“Олтин водий” — Зарафшоннинг ойнаси

Айтишадики, ҳар бир мақола, ҳар бир асар йўқ нарсадан яратилади. Аввало, воқеалар содир бўлади, сўнг фикрлар юзага келади. Фикрлар сўзга айланиб, ўқувчига етиб боргунча, ижодкор қалби заҳматли йўлни босиб ўтади. Тайёр ҳодисани қоғозга тушириш учун ҳам аввало истак, иқтидор, шарт-шароит керак. Зарафшон қишининг аччиқ совуғига, ёзининг оташларига қарамай, мухбир воқеа жо­йига боради, кўзи билан кўриб, қалби билан ҳис қилади.

Қизилқум кенгликларида нафас олиб, шу ерда умр кечириб, ижод қилиш учун фидойи бўлиш керак. Мухбирлик касбини тақдир деб танлаш керак. Таҳририятда ишлаётган ижодий ходимлар шундай фидойи инсонлар. Мухбир ҳамиша халқнинг ёнида туриб, ҳақиқат учун курашади. Гоҳо ўзининг ҳузур-ҳаловатини унутиб қўйса-да, ўқувчиларининг ёнида туриб беришни унутмайди. Кўпчиликнинг дилидаги сўзни топиб айтолган куни – ижодкорнинг байрами. Гоҳо салгина эҳтиётсизлик қилиб, бир оғиз сўзни ножоиз айтиб қўйса, кечаги мухлислар уни кечирмайди. Шу боис мухбирнинг ҳаёти ҳамиша тиғиз.

Унинг иш соати йўқ. Илҳоми келса, тун бўйи ёзиб чиқади. Илҳоми келмаса, кун бўйи қўлларини қаёққа қўйишни билмай юради. Давр юкини елкасига олиб, холислик ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида қалам тебратаётган журналист доимо эл-юртнинг диққат-марказида туради, ардоғида яшайди. Хусусан, бугунги глобаллашув даврида жамоатчилик фикрини шакллантириш, ҳаётимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга одамларнинг онг­­ли муносабатини уйғотишда қалам аҳлининг алоҳида ўрни, катта ҳиссаси бор.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” газетаси таҳририятида ҳам ана шундай ёниқ қалб эгалари, ижодкорлар, журналистлар меҳнат қилишади. Жамоанинг хизматлари туфайли зарафшонликлар ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва турли соҳаларга оид янгиликлардан хабардор бўлишади. Уларнинг юзлаб, минглаб газетхонлари олдидаги масъулият ҳисси ҳар доим елкасига юкланган.

“Олтин водий” газетаси рус ва ўзбек тилларида чиқади. Ўзининг 43 йиллик тарихига эга. 1979 йилдан буён чоп этилиб келинади. Дастлаб, “Зарафшанский рабочий”, сўнгра “Золотая долина”, бугунги кунда “Олтин водий” номи остида чоп этилиб келинмоқда.

90-йилларнинг боши газета тарихида ўчмас из қолдирган. Бу даврда иқтидорли журналистлар, ижодкорлар жамланган эди. Газетанинг ҳар томонлама қизиқарли мақолалар билан тўлалиги, ўткир  фельетонларнинг қизғин баҳсларга бой бўлиши, ажойиб шеърият саҳифалари мавжудлиги, албатта,  газетхонларни қизиқтирмасдан қўймас эди. Г.Ахметшин, В.Суспицин, Р.Халитов, В.Даркина, Г.Лысенко каби тажрибали журналистлар ўз мухлисларига эга эдилар.

Ўтган йиллар давомида газета таҳририятида бир неча бор муҳаррирлар, журналистлар таркиби ҳам ўзгариб борди. 15 йилдан ортиқ вақт ичида газетага С.Мийлиев, Г.Лысенко, О.Сабирова, Ф.Абдураупов, М.Муқимов, М.Ҳусановлар муҳаррирлик қилдилар. Уларнинг ҳар бири газетага ўзига хос янгилик­лар олиб кирди, мазмунан бойитиб, газета нуфузини ҳамда обуначилар сонини оширишга  ва янада оммабоп бўлишига хизмат қилди. Тақдир тақозоси билан ҳозирда уларнинг қайси бири Россия ёки Беларусда, қай бири шаҳримизда фаолият кўрсатмоқда.

Газета дастлаб рус тилида чоп этилган,  1998 йил 29 майдаги 9-сонида эса ўзбек тилидаги илк мақолалар саҳифа юзини кўра бош­лаган.

“Олтин водий” бугунги кунда ўзбек ва рус тилларида, ҳафтада бир марта саккиз саҳифада чоп этилади. Газета сўнгги йилларда ўз саҳифаларида, дизайнида кўплаб янгилик­ларни амалга оширди. Нашрнинг электрон почтаси ва телеграм ижтимоий тармоғида ўз саҳифаси мавжуд. Газетанинг биринчи саҳифасида махсус QR-код жойлаштирилган бўлиб, муштарийлар у орқали нашрнинг телеграм каналига ўта олиш имкониятига эга. Шунингдек, газетада инфографика йўналиши жуда яхши ривожланган. Катта ҳажмдаги маърузалар, матнлар расм ёки диаграмма кўринишида газетхонларга содда усулда етказиб берилишига аҳамият қаратилади.

Газетада “Бонг”, “Бугуннинг гапи”, “Шаҳар ҳаёти”, “Кўзгу”, “Ҳаёт сўқмоқларида” каби бир қанча рукнлар остида танқидий-таҳлилий мақолалар, шаҳар ҳаётига оид ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар акс этиб боради. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари чоп этилиб, уларга тегишли ташкилотлар томонидан жавоб хатлари бериб борилади.

“Олтин водий” газетаси таҳририяти ҳузурида иқтидорли ёшларни саралаш, журналис­тика соҳасига қизиқувчи истеъдод эгаларини бирлаштириш, уларга соҳа сир-асрорларини тушунтириш, ташкилот ва корхоналарда жамоатчи мухбирларини шакллантириш мақсадида “Ёш журналистлар мактаби” ташкил этилган. Мазкур мактаб тингловчилари бўлган Нодира Миржонова, Маҳлиё Равшанова, Шаҳзод Ибрагимовлар бугун адабиёт, журналистика, санъат йўналишидаги нуфузли олийгоҳларни тамомлаб, ўзининг салоҳиятини намойиш этиб келмоқда. Мазкур мактаб тингловчиси бўлган, кейинчалик Ўзбекис­тон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаб, газетада узоқ йиллар фаолият юритган Зарина Тоҳирова айни пайтда пойтахтдаги Podrobno.uz сайтида фаолият юритмоқда.

Газета таҳририяти “Ўзбекистон почтаси” АЖ ҳамда “Матбуот тарқатувчи” АК билан шартнома тузмаган. Чунки почта хизмати орқали амалга оширилган обуна пуллари йил давомида бўлиб-бўлиб ташлаб берилади. Шу сабабли таҳририят 12 нафар газета тарқатувчиларини шартнома асосида ишга олган. Шаҳардаги ҳар бир ҳудудга бир нафар поч­тальон бириктирилган. Шу боис, газетани етказиб бериш борасидаги шикоятлар бўлса, тўғридан-тўғри таҳририятга келиб тушади ҳамда почтальонларга етказилади. Бу орқали 12 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланган ҳамда газета ўз вақтида обуначига еткакиб беришни назорат қилиш имконияти яратилган.

2019-2020 йилларда газета муассиси Зарафшон шаҳар ҳокимлиги бўлган. 2021 йил 24 мартдан Давлат активларини бошқариш бошқармаси Навоий вилояти ҳудудий бош­қармаси муассислигида чоп этилмоқда.

“Олтин водий” газетасининг тиражи сўнгги уч йилда ошиб бормоқда. Хусусан, 2020 йил 1 январь ҳолатига 8114 та, 2021 йил январь ҳолатига 8100 тани ташкил этган бўлса, 2022 йил январь ҳолатига 9310 нусхани ташкил этмоқда.

Айни пайтда газета муҳаррири сифатида ёш журналистлардан Умиджон Худойқулов фаолият юритмоқда. Ўзбекистон журналис­тика ва оммавий коммуникациялар университети 3-босқич талабаси. 2020 йил 16 январдан бошлаб у “Олтин водий” газетаси муҳаррири лавозимида фаолият юритади.

Муҳаррир ўринбосари, “Ўзбекистон белгиси”, “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари соҳиби Гулшанда Бобомуродова, рус бўлими мухбири, асл касби ҳуқуқшунос Зафар Ишкуватов, истеъдодли, шижоатли ёшлардан Шаҳноза Ҳамраева, дизайнер-саҳифаловчи Дилшод Бобомуродов бугун газетанинг ўқишли бўлиши, замонавий кўриниш ва руҳга эга бўлиши учун ҳаракат қилишмоқда.

Таҳририят жамоасини уларнинг ҳаммасини бир истак, бир ният бирлаштириб туради — газетани ўқимишли ва қизиқарли қилиб тайёрлаш. Бу эса ҳамиша ҳам осон бўлавермайди. Газета Зарафшон шаҳрининг ойнаси. Шаҳарда рўй бераётган во­қеалар, янгиликлар, хабарлар, қувончлар, ташвишлар – ҳаммаси имкон қадар газета саҳифаларидан жой олиши керак. Бунга улгуриш учун ҳамиша уйғоқ, бедор, билимли бўлиш талаб этилади. Газетани менинг севимли газетам, деб аташлари учун билим билан бирга ходимлардан  меҳр ва фидойилик ҳам талаб қилинади.

Газетачиларнинг иш вақти чегараланмаган. Гоҳо иш соати тундан тонггача чўзилиши ҳеч гап эмас. Жамоанинг тинимсиз меҳнатлари ҳосиласи—янги газета дунё юзини кўрганда барча чарчоқлар унутилиб кетгандай бўлади. Янги иш кунида эса нав­батдаги газетанинг дунёга келиши кутиб туради. Яна ҳаловатсиз кунлар ва тунлар бошланади…

Отабек АСЛОНОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 18 =