МЕНИНГ МИЛИЦИЯММИ, ЁКИ…

Ўшанда бизлар кичкина болалар эдик. Маҳалламизда худди рус болалар шоири Сергей Михалковнинг “Стёпа амаки – милиционер” шеърининг қаҳрамонига ўхшаш баланд бўйли милиционер ака бўларди. Адашмасам аканинг исми Собиржон эди. Одамлар бу одамни оддий қилиб: Собиржон мелиса, деб қўйишарди. Ростини айтсам, ўша замонларда ака-оталаримиз кўчада етаклаб борарканлар бизга қараб: “тўғри юр, бўлмаса, милицияга бериб юбораман”, дея қўрқитишарди. Аммо биз қўрқмасдик. Чунки маҳалламиздаги Собиржон мелисани яхши билардик. Барча милиционерлар ҳам унга ўхшаган бўлади, деб ўйлардик. Собиржон мелиса жуда оддий одам эди. Эгнида милиция формаси, бошида ваҳимали фурашка. Ёнидан ўтаётган ёш-қари бўлсин барча билан “Ассалому алайкум”, дея сўрашади. Агар ҳамроҳи ёши ўтган қария бўлиб, елкасидаги саватга узум жойлаб бозорга бораётган бўлса, дарров саватни ўз елкасига оларди. Рўпарасидан болалар чиқиб, унга йўл бўшатсалар, уларни қўлларига чўнтагида олиб юрадиган конфетларидан улашарди. Шу боис ҳам милиционерлардан қўрқмасдик…
Куни кеча “Газета uz” сайтида эълон қилинган бир хабарни ўқиб ўтириб, ўша “ҳеч ким қўрқмайдиган ва ҳеч кимни қўрқитмайдиган” раҳматли Собиржон мелиса ёдимга тушди. Эҳ-ҳе, уларнинг замонларидан буён қанча сувлар оқиб ўтди. Орада шундай пайтлар бўлдики, ҳамма ёшлар ўзини милиционерликка урди (бу ҳаракат ҳали замон давом этмоқда. Гарчи баъзилар: йўқ, бугунги ёшлар ўзларини бизнесга уришяпти десалар, баъзилар йўқ, ҳалиям мелиса, прокуратура, судьялик от устида боряпти. Чунки бизнесга пул керак, мелиса, прокуратура ва судьяларнинг маошлари ўзи катта пул, дейишади). Майли, бу дунё­­да ҳар ким ўзига ёққан касбни танлайди. Бундай ҳуқуқ Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Гапимизга келайлик.
Шундай қилиб, “Газета uz”сайти ўзининг шу йилнинг 29 июлида бир хабар эълон қилдики, наинки мен, шунингдек, уни ўқиган кўпчилик ёқа ушлаган бўлса ажаб эмас.
Ўша хабарда шундай дейилади: “Сурхондарёда профилактика инспектори ёрдамчилари фуқарони уриб, унинг ўлимига сабабчи бўлди. Сурхондарё вилояти Денов туманида икки нафар ИИО ФМБ профилактика инспектори ёрдамчилари фуқарони бир неча бор уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда фуқаро шифохонада вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган”.
Юқоридаги хабарни ўқиб: “Менинг милициямга нима қилдийкин, наҳотки, одамкуш бўлиб қолган бўлса”, дея хавотир олиб, сайтнинг давомини ўқий бош­ладим. Уларда яна шундай хабарлар: “Қашқадарёда профилактика инспектори олиб кетган фуқаро вафот этди. Унинг яқинлари ИИБ ходимларини куч ишлатишда айбламоқда. Қашқадарё вилояти Нишон туманида ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган фуқаро наркология диспансерида вафот этди. Марҳумнинг яқинлари ИИБ ходимлари уни уриб, куч ишлатганларини гумон қилишмоқда. Ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар бошқармаларига хизмат текшируви тайинланган”.
“Газета uz”да чоп этилган яна бир кичик хабар: “Тахиатош (Қорақалпоғистон-таҳр.) ИИБга олиб кетилган фуқаронинг ўлими юзасидан изоҳ берилди. Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида маст ҳолда ИИБга олиб кетилган фуқаро вафот этди. Фуқаронинг яқинлари унинг ўлимида профилактика инс­пекторини айбламоқда. Ҳозирда ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Элдан бурун милиция билан боғлиқ десак, нотўғри бўлар, аммо ўлимларида милиция инспекторлари айбдор дейилаётган юқоридаги учта воқеа сўнгги кунлар давомида содир бўлган. Бунга ўхшаш ҳодисалар ҳақида эса мамлакатимизда бир неча йилдан буён айтиб келинади. Масалан, келтирилган ке­йинги воқеа афтидан ўтган йил сентябрь ойида юз берган. Бу ҳақда одамлар гапиришмоқда. Турли газеталарда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқ-тартибот органлари шаънига баъзан ўринли, баъзида эса ўринсиз фикрлар ҳам билдирилмоқда.
Маълумки, кейинги тўрт-беш йил ичида мамлакатимизда чуқур ислоҳотлар олиб бориляпти. Илгари ҳеч кўрилмаган ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда, бутун Ўзбекистон қурилиш майдонига айланиб, янги-янги турар-жой бинолари, ҳатто осмонўпар қасрлар қурилмоқда. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида депутатларимиз томонидан қонунлар қабул қилиняпти. Одамларни рози қилиш учун бутун-бутун маҳаллалар қайта қуриляпти. Ҳар бир туман, ҳар бир фуқаролар йиғинлари идораларида ҳукуматнинг одамлари: “қани нима гапингиз бор, ҳаммасини бажарамиз”, дея қамишдан бел боғлаб туришибди. Бир сўз билан айтганда, остонамизда Янги Ўзбекистон эшик қоқмоқда. Мана шундай бир паллада юқорида келтирилган барча ишларга, ўтказилаётган тадбирларга қайси бир жиҳатдан бевосита алоқадор, халқимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигига тўғридан-тўғри масъул бўлган менинг милициям нега бундай нохуш воқеаларга аралашиб қолмоқда? Наҳотки, ўйиндан ўт чиқаётган бўлса? Наҳотки, бу соҳадаги айрим кимсалар ўзининг ким экани ва нима учун давлатнинг мўмай-мўмай маошларини олаётганларини унутишган бўлса? Ахир улар давлат ва халқнинг муҳофазачилари эмасми? Муҳофаза қилиш фақат уриш-сўкиш, ўлдириш билан бўлади, деб қаерда ёзилган? Ҳа, тўғри, бу воқеаларда уларнинг айблари бўлмаслиги мумкин. Лекин инсонларнинг ўлими билан ниҳояланган воқеаларда милиция номи аралашганининг ўзи кишини ўйлатади. Дарҳол хаёлга: “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, деган халқ мақоли келади. Зотан, юқоридаги каби воқеаларда ИИБ ходимларининг айблари тасдиқланган ҳоллар ҳам учраб турибди-ку! Жумладан, ўтган йили бутун республикада жуда катта шов-шувлар келтириб чиқарган Чироқчи воқеаси юзасидан суд ҳукми ўқилганини кўпчилик билади. Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Н.Овлаев 9 йил озодликдан маҳрум этилгани ҳақида EFFECT.UZ расмий канали ёзиб чиқди. Хўш, нима бўляпти ўзи?
Олдиндан айтиб қўйишимиз керак, юқорида келтирилган во­қеаларда милиция ходимларининг айби бор ёки йўқлигини тергов органлари ва суд аниқлайди. Айни пайт­­да биз суд очерки ёки журналистик суриштирув ҳам олиб бораётганимиз йўқ. Юқорида айтганимиздек, камоли “менинг милициям”нинг айтиб ўтилган хабарларда келтирилган воқеаларга алоқадорлиги, тўғриси, уларнинг шаъни-шавкати таҳликага солгани боис қўлимизга қалам тутдик. Агар бундай ҳодисалар юз бераверса, уларнинг олди олинмаса менинг милициямнинг обрўси (уни кўтариш керак. Муаллиф), қадр-қиммати қолмайди. Ахир бугунги ёшларимиз, қарияларимиз кеч демай, тун демай кўча-кўйлар, хиёбонларни кезиб, ҳордиқ чиқаришаркан, ўша менинг милициямга таянишмайдими?! Кимдир биров бирон идорага бориб, ўз ҳақиқатини исботламоқчи бўлса, ҳақиқатни эшитишни истамайдиган раҳбарлар дарров менинг милициямни чақиради. Хўш, ўшандай пайтда менинг милициям ҳақиқатни суриштирадими? Асло. Ҳақиқатчининг қўлига кишан солганча, етаклаб олиб чиқиб кетади. Бу билан айтмоқчимизки, менинг милициям фақат жазо колонияси эмас. Улар ҳам жонли инсонлар. Ҳар бирининг ўз фикри, ўй-мулоҳазалари бор. Шундай экан, юқоридаги каби воқеалар пайтида жанжал кўтараётган маст одамни ёрдамчилар ёрдамида қўлига кишан солиб, олиб кетиш ўрнига тиббиёт ходимларини, маҳалла фаолларини воқеа жойига чақириб, масалани ҳал этса бўлмайдими? Хўш, маст одамни идорага олиб бориб, қамашдан бошқа нима қилади? Мастлиги тарқагунга қадар воқеа жо­йида бўлиб турса, менинг милициямнинг бирон жойи камайиб қоладими?
Юқорида айтилган ва келтирилган фикрлардан кўриниб турибдики, бугун менинг милициям ўзини бир силкиб олиши керакка ўхшайди. Балки ана шу силкинишда ўзини хон, кўланкасини майдон деб, қонини сўриб юрган битлари зора тўкилиб кетса… Хаёлимда эса яна Собиржон мелиса гавдаланади. У билан суҳбатлашгандай бўламан: ака, ўша пайтда ёш бола бўлсак-да, лекин сиздан қўрқмас эдик, энди эса ёшимиз улғайиб — оқ-қорани танийдиган бир ёшга етдик, эркимиз ҳам қўлимизда. Аммо қўрқяпмиз…
Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ, журналист.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =