Келажак бугундан бошланади ёки “Хоразм ҳақиқати”да маҳорат дарслари

Журналистлик касбини ўрганишга қизиққан ўқувчи-ёшларнинг соҳага доир билим, тажриба, маҳоратларини оширишда “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ҳузурида ташкил этилган “Ёш жамоатчи мухбирлар маҳорат мактаби” машғулотлари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

 

Машғулотлар жараёнида тингловчиларга турли жанрларда материаллар тайёрлаш юзасидан назарий ва амалий билимлар берилаяпти. Ёшлар томонидан тайёрланган мақолалар газетамизда чоп этилади. Қувонарлиси, маҳорат мактаби таҳририятимиз қошида ўтган асрнинг 80-йилларида фаолиятини бошлаган бўлиб, шу кунларда ҳам машғулотлар тўхтаб қолгани йўқ. Яна бир жиҳати, маҳорат дарсларида қатнашган кўплаб ёшлар бугунги кунда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли вазифаларда меҳнат қилишмоқда.

Яқинда ўтказилган навбатдаги маҳорат машғулотида Урганч шаҳридаги 4-сон умумий ўрта таълим мактабининг йигирмадан зиёд ёш ижодкорлари қатнашди. Ўқувчи-ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишини ҳисобга олиб, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири в.б. Солияжон Раҳимберганова вилоят газетасининг кенг қамровли фаолияти ва бугунги тезкор ахборот алмашиш даврида журналистдан ўз касбига янада масъулият билан ёндашишни талаб этаётгани борасида гапирди.

Қарийб 101 йилдан буён чоп этилаётган “Хоразм ҳақиқати” газетаси ўтган йилларда ўз саҳифаларида вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муаммоли масалаларга таҳлилий ёндашиб, ўқишли мақолалар ёритиб келади.

Айниқса, навбатдаги машғулот иштирокчилари таҳририятимизнинг компьютер марказида газеталарни саҳифалаш жараёнини катта қизиқиш билан кузатиб бордилар.

Уларнинг кўпчилиги, гарчи газетанинг навбатдаги сони тайёрланаётган бўлса-да, “Газета қандай тайёрланади?” — деган саволни беришди. Компьютер марказининг газеталарни саҳифалаш бўйича мутахассислари Шоҳида Юсупова ва Шоира Искандаровалар ўқувчиларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтаришди.

Сафимизда узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган тажрибали ходим Татьяна Давлетова “Хорезмская правда” газетасини янада ўқишли, ранг-баранг, қизиқарли чоп қилинишида сидқидилдан ижод қилиб келади.

Татьяна Давлетова ушбу машғулотида бўлажак ёш мухбирларга рус тилида янгиликлар, хабарлар, репортажлар тайёрлаш бўйича ўз маслаҳати ва тавсияларини айтиб ўтди.

Тадбир якунида узоқ йиллардан буён журналистика соҳасида фаолият юритиб келаётган устоз журналист С.Раҳимберганова “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари, яъни ҳамкасбларининг кенг миқёсдаги меҳнатлари, ҳаёт, ижод йўллари, касбимизга оид бошқа унутилмас лаҳзалар батафсил ёритилган “Воҳа солномаси” китобини 4-сон умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасига совға қилди.

Отахон РАҲИМ,

“Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда”

газеталари мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 11 =