ДЕВИАНТ ХУЛҚ
қўлимизда унга қарши нима бор?
Метро. Чипта олиш учун касса олдида навбат кута бошладим. Одам гавжум. Атрофимдагиларнинг аксарияти ёшлар. Бир маҳал ён томонда шовқин кўтарилди ва ҳамманинг эътибори ўша ёққа йўналди. Икки йигитнинг овози баландлади. Навбатнинг охиридалигим учун нима бўлаётганини англолмадим. Кейин билсам, йигитларнинг бири навбатни бузган, иккинчиси бунга эътироз билдирган. Афсуски, шу арзимас сабаб туфайли улар ёқалашиб, бир-бирига ҳурматсизлик қилганча бўралатиб сўкинишарди. Одамлар орасидан сурилиб-сурилиб касса олдига келдим-да, чипта олганча метрога югурдим…
Метрода поезд кутаётган ўзим тенги икки ёшнинг кийинишию ўзини тутиши эътиборимни тортди. Қўл ушлашиб олган ўсмирларнинг иккиси ҳам калта иштон (шортик) ва енги очиқ кийим (майка) кийиб олган. Йигитнинг қўли ва калталанган сочининг ён қисмига маҳорат билан аждар расми чизилган татуировка; қизнинг эса ярим-яланғоч танаси, шиширилган лаблари, ўзига ярашмаган кийимларию оғзидаги сақични чапиллатиб чайнаши, энг ёмони, безбетларча қучоқлашиб туриши эътибор тортмасдан қолмасди. Ён-веримга қарасам, бир мен эмас, кўпчиликнинг диққати уларда. Айниқса, мактаб ўқувчилари уларга суқланиб тикилиб турарди. Аёллар пичирлашишарди. Эҳтимол, уларнинг тарбия берган ота-онасига “раҳмат” айтаётгандир…
Ниҳоят поезд келди ва бўш ўриндиқларнинг бирига ўтирдим. Буни қарангки, вагон ичида ҳам иккитаси қучоқлашиб кетишарди. Лекин уларнинг кўриниши боягиларга ўхшамас, кийинишлари ҳам сипо ва тартибли эди. Йигитнинг бағрида ухлаб кетаётган қизни кўриб, асабим бузилди. Шу ҳолатида дадаси ёки онаси келиб қолса борми? Умуман бу атрофдаги одамларга нисбатан ҳам ҳурматсизлик-ку?
Вагонни баланд кулги овози тутди. Поезд овозидан ҳам баланд. Сал нарироқда тик оёқда турган икки қиз кулишиб, гаплашаётган экан. Менимча, улар бу орқали атайлаб эътибор жалб қилишни хоҳлашарди. Атрофдагилар секинроқ гаплаш, дегандай қараб-қараб қўйишарди. Сал наридаги йигит эса Имом ал-Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўпламини ўқиб кетяпти. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур, деганлари шу бўлса керак…
Бундай ҳолатлар деярли ҳар куни юз беради. Ўспиринларда ва ёш йигит-қизлардаги бундай ахлоқ меъёрлари бузилишининг асосий сабаби нимада экан, деб ўйлаб қоласан. Атрофдаги ҳодисаларга, жамики мавжудотларга нисбатан лоқайдлик, ўзи ва ўзидан катталарга ҳурматсизлик, тамаки ва алкоголь ичимликларига мойиллик, худбинлик, маънавий таназзул, ота-оналар томонидан назоратнинг йўқлиги ёки аксинча ҳаддан зиёд эътиборнинг кўплиги, интернет тармоқлари ва компьютер ўйинларига қарамлик, жамоат олдида ўзини тута билмаслик… Эҳ-ҳе, буларни яна қанча давом эттириш мумкин. Шу каби сабаблар ёшлар тарбиясида ўзига хос девиант ҳодисаларни келтириб чиқаради.
— Ҳар бир инсонда ўзига хос девиант хулқ-атвор бўлади. Яъни, у хоҳлайдими йўқми, жамият ва атрофидаги одамлар таъсирида девиантлик хулқи шаклланади. Фақат буни кимдир очиқ-ойдин намоён этади, кимдир эса яширин. Хоҳласангиз, инсонларни кузатинг. Улар баъзида ўзи билмаган ҳолда девиант хулқини намоён этиб қўяди, — дейди малакали педагог ва социолог Хусан Акрамов.
Хўш, девиант хулқ-атвор ўзи нима? Девиант хулқ-атвор лотинча “deviation” — оғиш, яъни ижтимоий нормативлардан оғиб кетувчи хатти-ҳаракат бўлиб, жамиятда ўрнатилган ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган инсоний фаолият, ижтимоий ҳодиса саналади. XX аср Америка социологларидан бири Роберт Кинг Мертон бунга қуйидагича таъриф беради: “Девиант хулқ-атвор жамиятда эълон қилинган қадриятлар ва расмий хулқ-атвор стандартлари билан аҳоли хулқ-атвор мотивлари ҳамда мавжуд имкониятларнинг бир-бирига мос келмай қолиши натижасидир”. Жамиятда ўрнатилган ижтимоий меъёрлардан четга чиқиш ҳолатлари социологияда “девиантлик ҳолатлари”, ундан ҳосил бўладиган хулқ-атвор эса “девиант хулқ-атвор” деб аталади.
— Ўсмирлик даврида пайдо бўладиган девиант хулқ-атвор турларидан энг кўп учрайдигани бу аддиктивликдир. Бу одатни вужудга келтирувчи сабаблар — қизиқиш, ҳавас, тақлид, ўртоқларининг даврасида ўз ўрнини эгаллаш, мактабдан ташқари муҳитнинг таъсиридаги нуқсонлар, оиладаги педагогик-психологик билимларнинг етишмаслиги, оилавий низолар, ота-онанинг ичкилик ва шаҳвоний ҳаётга берилиши, балоғатга етмаган тенгқурларининг таъсири, маданий-маърифий, ишлаб чиқариш жамоалари ҳамда жамоатчилик қуршовидаги камчиликлар ҳам тарбияси оғир ўсмирлар кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Лоқайдлик, бепарволик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир! Беғамлик лоқайдликнинг онасидир. Шафқатсизликнинг олди олинмаса, ривожланиб золимлик ва жиноятчиликка айланиб боради, — дейди психология фанлари бўйича фалсафа доктори Дилнозахон Абдуллажонова.
Одатда, девиация ҳодисаси ва унинг кўриниши кўп ҳолларда ёшларнинг ўсмирлик даврида юзага келади. Зотан, бу ниҳоятда мураккаб давр бўлиб, халқона тилда “ўтиш даври” деб ҳам юритилади. Дарҳақиқат, бу пайтда ўсмир ҳаёти ва фаолиятида жиддий ўзгаришлар, хусусан, физиологик, ақлий, руҳий жиҳатлардан ривожланиш юз беради.
Зерикишдан, ёлғизликдан, ҳаёт қийинчиликларидан қочиш учун ўсмирлар компьютер ўйинларига тез-тез мурожаат қилишни бошлайди. Барча тобелик воситалари, ҳаттоки, компьютер ўйинлари ҳам уларда ижобий ҳиссиётларни пайдо қилади (хурсандчилик, бахтиёрлик, роҳат, руҳий ва жисмоний енгилликни сезиш) ва салбий ҳиссиётларни (хавотир, хафалик, айбдорлик ҳисси, ўзини ёлғиз ҳис этиш) бартараф этади. Улар компьютер ўйинларини ўйнаган сари реал ҳаёт ва виртуал дунё орасидаги фарқни таққослай бошлайди. Натижада реал ҳаётдан узоқлашиш янада кучаяди. У кундалик ҳаётдаги муаммоларини компьютер ўйинлари орқали компенсация қилишга интилади.
Бугун ҳар бир ёшда ўзига хос девиант хулқ-атворнинг вужудга келишида “оммавий маданият” салбий оқимларнинг таъсири ҳам жуда катта. Ўзбек халқи азалдан ўзининг чиройли андишаси, миллий урф-одатлари, қадриятлари, шарқона қарашлари билан ғарб мамлакатларидан ажралиб туради. Бироқ бугун аксар ҳолларда ғарбона маданият сари оғиб кетяпмиз. Бу иллатнинг илдизи эса оиладаги носоғлом муҳит ва катталарнинг ёшлар тарбиясига бефарқлигида, деб ўйлайман.
Ёшлар тарбиясида мактабнинг ҳам аҳамияти катта. Ёшларга меҳр, эътибор, аввало, оилада берилмоғи лозим. Оиладаги муҳит, ўзаро ҳурмат, муносабат йўқ бўлгандагина ўқувчилар оиласидан олмаган эътиборни мактабдан излайди. Синф раҳбари, психолог, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарлари эътиборли бўлсагина, бу бўшлиқни тўлдириш мумкин. Зеро, назорат бор жойда хулқ-атворида нуқсони бор ўқувчилар тартиб-интизомга келади.
— Инсон умри давомида ўртача етмиш йил умр кўрса, шундан ўттиз йилини ухлаб ўтказаркан. Замонамизнинг ёшлари эса ҳам жисмонан, ҳам маънан ухлашяпти. Улар айни дамда виждонан, қалбан, маънан ва руҳан уйқуда. Бунга сабаб чексиз имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётганликда, деб биламан. Улар моддият изидан қуваверади-қуваверади. Охири ўзлари ҳам моддиятнинг бир бўлагига айланиб қолади, — дейди “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Раҳмат Бобожонов.
Юқоридаги мулоҳазалар нақадар ўринли. Ҳамма нарса айнан бекорчиликдан, бўш вақтдан унумли фойдаланилмаётганликдан бошланади. Бекорчи ўғил-қизлар кўп ҳолларда ички таъсирлар қолиб, ташқи таъсирлар асирига айланиб боради. Яъни интернет ижтимоий тармоқлар, компьютер ўйинлари, алкоголь ичимликлари, фоҳишабозлик, гиёҳвандлик, турли кўнгилочар базмлар, клубларга мойилликлари ортиб боради. Шундай экан, девиант хулқ-атворнинг юзага келишида ва намоён бўлишида айнан ташқи таъсирлар остидаги ахборотларнинг ҳам ўрни катта.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилган бешта муҳим ташаббус маънавий-маърифий соҳаларда янги тизимни яратди. “Ёш китобхон” республика китобсеварлари танлови ёшлар орасида кенг оммалашди. Бу каби танловлар ёшлар орасида ўзликни англаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жойларда адабий муҳитни яратиш ва энг асосийси, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги билимларини юксалтиришга муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Аммо… муаммо ҳам кўп. Шундай экан, ҳеч биримиз лоқайд ва бефарқ бўлиб қолмаслигимиз шарт.
Зуҳра АҲМЕДОВА,
ЎзМУ талабаси.