Ойнинг қоронғи томони

Мамлакатимизнинг турли вилоят, туманларида чоп этилаётган маҳаллий нашрлар ўз ҳудудларида илғор тажрибаларни оммалаштириш, жойларда фаолият юритаётган фидойи замондошларимиз ибратини кўрсатиб бериш борасида диққатга сазовор ишларни амалга оширишяпти.

Айни пайтда ҳаётимизда рўй бераётган салбий воқеалар турли танқидий чиқишларда муҳокама қилиняпти, уларнинг такрорланмаслиги учун газетхон огоҳликка чақирилмоқда. Хўш, маҳаллий газеталар бу вазифани қай тарзда уддалашяпти? Шу саволга жавоб бериш учун бир қатор нашрларни варақлаб чиқдик.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида чиқадиган “Улуғ йўл” ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий газетаси шу йилнинг 26 февраль сонида “Жиноят ва жазо” рукни остида “Комбинатга ишга киришни истайсизми, “унда 2500 доллар сананг”миш” сарлавҳали мақолада илгари ҳам судланган Мастура исмли аёл одамларни умумий миқдорда 28 минг долларга “ухлатгани” маълум бўлади (бу, албатта, фош бўлгани, холос). Содда одамларга нисбатан фирибгарлик, товламачилик жиноятларини содир этган бу аёлнинг қилмишлари мақолада очиб берилади. Мақола муаллифлари жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди раиси Беҳзод Жўрабеков ва журналист Дилафрўз Эгамбердиева ушбу жиноят илдизи ҳақида бафуржа мушоҳада юритишадики, бундай ёндашув ҳар бир газетхонни огоҳликка чорлаши тайин.

Юртимизда тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш борасида сезиларли ишлар қилинмоқда. Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетасининг жорий йил 26 февраль сонида Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги вакили Аброр Ибрагимовнинг “Ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилди” сарлавҳали мақоласи бу борада қилинаётган диққатга сазовор ишлар ҳақида. Ихчамгина мақолада ушбу идорага 482 та мурожаат келиб тушгани, уларнинг 217 таси тадбиркорлар фойдасига ҳал этилгани, 264 таси (тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаганлиги учун) тушунтириш берилгани баён этилади. Ушбу фаолият ҳақида ҳаётий мисоллар билан тушунтирилгани айни муддао бўлган.

Фуқароларнинг тинч ва бехавотир ҳаёт кечиришларида ҳуқуқий саводхонлиги муҳим аҳамият касб этади. Деновда чоп этиладиган “Чағаниён” газетасининг шу йил 24 февраль сонида “Қилмиш-қидирмиш” рукни остида “Ҳам энидан, ҳам бўйидан” сарлавҳали мақолада ҳам бир фирибгар ҳамюртларининг соддалигидан фойдаланиб, уларга қандай зарар келтиргани хусусида сўз боради. Унда қонунни четлаб ўтишга уринган зотлар фош қилинади.

Жиззах шаҳрида чиқаётган “Жиззах овози” газетаси 26 февраль сонида фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди раиси Ж.Эсановнинг “Оила қўрғонига дарз кетмасин” деб номланган мақолада Ўзбекистон Конституциясининг “Оила” боби ҳақида кенг тушунча берилган. Оилавий ажралишлар сабаблари, уларнинг олдини олиш омиллари ҳақида амалдаги қонунлар воситасида газетхонга кенг тушунча берилибди. Бу хилдаги чиқишлар ҳаётимизда рўё бераётган салбий воқеалар камайишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Баъзан ҳеч ким шубҳа қилмайдиган инсонлар ҳам билиб-билмай жиноят йўлига кириб кетишади. Фарғона вилояти Қўштепа туманида нашр этиладиган “Истиқбол йўли” газетаси шу йил 28 февраль сонида фаол ҳуқуқшуноснинг “Ўқитувчи нега озодликдан маҳрум этилди?” мақоласи “Жиноятга жазо муқаррар” рукни остида берилган. Баён этилишича, ўқитувчи А.С. ўзига тегишли бўлган телефон аппаратидан фойдаланиб, интернет тармоғига уланиб, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, шундай қарашларни тарғиб қилувчи ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш, фойдаланиш тақиқланган материалларни, жиҳод, ҳижрат ва шаҳид амалларини бажаришга даъват этувчи диний маърузаларни телефонига кўчириб олиб ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланган. Қўқондаги мактаблардан бирида дарс берувчи бу кимса жамиятга зарар келтирувчи кишига айланган. “Истиқбол йўли” газетаси бир кишининг қилмишини қоралаш орқали кўпчиликни ибратли ҳаракатларга ундайди.

Кейинги пайтларда таълим олаётган ёшларга тарбия беришнинг аҳамияти бот-бот уқтирилмоқда. Тарбияда майда-чуйда нарсанинг ўзи йўқ. “Янги Сирдарё” вилоят газетаси шу йил 4 март сонида “Дафтар юзидаги беҳаё суратлар” деган мақолада ана шу долзарб масалага газетхонлар эътиборини қаратади. “Муштарий мулоҳазаси” рукнида берилган мазкур мақолада ярим яланғоч қизлар, йиртқич ҳайвонлар, маънисиз тасвирлар акс этган дафтар муқовалари ёшлар тарбиясига салбий таъсири, билим олишдан чалғитиши айтилган. Буларнинг ўрнига мутафаккир боболаримиз сиймоси, уларнинг доно фикрлари берилса, айни муддао бўларди, деган таклиф ўртага ташланади.

Албатта, нотўғри тарбия туфайли турли нопок йўлга кирган ёшлар ўз вақтида бу йўллардан сақланиши керак. Фарғона вилоятидаги “Данғара” газетасининг шу йил 10 март сонида “Чиркин касб эгалари” мақоласида қўшмачиликни одат қилган одамлар қилмиш­лари фош этилади. Унда Фарғона вилоят ИИБ ТХТБ ҳузуридаги тергов ходимлари Б.Мирзаев ва Э.Рўзматов шундай ярамас йўлга кирган қўшмачилар қилмишларини фош этиш орқали уларнинг алдовига учмасликка даъват этишади.

Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири. Халқ депутатлари Паркент туман кенгаши депутати Ортиқ Пиримов “Паркент тонги” газетасининг 3 март сонида чоп этилган “Оққан сувлар оқмай қўйди” сарлавҳали мақоласида мавжуд аҳволдан қониқмай тегишли мутасаддиларга шундай дейди: “Бир депутат сифатида сайловчиларим номидан мурожаат қилмоқчиман. Ўз вазифангизга сидқидилдан ёндашинг. Мана шу халқ бор, сиз борсиз. Шу халқнинг ортидан ризқ-рўз топяпсиз. Бу беш кунлик дунёда ўз ишингизни сидқидилдан бажариб, инсонларга нафимиз тегсин”. Бу чин маънода халқ учун куйиб-пишган депутатнинг қалб ҳайқириғи.

Қува бозорида куппа-кундузи ўғирлик содир бўлди. Фуқаро Ҳ.Валижонова 1 миллион 300 минг сўмлик бозор қилиб, аравачидан юкни бекатгача олиб чиқишни сўради. У ерда иккита ёш йигит: “Биз Валижонованинг жиянлари бўламиз” деб бозорликни олиб қочишди. Бу ҳақда “Қува ҳаёти” газетасининг шу йил 7 март сонида “Пўшт, арава!” сарлавҳали мақолада ёзилган. Ички ишлар ходимлари кузатув камералари орқали ўғриларни топишди. Газета эса ушбу чиқиш орқали одамларни ҳушёрликка чорлади. Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди раиси Зафаржон Омонов юқоридаги воқеани баён этиш билан муҳим профилактик юмушни адо этган.

Вилоят ва туман миқёсида чоп этилаётган газеталар аксарияти ахборот коммуникация воситалари орқали бутун мамлакатга тарқалмоқда. Бу борада Фарғона, Тошкент, Наманган вилоятларидаги маҳаллий газеталар фаоллик кўрсатишяпти. Ижтимоий тармоқларнинг “Газеталар шарҳи” деган жойида кўпгина нашрлар билан танишиш мумкин. У ерда ҳар бир тақдим этилган материалга “Ушбу pdf файл газета таҳририяти томонидан тақдим этилди” деган эслатма берилади. Демак, ҳар қайси нашрнинг фаоллиги таҳририятда иш қандай ташкил этилишига боғлиқ.

Қуйи матбуот нашрларининг адади ҳақида қизиқадиган бўлсак, турли манзаранинг гувоҳи бўламиз. Жойларда 5-6 минг нусхада чоп этилаётган газеталар билан бирга адади 1000 тага ҳам етмаган, умуман чиқмай қолаётган газеталар ҳам бор. Яқинда Тошкент вилоятининг мутасаддилари ва туман газеталари журналистлари ана шу танглик ҳолатини муҳокама қилишди. Аҳволни ўнглаш учун аниқ чоралар кўриш белгиланди.

Газета – жамиятнинг юзи-кўзи. Жойларда чоп этилаётган матбуот нашрлари эса тегишли ҳудуд ижтимоий ҳаётининг кўзгуси бўлиб қолади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 5 =