Қўполлик ҳеч кимга ярашмас…

Business partnership meeting concept. Image businessman handshake.

Бу мавзуда ёзайми, ёзмайми деб роса иккиландим. Аммо гарданимдаги бурчим беихтиёр қалам ушлашга ундади. Албатта, муқаддас динимиз ҳаё­тимизнинг жуда нозик ва энг асосий томонларидан бири эканлиги ҳаммамизга аён. Айнан шунинг учун ҳам бу борада жуда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Боиси диний адабиётлар, диний маъруза ва вазхонликларнинг одамларга таъсири катта эканлиги сир эмас. Айниқса, ҳозирги техника ва ахборот асрида.

Интернетдаги турли тармоқларда сўнг­­ги вақтларда юртимизда фаолият юритаётган дин уламолари, имом-хатибларнинг ҳам маърузаларини жойлаштириш, улар учун алоҳида саҳифа ва каналлар ташкил этиш кенг қамровли одатга айланди. “Telegram”, “Instagram”, “Facebook”дан тортиб “You Tube”гача, ҳаттоки ҳамма ёмон отлиққа чиқарган “Тик Ток” да ҳам мана шундай “маърузачиларимиз”нинг саҳифаларини учратиш мумкин. Улар томонидан айтилаётган фикрлар, илгари сурилаётган одоб-ахлоқ тушунчалари катта-ю кичикни тўғри йўлга бошлаб, улар орасидаги меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби инсоний фазилатларни ошираётгани ибратли, албатта. Бироқ мана шундай минглаб, миллионлаб кузатувчилар эътиборида бўлган, тўй ва маросимларда уларнинг ҳурмати билан хонадонларининг тўрида ўтирган дин пешволарининг оғзидан чиқаётган айрим маърузалар одамни кулдирса, айримлари жаҳлини чиқаради. Тўғри ёшмиз, диний билимларимиз ҳам уларнинг таъбири билан айтганда юздан бир фоизни ҳам ташкил қилмас. Аммо эшитган ва ўқиган нарсалари ҳақида хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзидан, шундай эмасми?

Яқинда Телеграм канали орқали кўпчилик мақтаб юрадиган бир қорининг кибр ҳақида қилган маърузасини эшитиб қолдим. Унда мақтанчоқларни ўзбекчасига пасткаш де­йилади, машинанг бўлса ўзингга, бошқа нарсанг бўлса яна ўзингга деб айтилади. Майли буни ҳам қўйиб турайлик. Ул зотнинг эътиборимни тортган яна бир маърузаси танишлар билан қўл учида сўрашадиганлар ҳақида айтилгани бўлди. Унда: “Сиз билан қўл учида сўрашаётганлар борми? Агар шундайлар сиз билан қўлини учини бериб, менсимай сўрашаётган бўлса, сиз уларга ўрта қўлингизни (бармоғингизни) бериб сўрашинг. Таажжубланса айтинг, сен қўлингни учини бергандинг, мен ўрта қўлимни тутқаздим”, дея “ақл ўргатилади”. Хўш, бу энди нима, юқоридагидек кибрли одамларнинг кўзини очиб тўғри йўлга қайтаришми ёки сен кибрли бўлсанг мен сендан ўтаман деб нодонларча ўзига яраша жавоб қайтаришга ундашми? Билмадиму лекин бизларга болаликдан ёмонларга ҳам яхшилик қилавер, шунда ўзи бир кун келиб инсоф­­га қайтади, деб ўргатишган. Шунинг учундир балки бу маърузаларни ҳазм қила олмаётгандирмиз? Яна айрим қориларда учрайдиган яна бир жиҳат кишини доим ўйлантириб келган. Феълларга лик қўшимчасини қўшиб, бармоқларни қирсиллатиш, одамга қараб эснаш дейишнинг ўрнига қирсиллатиш­лик, эснашлик дея сўзларни бузиб айтишларига ҳайронман. Нима, тил қоидаларига тўғри келмаса-да сўзларни шундай ўзгартириб айтишлари уларнинг гапини таъсирчанроқ қилиб берармикан деб хаёл қиласан.

Яна бир улуғ ёшдаги домла бир тўйдами ёки маросимдами, ишқилиб ҳар қалай, тўкин дастурхон тузалган, нон, турли ноз-неъматлар қўйилган столда уч-тўрт киши ёнида ўтирган ҳолда шундай шовқин солмоқдалар эдики, гуноҳ бўлмасин, асло ғийбат ҳам бўлмасин-ку, пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўз олиб, ул зотга чексиз меҳр-муҳаббатларини изҳор қилиш учун “Майли кимки менинг устимга … қилсин, лекин ул зот ҳақида ёмон сўз айтганни мен … қўяман”, демоқдалар эди.

Ё, алҳазар! Астаҳфируллоҳ! Ахир, қанчадан-қанча муборак китоблардан ҳам ўқиганмиз, хусусан, пайғамбарлар тарихи ҳақидаги улуғ китобларни, Имом Бухорий, Имом Термизийлар тўплаган муборак ҳадис тўпламларида ҳам жаноби Пайғамбаримизнинг бирор кишига ўшқирганини, оғизларидан бирор марта қўпол, уят сўзлар чиқмагани айтилади. Аксинча, ниҳоятда камтарин, мулойим зот бўлганларки, ҳатто У Зот ҳамиша рўбарў келган ҳар бир кишига биринчи бўлиб салом берганлик­лари айтилади.

Энди ижтимоий тармоқларда турли даражадаги исломий рутбаларни даъво қилиб ёхуд жуда катта домла эканликларини эълон қилаётган кишилар ҳам, аввало, биринчи галда муо­милада, сўз айтишда бошқаларга ибрат бўлишлари лозим эмасми?

Бу ёзганларимиз орқали кимнидир обрўсизлантирмоқчи ёки ўзимизни ақллидек кўрсатмоқчи эмасмиз. Шунчаки бу борадаги шахсий фикримизни баён қилдик холос. “Ўзингча қориларнинг бир-икки хатосини топиб олиб, ўзингдан кетасан… ёнимда бўлганингда бир нимангни чиқариб қўярдим” дея миллионлаб обуначиларининг олдида танқидий фикрларни ҳазм қила олмайдиган баъзи бир домлалар айбни ўзларидан ҳам қидириб кўрсалар, фикри ожизимизча яхши бўлар эди. Албатта, халқни инсонийликка ундаб, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлаётганингиз яхши. Аммо одоб-ахлоқни ўргатаман, деб ўзингиз унинг чегарасидан чиқиб қолманг. Сизлардан чиройли мулоҳазаларни тинглаганмиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлишига умид қиламиз.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =