Бугун нега ҳаммаси бошқача?

ёки МАЖБУРийликдан ИХТИЁРИЙликкача

Куз келди дегунча бу мавсумнинг қишлоғимизда қандай бошланиши кўз олдимга келаверади. Сентябрнинг илк кунларидан барча болалар мактабга ошиқиб, тўртта-тўртта бўлиб кетаётганимизда маҳалла раисининг асабий ҳолатда телефонда кимлар биландир баланд овозда тортишиши ҳамда уйма-уй юриб, одамларга ниманидир қаттиқ тайинлаётганликларининг гувоҳи бўлардик. Хонадон эгалари гоҳи осонгина у кишининг айтганларига розилик билдирса, гоҳида заҳархандалик билан бақир-чақир қилиб, юзига эшик ёпишарди.

Аммо бунинг бизга жуда катта фойдали томони бор эди. Доим уйда бўладиган онамиз ҳам келинойиларимиз ҳам йўқликлари боис билганимизни қилиб, истаганча шўхлик қилаверардик. Ҳали-ҳануз эсимда, катта фарзанд бўлганлигим учун тўққиз ёшлигимда, (иккинчи синфлигимда) онам­нинг келишларига кечки овқатни тайёрлаб турардим. Фақатгина мен эмас, маҳалладаги деярли барча мен тенги болалар шундай қилишарди. Буни кўрган ёки эшитганлар ёш болага шундай юмушни ишониб қўйибсизлар, ўйинқароқлик билан ўчоққа қарамай қолиб, (бизнинг маҳаллага ўша вақтлар газ қувурлари тортилмаганди) уйга ўт қўйиб юборса нима бўлади деб хавфсирашарди. Бўрттириб айтаётгандек туюларман, лекин аниқ эсимда сентябрь ойида тўй қилишга маҳалла йиғинидан рухсат берилмасди. Берилган тақдирда ҳам бу вақтда ҳеч ким уйида бўлмайди. Тўйлар одамсиз ҳувиллаб ўтади деб биров ош бергиси келмасди. Онам даладан чарчаб келиб ҳатто кийимларини ҳам алмаштиришга эриниб ўтирган пайтларида пахта терими ҳақида узоқ суҳбатлашардик.

— Ая терилган пахталарга яхши нарх тўланса, уйида йил бўйи ҳеч бир иш қилмай, зерикиб ўтирадиган аёлларнинг ҳам нима учун далага чиққиси келмайди деб сўрардим.

— Қани энди бу мавсум биз ўйлагандек тартибли ўтса. Пахта майдонларига ўқитувчилардан тортиб, талабаларгача, қишлоқ шифокорларидан тортиб, мактабнинг юқори синф ўқувчиларигача ҳамма жалб қилинган. Улар пахта теради деб ўйлайсанми, бир-бирига кўсак (очилмаган пахта ғунчаси) отиб, ҳазил-ҳузил билан кунни кеч қилишади. Майли ёшлик ўйнаб-куладиган даврлари, лекин ҳаммаёқни пайҳон қилиб, ҳалал беришади холос. Натижада биз ҳам кўнгилдагидек тера олмаймиз дердилар.

— Уларга ҳам раҳбарлари томонидан “норма” қўйилмаганми деб эзмалик қилиб яна сўрардим.

— “Норма”лари қурсин. Қуёш ботгунча сандрак­лаб юришадида, пахталар тортилаётган пайт бизлардан нақд пулга 20 килодан сотиб олиб топширишади дердилар.

Биз пахтага чиқмаган бўлсак-да, буни бизга таъсири бўлмаган дея олмаймиз. Негаки, мактабимизнинг спорт зали ҳам катта мажлислар зали ҳам пахта теримига келган “ёрдамчилар”нинг ётоқхонасига айлантириларди. Бу дегани ўқув режасига киритилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам бу вақтда фақатгина устозларимизнинг ҳисобот қоғозларидагина ўтказиларди. Буларни ўқиб, жуда эски одам экан деб ўйламанг. Ҳикоя қилганим 2005-2006 йиллардаги манзаралар.

Мана ҳозир ҳам бу мавсум қишлоқларда авжида давом этяпти. Бироқ аввалгидан буткул бош­қача. Ўтган ҳафта қишлоққа борганимда икки қизини чиқарган, икки ўғлини уйлаб, уларнинг топганини ҳисоблаб ўтирадиган ён қўшнимиз Адолат холанинг пахта теримидан қайтаётганини кўрдим. Ёнига бориб суҳбатини олишга ҳам улгурдим.

— Адолат хола сизнинг икки ўғлингиз яхшигина даромад қилади. Ўзингиз ҳам далага чиқишни ёқтирмасдингиз, нега энди пахта тергингиз келиб қолди?

— Уйда ўтиравериб қонимиз қуйилиб кетган экан. Бироз ҳаракат қилсам ҳадеб у ерим оғрияпти, бу ерим оғрияпти деявермасмиканман дегандим. Тўғри ўйлаган эканман. Мана уч-тўрт кунда ўн саккиз яшардек серҳаракат бўлиб қолдим. Уйдаги майда-чуйда ишларни келинга ташладиму маҳалла хотинлари билан чақ-чақлашиб пахта тер­япман. Ишонсанг кунига 150-160 килодан оширяпман. Бунинг пули ҳам анча яхши бўлар экан. Қўлимиз пул кўриб ўрганиб қолди.

— Маҳалладан пахтага чиқасан деб ҳеч ким сизни мажбурламадими?

— Авваллари шундай эди. Шаҳардан келадиган уришқоқ хотинлар билан ёнма-ён ишлагим келмагани боис раис қанча қистасада чиқмасдик. Энди вазият ўзгарди. Ҳамма нарса тартибли. Доим гап­лашиб ўтирадиган беш-олти қўшни ёнма-ён қаторларга тушиб олиб, завқ билан ишлаяпмиз. Бизни қаторимизда уйида бўш ўтирган ёш қизлар ҳам теримга чиқяпти. Уларнинг сафидан одоблиларини келинликка танлаб, кўз остимизга олиб қўйяпмиз. Истасанг сенга ҳам топиб бераман.

Буларни эшитдиму дарров хаёлим яна маҳалла раисига кетди. Энди у ҳам кўнгли тўқ бошқа ишларини бажараётгандир. Ғайратли аёлларимиз эса гап билан бўлиб анча-мунча майдонларни бўшатиб қўйишади. Ўтган йили ҳам туманимиз пахта теримида биринчилардан бўлиб шартнома режасини ёпганди. Худо хоҳласа бу йил ҳам шундай натижага умидвормиз. Буларни ёздиму одамни мажбурлаб эмас, ўзи истаган ишга қизиқтирилса ўйланган мақсадга эришиш мумкинлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ўтган қисқа вақт давомида амалга оширилган биргина мазкур ўзгариш биздаги бу ишончни мустаҳкамлашга сабаб бўлди деб ҳеч иккиланишсиз айтишимиз мумкин.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =