Йўлнинг “ташхиси”ни ким қўяди?
ёхуд ЙТҲ содир бўлганда ҳамиша ҳам ҳайдовчи айбдор эмаслиги хусусида
Маълумотларга кўра, автомобиль йўлларида содир бўлаётган автоҳалокатлар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони бугунги кунда коронавирус юқтириб вафот этаётганлардан кам эмас экан.
Демак, носоз йўллар бугун тарқалган касаллик каби эпидемия ўчоғи экан-да. Хўш, шундай экан, нима учун биз касалликка қарши барча воситалар билан, ҳамма кучларни бирлаштирган ва йўналтирган ҳолда қарши туриб, ҳар бир бемор ҳаёти учун курашамиз-у, йўлда содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқарувчи ҳолатларга қарши ва бунга дучор бўлиши мумкин бўлган ҳар бир ҳайдовчининг ҳаёти учун курашмаймиз?!
Касалликка қарши курашиш учун унинг келиб чиқиш омиллари ўрганилади, таҳлил қилинади ва сўнгра ташхис қўйилади. Агар ташхис нотўғри қўйилса, берилган муолажалар ҳам фойдадан кўра зиёнига ишлайди. Хўш, шундай экан, йўллардаги автоҳалокатларнинг тўғри ташхиси қандай ва унга қандай қилиб қарши курашмоқ керак?
Ҳозирга кунда оммалашган ва ягона ҳисобланган ташхис— ҳайдовчининг айби. “Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб…” “Ҳайдовчи йўл қўйган хатолик туфайли…” ва ҳоказо. Хўш ҳайдовчи нима учун йўл қоидасини бузади, нима сабабдан бошқарувни йўқотади, қандай қилиб йўл четида турган йўловчини уриб юборади? Бундай саволларни истаганча келтириш мумкин.
Энг мудҳиш ва кўпроқ ўлимга олиб келадиган автоҳалокат бу рўпарама-рўпара келаётган автомашиналарнинг тўқнашуви оқибатида келиб чиқади. Орқадан, ён томонлардан урилишлар ҳам йўл-транспорт ҳодисаси ҳисобланади. Лекин у одам вафот этадиган даражагача олиб бормаслиги мумкин.
Йўлда тўқнашув содир бўлди, дейлик. Бу ерда биринчи навбатда тез ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимлари ва автоҳалокат сабабларини ўрганаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини ва томошаталаб оломонни учратасиз. Тиббиёт ходимлари жароҳатланганларга биринчи ёрдам кўрсатишади. Лозим бўлса, шифохонага олиб кетишади. ЙҲХБ ходимлари тўқнашув сабабларини ўрганишади. Автомобиль тормоз чизиқларини ўлчаб, унинг йўлнинг қайси қисмида содир бўлганлиги, автомашина, йўловчилар ҳолати ҳақида маълумот тўплашади. Охирида ҳайдовчилардан бирининг айби билан автоҳалокат келиб чиққан деган хулоса қилинади.. Унга нисбатан маъмурий ёки жиноий иш очилади.
Шу ерда бир савол туғилади: нима учун рўпарама-рўпара келаётган автомашиналар тўқнашиб кетиши керак? Борингки, ҳайдовчи бошқарувни йўқотди. Нима сабабдан йўқотди? Бунга кўпгина сабаблар бўлиши мумкин. Биринчи навбатда ҳайдовчи ҳам одам, робот эмаслигини унутмаслигимиз керак. Ҳар хил ҳолатлар бўлиши — кечинмалар, асабий зўриқиш, телефонда сўзлашиш, чарчоқ ва қолаверса, организмдаги тўсатдан қўзғалган сурункали касаллик туфайли бошқаролмай қолиши мумкин.
Автомашина ҳам ҳали тўлиқ мукаммаллашмаган, яъни бузилса ўз-ўзидан тўхтайдиган, шинаси ёрилса ўзини ўзи эплаб оладиган, йўлдан чиқса ўз йўлига тушиб оладиган ҳолатга етиб келмаган. Газни боссанг юрадиган оддий бир техника (Ҳар ҳолда бизнинг автомашиналар).
Шундай экан нега инсон омили ёки техника носозлиги туфайли автомашина бошқарувни йўқотса, у йўлнинг рўпара қисмига ўтиб кетиши керак? Нима учун бунга монелик йўқ. Ўртада бетон тўсиқ ўрнатилган йўлларда тўқнашув камдан-кам содир бўлади. Ҳозиргача ҳеч бўлмаса вилоят, туман марказларини бир бири билан боғлайдиган магистраль йўллар орасини махсус тўсиқлар билан тўлиқ ажрата олмаяпмиз. Бунинг сабаби битта: йўлларда автоҳалокатларнинг сабабчиси фақат ҳайдовчи бўлиб қолаётганлигида. Аслида автоҳалокат содир бўлса, йўловчиларга тан жароҳати етса ёки вафот этса бунинг учун автоҳалокат тафсилоти ва содир бўлиш ҳолатига қараб йўл қурувчиси, йўл белгилари ўрнатадиган ва қўшимча огоҳлантириш чораларини кўрадиган мутасадди ташкилотнинг шу йўлга бириктирилган вакили, ЙҲХБ ходимлари ҳам тегишли тартибда жавобгар бўлиши керак эмасми? Шунингдек, транспорт ҳодисаси техник носозлик оқибатида келиб чиққан бўлса, агар автомашина кафолат муддатида бўлса, ишлаб чиқарувчи ёки уни сотган ваколатли ташкилот ходими, кафолат муддати тугаган бўлса, унинг созлиги ҳақида “отнинг калласидай” пул эвасига маълумот берган техник хизмат кўрсатиш шохобчаси устаси жавобгарликка тортилиши лозим.
Буни амалга ошириш учун автоҳалокат туфайли содир бўлган ҳолатига қотиллик сифатида қаралиши ва транспорт прокуратураси криминалистлари биринчи навбатда йўлнинг ҳолати, йўл белгилари ва огоҳлантирувчи белгиларининг етарли даражада ва ўз ўрнида кўринадиган қилиб жойлаштирилганлиги, автомашинанинг техник ҳолати ва ундан кейингина ҳайдовчи йўл қўйган хато, унинг аҳволи руҳияти ҳақида батафсил баённома тузиши бари ҳисобга олиниши керак назаримда.
Айни пайтда эса кўпинча жавобгар битта —ҳайдовчи. Йўлларда шунчалик кўп автоҳалокатлар содир бўлаётган, қанчадан-қанча одамлар ҳалок бўлаётган, қанчалари бир умрга майиб, мажруҳ бўлаётган, бир умр ишлаб, чет мамлакатларда сарсону саргардон бўлиб, минг машаққатлар эвазига, бир амаллаб эришган автомашинасидан айрилаётган бўлса-да, йўлни стандарт талабида қурмаган қурувчининг, йўлда огоҳлантирувчи белгиларини тўғри ёки умуман ўрнатмаган мутасадди ва қолаверса, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг парвойига ҳам келмайди. Оддий ҳолат: йўлда қоида буздингиз. ЙҲХБ ходими қоида бузишингизни олдиндан билгандай (албатта билади. Чунки, йўлнинг шу қисмида қоида бузмасликнинг иложи бўлмайди. Бўлганда ҳам йўл ҳолати қоидани бузмасликдан кўра уни бузишга кўпроқ мос келади) рўпарангиздан чиқиб сизни тўхтатади. Албатта, сиз ўзингизни оқламоқчи бўласиз. ЙҲХБ ходими билан ўртангизда тахминан шундай савол-жавоб бўлади:
— Ўртоқ командир, кўриб турибсиз, йўл носоз экан. Айланиб ўтаман деб…
— Йўл учун биз жавоб бермаймиз.
Ёки бўлмаса:
— Ўртоқ командир. Бу ерда йўл белгилари нотўғри ўрнатилган-ку. Нима учун биз?..
— Белгиларни биз ўрнатмаймиз.
Бу ерда ЙҲХБ ходимларини айблай оласизми? Айблай олишингиз мумкин, қачонки йўл қоидаларини “сув қилиб ичиб юборган” бўлсангиз ёки ўтакетган қонуншунос, асаби метиндан бўлган одам бўлсангиз.
Аслида ЙҲХБ ходимлари нимага жавобгар?! Йўл ҳаракати хавфсизлиги деганда нимани тушуниш лозим? Йўл оддий стандарт талабларига жавоб бермайдиган даражада носоз, огоҳлантириш белгилари қўйилмаган, автомашиналар зўрға ҳаракатланадиган йўлларда ҳам ҳайдовчидан йўл қоидаларига амал қилишни талаб қилиш қанчалик адолатли? Шундай ҳолатда мажбурликдан қоида бузган ҳайдовчини жаримага тортиш-чи?
Аслида ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчига қарши позицияда турмасдан, уни ҳимоя қилиши, ҳайдовчининг йўлларда беталафот, бемалол ҳаракатланиши учун шароит яратиб бериши, бунинг учун йўлсозлардан йўлнинг стандарт талабига жавоб беришини, йўл огоҳлантириш белгиларининг, ёритгичларнинг қонуний талаб асосида, ҳайдовчини чалғитадиган эмас, уни тўғри йўлга бошлайдиган қилиб ўрнатилишини назорат қилиши лозим эмасми? Транспортда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари фақат ҳайдовчига боғлиқми? Йўл носозлиги, огоҳлантирувчи белгиларнинг жойида эмаслиги, техника носозлиги ва бошқа ҳолатлар оқибатида йўл транспорт ҳодисаси рўй берганда, нега у бошқа ҳолатларга кўз юмиб, фақат ҳайдовчини айбдор қилиши керак?!
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун ягона тизимнинг ўзи йўқ. Таклиф шуки, йўлда ҳаракатланаётган автомашиналар ва улардаги йўловчилар хавфсизлигини таъминлайдиган барча ташкилотларни бириктириш керак.
Энг асосийси эса жарималардан, тонировкадан, давлат рақамларини сотишдан, автомашиналарни расмийлаштиришдан ва инспекция орқали тушадиган бошқа барча маблағлар Ички ишлар вазирлиги ҳисоб-рақамига эмас, йўл қурилиши жамғармасига келиб тушиши ва бу маблағлар фақат ва фақат йўл қурилиши, уларнинг жаҳон стандартлари даражасига етказилиши учун сарфланмоғи лозим. Бу сарф-харажатларга ошкоралик берилиши, қанча пул қаерга, нима учун ишлатилганлиги йўл қурилишидаги мутасаддилар ёки инспекциянинг матбуотда эълон қилинадиган ойлик ҳисоботида ўз аксини топиши керак эмасми?
Ҳозир давлат рақамларини аукционда сотиш, тонировка, жарималар, транспорт воситаларини расмийлаштириш ва бошқа манбалардан миллиардлаб сўмлар Ички ишлар вазирлигининг ҳисоб-рақамига тушаётганини ОАВ хабарлари орқали билиб турибмиз. Балким бу пуллар бюджетга тушаяпти, деб эътироз билдирувчилар ҳам бўлар. Нима бўлганда ҳам халқ ҳозир бу пулларнинг аниқ қайси ҳисоб-рақамига тушаётгани ва у қандай сарфланаётганидан хабардор эмас.
Йўл — мамлакат юзи. Юртимизга четдан ким келса ҳам шу йўллардан юради ва бизнинг кимлигимизга, яшаш тарзи ва даражамизга баҳо беради. Ўзимиз-чи? Ўттиз беш миллионлик халқ-чи?
Ўртадан бетон ёки камида икки метр энликдаги гулзор билан иҳоталанган, ҳар томонида камида иккитадан (йўл чизиғи) поласа, замонавий, яққол кўзга ташланадиган йўл кўрсаткичлари ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган, йўл четлари икки томонда йигирма метрдан энликдаги дарахтзор билан буркалган, ҳар эллик чақирим жойда ёнилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш пунктлари, автотураргоҳ, ҳожатхона, таҳаротхона, душлари мавжуд бўлган умумий овқатланиш шохобчалари мавжуд йўллар бизнинг юрт эгаларига ярашмайдими? Йигирма биринчи асрнинг 21-йили ўтиб бораётган вақтда, қачонки инглизлар, французлар, немис, араб, япон ва хитойлар шаҳарларни қўйинг, бийдай дашт ва тоғу тошларда автомашиналар учун чекланмаган юқори тезликни таъминлаб қўйганда, бизнинг ўзбек магистралларида тезликни етмишдан ошира олмаётганлигини, бунга ҳам қонунан ва ҳамда техник жиҳатдан имконият яратилмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Муҳиддин АБДУРАҲМОНОВ,
журналист.