Юрт боласи — эл дарди

Умр дарахтига қанча орзу, қанча армонлар битилган. Кимдир фарзандга зор, кимдир эса дилбандининг соғлом кулгусидан безор. Бу маскандаги беғубор юраклар ҳамон йўлдан кўзини узол­майди, уларнинг мунгли нигоҳлари аллақайси маконларда беғам яшаётган онаси, отасини чорлашдан тўхтамайди…

Ана шундай ўйлар оғушида Фарғона шаҳридаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи”га етиб келдим. Уни ошён тутган болаларнинг сони анча камайгани ҳақида эшитиб, юракда илиқ таскин уйғонади. Қанийди бундай “уй”­лар бўлмаса. Ҳеч бир бола ташлаб кетилмаса, манглайига “ортиқча юк” деган тамға босилмаса!

Дарвоза олдида бизни кутиб олган “Меҳрибонлик уйи”дагиларнинг “катта ойи”си — бош шифокор Фаридахон Холдорованинг кўзларида ҳар бир гўдакнинг кўзи яшаётгандек тую­лади.

52 нафар тарбиячи, 30 нафар энага, 18 нафар ҳамшира меҳнат қиладиган бу маконда болалар учун ҳамма шароитлар бор. Тоза ва шинам хоналар, ош-овқат таъминоти, боланинг соғлом улғайиши, қизиқишларини ўстиришга қаратилган машғулот ва ўйинлар, сайр­лар… Кичиккина жуссасига ярашган, чиройли либосларини айтмайсизми?! Отаси, онаси бермаган меҳрнинг ўрнини шу Ватан тўлдираётганини тан олиш керак.

Муассасада янги туғилган чақалоқлардан 6 ёшгача бўлган болалар 6 гуруҳда тар­бияланишади. Уларнинг қандай қилиб бу ерга келиб қолгани ҳақида юрак ютиб сўрадим, эшитганларимдан, дунёнинг ҳою-ҳа­васларидан устун бўлган неъматни абгор этган одамлардан дилим оғриди.

Қўнғироқсоч Саъдия эндигина 1,5 ёш. Қадам ташлай бошлаганига ҳам кўп бўлмаган. Унинг лўппи юзи, порлоқ кўзларига қараб, Яратган қайси аёлни у билан сийлаган экан, дея ўйга толасан. Афсус… бу гўдак асли “Меҳрибонлик уйи”нинг собиқ тарбияланувчиси бўлган М.нинг бебошлиги, мудҳиш хатоси сабаб туғилган. Буниси етмагандек, боласини шу ерга ташлаб, ўзи хорижда сарсон юргани аянчли. 2 ёшли Азизбекни ташлаб кетган она бир ярим йилдирки, на келиб ҳол сўраркан, на қўнғироқ қиларкан. Ҳозир вилоят судида уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жараёни кетмоқда.

Ҳасанжон ва Заҳрохонлар   — эгизак. Уларнинг яна бири — Зуҳрахон   уч ака-опаси билан отасининг қарамоғида. Туғилибоқ, онасидан айрилган норасидаларга қараш ва боқишга ҳеч бир инсоннинг кучи етмаслиги аниқ.

— Мадинахон ва Бобуржонлар ҳам 3 ёшга тўлишди. Уларни ўз онаси сотиб, пулламоқчи бўлган вақтида қўлга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилган, болалар эса биз билан катта бўлишяпти, — дейди бош шифокор Фарида Холдорова. — Ширинани эса туғуруқ уйи­дан ўтказишган, она бўлмиш ноқонуний, ношаърий йўл билан туғилган дилбандидан ор қилган кўйи ундан воз кечган.

Яна бу “уй”да онаси озодликдан маҳрум қилинган Ботир ва Зарина, ота-онаси руҳий касал бўлган Али сингари турли оилавий сабабларга кўра бу ерда паноҳ топган болалардан 19 нафари яшайди.

— 5 ёшли Муроджон ҳарбий бўлмоқчи, Шодиёра қизимиз шифокор, Муҳаммадрўзи эса олим бўлишни орзу қилади. Уларнинг қизиқишларига қараб машғулотлар ўтишга, орзуларидаги касблари ҳақида маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз, — дейди муассаса тарбиячиси Мадинахон Комилова. — 27 йилдан буён шу даргоҳда меҳнат қиламан. Сўнг­­ги йилларда муассасамизга давлатимиз эътибори, саховатпеша ҳамюртларимизнинг ёрдами кучайганига гувоҳ бўлаяпман.

Бу масканда тарбияланаётган 5 нафар бола янги оилаларга кўчиб ўтишибди. Бундан ташқари, бугунги кунда 600 нафардан зиёд оила бола олиш учун навбатда туришган экан. Мазкур “Меҳрибонлик уйи” 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 46 нафар бола яшайди, йил охирига бориб яна камайиши кутилмоқда. Аммо тарбияланаётган болалар ўз ота-оналари ёки янги оиласи бағрига қайтса, аслида бу яхшиликка, лекин Фарида опа: “Айрим ҳамкасбларим бола камайса, муассасамиз ёпилиб қолади”, деган хавотирда. Биз бундай хавотирдан қутулишимиз керак”, дей­ди.

Бугун элнинг дилидаги оғриқ бўлиб турган, бегуноҳ дилбандларнинг меҳрхонаси — “Меҳрибонлик уйи” эртага жамиятнинг ўтмишига айланса қандай яхши… Биз: юртнинг боласи элнинг дардига айланмасин, деймиз.

Энди деразадан боқиб, йўлга кўз тиккан, митти қўлларини оламга чўзаётган болаларга бахт беришга фақат меҳргина қодир!

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.

Фарғона.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 11 =