Журналистнинг қалами ўткир бўлсин

Мавзуни мозийдан эмас, бугунги кунлардан сўзлайин. Журналист бўлганлигим боис, мени безовта қилаётган соҳамиздаги муаммоларни айтмоқ истадим. “Hurriyat” газетасининг 2021 йил 14 апрелда чоп этилган 16-сонида таниқли журналист Шуҳрат Жабборовнинг “Пойтахтдан узоқда…” сарлавҳали мақоласи эълон қилинганди. Аксарият фикр билдирувчи ҳамкасблар туман газеталари жуда зарурлиги, эътибор кучайтирилиши кераклигини айтишади. Ҳақиқатан ҳам шундайми?..

Тан оламизми, йўқми ҳозирги кунда ҳатто туман газеталари ҳам аҳоли хонадонларига тарқатилмаяпти. Республика, вилоят нашрларининг-ку обуна нархи қимматлигидан кўп раҳбарлар номигагина ўша ташкилот ва муассаса учун обуна ташкиллаштирадилар. Фикримча, қачонки таҳририят тўла мо­лиявий мустақилликка эришса, ўшанда кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Аммо барибир бундан, биринчи навбатда, жамият катта маънавий озуқа олади.

Вилоят, туман ҳокимликлари муассислигида нашрдан чиқаётган газеталарда танқидий-таҳлилий мақолалар йўқ ҳисоби. Чунки ҳокимликлар ҳар йили таҳририят учун обуна уюштиришда сал-пал кўмаклашадилар. Энди айтинг-чи, бундай вазиятларда муҳаррир кимга бўйсунади?

Шу сабаб, маҳаллий даврий нашрлар иш жараёнида ҳокимликлардаги айрим раҳбарларнинг масъулиятсизликларини, ноқонуний хатти-ҳаракатларини кўриб, кўрмасликка оладилар. Чунки муаммолар газетада ёритилса, таҳририятнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши тайин. Мана шуларни ўйлаган муҳаррир “оч қорним, тинч қулоғим”, деб жимгина юраверади-да.

Гарчи бугун интернет деганлари ҳам бор бўлса-да, ундаги кўпи ёлғон-­яшиқдан иборат хабарлар нафақат одамларни, балки кўпгина раҳбарларни ҳам чалғитаяпти. Афсуски, улар ижтимоий тармоқдаги шов-шувларни ростдек қабул қилишмоқда. Яқинда бир қўшним айтиб қолди: “Бу кетишда газеталарнинг кераги бўлмай қоладиганга ўхшайди-ёв. Чунки ижтимоий тармоқларда воқеа-ҳодисалар нафақат матнли, балки видеоли тарзда берил­япти, бу одамларни кўпроқ жалб қилади”. Албатта, бу бир фикр. Бизнингча, газетанинг, яъни босма нашрларнинг қадр-қиммати интернет қанчалик ривож топмасин, барибир йўқолмайди. Бунга сабаб, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар ёки янгилик бир лаҳзалик, дақиқа сайин янгиланиб турмаса “яшай олмай” қолади. Газета эса бутун бошли тарих. Исталган пайтда фойдаланиш мумкин. Унинг ўлмаслигига сабаб ҳам шу.

Аммо журналист асдойдил ишлаши учун бугунги шароитда унинг ўртача ойлик маоши беш миллион сўмдан кам бўлмаслиги керак. Ана шундагина ҳам тили, ҳам қалами ўткир бўлади.

Яна бир гап: таҳририятлар давлат бюджетига ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу жўяли фикримни бундан олдин ҳам билдиргандим. “Бозор иқтисодиёти шароитида бу гапингиз ноўрин”, дейишди айрим ҳамкасблар, мен уларга: “Ҳокимлик газеталари давлат сиёсатини халққа етказар экан, албатта, унинг молиявий чиқими ҳам тўла давлат гарданида бўлиши керак. Аммо хусусий газеталарнинг йўриғи бошқа. Улар бозорга қараб иш тутсалар, ножоиз бўлмайди”, дедим.

Яна бир нарсани унутмаслигимиз керак, ҳар йили олийгоҳларни юзлаб йигит-қизлар журналист ихтисослиги бўйича тамомламоқда. Уларнинг орзу-­умидлари бир олам. Газета ва журналларнинг кенг ва ёруғ, замонавий жиҳозланган хоналарида, яхшигина маошга ишласам дейди.

Инсон дунёга келибдики, умид билан яшайди. Ахир, журналист халқи ҳам эл дардида ўзини ўққа-чўққа уради. Вақти келиб, меҳнатлари тўла қадрланишини исташади. Бунга эса уларнинг ҳам маънан, ҳам қонунан ҳақлари бор-ку.

Хуллас, юқорида тилга олганим — “Пойтахтдан узоқда…” сарлавҳали мақолани ўқиб, кўнглимдан кечган ўйларни қоғозга туширдим.

Бахтиёржон ЖОЛЧУЕВ,

Фарғона вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =