“Ғалаба боғи” фалсафаси

Ўтган аср ўрталарида туғилган авлод Иккинчи жаҳон уруши келтирган ниҳоятда оғир кулфатларни жуда яхши билади. Чунки бу даврда уруш асоратлари яққол сезилиб турарди. Одамлар қийинчиликларга тўла ҳаётни бошдан кечиришаётганди. Халқнинг урушга бўлган нафрати жуда кучли эди.

50–60-йилларни эсласам, биз ўспиринлар қишлоғимиздаги уруш қатнашчиларининг суҳбатларини яйлов ва пахтазорларда кўп марталаб эшитганмиз. Кексалар ҳар доим “Илоё, уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин!” — дея дуо қилишарди. Хонадонларда урушга кетиш олдидан бир тишлам узилган, қотиб кетган нонлар 70-йилларгача осиғлиқ турганини кўрганмиз.

Ўтган йили Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги юртимизда кенг нишонланиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғи очилган эди.

Жорий йил май ойида — Хотира ва қадрлаш куни арафасида таниқли давлат ва жамоат арбоби Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” номли публицистик китоби нашрдан чиқди.

Китоб муқаддима, 6 та фасл ва хотима қисмидан иборат. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши даврида Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, учала даражадаги “Шуҳрат” орденларига ҳамда генерал ҳарбий унвонига сазовор бўлган ўзбекистонликлар рўйхати китобга илова қилинган.

Бу китобда Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатларини енгиб, урушда эришилган Ғалабага улкан ҳисса қўшган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг жасорат ва матонати ҳақида ҳикоя қилинган. Уруш қурбони бўлган аждодларимизнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида Юртбошимиз ташаббуси билан рўёбга чиққан эзгу амаллар баён этилган.

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабани таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, тенги йўқ жасоратни кўрсатиб берувчи яхлит мажмуа юртимизда шу вақтга қадар мавжуд эмасди. 2019 йил 9 май куни давлатимиз раҳбари илк бор пойтахт марказида боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ғоя­сини олға сурди. Кўп ўтмай, Президент қарорига кўра Ғалаба боғи концепцияси тасдиқланиб, Олмазор туманида 14,7 гектар ер ажратилиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш доирасида Ғалаба боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Халқимизнинг ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганиш бўйича ҳам муҳим натижаларга эришилди. Қисқа фурсатда кенг қамровли илмий-тадқиқот ишлари ва жиддий таҳлилий изланишлар амалга оширилди. Кўркам Ғалаба боғи таркибида “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат” ва “Кўз ёши” монументлари, “Шон-шараф” давлат музейи барпо этилди. Академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китобида бу боғ — қадр-қиммат, хотира, тарбия, жасорат ва матонат руҳида тарбиялаш боғи экани чуқур ёритилган. Таъбир жоиз бўлса, Ғалаба боғи жасорат ва матонат, хотира ва қадр, муҳаббат ва садоқат эъзозланадиган ватаннинг мўъжаз тимсолидир.

Боғнинг умумий кўриниши, меъморий тузилиши миллий анъаналаримизга мос бўлиб, қатор етакчи давлатлар тажрибасини ўзида мужассам этгани билан алоҳида ажралиб туради. Китобда муаллиф 20 дан зиёд мамлакатда шундай масканларни шахсан кўрган, бошқалари билан интернет орқали танишган бўлса-да, бундай муҳташам мажмуани учратмаганини ёзади.

Боғ мажмуасидаги ҳар бир ёдгорликнинг ўзига хос фалсафий-тарихий ва бадиий-меъморий ечимлари китобда теран баён этилгани боис, у ўқувчига “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бўйлаб ғойибона сайр этиш имконини беради, дейиш мумкин. Асардан ҳаққоний тарихий далиллар, ишончли рақамлар ва қизиқарли фотолавҳалар ўрин олгани диққатга сазовордир.

Китобда уруш натижалари бўйича 2019 йилгача бўлган эски маълумотлар билан 2020 йилгача аниқланган янги, ҳақиқий маълумотлар ўзаро қиёсланган. Ушбу далиллар жадвал шаклида берилиб, чуқур таҳлил этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизларининг фронт ортидаги жасорати, қорақалпоғистонликларнинг Ғалабага қўшган ҳиссаси, Ўзбекистон аскарларининг Европадаги халоскорлиги, “Қаршилик ҳаракати”даги иштироки, туркистонлик ҳарбий асирлар қисмати, қолаверса, Иккинчи жаҳон уруши арафасида, уруш даврида халқ хўжалигининг барча соҳалари ҳарбий йўналишда фаолият олиб боргани, диний эътиқодлар эркинлиги, урушда кўзларидан айрилган адиб Вали Ғофуров ва унинг “Вафодор” романи, умуман, адиблар, кино арбоблари, ижодкорлар, санъаткорларнинг уруш давридаги фао­лияти аниқ далиллар асосида китоб саҳифаларидан ўрин олган.

Ушбу китобни “Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши даври кичик энциклопедияси” деб аташимиз мумкин.

Асар ҳозирда ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашрдан чиққан.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Зеро, Ғалаба боғининг барпо этилиши замирида Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассамдир.

Китобда таъкидланганидек: “Ушбу боғ ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдида Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига хос юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий натижаси бўлиб қолади”.

Муаллифга, барчамизга тарихий-таҳлилий асар муборак бўлсин, деймиз.

Очил БЎРИЕВ,

Қарши давлат университети профессори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − seven =