Америкалик Лукас ўзбекистонлик бўлиб чиқди

“Ҳуррият” газетасининг 2021 йил 31 март 14 сонидаги “Дўс­тим “Олтин кони”га нега меросхўр бўлмади?” сарлавҳали мақолани ўқиб яқинда ўзимнинг ҳам бошимдан шунга ўхшаш воқеа ўтгани эсимга тушди.

 

Шу йилнинг 4 январь куни телеграмимга нотаниш инсон ёза бош­лади. Мен унга: “Узр, сизни танимадим”, дедим. У ўзини америкалик Лукас қўшиқчи эканлигини, Самарқандга саёҳатга келганини, мени телеграм рақамим тўсатдан чиқиб қолганини айтди. Ажабландим.

Эртаси куни у яна менга ёзишни бошлади. Гап орасида мени ёқтириб қолганини, шунинг учун менга совға бермоқчи эканлигини айтди. Мен унга бегоналардан ҳеч қандай совға олмаслигимни билдирдим. Лукас бўлса ўзини мусулмон эканлигини, Америкага тез орада қайтиб кетишини, ёқтирган инсонларига пули кўп бўлгани учун совғалар беришини ёзворди. Дастлаб, у менга косметика олиб қўйганини, яна хоҳласам машина олиб беришини айтди.

Умуман танимаган, билмаган одам ғирт бегона одамга машина совға қиладими? Ҳайратландим. Ярим тунда телеграм орқали телефон қилди. Чўчиб, уйғониб унинг қўнғироғига жавоб бердим. У машинани, совғаларни самарқандлик Рухшона исмли қиздан эртага бериб юборишини, пластик картамни юборсам пул ўтказишини, чунки Америкага қайтиб кетишини таъкидлади.

Мен унга ҳеч қандай пластигим йўқлигини, совғалари ҳам керакмаслигини ёзвордим.

Эртаси куни у айтган қиз Рухшона телеграмга кириб, менга Лукаснинг омонатларини қаерга олиб боришни сўради. Унинг бу гапларидан рости жуда ажабланардим, нима бўлаётганини ҳеч тушунолмасдим. Танишларимга шундай воқеалар бўлаётганини айтиб, маслаҳат сўрадим. Улар менга: “Сиз доим одамларга яхшилик қилиб юрасиз. Бу ҳам бўлса Яратганнинг марҳамати бўлса керак. Лукас орқали Худойим сизни сийлаётгандир. Тошкентга олиб келаверинг, учрашамиз, деб ёзворинг”, дейишди.

Рухшона эртаси куни телеграмга кириб, Лукас унга омонатларни олиб бориб бериши учун 3 минг доллар берганини, менга ҳам кўп пул қолдирганини таъкидлади. Мен унга Тошкентга келганда телефон қилинг, учрашамиз, дедим.

“Лукас Кеит исмим мени. +52 867 202 07 09 телефон рақамим. Пул юбордим 5000 АҚШ доллари ва совғалар машинада”, дея у телефон рақамини ҳам ёзворди.

Улар уч кун мен билан телеграмда хўп ёзишди. Аммо пластигимни юбормадим. Чунки уларнинг ниятини мен билмасдим ва бу гапларга ишонгим келмасди.

7 январь куни эса “саховатпешалар” ўз-ўзидан телеграмимдан чиқиб, сувга тушган тошдек жим бўлиб қолишди.

26-27 март кунлари яна телеграмимга нотаниш бир йигит кириб салом берди. Мен унга: “Узр танимадим”, дедим.

У ўзини Равшан Элбекович Халилов, бизнесмен, “Акфа” корхонаси директори бўламан, деб таништирди. Сўнгра яна: “Мен сизни танимайман. Телеграмимга чиқиб қолибсиз. Офисимга келмаганмидингиз иш масаласида ёки “заказ” бўйича?” — дея ёзворди. Мен унга: “Йўқ. “Акфа” корхонасига бормаганман”, дедим.

Сўнгра у телеграмига қандай чиқиб қолганини суратини юборди. “Опажон қандай хизмат бўлса бемалол мурожаат қилаверинг”, дея ўзини олижаноб инсон қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. Ота-онаси Германияда яшашини, 5 йилдан буён кўрмаганлигини, ёлғиз ўғил эканлигини ҳам айтиб ўтди. Кейин 500 АҚШ долларлик иш таклиф қилди. Телеграм орқали қўнғироқ қилиб, савдо дўкони борлигини, сотувчи бўлиб ишласам 500 АҚШ доллари беришини таъкидлади. Мен унга фақат журналистика соҳасида ишлашимни, сотувчилик қилолмаслигимни айтдим. Кейин у Олий Мажлис Сенатида Феруза Латипова деган таниши ишлашини, унга айтса иш топиб беришини, у билан эртага гаплашишини айтди.

Равшан билан гаплашганимда, унинг овозини январь ойида қўнғироқ қилган Лукаснинг овозига ўхшатдим. Лукас деганлари февраль ойида қўнғироқ қилганида унинг телефон рақамини сақлаб қўйгандим. Шубҳаланганим боис атайлаб Лукаснинг телефон рақамини Равшаннинг телеграмига ёзиб “Телефон рақами сизникими?” — дея сўрадим.

У “Йў-ўқ мен акасиман. Кейинроқ телефон қилвораман. Шу масалада. Опажон, нима дейсиз? Сизга америкалик бола мурожаат қилмаганмиди?” — дея талмовсираб ёзворди.

“Эсимда йўқ”, дедим мен уни яна нималар деб ёзишини кутиб. Ёлғиз ўғилман деган Равшан, энди телефон рақамни сўраганимда “мен акасиман” дея ёлғон гапириб, қовун туширганини ўзи сезмай қолди.

“Ўша мен эдим. Равшан Элбекович Халилов”, дея бироздан сўнг ёзворди.

Эртаси куни у: “Опажон ишингиз нима бўлди? Мен гаплашдим Латипова Феруза Ҳайдаровна билан. Душанба куни Регистонга келаркансиз. Кела оласизми? Мен фақат Самарқандга боғлиқ журналистика соҳасини гап­лашиб бера оламан дедилар. А, сиз Тошкентда-ку, тўғрими?”

“Телефон рақамингизни ёзворинг”, дедим.

“Менда офисим номери бор, бўладими? Ишхонамга телефон қиласизми? Опажон мени ишхонам, офисим номери чекланган хизматларда. Сиз туша олмайсиз”, деди.

“Унда қўл телефонингизнинг рақамини ёзинг. Телефон рақамингизни сўрадим. Шунчалик қийинми телефон рақам бериш!” — дея ёзганимдан сўнг у: “Бера олмайман. Опажон истасангиз бошқа безовта қилмайман. Опажон, онам билан гаплашасизми?” — дея қандайдир профил ташлади.

“Бу онамни профили. Ёзиб гап­лашсангиз бўлади. Бемалол. Сиз ҳақингизда гапирдим уларга”.

27 март куни у профилидаги ҳамма ёзишмаларни ўчириб ташлабди.

Мен бу гал уларни суратга олишга улгургандим. Бу ҳақда тегишли жойга ҳам юбордим.

Шунақанги мақтанчоқ, аҳмоқларга алданиб қолманг!

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =