Найранг ёхуд шифокорнинг ўлимига оид хулосалар нега турлича?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги диққатига!
Таҳририятимизга, Самарқанд шаҳар, Буюк ипак йўли кўчасида яшовчи Нигора Исмоиловадан шикоят хати келганида, аввалига, “наҳотки шундай бўлса”, деган ўй билан ишонқирамай турдик. Аммо ўрганишлар натижасида ростан ҳам Н.Исмоилованинг 1967 йилда туғилган, тиббиёт фанлари номзоди бўлган турмуш ўртоғи Ўктам Тожиевич Раҳмонқуловнинг 2020 йил 29 июнда коронавирус касаллиги сабаб вафот этганлиги маълум бўлди. Лекин…
— Бошимизга тушган бу мусибатдан кейин, янада оғир кунларга дуч келдик. — дейди Н.Исмоилова. — Турмуш ўртоғим “Covid-19” карантини даврида 2020 йил апрелдан 2020 йил 19 июнгача “СамАвто” МЧЖ корхонасида карантин ҳолатида ишлаб, шифокор сифатида ўз бурчини садоқат билан бажариб келаётганди.
У 2020 йил 19 июнь куни уйга бетоб аҳволда келди. Иссиғи баланд эди. Тинмай йўталарди. 2 кун уйда муолажа қилдик, аҳволи яхшиланмади, 22 июнь куни ўзимизнинг 7-сонли оилавий поликлиникага мурожаат қилдик.
Поликлиникадан келиб, бурнидан суртма олиб кетишди. 2020 йил 23 июнь куни эса “Коронавирус аниқланди”, деб уни Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетишди. Оиламизни ҳам уй шароитида қаттиқ карантинга олишди. Турмуш ўртоғимни шифохонага бориб кўра олмадик, телефон орқали мулоқот қилиб турдик.
Ҳар гал гаплашганимизда, “Мен яхшиман, анализларим яхши чиқди, ҳавотир олманглар”, деб бизни хотиржам қилиб турарди. Аммо кутилмаганда 2020 йил 29 июнь куни турмуш ўртоғимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги хабар келди.
Ўша пайтда оиламиз қаттиқ карантинда эди. Карантин сабабли турмуш ўртоғимнинг биронта таъзия маъракасини ўтказиш у ёқда турсин, уни вафотидан кейин охирги марта кўришга ҳам рухсат беришмади. Қаттиқ қайғуда қолдик. Қайнопам, қариндош-уруғларимиз ва қўни-қўшнилар: “Юртга келган бало эканда, нима қила олардик”, деб мени ва болаларимни юпатишди. Эл қатори биз ҳам чидадик, наилож, осмон йироқ, ер қаттиқ экан-да. Йиғлаб-йиғлаб бор аламимизни кўз ёшимиздан олдик…
Мен ҳам бу бало-қазо сабаб турмуш ўртоғимдан бевақт айрилиб, болаларим отасиз бўзлаб қолгач, қийналиб, моддий ёрдам олиш учун ҳужжат йиға бошладим ва Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига турмуш ўртоғимнинг вафоти билан боғлиқ тиббий хулосасини олиш учун бордим.
Лекин турмуш ўртоғимни даволаган шифокор Илҳом Ҳамидов хулосани “7-сонли оилавий поликлиника беради”, деди. Мен 7-сонли оилавий поликлиникага қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғимнинг вафоти билан боғлиқ тиббий хулосасини сизлар берар экансизлар деб сўраганимда улар: “Сизга қандай қилиб биз хулоса берамиз, ахир у киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган-ку”, дейишди.
Мен 2020 йил 7 июль куни турмуш ўртоғимни даволаган шифокор Илҳом Ҳамидовга қўнғироқ қилиб, яна ўша хулосани сўрадим, у киши яна қатъий оҳангда: “7-сонли оилавий поликлиникадан сўранг, сизга аниқ жавоб беришади”, деди.
Мен мажбур бўлиб яна 7-сонли оилавий поликлиникага қўнғироқ қилдим. Улар дабдурустан: “турмуш ўртоғи оғир аҳволда уйга олиб кетилган ва уйда вафот этган”, деган хулоса бера оламиз, дейишди. Бу гапдан сўнг қон босимим ошиб, миямга чиқиб кетди. Бу нима дегани эди? Ҳеч тушунолмасдим.
Ахир, карантинда эканлигимиз сабаб, оиламизнинг эгаси, турмуш ўртоғимнинг ҳатто дафн маросимларини ўтказа олмай истиробда қолганимиз етмаганидик, 7-сонли оилавий поликлиника менга қандай қилиб “турмуш ўртоғи оғир аҳволда уйга олиб кетилган ва уйда вафот этган”, деган хулоса бериши мумкин? Қани бу ерда мантиқ, одамгарчилик ва ҳақиқат?
2020 йил 10 июль куни қайнонам Тожиева Малоҳат билан суд тиббий экспертиза бюросига бордик. У ерда бизга: “биз майитни ёрмадик, фақат музлатгичда сақладик, тиббий хулосани Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан оласизлар”, дейишди. Биз бу найранглардан юрак бағримиз эзилгани сабаб турмуш ўртоғим даволанган шифохонага яна қайтиб бордик.
Шифохона бош шифокорига турмуш ўртоғимнинг вафоти билан боғлиқ тиббий хулосасига келганлигимни айтдим. У киши: “Ҳозир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов келади ва ишларингизни ҳал қилиб беради”, деди. Даврон Жуманиёзов келибоқ: “Сизлар уйга кетаверинглар, ўзим кечгача хулосани етказаман”, деб айтди.
Тўғриси, нима дейишга ҳам тилим айланмайди. Д.Жуманиёзов орадан 4 кун ўтгач, яъни 2020 йил 13 июль куни соат 16 лар оралиғида 7-сонли Оилавий поликлиникадан турмуш ўртоғимнинг вафоти билан боғлиқ тиббий хулосани етказди. Нетонгки, хулосада: “Оғир аҳволда уйига жавоб берилган”, деб ёзилган экан…
Кимга дод дейишни билмай қолдим. Агар турмуш ўртоғим ишсиз, бекорчи бўлиб вафот этганида ҳам чидардим, у тиббиёт фанлари номзоди, “Covid-19” туфайли карантин шароитида корхонада ишлаётган эдику! Касалхонада жон таслим қилган инсонга: “Оғир аҳволда уйига жавоб берилди”, деб ёлғон маълумот бериш кимга ва нимага керак бўлиб қолди?
Мен ушбу шикоят хатимга махсус комиссия “турмуш ўртоғимни қай ҳолатда кўмишгани ҳақидаги суратларни ва тиббий баённомасидан кўчирмани” тақдим этаяпман. Биргина илинжим таҳририятдан, ҳақиқатни ойдинлаштиришда кўмак сўрайман…
Ушбу бир ожиза аёлнинг ёзган шикоят хатини ўқиган ҳар қандай одам “Самарқанд тиббиёт муассасаларида нималар содир бўлган ўзи?” — деб ўзига ўзи савол бериши табиий. Келинг, аввалига госпитал бош шифокори З.Булаев ва шифокор И.Ҳамидовлар имзолаган “Беморнинг №5075-сонли тиббий баённомасидан кўчирма”сидан қўйилган ташхисни тўлиқ келтирамиз:
“Раҳмонқулов Ўктам. Ёши: 1967 йилда туғилган. Келган куни: 23.06.2020 й. Кетган куни: 30.06.2020 й.. Бемор 23. 06.2020 йил тез ёрдам машинасида келтирилди, беморда тана ҳарорати ошиши, томоқ оғриши ва коронавирус бирламчи таҳлили мусбат чиққанлиги, мусбат натижа олинганлиги туфайли тўлиқ текшириш ва даволаш мақсадида ВЮКК Самарқанд вилоят СЭОМ маълумотномаси асосида ётқизилган. Кўрикда: беморнинг умумий аҳволи ўрта оғир бўлиб турган, охирги куни 23.30 да тўсатдан ухлаган вақти талваса кузатилиб, чап томонлама қўл оёқда ҳаракат ва сезиш йўқолган, аҳволи оғирлашган. Эс-ҳуши кома, кўз қорачиқлари кенгайган, фотореакция суст…
Якуний ташхис: Бош мия қон айланишининг ўнг ўрта мия артерияси ҳавзасида ишемик инсульт (тромбоэмболик тури) типда бузилиши. Чап томонлама гемиплегия. Бош мия комаси. Тутқаноқ синдроми…
Беморга маъмурият ва масъул мутахассисларнинг тавсияси билан оғир аҳволда жавоб берилди”, дейилса,
“5-сонли Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома”да:
“Ўлган вақти: 01.07.2020 йил, Ўлим содир бўлган жой. Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри” ва “Ўлимга олиб келган касаллик: тутқаноқ синдроми, COVID-19 билан мулоқот” дейилади.
Ажабо, буни қандай тушуниш мумкин? Нега хулосалар бундай турлича?
— Менинг уч нафар фарзандим бор, — дейди Н.Исмоилова, — катта қизим Самарқанд давлат тиббиёт институтида контракт асосида таҳсил олади, 2 таси ҳали вояга етмаган, яна полиартирит касали билан оғриб, ҳаракатланиши қийин бўлган 72 ёшли қайнопам, ёлғиз аёл Ҳосият Тожиева қарамоғимда яшайди. Ҳалигача ҳеч жойдан моддий ёрдам ололганим йўқ…
Ўтган йили пандемия сабаб жуда кўп оғир кунларни бошдан кечирганимиз ҳақиқат. Бу офат нафақат юртимизни, балки бутун дунё аҳлини қаттиқ саросимага солиб қўйди. Талафотларни, кўрилган зарарларни ҳали дунё тўлиқ ҳисоблаб чиқолмаяпти. Чунки бу офат ҳануз батамом йўқ бўлган эмас. Тан олиш керак, тиббиёт ходимлари қаҳрамонона фаолият кўрсатишди. Шу боис, уларга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилди. Моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Аммо юқоридаги ҳолатга ақлбовар қилмайди. Қандай қилиб ва нима учун пандемия шароитида вафот этган шифокор ўлими ҳақидаги маълумотлар сирли равишда ҳақиқатга зид расмийлаштирилган? Ахир, бемор “уйига оғир аҳволда” жавоб берилганида, ўз уйида вафот этган бўлмасмиди?!
Аммо берилаётган маълумотлар, хулосалар бу ерда найрангбозлик қилинганидан далолат. Биз ушбу сирли жумбоқни Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли ҳуқуқ идоралари эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.
Чунки тиббиёт фанлари номзоди Ўктам Раҳмонқулов COVID-19 туфайли вафот этган. Агар шундай бўлмаганида марҳумнинг оила аъзолари ҳам тўлиқ карантинга олинмас эди, тўғрими?
Шундай қилиб, ариза муаллифи қон йиғлаб бизга ўз дардини баён этишига ва таҳририятга тақдим қилган ҳужжатларга кўра, Ў.Раҳмонқулов ўз уйида бу дунёни тарк этмагани аниқ бўлса-да, Самарқанд шаҳридаги 7-сон оилавий поликлиника сохта маълумотномани тақдим қилган. Умуман, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Самарқанд вилоят ССБдаги мутасаддиларнинг бу қилиғига қандай баҳо бериш мумкин?
Убайдулло ХЎЖАНИЁЗОВ,
“Hurriyat” мухбири