Ҳикмат ва ибрат дорилфунуни
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги
Абдулла Орипов — феноменал ижодкор. Ҳаёт ва ижод йўли бугунги ва келажак авлодлар учун ҳам ибрат бўла оладиган улуғ донишманд шоир. Устоз ҳақида хотираларим, аслида, кўпроқ. Ул зотнинг пок руҳи олдидаги масъулият эса ундан ҳам залворли. Шу боис хотираларни имкон қадар “саралаш”га ҳаракат қилдим.
Шоир билан учрашув
Болаликдан бу улуғ шоир асарлари таъсирида ўсганмиз. Уйимизга акам Абдулла Ориповнинг “Руҳим” номли шеърлар тўпламини олиб келган. Китобдаги аксар шеърларни ёд олиб, адабиёт муаллимимиз Шариф ака Оқназаровга айтиб берганларим ва у кишининг алқаганлари устоз шоир билан илк ғойибона дийдор бўлганини қандай ҳам эсламай ахир…
Талабалик йилларимизда “Юзма-юз”, “Нажот қалъаси”, “Йиллар армони” тўпламларини гуруҳимиз билан ўқиб, теран фалсафа ва юксак бадииятни мужассам этган шеърлари мағзини чақишга уринганларимиз бизда адабиёт ҳақидаги илк тасаввурларни шакллантиргани айни ҳақиқатдир. Ўша йиллари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳозирги Амир Темур хиёбонида жойлашган биносида ўтадиган ҳар бир мушоирада иштирок этганмиз. Замонамизнинг Абдулла Орипов деган машҳур шоирини илк бор ана шу адабий йиғинларда кўрганмиз. Эсимда, шундай йиғинлардан бири рус тилида олиб борилаётган эди. Биз — университет талабалари ич-ичимиздан бунга ажабланганмиз (норозилик деган тушунча ўша кезлари хаёлимизга ҳам кириб чиқмаган). Бирданига сўз навбати Абдулла Ориповга берилди. Шоирнинг “Ассалому алайкум” деган самимий ва жарангдор овози шу қадар олқишландики, гулдурос қарсаклардан зал жаранглаб кетди гўё. Абдулла ака уч-тўрт шеър ўқиди-ю залга қайтди. Биз уни яқиндан кўриш илинжида бўйнимизни чўзиб, у тарафга қарар эдик. Назаримизда, шоир шу қадар юксакликда эдики, у билан суҳбатлашиш мумкин эмас эди гўё. Буни ҳатто тасаввурга ҳам сиғдиришимиз имконсиз туюлган бизга. Лекин у залдаги ўриндиққа қайта ўтирмади. Секин чиқиб кетди. Шундан кейинги неча-неча учрашувларда ҳам у айни шу одатини такрорлаганига гувоҳ бўлганмиз.
Биздан каттароқ авлод ва тенгдошларимиз қалбига миллий истиқлолга интилиш, киндик қонимиз тўкилган Ватанга, она халқимизга муҳаббат, унинг ёруғ келажагига ишонч руҳи Абдулла Ориповнинг ўтли шеърияти билан бирга сингган десак, асло муболаға бўлмайди. Янглишмасам, 1986 йили эди чамамда. Талабалар шаҳарчасида ажиб бир хушхабар тарқалди: “Тўқимачилар маданият саройида Абдулла Орипов билан учрашув бўлар экан!” Бу хабар яшин тезлигида ҳар бир талабанинг қулоғига, йўқ-йўқ, қулоғига эмас, қалбига етиб борган эди. Ўша куни ҳозирги Енгил саноат вазирлиги жойлашган бино талабалар шаҳарчасининг юрагига айланди. Бўлажак филолог ва журналистларгина эмас, университетнинг барча факультетлари, Тошкент политехника, автомобиль йўллар институтлари талабалари, минглаб шеърият мухлислари — ҳамма Тўқимачилар маданият саройида жам бўлди. Ўтирадиган жойга-ку орзу қилиб ҳам эришиш мушкул эди, шоирни тик туриб тинглаш учун жой топиш ҳам ҳар кимга насиб қилмаган. Биёбоннинг қақроқ замини “оби ҳаёт”ни қандай ташналик билан сипқорса, назаримда, чанқоқ қалблар шоир шеърларидан ана шундай ҳаловат олган. Жуда кўп савол берилди десам, воқеликни тўлақонли ифодалай олмаган бўламан. Саволлар ёмғирдай ёғилди. Уларга берилган жавоблар эса юксак донишмандлик ва теран тафаккур мевалари эди. Жумладан, кимдир: “Абдулла ака, “Дин халқ учун афюндир”, дейишади. Халқ табобатида афюндан ҳам даво сифатида фойдаланилади-ку…”, дея савол берган. Устоз эса: “Бу саволни берган укамиз теран тафаккур эгаси экани кўриниб турибди. Ҳақиқатан, жамиятдаги жуда кўп маънавий иллатларни муолажа этишда диннинг фойдаси кўп”, дея қисқа ва лўнда жавоб берган. Ҳар бир ўқилган шеър, ҳар бир савол-жавоб қалбларга малҳам бўлган. Руҳим еттинчи самога кўтарилиб чиққанман ўша учрашувдан. Муболағасиз айтишим керак, ўша учрашувда қандай туйғуни туйган бўлсам, шоирнинг ҳар бир янги шеърини ўқиганда ҳам худди шундай ҳаловатни ҳис этганман.
Ўша кезлари Абдулла Орипов билан саломлашган, ёнма-ён юрган одамлар, назаримизда, қандайдир сирли бир оламнинг юксак хилқатлари бўлиб туюлган. Унга яқинлашиш, у билан мулоқот қилиш эришиб бўлмайдиган, ҳеч қачон ушалмайдиган орзу эди, бизнингча… Лекин бирор кун унинг шеърларидан айри яшамаганмиз. Агар йиллар ўтиб, бизда адабиётни англаш, унинг сир-синоатга тўлиқ оламидан баҳра олиш борасида озгина қобилият пайдо бўлган бўлса, адабиётшуносликда бирор илмий натижага эриша олган эсак, бу Абдулла Орипов шеъриятига ошнолик шарофатидандир.
Самимий мулоқот бахти
1999 йили янги таъсис этилган “Фидокор” газетасида ўриндошлик асосида бўлим мудири сифатида ишлай бошладим. Бош муҳаррир Жалолиддин Сафоев каминага газета учун устоз Абдулла Орипов билан суҳбат уюштириш вазифасини юклади. Устознинг бўш вақтларини топишим анча қийин бўлди. Бахтимга, суҳбат вақти тайинланди. Адабий гурунг бошланди. Жуда самимий кечди суҳбатимиз. Мулоқотни овозёзгичдан қоғозга ўтказгач, келишув бўйича матнни телефонда устозга ўқиб бердим. Телефондаги мутолаа жараёнида устоз матнга бир нечта бениҳоя ўринли таҳрир киритганидан ҳайратга тушдим. Абдулла Ориповнинг ҳақиқий сўз заргари эканини амалда кўрдим ахир! Матнни оғзаки тинглаганда ҳам таҳрир эта билиш — бунинг учун қанчалик юксак зако, чуқур билим ва улкан тажриба керак. Газетанинг 1999 йил 27 май сонида босилиб чиққан суҳбат шоир “Танланган асарлар”ининг тўртинчи жилдига ҳам киритилгани ифтихор бағишлайди менга.
2003 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга таклиф қилиндим. Ўша кезлари Ўзбекистон Миллий университети доценти бўлиш билан бир вақтда адабиёт аҳлининг ана шу юксак минбарида дастлаб бўлим мудири, кейин бош муҳаррир ўринбосари сифатида ишлаганман. Ёзувчилар уюшмасининг нашри ҳисобланган бу газетадаги фаолиятим мени уюшманинг ўша пайтдаги раҳбари устоз Абдулла Орипов билан янада яқинлаштирди. Абдулла аканинг мақолаларини газетага тайёрлаш жараёнида бу улуғ ижодкорнинг сўзга масъулияти нечоғли юксак эканини кўриб, тўғриси, ҳайратим ошган. Газетанинг 2004 йил август сонларидан бирида устознинг “Эртанги кун ишончи” сарлавҳали мақоласи босилди. Таҳририятга ойнинг ўрталарида топширилган мақола устида қарийб икки ҳафта давомида устоз билан бирга ишладик. У киши ҳар куни мунтазам равишда бир неча марта қўнғироқ қилиб, қайси саҳифага қандай таҳрир киритишни сўзма-сўз айтиб турар, мен бу тузатишларни матнга киритар эдим. Мақола газетада босилишидан бир кун аввал эса устоз таҳририятга келди. Абдулла ака, бош муҳарриримиз Аҳмаджон ака Мелибоев ва камина бирга ўтириб, таҳрирни давом эттирдик. Иккала устоз ўз таҳрирларини киритгач, менинг фикрим билан ҳам қизиқишди. Тортиниб-қимтиниб баъзи фикрларни айтдим — устоз мамнуният билан қабул қилди. Мақола сўнгидан мана бу тўртлик ҳам ўрин олган эди:
Дарвеш умр бўйи чекиб ғам, заҳмат,
Дунёда ҳақиқат ахтарди фақат.
Бир кун ўраб деди уни халойиқ:
Ҳақиқат ўзинг-ку, ўзинг ҳақиқат!
Дастлабки вариантда тўртликдаги “халойиқ” ўрнида “оломон” сўзи қўлланган эди. Минг бир истиҳола билан: “Оломон” сўзида салбий оҳанг бор. Аслида ҳақиқат дарвешнинг ўзи эканини англаган тоифани “оломон”дан кўра “халойиқ” дейилса, афзал бўлмасмикан?!” — дея фикр билдирдим. Ўша заҳоти устоз: “Э, “халойиқ” деб ўзгартир, жудаям тўғри!” — деди мамнуният билан. Устозни кузатиб қўйдик. Кечки пайт телефон жиринглади. “Лаббай!” дея гўшакни олсам, устознинг овозлари: “Нурбой, ўтган барча улуғ устозларим ва шахсан ўзим номимдан сенга минг бор ташаккур “оломон”ни “халойиқ”қа айлантирганинг учун!” — деди самимият ва меҳр билан. Замонамизнинг шундай улуғ ижодкори ёш бир мухлисининг фикрига шу қадар эътибор билан қараши, бадиий сўзга бўлган юксак талабчанлиги чиндан ҳайратга лойиқ. Сўзни қай даражада қадрлаш, эъзозлаш зарурлиги ҳақидаги бу сабоқ чинакам ижодкорлик ўрнини ялтироқ сўзбозлик эгаллаётган бугунги кунда нақадар аҳамиятли экани изоҳ талаб қилмайди.
Ана шундай мулоқотлар устоз билан бизни яқин одамларга айлантирди. Бир куни устоз: “Уюшманинг адабий танқид кенгашида иш сустроқ кетяпти. Шу кенгашни сизга топширсак, жонлантириб берсангиз”, деб қолди. Минг истиҳола билан: “Бунинг учун уюшма аъзоси бўлиш керакми, устоз”, — дедим. Абдулла акам: “Адабиёт газетасининг бош муҳаррир ўринбосари бўлиб, ҳали уюшмага аъзо эмасмисиз?” — деб тезда ҳужжат тайёрлашни буюрди. Шундай қилиб, устознинг тавсияси билан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлдим.
2004 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Фан доктори дипломини олганимда бир пиёла чой баҳонасида бир гуруҳ устозларнинг суҳбатини олиш истаги туғилди. Абдулла ака “Адолат кўзгуси” номли янги нашрдан чиққан тўпламини туҳфа сифатида олиб келибди. Китобдаги дастхатни устознинг ўзи ўқиб берди: “Катта олим укам Нурбойга фан доктори деган юксак рутбага эришган кунида совға қилинди”. Имзо ва сана қўйилгандан кейин устоз: “PS” иловаси билан: “Айтиб қўяй: сен адабиётимиз учун вақтида ёққан ёмғирсан!” — деб ёзибди. Кутилмаган ва бунчалик самимий бу эътирофдан бошим кўкка етди. “Устоз, балки вақти келиб яна кўп эътирофларга лойиқ кўриларман. Бирор адабиётшуносга шунга ўхшаш баҳо берганмисиз-йўқми, билмайман. Лекин сиздай улуғ шоирнинг бу баҳоси ёш бир илм одами эришиши мумкин бўлган юксак эътирофдир. Бу — бизга берилган аванс. Ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан”, дедим ҳаяжон билан. Шу боис нимаики ёзмай, тепамда устоз шоирнинг синчков назарини сезаман. Унинг ишончига муносиб бўлишга интиламан.
Абдулла Орипов ижоди ҳақида бир қанча мақолалар ёзганман. Шундай мақолалардан бири “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2007 йил 26 октябрь сонида “Гўзал ташбиҳ, сирли руҳ…” сарлавҳаси билан эълон қилинган. Мақола чоп этилишидан аввалроқ бир куни устознинг олдига кирсам, Москвада чиқадиган “Роман-журнал ХХI век” нашрини олдимга қўйди. Журналда Фарҳод Ҳамроевнинг Абдулла Орипов ва рус шоири Николай Рубцов шеърларининг қиёсий таҳлилига бағишланган “Философия жизни и любви поэтов” сарлавҳали таҳлилий мақоласи босилган эди. Устоз: “Талабгорлар кўп. Лекин бу мақолани сиз таржима қилишингизни истайман”, деди. Тўғриси, елкамдан қанот ўсиб чиққандек бўлди. Замонамизнинг улуғ шоири шундай ишонч билдиргани кўксимни тоғдай кўтарди. Шунинг баробарида, бунинг нечоғли катта масъулият эканини ҳам ҳис этардим.
Таржимани якунлаб, “Жаҳон адабиёти” журналига топширган куним устоз даволанаётганини эшитиб, зиёрат учун 1-сонли ҳукумат шифохонасига йўл олдим. Абдулла ака: “Жаҳон адабиёти”дан телефон қилиб, таржима зўр чиққанини айтишди. Бунга ишончим комил. Лекин барибир “Адабиёт ва санъат”даги мақолангиз бошқача ёзилган. У мақола эмас, “қўшиқ бўлган”, деди. Қалб қўри билан ёзилган мақолам устозга шунчалик маъқул келгани кўнглимни яна кўтарди. Устоз билан суҳбат жуда самимий бўлди. Жаҳон адабиёти дарғалари, хусусан, Гёте ва Шекспир ижоди ҳақида ҳеч қаерда ўқимаган, эшитмаган нодир фикрларни айтди устоз. Асосан шоир сифатида биладиганимиз Пушкин рус прозасининг тараққиётини белгилаб бергани, “Дубровский”, “Капитан қизи” романлари ва қиссалари насрнинг энг юксак намуналари экани ҳақидаги фикрлар биз учун тамомила янгилик эди. Абдулла ака фикрларига аниқ мисоллар келтириб, шу қадар ёниқ ва ҳароратли гапирардики, бизнинг олдимизда замонамизнинг атоқли шоиригина эмас, жаҳон адабиётининг нодир тадқиқотчиси ўтирганини ҳис этиш қийин эмас эди. Ҳа, у киши бугунги Абдулла Ориф даражасига етгунча қанчалик катта кўламдаги бадиий, илмий адабиётларни ўқигани, ўқибгина қолмай, бутун моҳияти билан уққани аён эди. Устоз эришган камолот сирларининг бир қисмини англагандай бўлганман ўша кезда.
Тенгсиз шоир, беназир нотиқ
Абдулла Орипов шеър ёзиш бобида тенгсиз экани исбот талаб қилмайди. Устоз шеърни тингловчининг қалбига етиб борадиган даражада ўқиш борасида ҳам беназир эди. Ҳа, нечоғли тенгсиз шоир бўлса, шунчалик салоҳиятли нотиқ ҳам эдилар. 2015 йили хорижда даволаниб келган кезлари устозни Миллий университетда ўтказиладиган тил байрамига таклиф қилдим. Устоз таклифни хурсандчилик билан қабул қилди. Университет маданият саройи катта зали профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан тўлган. Абдулла Орифни идеал деб биладиган ўзбек филологияси ва журналистика факультетигина эмас, математика, физика, кимё, биология, тарих, география… хуллас, барча факультетлар ёшлари иштирок этяпти тадбирда. Устоз кирганда, зал олқишларга кўмилди. Сўз навбати замонамизнинг улуғ шоирига берилганда, талаба ёшлар яна бир карра самимий олқишлади.
Устоз она тилининг ҳар қандай халқ учун энг улуғ неъмат эканини мана бу ҳикоя орқали таъсирчан ифодалади: “Шўролар замони эди. Рус шоири Андрей Вознесенский билан адабий ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореяга бордик. Гарчи шоир деб ном чиқарган бўлсак ҳам, чўнтагимизда “ҳемири” йўқ. Лекин кўнгил-да, бозору дўконларни айлангимиз келди. Ўзга мамлакат, бозорлари қандай экан, деб қизиқдик-да. Айланиб юриб, ёйма бозорга бориб қолдик. Бир корейс аёлнинг савдо растасидаги чиройли туфли кўзимга яхши кўринди, шекилли, қўлимга олиб кўрдим. Лекин на Андрей тил билади ва на мен. Бирон оғиз сўз сўрай олмаймиз. Шу пайт кампир менга қўлларини пахса қилиб, қаттиқ койий бошлади. Ҳайрон бўлдим, нима деяётганини тушунмасам. Андрей ҳам ҳайратда. Бирпасда анча-мунча одам йиғилди. Охири уларнинг ичида русчани сал-пал биладиган бир киши топилди. Унинг сўзларидан англадикки, кампир менга: “Корейс бўла туриб, она тилингни унутишга уялмадингми?”, деб койиётган экан… Ана шундай воқеаларга ҳам гувоҳ бўлганман. Қиссадан ҳисса шуки, она тилига муҳаббат инсоннинг инсонлигини, миллатнинг миллатлигини кўрсатувчи бош мезон”.
Бу фикрларни зал гулдурос олқиш билан қаршилади. Шундан кейин устоз роппа-роса қирқ беш дақиқа шеър ўқиди. Менинг эса жоним ҳалак: мабодо адабиётдан йироқ бирор талаба одобсизлик қилиб қўйса, устознинг кайфиятига ёмон таъсир қилиши мумкин эди-да, ахир… Лекин… Ҳақиқий шеър ҳаммани мухлис қилиб қўяр экан. Биз китобдан, адабиётдан йироқ деб ўйлайдиган замонамиз ёшлари қирқ беш минут давомида ҳайрат билан тинглади устознинг шеърларини. Абдулла акам нутқини якунлагач, зал яна оёққа қалқиб, гулдурос қарсаклар билан олқишлади. Тадбир тугагач, ёшлар устоз билан изма-из бориб, у кишидан дастхат олишди. Юзлаб талабалар замонамизнинг атоқли ва ардоқли шоирини машинагача эҳтиром билан кузатиб қўйди. Мен эса ҳаяжон билан: “Устоз, кўряпсизми, бугунги ёшлар ҳам сизнинг шеърларингизнинг оташин мухлисларидир. Улар сизни нақадар эъзозлашини исботлаяптилар”, дедим. Абдулла акамнинг юз-кўзидан хурсандлиги яққол сезилиб турар эди.
Унутилмас сабоқлар
Абдулла Ориповнинг ҳар бир қадами ҳикмат, ҳар бир сўзи ибрат намунаси эди. Одамийлик фанини мукаммал эгаллаган ноёб сийрат эгаси эди устоз. Кунлардан бирида устознинг муолажада эканини эшитиб, зиёратига бордик. Табиийки, ўзбекнинг урфига кўра, даволанаётган одамнинг олдига қуруқ қўл билан борилмайди. У-бу бозорлик қилган бўлдик. Бизни самимий табассум ила кутиб олган Абдулла акам: “Домла, бу нарсаларни кўтаринг, Матёқуб аканинг олдига ўтамиз”, деди. Маълум бўлишича, замонамизнинг улуғ олимларидн бири, академик Матёқуб Қўшжонов ҳам шифохонада муолажа олаётган экан. Шоирнинг ўзини эмас, устоз олимни ўйлагани, унинг кўнглини олиш пайида бўлганиёқ биз учун унутилмас сабоқ эди. Матёқуб ака катта мамнуният билан кутиб олди. Суҳбат қизигандан-қизиди. Бадиият сирлари, матн устида ишлаш усуллари, ижодкор лабораторияси… Икки аллома, икки мутафаккирнинг суҳбати бизни адабиётнинг ҳеч бир китобдан ўқиб ўрганиб бўлмайдиган сеҳрли оламига олиб кирди. Қанчалик улуғ неъмат эди-я ўша суҳбат. Диктофонга ёзиб олмаганим учун ҳозиргача афсусланаман.
Ўша суҳбатда яна бир одоб дарсини ҳам олганман. Гап шундаки, ўша кезлари “Тафаккур” журнали бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлар эдим. Матёқуб ака: “Нурбой, “Тафаккур”да ишлаётганингизни эшитдим. Менга телефон рақамингизни ёзиб берсангиз. Сиз билан маслаҳатлашадиган гапларим бор”, деб қолди. Яширмайман, шундай машҳур академик мен билан маслаҳатлашмоқчи бўлганидан ич-ичимда қувонч ҳисси пайдо бўлди. Телефонимни ёзиб бермоқчи ҳам бўлдим. Шу пайт Абдулла акам қатъий оҳангда мана бундай деди: “Домла, Нурбой шогирдингиз-ку… У сизга ўзи қўнғироқ қилади”. Тўғриси, ичимдаги ўйдан уялиб кетдим. Шу гапни мен айтишим ўрнига устознинг эътиборидан ўзимча хурсанд бўлганимни ўйласам, ҳозиргача хижолат чекаман. Шогирднинг устоз олдидаги одоби қандай бўлиши кераклиги ҳақида олган ўша сабоқ бир умрга татигуликдир.
Абдулла Ориф – шўро мафкураси ҳукм сурган мураккаб ва зиддиятли бир даврда шеъриятимизга чинакам миллий руҳни олиб кирган назири йўқ шоир. “Майли, буюкларга интилиш бўлсин, жаҳоннинг, башариятнинг энг илғор фикрларига ошнолик бўлсин, Ғарб, Европа, Америка дейсизми, майли Лотин Америкаси, майли Ойми, Марсми… даражасида фикрлашсин, лекин ўзбек фикрласин, ўзбекча фикрласин! Агар шу “кичкинагина” шарт бажарилса, қолганига, албатта эришамиз”, деган ёниқ ва ҳаққоний сўзлари ижодкорларнинг бугунги ва келажак авлоди учун ҳам мезон бўла олади. Ўз ижоди мисолида ўзбек тилининг бутун латофати-ю ифода имкониятини, фасоҳатию балоғатини тўлақонли намоён эта билган нодир салоҳият эгаси эди Абдулла Ориф. Ўзбекнинг урф-удумига ҳаётда ҳам тўлақонли амал қилгани унинг сўзида ўзи акс этганига ёрқин далилдир.
Ўғлимни уйлантирганимда Абдулла ака хорижда даволанишда эди. Уйларига бориб, таклиф хатини қолдирдим. Келганларида зиёратига ўтдим. Бахтимга, ўша пайтда муҳтарам устозлар Эркин Воҳидов ва Иброҳим Ғафуров ҳам бориб қолишди. Тахминан уч-тўрт соат замонамизнинг икки даҳо шоири Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг суҳбатини тинглаш бахтига муяссар бўлдик. Ора-орада Иброҳим ака қўшилиб турганини эътиборга олмаса, даврадаги бошқа бирор одам бу суҳбатга қўшилишга журъат этмади. Ватан ва миллат тарихининг шонли саҳифаларидан аянчли даврларигача, ҳаёт ва ижод фалсафасидан адабиёт, айниқса, шеърият оламининг сир-синоатларигача, жаҳон адабиёти классиклари ижодидан бугунги адабий жараёнгача бўлган барча масалалар хусусида шундай нодир фикрлар айтилдики, уни бутун тафсилотлари билан ёзиш имконсиз. Икки беназир ижодкорнинг мулоқотини икки улуғ дарёнинг кўнгил саҳроларига оби ҳаёт билан жон бағишлашига қиёслаш мумкиндир, эҳтимол. Улуғ мутафаккирлардан бири: “Илм – овнинг ўлжаси, унинг хатга битилиши – овнинг қафасга солинишидир”, деганини ўқиганман. Бу суҳбатни ўша кунлариёқ дафтарга ёзиб қўймаганимни ўйласам, яна ўзимни кечиролмайман. Афсус, аксар неъматларнинг қадрини ундан айрилгандагина ҳис этар экан-да, одам.
Орадан ўн-ўн беш кун ўтиб, Абдулла акам телефон қилиб, тўй қутлуғ бўлсинга ўтишини айтиб қолди. Ўзимда йўқ қувондим. Устоз айтилган куни янгам билан келиб, уйимизни ҳам, кўнглимизни ҳам обод қилгани бир умр ёдимдан чиқмайди. Мана, ўзбекнинг қадимий урфига садоқат, кичик бир шогирдга иззат… Биз ҳам болаларимнинг онаси Шаҳлохон билан кўп марта Абдулла аканинг файзли хонадонларида устознинг ҳикматларга тўлиқ беқиёс суҳбатларидан, ўзбек аёлига хос барча фазилатлар эгаси Ханифа янгамизнинг бири-биридан лазиз таомларидан баҳраманд бўлганмиз. Яна бир гап: фахр ила айта оламанки, устоз Бегали Қосимовнинг кенжа ўғли Шоҳрухжон учун устоз Абдулла Ориповнинг кенжа қизи Рухсорага совчи бўлишдек масъулият ҳам менинг зиммамга тушган. Ушбу икки устознинг дилбандлари жамиятда ўз ўрнини топган бахтли оилалардан. Минг шукрки, бугунги кунда улар Мироншоҳ, Ойбек ва Бурҳониддин деган уч ўғилни тарбиялаб вояга етказяптилар. Бу жажжи неваралар ҳам улуғ боболари сингари Ватан ва миллат тараққийсига хизмат қилишидан умидвормиз.
Саксон ёш… Аслида, айни замонда етиб бўлмас марра эмас. Қанийди, саксон йиллик юбилейни устознинг ўзлари иштирокида нишонлаганимизда… Лекин… тақдирга тадбир йўқ экан-да… Абдулла Орипов жуда узоқ бўлмаган, лекин беҳад баракали умрида миллий адабиётимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Уни жаҳон бадиий-эстетик тафаккури чўққисига олиб чиқиш йўлида муносиб хизмат қилди. Миллий шеъриятимизда ўзига хос мактаб яратди. Адабиётимизнинг кейинги олтмиш йили унинг ижодиёти таъсирида кечгани, Абдулла Ориповдан кейин ижод майдонига келган барча шоиру адиблар, истисносиз, унинг шеъриятидан сабоқ олгани бунинг ёрқин исботидир. Ишонч билан айтиш мумкинки, улуғ шоирнинг маҳорат мактаби бундан кейин ҳам миллий адабиётимиз равнақида алоҳида ўрин тутади. Замонавий ўзбек адабиётининг тан олинган дарғаси устоз Абдулла Орипов билан ака-укадай яқин бўлиш ҳамда унинг ҳикмат ва ибрат дорилфунунида сабоқ олиш имконини ато этгани учун Яратганга қанчалик шукрона айтсам, шунчалик оз.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор