Татуаж — ожизлик ва ношукрлик белгисими?
Дугонам шундоқ ҳам чиройли ва ўзига доим ярашиб турадиган қалин қошларини татуаж қилибди. Кўрдим-у, ажабландим. Чунки унинг юзидаги табиийлик ва самимийлик бутунлай йўқолган эди. Тўғри, унга татуаж қайсидир маънода ярашган. Бироқ соғлом ва тим қора қошлари бор қизга сунъий қош керак эмасди, чамамда. Афсуски, ҳар тонг қошларини қалам билан бўяшдан чарчагани ва ҳозир татуаж ёшлар орасида урфга кирганини фахрланиб айтаётган дугонамнинг қошлари каби сунъий сўзларини эшитиб, қўлимдан унга ачинишдан бошқа ҳеч нарса келмади…
Ҳақиқатан ҳам, инсонга деярли фойдаси бўлмаган татуаждан аксарият қизлар, аёллар унумли фойдаланишяпти. Нега? Ростан ҳам шиддатли замонамиз улардан шундай сунъий пардозни талаб қилаяптими ёки бу шунчаки замонавийликка ишқибозликми? Умуман, инсоннинг табиий гўзаллиги сунъий ниқобга муҳтожми?
Татуажинг нима дегани, дейсизми? Татуаж – игна ёрдамида юз қисмининг маълум аъзоларига сунъий бўёқ чизишдир. У 3-5 йилгача сақланиб, юз аъзоларидан лаб, қош ва кўз қисмида кенг фойдаланилади. “Татуаж” сўзи асли инглизча бўлиб, узоқ муддатга мўлжалланган грим, пардоз деган маънони англатади. Айтишларича, қадимги Миср маликаси Клеопатранинг асосий юз пардози саналган татуаждан дастлаб эркаклар ҳам, аёллар ҳам бирдай фойдаланишган. Кейинчалик бу Европа ва АҚШда оммалашиб, бошқа мамлакатларга кенг ёйилиб кетган.
Ёшларнинг сунъий пардозга мойиллигининг ортиб бориши сабабини психологлар лаб, қош ва кўзларини татуаж қилдирган қизлар бу орқали гўзаллик оламининг етакчи “тренд”ларига айланишни исташи, дея баҳолашади. Бунинг замирида “Ўзимни етарли даражада гўзал деб ҳис қилмаяпман” деган сирли тушунча ётади. Бу ўзининг ташқи кўринишидан қониқмаслик ҳиссидир. Татуажни чирой деб ҳисоблаганлар ўзларида чирой етишмаганидан хафа инсонлар турига киради. Бир сўз билан айтганда, татуаж – кучсизлик, ожизлик ва ношукрлик белгиси десак ҳам хато бўлмаса керак.
Бу борада университет ва кўча-кўйдаги йигитларнинг, эркакларнинг фикри билан қизиқдик. Бу инсонлар ҳам табиий гўзаллик сохталикдан барибир устун туриши, ўзбек аёллари табиий гўзаллиги ва опа-сингилларимизга ҳеч қандай сунъий пардознинг кераги йўқлигини айтишди.
Ўтмишдан ҳам маълум, Шарқ аёлларининг ҳусну-латофатига ғарбликлар ҳамиша ҳавас қилиб келишган. Тўғри, татуаж туфайли пардоз анжомларини харид қилишга кетадиган маблағ ҳам, ҳар куни “ясан-тусан” учун кетадиган вақт ҳам тежалади. Лекин саломатлигимиз-чи? Ҳуснидан кўнгли тўлмаётган опа-сингилларимиз янада чиройли бўлиш учун гўзаллигига “ишлов беришаётганда”, соғлиғи хусусида бош қотириб кўришармикан?
Мутахассислар фикрича, ўттизга ҳам кирмасдан юзга ажин тушиши, кўз нурининг сусайиши ва яна бир қанча омиллар юқоридаги амалларнинг самарасидир. Татуаж қош ва киприкларнинг тўкилишини тезлаштириши ҳам аллақачон фанда ўз исботини топган. Зеро, татуаждан сўнг терининг бир сутка давомида шишиб туриши организмдаги герпетик вируслар авж олишга, лаблар атрофига учуқ тошишига олиб келади. Герпетик вируслар эса тезда қонга ўтиб, бошқа бир қатор касалликларни ҳам келтириб чиқаради. Юзнинг асаб томирларига етказадиган зарарларинику айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Татуажда ишланган бўёқларни бир неча шахсларда қўллаш туфайли эса тери остининг шикастланиши, гепатит В, гепатит S, ҳаттоки ОИТС инфекцияси кузатилиши аниқланган…
Инсон Оллоҳ таоло яратган мўъжизаларнинг энг онглиси, энг қудратлисидир. У хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак, Оллоҳ томонидан тенгсиз гўзаллик, кўркамлик ва ҳусн ато этилган. У одамзодни яратар экан, инсоннинг суратини ўзи чизди, ўз хоҳишича бунёд этди. Хўш, ҳуснидан кўнгли тўлмай, сунъий пардоз-андозга муккасидан кетганлар ана шу ато этилган неъматларга хиёнат қилишмаяптими? Ахир муқаддас Ислом динида ҳам бизга омонатга берилган танага сабабсиз тиғ теккизиш, унга азоб бериб, ўзгача шакл бериш бежиз қаттиқ қораланмаган.
Атрофга назар солинг. Дунёда қанчадан-қанча хаста, ожиз ёхуд танасининг маълум бир қисми ҳаракатланмайдиган ёки қайсидир тана аъзоси умуман йўқ, бу неъматлардан бутунлай маҳрум бўлган инсонлар қанча. Сиз 3-4 йиллик ўткинчи гўзалликни деб, беаёв тиғ теккизаётган, жароҳат етказаётган юз қисмларингиз кўзи ожиз, соқов, хаста одамлар учун қанчалик азизлигини тасаввур ҳам қилолмайсиз!
Зуҳра АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси