Фарғонада жиноятлар кўпайдими?

2020 йилда Фарғона вилоятида жиноятларнинг ошиб кетиши, айниқса, хотин-қизларни зўравонликлардан асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни жиноятга етаклаётган омиллар, мурожаатлар тақдири, жиноят ҳақида хабар бериш хусусидаги мунозараларга оид саволларимизга жавоб олиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев билан суҳбат қилдик.

 

— Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи дои­расида ўтказилган учрашувда маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, фош этилган жиноятларни ҳар ўн беш кунда “Фарғона тажрибаси” сифатида телевидение ва матбуотда эълон қилиб бориш тизимини жорий этиш юзасидан топшириқлар берилган эди. Айтинг-чи, оммавий ахборот воситаларининг таъсири сизнинг фаолиятингизда сезиларлими?

— Оммавий ахборот воситаларисиз ишимиз деярли олдинга силжимайди. Улар билан ҳамкорлик жиноятнинг оқибатлари, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлиги ва бундан ҳеч ким қутула олмаслигини халққа тушунтиришда ниҳоятда қўл келади. Ўзим кўп бор гувоҳ бўлганман, тергов жараёнларида вояга етмаганлар у ёқда турсин, катталарнинг ҳам кўпчилиги содир этган хатти-ҳаракатининг жиноят эканини билмайди. Бу аҳволни ўзгартириш, аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга кўмаклашишда оммавий ахборот воситаларининг хизмати беқиёс. Чунки биз якка тартибда, баъзан 50-100 нафар фуқарога тушунтириш ишлари олиб боришимиз мумкин, лекин аҳолининг катта қисмини қамраб ололмаймиз.

Шунингдек, биз ходимларимизнинг ноўрин хатти-ҳаракатларини ҳам оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, билиб турибмиз. Журналистлар нафақат халққа, балки бизга ҳам кўзгу тутмоқда.

“Фарғона тажрибаси”га келсак, жиноятга жазо муқаррар, қинғир ишларнинг охири вой эканидан одамлар ҳар доим воқиф бўлиб турсин деган мақсадда амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифидан 15 кун ўтиб, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда илк қадамни қўйдик. Шу кунларда иккинчи бор омма олдида ҳисобот беришга тайёрланмоқдамиз.

— Ўтган 2020 йилда республика бўйича қотиллик, ўзгаларга қасддан шикаст етказиш, босқинчилик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилиши афсуски, энг кўп Фарғона вилоятида қайд этилган. Жиноятларнинг 50 фоизи фирибгарлик билан боғлиқ. Криминоген ҳодисаларнинг бу даражага етганини қандай изоҳлайсиз?

— “Фарғона вилоятида 2020 йилда жиноятлар сони ошди” ёки “2021 йилда фирибгарлик, ўғрилик кўпаймоқда” каби фикрларга қўшилмайман. Вилоятда охирги пайтларда битта хатоликка йўл қўйилди: яраштирув институти амалиётга нотўғри татбиқ этилди. Яъни, ўғри ҳам, тўғри ҳам яраштириб қўяверилди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 36-моддасига мувофиқ, кам аҳамиятли қилмишлар жиноят деб топилмай, жиноят ишлари қўзғатилиши рад этилди. Натижада, жиноятлар сони ҳужжатларга кўра “камайган”, амалда айбдор жавобгарликка тортилмаган, жабрланувчининг эса додини ҳеч ким эшитмаган. Алалоқибат, қонунга, орган ходимларига нисбатан ишонч сусайди. Жиноятчи “қутулиш осон экан”, деган ўйга бориб қолди, жабрланувчи эса “ҳақиқат йўқ”, дея аламини ичига ютди.

Энди жиноятларнинг реал сони келтирилмоқда. Бу ҳолда статистикага кўра, жиноятлар сони кўпайган бўлиб чиқиши табиий. Ҳозир ҳар қандай даражадаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақсадимиз қонун устувор, жазо муқаррар эканлигини амалда кўрсатиш, фуқароларнинг ишончини қозонишдир.

— Ёшлар ва хотин-қизлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда, аёллар томонидан ҳам кўпгина жиноятлар содир этилмоқда. Сизнингча, бунинг асл сабаблари нимада?

— Моддий етишмовчилик, ишсизлик, қолаверса, айрим оилаларда масъ­улиятни ҳис қилмайдиган эркакларнинг борлиги муаммонинг илдизи деб ўйлайман. Шунингдек, оиладаги носоғлом муҳит вояга етмаган қизларга сезиларли салбий таъсир кўрсатяпти. Эътибор беринг, 2021 йилнинг икки ойи ичида вилоятимизда аёллар томонидан содир этилган 197 та жиноят рўйхатга олинган бўлса, улардан 67 таси фирибгарлик, 41 таси ўғрилик билан боғлиқ. Жиноятчиларнинг ижтимоий аҳволи таҳлил этилганда, уларнинг 13 нафари ишсизлар, 51 нафари уй бекаси, 88 нафари иш билан банд турли соҳа вакиллари, 7 нафари нафақадагилар, 7 нафари мактаб ўқувчиси. Кўриниб турибдики, аёллар ўртасида фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар кўпроқ учраяпти.

Бунга қарши курашиш мақсадида жорий йилнинг февраль ойи давомида ҳамкор ташкилотлар билан бирга хонадонма-хонадон юриб, 3085 та хонадоннинг яшаш шароити ўрганилди. Бу хонадонларда яшовчи 2105 нафар хотин-қиз билан суҳбатлар ўтказилиб, уларда аниқланган 314 та муаммонинг 96 таси ҳал этилди, қолганларини ҳал этиш учун тегишли соҳа масъулларига кўрсатма, тақдимнома ҳамда алоқа хатлари юборилиши таъминланди.

— Тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?

— Фарғона вилоятида жами 19 та “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари” ташкил этилган бўлиб, оилада маънавий, руҳий зўравонликка учраган 854 нафар аёлга ушбу марказлар ходимлари томонидан психологик ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, оила — турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордери бериш йўлга қўйилган. Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ишонч телефонлари ҳам жорий этилган бўлиб, бу ўз навбатида нажот истаб мурожаат қилган аёлларга тезкорлик билан ёрдам бериш имконини яратди.

Вилоят ИИБда 2020 йил октябрь ойида “102” тизимининг ишга туширилиши кўплаб салбий ҳолатларнинг тезкорлик билан олдини олишга хизмат қилмоқда. Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларнинг иш кунини “102” ишонч телефонига тушган аёллар мурожаатларидан бошлаш тизими йўлга қўйилди.

— “102” марказлашган тармоғига кунига нечта мурожаат келиб тушади? Бундай мурожаатлар билан ишлаш қандай кечмоқда?

— Тизимга бир кунда ўртача 50-60 та жиноят тўғрисидаги хабар келиб тушади. Навбатчилик қисмидаги 6 нафар ходим хабарни қабул қилгач, махсус анкетани тўлдиради ва ҳудуд ички ишлар бўлими ҳамда марказий бошқармага маълум қилади. Тезкор ёрдамчи гуруҳ тузилиб, керакли манзилга жўнатилади ва иш очилади. Муаммо имкон қадар тезлик билан ҳал этилади. Ўта жиддий жиноятлар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир ой, енгилроғи узоғи билан 10 кун муддатда бартараф қилинмоқда. Кўпроқ оилавий жанжал, ўғрилик ва фирибгарлик ҳақидаги хабарлар келиб тушади.

— Аввалги “102” билан ҳозиргисининг фарқи нимада?

— Тан олиб айтиш керак, аввалги тизимда туманларда аксар жиноятлар рўйхатга киритилмай қолиб кетарди, тўлиқ назорат қилиш имконсиз эди. Жиноятчи ёки ҳуқуқбузар нав­батчи ходим билан келишиб, ишлар босди-босди бўлган ҳолатлар ҳам учрагани сир эмас. Илгари “102” тармоғи шаҳар-туманларда мавжуд бўлган бўлса, эндиликда бутун вилоят бўйлаб ягона марказга айланган. Янги тизимнинг афзаллиги шундаки, бу ерга келиб тушган ҳар қандай хабар катта-кичиклигидан қатъи назар эътибордан четда қолмайди. Рўйхатга олинади, демак, назоратга олинади ва тегишли ижроси таъминланади.

— Жиноят ҳақида хабар берган кишиларга нисбатан турли қарашлар мавжуд. Уларни чақимчи, сотқинга чиқариб қўядиганлар ҳам кўплаб топилади. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

— Бир ҳаётий мисол келтирсам: февраль ойида Белоруссияга бордик. Соат тунги 3 эди. Светофорнинг қизил чироғи ёниб турибди. Кўчада бирорта машина йўқ. Шерик­ларимиздан бири “Кетдик, машина йўқ-ку”, деб пиёдалар ўтиш чизиғига қадам қўйганди, орқамиздаги бир белоруссиялик киши “Тўхтанг! Қаёққа кетяпсиз? Яшил чироқ ёнсин, кейин ўтасиз”, деб тўхтатди. Европа давлатларининг деярли ҳаммасида жамоатчилик назорати кучли. Фуқаро қонунни билади, ҳурмат қилади, бўйсунади. Биз ҳозир йўлнинг бошидамиз. Ҳаммаси изига тушиб, бу борада кўникма, онг шаклланишига, ҳар бир одам қонунга сўзсиз ва анг­лаган ҳолда амал қилишни ўрганиши керак. Ишни, аввало, ўзимизни тузатишдан бошлашимиз керак.

“Hurriyat” мухбири

Севара АЛИЖОНОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − nine =