Уят бўладими?

Тил ҳар бир миллатнинг бойлиги, миллий қадрияти, бебаҳо мулкидир. Ҳар бир халқ ва элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган муайян тилга эга. Айни вақтда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамиятга эга. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир. Ҳар бир миллат учун ўз она тили, унда ишлатиладиган сўзлар ўша миллатнинг ўзига хос жиҳатларини, тарихини, маданиятини, миллат менталитетини,   ўзлигини ифода этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Шу сабабдан “Она тили – миллат руҳи”, “тил миллат – кўзгуси”, деган пурҳикмат иборалар шаклланган. Бироқ англашимиз керакки, ҳар бир сўзнинг ишлатиладиган ўз ўрни, жойи, айтиладиган доираси, керак бўлса, минбари бўлади. Қуйида тилимизда учрайдиган тарбиявий аҳамиятга молик қуйидаги сўзларнинг бугунги кунда ишлатилиш ўрни ва маданияти ҳақида ўзимнинг қисқача мулоҳазамни билдирмоқчиман.

Ўйлаб кўрайлиг-а, бугун бизнинг дунё­мизда “уят бўлади”, “ёмон бўлади”, “андиша (керак) қил”, деган сўзлар ҳали ҳам ишлатиляптими? Ишлатилаётган бўлса қайси ҳолларда қўлланилмоқда?

Тилимизда учрайдиган айрим сўзлар бошқа миллат тилларида учрамаслиги билан, қолаверса, юқоридаги каби айрим сўзларимизнинг залвори, бир жумла билан бутун бошли миллатнинг менталитетини акс эттириши, ўзининг   мазмун-моҳияти билан ахлоқий-тар­биявий, маънавий-маърифий жиҳатдан жуда теран маъноларни англатади десак, муболаға бўлмайди.

Қадимдан, юқоридаги сўзлар ота-боболаримиз томонидан фарзанд­ларни тарбиялаш учун улар ножўя хатти-ҳаракат қилгандагина ишлатилган. Ёшларимиз учун шу “Уят-а”, “Ёмон бўлади” сингари сўзлар уларнинг ўзларини тузатиши учун, бош­қалар олдида ўйлаб сўзлаши, ҳар ишни етти ўлчаб қарор қабул қилиши учун етарли ҳисобланган.

Бу каби сўзларнинг бугунги кунда фойдаланиш даражаси ўзгариб кетгандай назаримизда. Ҳозирги пайтда айниқса, раҳбарларга ростини айтган, уларнинг хатосини, айбини айтган инсонларга нисбатан ҳай-ҳай раҳбарга ҳам шунақа дейдими, “уят бўлади”, “ёмон бўлади” (бетга чопарлик қилманг), “Одамга андиша керак, раҳбарга ҳам эътироз билдирадими, ахир сизга иш берган шу киши эмасмиди? ҳеч бўлмаса ёшини ҳурмат қилинг” каби дакки-дашномлар билан ўзингизни юз (уят)сизликда айблайдилар.

Ёхуд бу каби сўзлар билан фарзанд­ларимизга таълим тарбия бермоқчи бўлган устозларни, биз ота- оналар бориб ёқасидан оляпмизки, “Нима ҳақинг (из) бор менинг боламни синфдошларини олдида мулзам қилишга, унинг биздай ота-онаси бор тар­бияси билан шуғулланадиган, ҳеч замонда ўқитувчи ҳам ўқувчиларни “уят бўлади”, “ёмон бўлади”, деган сўзлар билан бош­қалар олдида шарманда қиладими”, деяпмиз.

Бизнинг бу ҳаракатимизнинг ўзи аслида, уятсизлик, андишасизлик, бетга чопарлик эканини, фарзандларимиз эртага нафақат устозларини балки ўзидан катталарни ҳам ҳурмат қилмай қўйишини, уларни билиб билмай ўзимиз юз(уят)сиз қилаётганимизни тасаввур қилиб кўрмаймиз. Қилаётган ишимизнинг, гапираётган гапимизнинг хато эканлигини англармиз эҳтимол, бироқ шу вазият асносида ўзимизнинг хатоимизни асло тан олгимиз келмайди. “Қўнғиз ҳам боласини оппоғим деган экан”, мақолига амал қилиб, боламизнинг ёнини оламиз. Ўзимизнинг кибр-ҳавоимизни енга олмаймиз. Аста айтилган рост гапдан кўра баланд овозда (шаллақилик қилиб) айтилган гап (ёлғон)нинг таъсири кучлироқ бўлади, деган шиорга амал қиламиз.

Шундай экан, ҳар биримиз тилимизда учрайдиган нафақат юқоридаги каби тарбиявий аҳамиятга эга бўлган сўзларни, балки ҳар бир сўзимизни ўз жойида ва ўрнида қўлласак, ҳам сўзнинг залвори, ҳам аҳамияти, ҳам таъсири, ҳам қудрати ўз ўрнида сақланиб қолади назаримизда.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

“Янги Сирдарё” газетаси

бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + nine =