“Яна келар сен кутган баҳор!”

Кўпчиликнинг қулоғига оҳанрабодек сингиб кетган қўшиқ бўлган бу сатрлар таниқли шоир, самимий инсон, устоз Саъдулла Ҳаким қаламига мансуб. Шу кунларда ўлкамизда биз кутган кўклам нафаси кезиб юргани эса устоз шоир битикларига ҳамоҳанг…

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг вилоят бўлими ташаббуси билан Жиззах вилояти, Фориш тумани халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва эл суйган ижодкор Саъдулла Ҳакимов хотирасига бағишланган “Ватандан яралган — ватандан кетмас!” мавзуидаги адабий-бадиий кеча шоир туғилган гўша — Форишда ўтказилди…

— Форишга мана оби раҳмат ёғмоқда. Форишнинг танти, меҳнаткаш халқи учун бундан зўр туҳфа йўқ. Гўёки, бу ёмғирлар устоз Саъдулла аканинг таваллуд айёми арафасида Фориш заминида атрофни ўзининг баҳорий нафаси билан безаганида ҳам рамзий маъно бордек, — деб гап бош­лади “Халқ сўзи” газетаси Бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов. — Ана бу тоғлар қўйнида ўтлаб юрган қўй-қўзиларни кўраяпсизми, агар мана шу ёмғир бўлмаса уларга емиш қайда дейсиз. Барибир ям-яшил далаларга нима етсин-а? Мана, Саъдулла ака қаердан илҳом олган, шеър завқининг манбаи қаерда, сири нимада?..

Шу каби гурунглар, устоз билан боғлиқ хотиралардан гаплашиб Фориш марказига қандай етиб келганимизни билмай қолдик. Бу ердаги маданият уйида тадбирга тайёргарлик авжида. Маданият уйининг кириш қисмида шоир қаламига мансуб китоблар, ижодий-маданий фаолиятидаги фотосуратлардан мўъжазгина кўргазма ҳам ташкил қилинибди.

Тадбирда С.Ҳакимов билан бирга ишлаган дўстлари, шогирдлари, таниқли журналистлар, шоир-ёзувчилар, Жиззах вилояти ва Фориш тумани ҳокимликлари масъуллари, шоирнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кечани Фориш тумани ҳокими И.Матиев очар экан, меҳмонларни қадим ва нав­қирон Форишда кўриб турганидан мамнунлиги, таниқли шоирнинг хотираси нафақат респуб­ликада, балки ушбу туман, у туғилиб ўсган Гараша қишлоғи халқи ёдида ҳам ҳамиша сақланиши, шоирдан қолган юзлаб шеърлар, китоблар эса ёш авлод томонидан севиб мутолаа қилиниши ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шундан сўнг Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Х.Салимов, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ш.Жабборов, шоирнинг рафиқаси, фарзандлари, шогирдлари, ҳамқишлоқлари шоир билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашдилар.

– Ўтган оғир йил турмуш ўртоғим шоир Саъдулла Ҳакимни олиб кетди. У киши ҳаётининг охирги кунларида ҳам ижод қилишдан, шогирдларига маслаҳат беришдан, дўстларини руҳлантиришдан тўхтамади. Биз бу инсон билан эллик йил бирга умргузаронлик қилдик, беш фарзандни тарбиялаб вояга етказдик, қанчадан-қанча орзу-ҳавасларимиз ушалди, — деди шоирнинг рафиқаси, жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланган Салтанат Ҳакимова. — Саъдулла ака умрларининг сўнгги йилларида юртимиз равнақидан, ижодкорлар ва журналистлар учун яратилаётган имкониятлардан ниҳоятда руҳланиб, юз бераётган улкан бунёдкорлик ишларига шогирдларини камарбаста бўлишга даъват қилиб яшади. У киши юртнинг орини, номусини юксак тутар, сўзнинг кучини ва ижодкор масъулиятини чуқур англар эди. Қолаверса, журналист сифатида ҳам соҳанинг барча машаққатларини тотиб кўрган, касбининг фидойиси бўлган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, қадрлар эди.

Тадбир давомида шоир билан боғлиқ шундай хотираларни тинглаб ўтирар эканман кўз олдимга беихтиёр ўзимнинг устоз марҳамати билан уюшмада ишлай бошлаган давр­ларим келди…

…Болалигим Чустнинг олис, тоғ­лар билан ўралган, Қирғизистон билан чегарадош бўлган Қорақўрғон қишлоғида ўтган. Отам томондан қирғиз, она томондан ўзбекман.

Бола эдим. Кунора бувимга хархаша қилиб, мени болалар сафларига қўшишмаяпти, қирғизча гапирасан деб кулишяпти, дея йиғлаб келаверар эдим. Шундай кунларнинг бирида бувим олдиларига ўтказди-да, насиҳат қилди: “Болам, одамларни ажратиш, камситиш яхши эмас. Сен ақлли боласан-ку, нима қилибди ҳам қирғизча, ҳам ўзбекча гапирсанг, тил билган эл билади, деган гап бор. Ҳали кўрасан, бир вақтлар келади, мана шу тилни билишинг сенга катта эшикларни очиб, омадлар калитини тутқазади. Ана шу маҳалларда менинг гапимни эслаб, бувим тўғри айтган эканлар, дейсан. Ҳаммасига вақт ҳакам…”.

Ҳақ эканлар. Йиллар ўтди. Мактаб, лицейни тамомлаб кейинги манзилимиз университет бўлди. Кунлардан бир куни иш қидириб Навоий кўчаси, 30-уйга йўлим тушди. Зинадан учинчи қаватга кўтарилиб келаётсам эл таниган атоқли шоир Саъдулла Ҳаким тушиб келаётган эканлар. Салом бердим, алик олдилар.

— Кечирасиз, сиз мени танимайсиз, бироқ мен сизнинг шеърларингизни ўқиб тураман. Яқинда университетимизда байроғимиз қабул қилинган кунга бағишланган тадбирда айнан сиз ёзган байроғимиз тўғрисидаги шеърингизни ўқидим, — дедим маҳмадоналик билан.

— Жуда яхши-да. Раҳмат. Бу ерда нима қилиб юрибсиз, бирор ишингиз бор эдими, ёки газета-журналларга келдингизми?

— Иш қидириб юрган эдим Устоз, мабодо сизларда бўш жой йўқми, иш бўлса бўлди, ойлик ҳам шарт эмас, дедим.

Саъдулла ака кулиб юбордилар ва: “Ойликсиз ҳам ишлайвераман денг. Ҳа, унда яшаш нима бўлади, қорин-чи, ким боқади уни?”

Жимгина ерга қарадим.

— Мана бу менинг телефон рақамим, бугун бир жойга йиғилишга кетаяпман. Эртага келинг. Бир суҳбат қиламиз…

Ҳа, улар ана шундай камтарин, самимий, одамнинг ёшига қарамай, суҳбатлашиб, гаплашиб, қўлидан келганча ёрдам беришга интилувчи закий инсон эдилар. Тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгалари қатори каминага ҳам устозлик қилдилар. Ўша учрашувдан сўнг суҳбатларида бўлдим. Маълумотномам, таржимаи ҳолим билан танишиб чиқар эканлар, эришган ютуқларим, дипломларимни кўриб хурсанд бўлдилар. Айниқса, қирғиз тилини ҳам билишим уларда алоҳида таассурот қолдирди.

— Сиз қардош халқлар тилини ҳам биласизми, қойил. Чингиз Айтматов, Аҳмаджон Мелибоев… Манас юртиданман денг. Қани, айтингчи қирғизчада қорин нима дейилади?

— “Қурсоқ”, — дея жавоб бердим дарров. Бўлди, бу йигитни ишга оламиз. Қардош тилларни билса бундан ёмон бола чиқмайди. Астойдил бўлинг, ўзим кузатиб тураман.

Саъдулла устоз ёш-талаба бўлишимга қарамай Журналистлар ижодий уюшмасига ишга қабул қилиб, оқ йўл тилаб, марказий нашрларда чиқадиган мақолаларимни кузатиб борар ва ҳар бирига фикр билдириб, қўллаб-қувватлар эдилар.

Ишга кирганимнинг илк кунида ўз қўллари билан “Юрт ўғлони” номли шеърий китобларини чиройли дил сўзлари билан: “Истеъдодли журналист, ижодкор Исломжонга энг яхши ниятлар билан, Саъдулла Ҳаким (имзолари) 09.07.2020 …” совға қила туриб: “Сиздан ҳам мана шундай китоблар кутиб қоламиз, албатта, омадингизни берсин…” деб ишонч билдирганларини ҳеч қачон унутмайман.

Оғир, вазмин, ёшлар учун маслаҳатгўй эдилар.

Бир гал “Hurriyat” газетасида эълон қилинган “Сизга айтар сўзим бор” номли мақоламга телег­рам орқали қуйидагича фикр ёзган эдилар: “Исломжон, “Hurriyat”даги мақолангиз билан табриклайман. Холис ва ҳаққоний, дунё миқёсида далилларга бой, одоб доирасида ёзилган ажойиб мақола бўлибди…”

Тил билишим мени улар билан устоз-шогирд бўлиб кетишимга, қолаверса, кейинги ижодий ютуқларим учун замин бўлди. Сентябрь ойи эди. Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларида бўлиб ўтган ижодий танловда ўзимнинг болалар йўналишида ёзган ҳикояларим билан қатнашиб, ғолиб бўлдим. Қозоғис­тоннинг “Жаҳон истеъдодлари” уюшмаси, Қирғизистоннинг “Қирғиз шоир-ёзувчилари” жамоат фонди аъзолигига қабул қилиндим. Икки давлат гувоҳномасини (пандемия бўлгани боис электрон вариантини олган эдим) устозга кўрсатганимда жуда хурсанд бўлган эдилар.

Адашмасам, қаергадир муҳим йиғилишга кетаётган эдилар. Янгиликни айтишимни биламан ортларига қайтдилар-да, хоналарига кириб алоҳида, самимият билан қутладилар. “Насиб бўлса, карантин тугаб қолса чиройли қилиб, жамоа билан бирга яна қутлаймиз, ютуқларни кўпайтираверинг кўкламда туғилган кунимда, ҳа, сиз ҳам мартда туғилган эдингиз, 20 март тўғрими, мендан беш кун олдин, иккисини қўшиб нишонлаймиз”, деган эдилар.

Минг афсуски, бу уларни охирги кўришим, охирги суҳбатларини эшитишим бўлди…

Жорий йилда эса Қозоғистон Рес­публикасининг “Абай” ҳамда “Жаҳон истеъдодлари” уюшмасининг “Елеулi енбегi ушiн” (“Муҳим хизматлари учун”) медали билан тақдирландим.

Агар, устоз ҳаёт бўлганларида бу ютуғимдан ҳам жуда қувонган бўлар эдилар. Ҳа, Устоз ана шундай шогирдлари муваффақия­тидан шодлик ҳиссини туйиб юргувчи раҳбар бўлганлар. Шогирдлар ўрнак олса арзигулик сифатлари бисёр эди…”

* * *

Келинг, сўзни яна Устоз ёдига бағишланган Форишдаги хотира кечасидан давом эттирсак.

Тадбирда форишлик ёшлар С. Ҳакимов қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқиган бўлса, жиззахлик санъаткорлар шоир шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан куйлади.

Ғурур билан айтиш мумкин, халқимизнинг ардоқли фарзанди Саъдулла Ҳакимов беқиёс истеъдоди, журналистик салоҳияти, давлат ва жамоат ҳаётидаги раҳбарлик фаолияти билан умри бардавом ижодкорга айланган эди. Гарчанд бугун у киши орамизда бўлмаса-да, улардан қолган ижодий меърос – кўплаб асарлари биз билан яшамоқда. Демак, шоир ҳам ўтли нафаси билан ёнимизда.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =