Тил — миллат ғурури

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугун дунёда 6 минг 909 тил мавжуд бўлиб, улардан атиги 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Улар қаторида она тилимиз — ўзбек тилининг борлиги миллатимизнинг ифтихоридир.

Президентимиз 2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини имзолаган эди.

Мазкур Фармонда белгиланган устувор вазифалар, аввало, она тилимизнинг халқаро ҳамжамиятда нуфузини оширса, мамлакат мисолида ўз давлатчилигимиз борлигини кўрсатади. Фармондан келиб чиқиб, бажарилиши лозим бўлган вазифалар — Концепция ишлаб чиқилди, Дастур қабул қилинди ва асосий йўналишлар тимсолида баён этилди.

Давлат хизматлари агентлиги ўз иш тартибини Президент фармонида белгиланганидек давлат тилига биноан ташкил этган. Ҳозирги пайтда ҳокимликлар, ташкилот, корхона ва муассасалар тизимида ҳал этиладиган айрим масалалар, айтайлик, аҳолининг уй-жойга, мулкка, оилавий шароитини яхшилаш, фойдали меҳнат билан банд бўлишида мактабгача таълим ташкилотларидан фойдаланиш сингари қатор вазифаларни белгиланган тартибда рўйхатга олиш Давлат хизматлари агентлиги ва унинг бўлимлари томонидан ҳал этилаяпти.

Ва яна фуқароларнинг турли соҳаларга оид ижтимоий-ҳуқуқий эгалигини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаш, эгасига тақдим этиш ишлари ҳам бизнинг агентлик томонидан амалга оширилмоқда. Шундай экан, ходимларнинг давлат тилига амал қилиш, иш юритиш малакасини ошириш, ҳужжатлаштириш жараёнида кечадиган мижоз билан муомала маданиятини ўзбекона одоб-ахлоқ доирасида шакллантириш ишлари йўлга қўйилди.

Ўзингизга маълум, Фармонда мамлакат миқёсида давлат тилининг аҳамиятини ошириш, ташкилот ва идораларда ҳурматини сақлаш, жойларда атамаларни ўзбекчалаштириш ишларига алоҳида аҳамият қаратилиш лозимлиги ҳам айтиб ўтилганди.

Яширишга ҳожат йўқ, ишлаш жараёнида айрим ташкилот ва идоралар томонидан давлат тилига жиддий эътибор қаратилмаётгани сезилиб қолаяпти. Айтайлик, пойтахт ва вилоятлардаги марказий шаҳарларда кўча ёзувларига беписандларча қараш каби ҳолатлар ҳалигача сақланиб қолган. Ваҳоланки, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли марказий шаҳарларга, айниқса, пойтахтга фақатгина савдо-сотиқ учун эмас, балки дам олиш, меҳмон сифатида ҳам тез-тез келиб туришади. Кўча ёзувларини кўрганда ўқиб тушунмаслиги тайин, аммо баъзи ҳолларда қайси жойга келиб қолганини англолмай қолаётгани бироз ташвишли. Буни агентликка иш билан келаётган одамлардан ҳам эшитаяп­миз.

Албатта, агентлигимиз иш фаолиятида битта тамойилга амал қилиб келади, яъни бойлик, ҳашамни истаган пайтда, истаганча топиш мумкин, аммо Ватанни, халқни, миллатни топиш учун, аввало, ўзлигимизни англаб олишимиз керак. Оналаримизнинг оқ сути билан кирган тилимизни асраб-авайлаб, уни келажак авлодга соф ҳолда етказиш бурчимиз.

Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланганидек, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширишга, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга ҳар бир юртдошимиз масъул бўлмоғи керак.

Шунингдек, мазкур йилнинг 1 апрелидан бошлаб раҳбар кадр­ларнинг ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимини баҳолашнинг миллий тест тизими асосида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳам фармонда айтилганди. Шу кунларда агентликнинг барча масъул ходимлари келажакда етук кадр сифатида шаклланиш учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини олишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзингизга маълум, агентликка бирон муаммоли масалани ҳал этиш учун келаётган фуқаролар, асосан, давлат тилида мурожаат қилишади. Қолаверса, Ўзбекистонда истиқомат қилаётганини ич-ичидан сезиб туриши давлатимизга бўлган ишончини янада орттиради. Шундагина одамлар мамлакат тараққиётида, истиқболдаги эришиладиган марраларда елкадош бўлади.

Мадорбек МАШРАПОВ,

Давлат хизматлари агентлиги масъул ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + seven =