Тажриба ва маҳорат мактаби

Янги замон ўзбек миллий журналистикаси, миллий матбуоти, унинг жонкуяр ходимлари олдига шарафли ва масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Ўзбекистон ОАВ ривожида энг сўнгги русумдаги компьютер технологияларидан, ахборот коммуникация воситаларидан унумли фойдаланиш билан бирга, жаҳон матбуотининг илғор тажрибаларини ўзлаштириб фаолиятимизга тат­биқ қилишимиз лозим.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими жамоаси ана шундай масъулиятни ҳис этган ҳолда фаолият юритиб қилмоқда. Уюшманинг Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да жойлашган вилоят бўлими ҳамиша журналистлар, соҳага ҳавасманд талабалар, мактаб ўқувчилари билан гавжум бўлади. Бу даргоҳда китобхонликни кенг тарғиб қилиш учун маънавият бурчаги ташкил қилинган. Унда ўзбек халқ достонлари, миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари, журналистикага оид назарий ҳамда амалий қўлланмалар жой олган.

Уюшманинг вилоят бўлими ҳамкор ташкилотлар билан медиа-турлар, матбуот анжуманлари, семинар-тренинглар ўтказиб келмоқда. Жумладан, бўлим ўтган йилги оғир пандемия шароитида мунтазам равишда тренинг, семинар ва матбуот анжуманларини онлайн тарзда амалга оширди. Вилоятдаги туман, шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари учун икки кунлик онлайн ўқув-семинари ташкил этилганини ҳам таъкидлаш лозим.

Ўтган йили уюшманинг вилоят бўлими Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бош­­қа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдиришга, этник маданий анъаналарни асраб-авайлашга, халқ ижодиётини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш” йўналишида “Сурхондарё — қадриятлар бешиги” лойиҳаси билан 30 миллион сўмлик давлат грантини қўлга киритди. Ушбу лойиҳа асосида муҳим тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, “Сурхондарё — қадриятлар бешиги” номли китоб чоп этилди. Карантин вақтида Термиз, Ангор, Музработ, Шеробод, Қизириқ, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи туман кутубхона марказларига лойиҳа доирасида чоп қилинган китоблар тақдим қилинди.

Журналистлар, блогерлар ва фотомухбирлар учун ижодий танлов эълон қилинди. Ўтган йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ғолиблар Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да тантанали тақдирланди. Шунингдек, USAID молиявий кўмаги асосида Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази тренерлари Карим Баҳриев ва ЎзДЖТУ доценти Наргис Қосимовалар билан ҳакорликда “Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳоти: ОАВда ёритиш” мавзуида журналистлар ва блогерлар учун икки кунлик семинар ташкил этилди. Термиз шаҳридаги “Меридиан” меҳмонхонасида “ЮНИСЕФ”, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда уюшма вилоят бўлими ҳамкорлигида “COVID-19”га қарши эмлаш жараёнлари, мавзуни ёритишда журналист ва блогерлар иштироки” борасида семинар-тренинг ўтказилди. Юқоридаги ташкилотлар ва уюшма ҳамкорлигида “Бола соғлиги, хусусан, иммунизация масалаларини ОАВда ёритиш”, “Ўзбекис­тонда коррупцияга қарши курашишда омма­вий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш” мавзуларида ҳам семинар-тре­нинглар ўтказилгани воҳа журналистларига бўлган эътиборнинг яна бир намунасидир.

Уюшманинг вилоят бўлими томонидан доимий равишда воҳадаги кекса журналистлар ҳолидан хабар олинмоқда. Яқинда уюшма вилоят бўлими раиси Муҳиддин Абдураҳмонов қисқа умри давомида халқ назарига тушган, вилоят телерадиокомпанияси, “Миллий тикланиш”, “Сурхон тонги” газетасида фаолият олиб борган, 39 ёшида вафот этган Баҳром Нормуродовнинг оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, моддий кўмак берди. Шу куни фахрий журналист Усмонали Норматов хонадонида ҳам бўлиб, уюшма томонидан ажратилган маб­лағ эвазига зарур озиқ-овқат маҳсулотларини туҳфа қилди.

Шуни айтиш керакки, уюшма ходимлари ўзининг иқтидори, тажрибаси ва ташаббуси билан ҳам ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда. Жумладан, 2020 йил февраль ойида уюшманинг вилоят бўлими мутахассиси Мас­тура Ҳамроева Латвия давлатига ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ва Балтика журналистик тадқиқот маркази томонидан “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик манфаатларига хизмат қилиш имкониятларини ошириш” лойиҳаси доирасида медиа-турда иштирок этиб келди. У Рига шаҳридаги “STOCKHOLM” бизнес мактабида дата журналистика бўйича малака ошириш билан бирга, Европада етакчи бўлган “ДЕЛФИ”, “МЕДУЗА” интернет нашрлари, “ЛТВ” миллий телевидениеси ва радиоси, “СКОНТО” маҳаллий радиолари тажрибаларини ўрганиб қайт­­ди. Октябрь ойида эса Мастура Ҳамроева журналистлар учун ажратилган халқаро стипендия соҳибаси бўлди.

У 2018 йилда Хитойга ҳам тажриба ўрганиш учун борган эди. Шунингдек, “Йилнинг фаол ёш журналисти” деб эътироф этилган, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловида икки маротаба ғолибликни қўлга киритган. Ўзбекистон журналистлари учун MediaCAMP Марказий Осиё дастури асосида “Интернет журналистика асослари” онлайн тренинги ташкил қилинишининг амалиёт мактабини ўтаган, десак муболаға бўлмайди.

Яқиндагина, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва уюшманинг вилоят бўлими томонидан Термиз шаҳридаги “Меридиан” меҳмонхонасида “Жамоат манфаатларига амал қилишни таъминлашда ўзбек оммавий ахборот воситаларининг салоҳиятини ошириш-II фаза” лойиҳаси доирасида тренинг ташкил этилди. Уч кун давомида маҳаллий журналистлар амалий машғулотларда фаол иштирок этишди.

Ҳамкорликнинг ҳикмати бор. Уюшма ходимлари икки йилдирки Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида вилоятда ўтказилаётган барча тадбирларда ҳамкор ва ташкилотчи сифатида иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, уюшма жамоаси вилоятдаги барча тегишли бошқармалар, ташкилотлар, агентликлар, прокуратура, Ёшлар иттифоқининг шаҳар, туман бўлимлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Эътиборга лойиқ яна бир ташаббус. Уюшманинг вилоят бўлими сайъ-ҳаракати билан ва ТерДУда журналистикага қизиқувчи ёшлар учун медиа-клуб ташкил этилган. Бунга бир йилдан ошаяпти. Ижодкор ёшлар орасидан келажакда салоҳиятли журналистлар етишиб чиқишига шубҳа йўқ. Уюшма томонидан ҳамкорликда ташкил этилган ижодий тўгарак талабалар учун ҳам, ТерДУ учун ҳам, миллий матбуотимиз, миллий адабиётимиз учун ҳам илк пойдевор ва таянч нуқта бўлиб қолса ажабмас.

Жорий йилда ижодий уюшма “Наврўз Сурхондан бошланади” номлли фотокўргазма ташкиллаштирди. Бундан мақсад вилоят ва туман газеталари фотомухбирларининг маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, холис кишилар томонидан уларнинг фаолиятига баҳо бериш, имтиҳондан ўтказиш, маънавий ва моддий рағбатлантириш эди. Кўргазмада, 3-ўрин “Жануб қуёши” газетаси фотомухбири Валмурот Жумартовга, 2-ўрин “Термиз университети” газетаси фотомухбири Низом Ҳакимовга насиб қилди. Танлов ғолиби деб ЎзАнинг вилоятдаги фотомухбири Жонибек Қўзимуродов тан олинди. Ғолиблар уюшма томонидан диплом ва эсдалик совғаси билан тақдирланди. Уюшма томонидан нафақат турли мавзуларда семинарлар, тренинглар, медиа-турлар, маҳорат дарслари, кўргазмалар ташкил этилмоқда, балки Сурхондарёнинг Кампиртепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа, Окс Александрия каби архиологик ёдгорликларига ОАВ ходимлари учун саёҳатлар уюштирилаётгани ҳам қувонарлидир. Хулоса қилиб айтганда, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими фаолияти ва улар амалга ошираётган тадбирлар миллий матбуотимизнинг ёш захматкашлари учун маҳорат ва тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда.

Сафар Омон,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − three =