган жавобни олдим. Турмуш ўртоғим мавсумий ишчи бўлгани учун рад этилибди. Энди кимга мурожаат қилсам бўлади?” — деди. Ҳурматли халқ ҳимоячилари, сиз турли “Темир дафтар”ларни юритаяпсиз, улар қайси табақага мўлжалланган?

Мен муҳтарам мутасаддиларга бир гапни айтмоқчи эдим: мабодо ўзингизни ўша ночор одамлар ўрнига қўйиб кўроласизми? Учта болангиз юпун кийиниб, ёнида ҳатто уч-тўрт минг сўм пули бўлмай мактабга борса, бунинг устига йўловчи ташиш транспортида катталар қатори йўл пули тўлаб юрса, ҳозирги кўпгина юқори лавозимдаги, яъни 10-15 миллион сўм маош олиб ишлаётган мутасаддиларга нима деган бўлардингиз?

Балки ўшанда чиқараётган қонун ва қарорларингизни тартибга келтирармидингиз?!

“Мустабид” деб аталаётган собиқ иттифоқ даврида ҳам йўловчиларга хизмат кўрсатаётган шаҳар ичидаги автобуслар ҳақи ошиб кетмаслиги учун шаҳар бюджетидан қўшимча маблағ ажратилганини, болаларга 14-18 ёшгача ижтимоий таъминот томонидан нафақа берилганини катта ёшдагилар яхши билишади.

Вазиятни била-кўра туриб бу ҳақда гапирмаслик менинг фуқаролик, қолаверса, журналистик бурчимга тўғри келмайди, деб ўйладим. Бу масала юзасидан аввал ҳам, аниқроғи, 2018 йил 30 ноябрда Президент Халқ қабулхонасига, бундан сал олдин, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганман. Бор-йўғи: “Таклифингиз “Вазирлар Маҳкамасига ҳавола этилди”, деган қўнғироқдан бошқа, бирон-бир жавоб олганим йўқ. Энди бу мулоҳазаларим ҳам “сувга тушган тош­дай” йўқолиб кетмасмикин?..

Суръатхон АБДУКАРИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

меҳнат фахрийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =