Миллат ва ҳайрат ҳайқириғи

Машҳур санъаткор, Ўзбекистон халқ артистиАлишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори Шерали ЖЎРАЕВ ҳақида публицистик қўшиқ

 

Сўз ва оҳанг уйғунлиги, бадиий юксак шеърларнинг қўшиққа айланганлиги, овоздаги жозиба Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ижодига хос фазилатлардир. Ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида ўзбек халқининг тилию дилидан тушмаган ҳофизнинг ҳаёт ва ижод йўли бир маромда кечмаганлиги у ҳақда ёзилган мақолалар, эсселар, очерклар ва бошқа тур асарлардан ҳам яхши маълум. Ушбу мақолани тайёрлашдан мақсад буюк санъаткорнинг умр бекатларидаги сеҳрли эврилишларга яна бир бора, бир қур назар ташламоқдир.

Унинг қудратли овози ўтмиш билан бугуннинг мангу нолаларини, оҳангларини, барҳаёт анъаналарини ўзида мужассам этган маънавий кўприк. Аждодлар билан авлодларнинг боқий туйғуларини занжирдай мустаҳкамлаган. Асрий дардларимизга малҳам бўлади унинг қўшиқлари. Ҳаёт муаммоларини енгиб яшашга, келажакка дадил қадамлар ташлашга даъват этади.

Бу нолакор, бетакрор ва мағрур овоз Андижонда туғилди. Анжон томонларда янгради бу қудратли сас. У шарафли касб эгаси чўпон отасига эргашиб, дашту тоғларда, адоқсиз далаларда қўй боқиб юрган кезларида хиргойи қилиб юришни сира-сира канда қилмади. Унинг ёқимли ва ширали овозини илк бор эшитган отасининг юраги жизиллади, ичидан хурсанд бўлиб, ўғлини дуо қилди.

Ўғил эса дуо қанотида кенгликлар, тоғ-тошлар бағрида юраги тўлиб-тошиб куйлайверади. Болалигидан қўшиқ унинг жону жаҳонига айланиб, жажжи юрагидан мустаҳкам ўрин олган эди. Бир кун келиб бу хиргойилар уни овоз султонига айлантиришини ҳали ўзи билмасди. Бир кун келиб, бу мағрур ва ёрқин камалакдай товланувчи жарангдор овоз миллион-миллион юракларни мафтун этишини, забт қилишини хаёлига ҳам келтирган эмас.

Унинг ягона буюк орзуси бор эди: қўшиқ куйлаш. Ҳали ҳеч ким эшитмаган, ҳали ҳеч ким айтмаган қўшиқни айтишни истарди. Бу қўшиқ унинг юрагида туғилиб, вояга етаётган эди. У ўз қўшиғи бўлишини хоҳларди. Бу йўлда тинимсиз изланди, хазинатопарлар сингари чинакам тер тўкди. У биринчи қўшиғини катта саҳнада 1966 йил, яъни 19 ёшида куйлаб, мухлисларнинг юксак олқишига сазовор бўлди. Ва мана 50 йилдан буён саҳнадан тушмайди, олқишлар тарк этмайди уни. Машҳур космонавт Солижон Шарипов ҳофизнинг “Олтин қанот қушлар учсин” қўшиғини космосда туриб эшитганлигини ҳамиша фахр билан эслайди…

— Биз улуғ ҳофизни ўзимизга пир деймиз, – дейди таниқли хонанда Собиржон Мўминов.

Орзулари ушалди. Оллоҳнинг инояти билан туғилиб ўсган она-замини, улғайган Ватани, улуғлаб куйлаган халқи уни қўшиқчи қилди, қалбининг тўридан жой берди.

У жонажон Ватанини, улуғ она халқини баралла куйлашдан бир лаҳза ҳам тўхтамади. Ватан ва халқ унинг мангу, умрбоқий мавзуси, мангу қўшиғи эди. У ҳақиқий ватанпарвар, шоирлар – гоҳ Абдулла Орипов, гоҳ Эркин Воҳидов бўлиб нидо қилди. Ватан меҳри ва ишқини юракларда гуллатди.

Бу ўтли қўшиқ янграганида халқимизнинг юрагида МИЛЛАТ ва ҲАЙРАТ ҳайқирди, ғуруримиз тоғдай юксалди, ўзини, ўзлигини анг­лади. Қўшиқни яна юқори пардаларга кўтарди. Авжини баланд олди. Бу қўшиқ ҳатто Американи ҳам ҳайратга солди:

Америка – сеҳрли диёр

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

Денгиз ортин ёритди илк бор,

Берунийнинг ақл машъали.

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним…

У яна ҳам катта юрак, шижоатли ва ўктам овоз билан куйлаган “Ўзбегим” қўшиғида шундай наъра тортдики, халқнинг юраги қайнаб, қалби кенгайиб, юксалиб кетди, қаддини яна ғоз қилди, бошига дўпписини маҳкам қўндирди.

Бу даврда шўронинг қатағон ва камситиш сиёсати авжига чиққан, таҳликали, ғурбатли йиллар эди. Сўздан, ҳарфдан, ижродан сиёсий хато изланадиган мудҳиш даврлар эди. Лекин ҳофиз бу қўшиғи билан бизнинг улуғ ва буюк ўзбеклигимизни ҳамиша ёдимизга солиб, куйлаб келди. Бу ўша замонда ҳақиқий жасорат ва қаҳрамонлик эди. Бу қўшиқни юрагида олови бор ҳофиз айта олади.

Ҳофиз ҳамиша шеърнинг юрагини қалбига жо этиб, ўз юрагига жойлаб кейин куйлайди. Репертуар устида жуда жиддий тер тўкади. Вақт ва замон ўтаётир. Лекин унинг репертуаридаги умри боқий қўшиқларини ҳамон завқ-шавқ билан тинглайдилар. Репертуар шодасидан тушиб қоладиган ўткинчи қўшиқ йўқ. Асосий сабаб: ҳофиз сўзни чуқур ва чексиз муҳаббат билан севади, севиб ардоқлайди. Сўз, аввало, унинг юрагида жаранг беради. “Сўзи анинг не бало шириндир…”

Ҳар бир ижро этилган янги қўшиқ ҳофизни кашф қилади. У қўшиқ санъатимизда чинакам яратувчи – кашфтиётчига айланди. Ҳар бир қўшиқ ўзига хос тарих.

Бетакрор овоз соҳиблари бўлган булбулнафас, буюк санъаткорлар – Ҳалима Носирова, Ҳожи Абдулазиз, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Расулқори Мамадалиев, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов ҳақиқий қўшиқ кашфиётчилари бўлган. Бу улуғлар сафидан бизнинг суюкли ва фидойи санъаткоримиз ҳам муносиб ўрин олди. Мардлик ва ҳалоллик билан ўз ўрнини топди. Кашфиётчилар саҳнасига уни бетакрор ва умрбоқий қўшиқлари етаклади.

Маълумки, саҳрода қатра сув ҳаёт бағишлаганидек, ҳофиз яратган қўшиқлар ҳам ҳақиқий санъатга ташна қалблар чанқоғини қондириб келаётир…

У қадим ва буюк ўзбек қўшиқчилиги санъатида кутилмаган янги саҳифалар очди. Ўз ижро услуби ва бетакрор овози билан мактаб яратди. Бу мактабдан не бир санъаткор етишиб чиқмади дейсиз, ҳали неча-неча авлодлар баҳраманд бўлишларига ҳам ишонамиз.

Ҳофизнинг шогирдларини “Тошкент-Андижон” поездига жамласак ҳам жой етмай қолиши мумкин. Эҳтимол қўшимча вагон қўйилар…

У қўшиқ ичида мўъжизавий қўшиқ яратади. Унинг ҳар бир йирик концерти спектаклга айланади. Мухлислар унинг концертларидан сеҳрланиб, юраклари сел бўлиб чиқадилар.

Унинг юрагидаги, овозидаги дардлари, нолалари Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий, Огаҳий, Ганжавий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Расул Ҳамзатов, Усмон Азим, Тўра Сулаймон, Сирожиддин Саййид каби машҳур ижодкорларнинг қаламларидан тўкилган тотли дардлар билан уйғунлашиб кетади.

У шеър ёки ғазални чуқур ва теран англаб, сўзлар қатидаги яширин маъноларни, юкдор дардларни, аччиқ изтиробларни ўз юрагидан ўтказиб, кейин куйлайди. Куйлаганда ҳам ёниб-ёниб оташ бўлиб, олов бўлиб, куйиб, куйлайди “Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим…”

Унинг ижросидаги “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи янграган лаҳзалардан бошлаб, ошиқ юракларнинг ишқ мадҳиясига айлангани ҳаммага аён. Бу умрбоқий қўшиққа бутун халқимиз жўр бўлиб, Ўзбекистон куйлайди, десак, муболаға бўлмайди. Бу умрбоқий қўшиқ ҳар сафар янграганда, юракларда муҳаббат гуллайди:

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,

Сирли тушлар кўрибмен бор дунёни унутдим,

Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,

Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,

Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим…

У ижро этган қўшиқларда илоҳийлик, қандайдир сеҳру жоду бор. Ҳам ўйлатади, ҳам йиғлатади, ҳам юрагингизда туғёнлар қўзғайди. Ҳаёт бағишлайди.

У чинакам қўшиқ сеҳргари. У сирли, сеҳрли овози билан мухлислар юрагини ўзиники қилиб олади. Сиз бу гоҳ майин, гоҳ улуғвор овоз оғушига тушиб қолганингизни билмайсиз ҳам, сезмайсиз ҳам. Бу бепоён, ҳудуди йўқ, дардли овознинг қулига айланасиз. Мажнун бўлиб уни излай бошлайсиз. Бу сеҳрли овоз сизни тоғу тошларга, боғларга, серҳосил далаларга, чўлу даштларига етаклаб кетаверади. Бу теран овоз юрагингизга Ватаннинг бетакрор манзараларини, инсон оламининг мураккаб дунё­сини чизаверади, чизаверади. Унинг овози даволайди, дил дардларига бебаҳо малҳам бўлади. Авжида ҳам, майин нолаларида ҳам юракни чертиб ўтадиган ҳайқириқ бор, ҳикмат бор, исён бор. Унинг қўшиқлари одамни ўзи билан ўзи тафаккур ва исён қилишга, ўзини ўзи теран анг­лашга чорлайди: “Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лекин ширин ёлғон ёмон”. Ёки: “Энди инсон қад­ри ҳам аввалгиларга ўхшамас, кўнг­лум ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас…” “Созлар чалиб куйласам, мадҳинг адо бўлмағай…”

Тингловчи унинг қўшиқларига шунчаки эрмак учун чапак чалмайди. Аксинча тушуниб, англаб, юрагини қўшиб қарсак чалади. Юрак билан чалинган қарсакнинг қадри баланд, баҳоси юксак бўлади.

Истеъдод ўз кушандаси билан дунёга келади. Истеъдодлиларга ҳамиша оғир, ҳамиша азоб. Истеъдодни доимо ҳасадгўйлар, қора юраклар ва кўролмас ғаламислар оч қашқирдай қадамини пойлаб юрадилар. Фурсат топилди, дегунча ҳужум қиладилар. Бадном қилишга уринадилар. Буюк рус ёзувчиси Михаил Шолохов айтганидек, “Ҳасад асло тиним билмайди.”

Ҳофиз ҳам ҳаётида ана шундай ёвуз ва ғийбатчи тўдаларга кўп марта дуч келди. Санъатдан йироқ ўртамиёна ҳамда паст кимсаларнинг беомон ҳужумларига, айрим амалдорларнинг тазйиқлари ва тақиқларига учради. Номи кўп вақт “қора рўйхатлар”дан тушмади. Саҳналарнинг пардалари очилмади.

Машҳур санъаткор Бобомурод Ҳамдамов ҳофизнинг йигирма йиллик қувғинга учрагани ҳақида куюниб шундай деган эди: “Эл севган бу улуғ санъаткорни телевизорга чиқармаслик, концерт залларига қўймаслик мумкин. Лекин мухлислари юрагидагини экран ва саҳналарни тақиқлаб бўлмайди”.

У ҳасадгўйлар билан олишмади, ғаламис ғанимларига, ҳар хил бўлар-бўлмас рўйхатларга асло парво қилмади. Амалдорларнинг таз­йиқидан, пўписасидан чўчимади. Сабр қилди. Чидади. Фақат ҳақиқий дўстларига нидо қилиб: “Дўст бўлсанг, ёнимда тур”, деб куйлади.

Лекин у жон-жонига пайванд бўлиб кетган суюкли машғулоти – қўшиқ куйлашдан бир лаҳза ҳам тўхтамади. Оллоҳга илтижолар қилиб: қўшиққа суянди, қўшиқдан куч-қудрат, мадад олди. Қўшиқ қанотларида олис-олисларга парвоз қилди. Қадрдон торини кўксига маҳкам босиб, қаддини тик тутиб, бор овозда мағрур куйлади:

Дунёни қизғанма мендан, азизим,

Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинҳор,

Менинг бу оламда ўз айтар сўзим,

Ва ўзим сиғинар мозорларим бор…

Яна бир дилбар қўшиғида шундай ўтли нола қилди: “Дилимнинг рангини гул билса бўлди, менинг кимлигимни эл билса бўлди”.

Мамлакатимизда изчил, адолатли сиёсат ҳавоси эса бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мустаҳкам иродаси туфайли турфа “қора рўйхат”лар йўқ қилинди. Шу боис, элимизнинг суюкли ҳофизи Шерали Жўраевга ҳам очиқ-ойдинлик пешвоз чиқди. Барча тўсиқлар олиб ташланди.

Маълумки, публицистика жанрида матбуотнинг ҳозиржавоб, жанговар, кескир, ўткир ва теран мавзулари қаламга олинади.

Бизнинг ҳофиз ҳам санъатга қўшиқ публи­цистикасини олиб кирди, уни лирикага ҳам­оҳанг қилди. Масалан, “Инсон” қасидаси барҳаёт қўшиққа айланди.

У юксак маҳорат билан куйлаган “Муқаддас аёл” қўшиғи аллақачон ўзбек аёлига мадҳия бўлиб қолди. Бу мўътабар қўшиқсиз байрамлар татимайди:

Сен барибир муқаддассан,

Муқаддас аёл!

Ҳофизнинг ТИНЧЛИК мавзусидаги қўшиқлари унинг репертуаридаги ёрқин саҳифаларни ташкил қилади. У ҳали-ҳануз янги қўшиқ излаб яшайди. Назаримда, ҳамон ўз қўшиғини топмагандай изланади, қўшиқ ишқида ёнади. Дарёю денгизлар сувдан, тоғлар қоялардан, тошу харсанглардан, боғлар ширин-шакар мевалардан тўймагани каби, у ҳам қўшиқдан, қўшиқ меҳридан асло тўйгани йўқ. У қўшиқ ижро этмайди. Балки қўшиқ ичида яшайди. Қўшиқ унинг ҳаёти, умри – жони жаҳони.

Унинг юрагида битмас-туганмас қўшиқ захираси бор.

Унинг қўшиқларида она еримиз, далаларимиз таровати ва дарди бор.

Заҳмат билан етиштирилаётган буғдой ва пахтанинг гарди бор. Зиёли, деҳқон, ишчи, ёшлар – ҳамманинг ўтли нафаси бор. “Бизнинг асосий вазифамиз халқимизга чин дилдан хизмат қилишдир. Бу эзгу йўлда бизни Худо адаштириб қўймасин”, – дейди ҳофиз саҳналарда Яратганга илтижо қилиб.

Унинг забардаст овозида Ўзбекнинг ўзи бор, сўзи бор, мағрур овози бор, бетакрор ноласи бор, дарду қу­вончлари бор, баланд-баланд ўзбекона авжлари бор.

У тоғлардай юксак қояларда, қир-­адирларда мағрур туриб қўшиқ айтса, унинг ўтли нолалари водийларда акс садо беради. Водийлар, воҳаларда туриб куйласа, чўққилар, қоялар тит­райди. Дарёлар тўлқин уради.

Ҳофизимиз ўзига хос, ҳеч кимга ўхшамаган ижро услуби билан қўшиқ санъатимизни анча юксакка кўтарди. Унинг турли мавзуларда куйлаган барҳаёт қўшиқлари санъатда ҳодисага айланди, чинакам воқеа бўлди. “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.

Ҳофиз ижро мактабини яна бир ёрқин саҳифа: машҳур шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратларининг ғазалларини ҳофизчалик меҳр-муҳаббат билан авж пардаларда ёниб куйлаган бошқа хонандани топиш қийин. У Ўзбекистонда туриб наъра тортса, Ҳиротда акс садо беради: “Истаганлар бизни, саҳрои балодан истангиз, Водийи ҳижрон ила дашти анода истангиз…” Ёки: “Ошиқ ўлдум, панд берманг, чораи асбобин тузунг, Ишқ зор этганга зулм этманг, тараххул кўргузунг…” Эҳ-ҳе, Алишер Навоий сарҳадсиз, хазиналари беҳад сероб бир тенгсиз уммон. Ҳофиз бизни ана шу буюк уммон сари чорлайверади, чорлайверади…

Унинг ниҳоятда сермаҳсул, серқирра, хирмони баланд ижоди ҳақида батафсил ёзишнинг сираям имкони йўқ. Уларнинг жилд-жилд китобларга айланиши муқаррар. Кунлар келиб, бу эзгу ишга ҳам қайтармиз. “Ошиқма ой тўлгунча, олам чаман бўлгунча…”

Каминадан баъзан “фамилиянгиз бир хил, исмларингиз уйқаш, машҳур ҳофизга ким бўласиз”, деб сўрашади. “Оддий мухлис”, – деб жавоб бераман.

Ҳақиқатан ҳам ҳофиз санъатининг мухлисларидан бириман. Матбуотда ишлаган кезларимда, унинг ўзи ва қўшиқлари ҳақида кўплаб мақолалар ва суҳбатларни эълон қилганмиз.

Шу кунларда машҳур ҳофизнинг бироз бемор эканлиги ҳақида интернетда хабарлар тарқалаётгани ҳам бор гап…

Бир суҳбатимизда ҳофизимиз: “Ҳар тонг намозимда улуғ устозларим Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқовнинг руҳи покларига дуолар қиламан”,деган эди.

Келинг, азиз қўшиқ мухлислари, севимли, ардоқли ҳофизимизга Оллоҳдан мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва янги қўшиқлар ижод қилишини сўраб дуолар қилайлик. Тезроқ тузалсин севимли ҳофизимиз. Ахир уни концерт заллари ва мухлислар қалбидаги соғинч саҳналари орзиқиб кутмоқда…

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 2 =