Ҳақиқий дўст электрон бўлмайди
Аслида барча касб эгалари китоб ўқийди. Шунга мажбур. Аммо қандай китоб, савияси қанақа? Муаммо шунда… Айтайлик, ўқитувчи ўқувчиларга юқори савияда, сифатли таълим-тарбия бериш учун илм-фандаги янгиликларни, қўшимча дарсликларни ўқийди, ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўради, чунки бугунги ўқувчи кечаги содда, гўл, ишонувчан эмас. Йилдан-йилга талаб кучаймоқда…
Қонун ҳимоячилари ҳам, ўз касбида узоқ ишлай деса, янги қонунларни, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартиришларни ўқиб боришга мажбур. Саломатлик посбонлари ёки иқтисодчилар, молиячилар, ҳатто архитекторлар ҳам замонавий билимларини ошириб бориши керак. Тўғри, айтишингиз мумкин, айтилган нарсалар интернетда бор-ку, деб. Аммо интернетда эълон қилинган андазалар дунёни умумлаштиришга хизмат қилади. Ўзини билган миллат вакиллари ундан нусха олиб, ўз миллий анъаналарига мослаштиради. Ана ўшанда ҳар бир миллатнинг ўзлиги намоён бўлади. Буни ҳаммамиз биламиз.
Шундай экан, ҳар қандай мутахассисга миллатга хос бўлган анъаналар ҳақида атрофлича тушунча берадиган китобларни ўқиш ҳам фойдали, ҳам ўта зарурдир. Шукурлар бўлсинки, мамлакатимизда минглаб илмий ва бадиий адабиётларни ўзида жамлаган китоб дўконлари, кутубхоналар сони ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, интернет тизимида электрон ҳамда аудио тизимида миллатимизга мос китобларни топиб ўқиш имконияти ҳам яратилгани китобсеварлар учун катта қулайлик бўлди.
Аммо шу ўринда бир муаммо бор, биз каби талаба-ёшлар, қолаверса, олийгоҳларга кириш учун тайёргарлик кўраётган абитуриентлар айрим қўлланмаларни китоб дўконларидан топиши мушкул, топилганда ҳам нархи баландлигидан сотиб олиш қийин. Нашриётлар ёшлар учун чиқарадиган китобларни арзон қилса бўлмасмикин. Давлатимиз, ҳукуматимиз шу масалага ҳам эътибор қаратса, яъни моддий томондан қўллаб-қувватласа яхши бўларди…
Университетимизда мутолаа маданияти деган фан ўтилади. Унда талабалар ўзи яхши кўриб ўқиган, ижобий таассурот қолдирган асарни тақдимот қилади, яъни слайд орқали бошқа талабаларга таништириб, ўқишни тавсия қилади. Бир куни курсдошимиз Диёрбек америкалик адиб Марио Пюзонинг “Чўқинтирган ота“ ёки “Мафия сардори“ романи ҳақида тайёрлаган тақдимотини намойиш этиб, барчамизни қизиқтирди. Асардаги воқеаларни шунчалик берилиб гапирдики, албатта, уни топиб ўқишни мақсад қилдик. Ўша куниёқ дўстим Фазлиддин билан китоб дўконига бордик. Китоб нархи қирқ беш минг сўм экан. Афсус, пулим етмагани туфайли ололмадим.
Қизиғи, нега айнан мафияга тааллуқли китобларни ёшлар ўқий бошлади? Бу асарлардан нима олиш мумкин?
Шундай бўлса-да, қўл телефонимга юклаб, ихлос билан мутолаага киришдим. Бироқ ҳақиқий китоб билан электрон китобни ўқишда анча фарқ бор экан. Қанчалик берилиб ўқимай фикримни йиғишим қийин бўлди, воқеалар ривожини кузатишда чалкашликларга учрайвердим. Икки ҳафта ичида беш-олти марта қайта-қайта бошдан бошлаб ўқийвериб ҳафсалам пир бўлди.
Энг ёмони, пул, бойлик деб бир-бирининг умрига тажовуз қилиш, отиб ўлдириш, бировнинг мол-мулкини зўравонлик билан тортиб олиш, ҳар нарсадан шахсий манфаат устунлиги авж олган воқеалар ёритилган асарлар ёш китобхонга қанчалик манфаат келтиради?! Кетган вақтимга ачиндим, аммо…
Аслида айтмоқчи бўлганим, китобнинг асл нусхасини ўқиш керакми ё электрон нусхасиними? — эди. Китоб мухлисни асло ташлаб кетмайдиган, хиёнатни билмайдиган дўст, деб тарифлашади. Аммо унинг экрандаги нусхаси одамни ташлаб кетиши мумкин экан. Нима бўлганда ҳам ҳақиқий китобни қўл билан ушлаб, саҳифаларини меҳр билан варақлашга нима етсин! Китобнинг ҳам ўз иси бўлади. Худди мана шу ифор ўқувчини асарда тасвирланган янги оламга олиб киради, воқеаларни бўй-басти билан кўз олдида гавдалантиради.
Эсимда, оиламиздагилар билан ибратли, мулоҳазали китоблар, даврий нашрда чиққан мақолаларни илиниб, қўлма-қўл қилиб ўқирдик. Ўшанда билгандим: телефондаги суҳбат билан асл дийдорнинг фарқи бошқача эканлигини англаб етгандим.
Сиз-чи муҳтарам мухлис, сиз қандай китоб ўқиш тарафдорисиз? Асарни қўлингизда тутиб, унда тасвирланган воқеаларни ҳис қилиб ўқишними, ё ҳиссиётдан йироқ программалаштирилган интернетдагисиними?
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
ЎзЖОКУ талабаси